1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Меросни олиш ҳаққи

17:24 / 10.01.2019 2705 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мерос олиш ҳаққи уч хил сабаб ила собит бўлади:

1. Насаб йўли билан.

Ота-она, фарзандлар, ака-ука, опа-сингил ва амакилар ва бошқа тоифалар шунга кирадилар. Бу тоифани уламолар «ота-она ва уларга мансуб кишилар» деб ҳам айтадилар.

2. Никоҳ йўли билан ҳам мерос олиш ҳаққи собит бўлади.

Бунда тўғри, шаръий йўл ила никоҳ билан боғланган кишилар орасида бир-биридан мерос олиш ҳаққи собит бўлади. Фосид ва ботил никоҳ туфайли эса мерос олиш ҳаққи собит бўлмайди.

3. Қул озод қилиш туфайли.

Илгариги вақтда озод қилинган қул вафот этса-ю, унинг меросхўри бўлмаса, қулдан қолган меросга уни озод қилган киши ҳақли бўлган. Чунки бу киши яхшилик қилиб, марҳумни қулликдан озод қилган эди.

Ушбу зикр этилган уч тоифа меросхўрларнинг меросхўрлик даражалари турлича бўлади.

Меросхўрлик даражалари

1. Фарз эгалари.

Қуръон, Суннат ёки ижмоъда ҳиссаси очиқ-ойдин белгилаб қўйилган меросхўрлар «фарз эгалари» деб номланадилар. Меросни бўлиш айнан шу тоифадан бошланади.

2. Насабий асабалар.

«Асаба» деганда кишига энг яқин бўлган эркак қариндошлар тушунилади. Мерос бобида ўзи ёлғиз бўлса, мероснинг фарзлардан қолган барча қисмини олишга ҳақли бўлган ўғил, ўғил невара, туғишган ака, амаки кабиларга «асаба» деб айтилади.

Мерос бўлиш қоидасида ҳам фарз эгаларининг ҳақлари бериб бўлинганидан кейин асабаларга берилади.

3. Меросдан эр-хотиндан бошқа фарз эгаларига ҳақларидан ортиб қолган молни қўшимча тақсимлаш.

Мерос фарз эгаларига тақсимланганидан кейин ҳам ортиб қолса, уларни асабалар олишини олдин айтиб ўтдик. Лекин асаба бўлмаса, ортиб қолган мерос ҳам фарз эгаларига яна ўз ҳиссаларига биноан бўлиб берилади. Аммо ортиб қолган меросни қайтадан бўлишда эр билан хотин ҳақ олмайди. Чунки улар орасидаги алоқа насаб алоқаси эмас, никоҳ алоқасидир.

4. Аёл томондан бўлган қариндошлар.

Бу тоифадаги қариндошларга фарз эгалари ҳам, асаба ҳам бўлмаган тоға, хола, амма, қизнинг ўғли, қизнинг қизи кабилар кирадилар (аммалар ота томонидан қариндош бўлса-да, фарз эгаси ҳам, асаба ҳам бўлмаганлиги учун бу тоифага киритилганлар).

Вафот этган одамнинг фарз эгаси ёки асаба ҳисобланган қариндошлари бўлмаса, унинг меросини аёл томон қариндошлари оладилар. Шофеъий мазҳаби бу ҳукмга мувофиқ бўлмаган.

5. Эр ва хотинга қайтариш.

Эр ёки хотин вафот этса-ю, унинг орқасидан бошқа ҳеч бир меросга ҳақдор қариндош қолмаса, ундан қолган мерос ортидан қолган эр ёки хотинга қайтарилади.

Мисол учун, бир эркак киши вафот этди. Унинг ортидан хотинидан бошқа ҳеч ким қолмади. Хотин фарз эгаси сифатида қолган мероснинг тўртдан бирини олади. Қолганини эса бошқа меросхўрлар бўлмаганлиги туфайли радд, яъни ортиб қолган меросни қайта тақсимлаш йўли билан олади. Шунингдек, хотин киши ўлиб, ортидан эридан бошқа ҳеч кими қолмаса, эр фарз эгаси сифатида мероснинг ярмини олади. Қолганини эса бошқа меросхўр бўлмаганлиги туфайли яна радд (қайтариш) йўли билан олади.

6. Аввал қул бўлиб, кейин озод қилинган киши вафот этса-ю, унинг меросхўрлари бўлмаса, қулдан қолган меросни уни озод қилган киши олади. Албатта, бу ҳолат ҳозир йўқ.

7. Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаблари бўйича, меросхўри йўқ одам ўлимидан олдин молининг кимгадир берилишини васият қилган бўлса, ўша кишига берилади.

8. Байтулмол.

Агар бир киши вафот этса-ю, ортидан юқорида зикр этилган меросхўрлардан ҳеч бири қолмаса, унинг қолдирган моли Байтулмолга топширилади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
.Сияр, сўзи .сийрат, сўзининг кўплигидир. .Сийрат,нинг икки хил маъноси бўлиб, биринчиси ndash .тариқат, яъни, йўл, иккинчиси ndash .ҳайъат, яъни кўриниш маъносини давоми...

2672 12:30 / 20.02.2019
11. Одамлардан сўраладиган нарсани сўраб дуо қилиш. Намозхон қаъдаи охирда ташаҳҳуд миқдорича ўтирмасдан олдин .Аллоҳим Менга минг динор бергин Аллоҳим Менга давоми...

1983 19:00 / 15.12.2022
Одамларнинг орасида баъзан замонавий илм ndash фан билан кифояланиб диндан беҳожат бўлиш мумкинлигини тасаввур қиладиган кишилар ёки баъзан янги ғоявий қарашлар давоми...

3317 05:00 / 19.01.2017
Кофирлик ҳақида фатво бериш Динда ғулувга кетиш оқибатида асримизнинг долзарб масаласига айланган муаммолардан бири мусулмонларни .кофир, деб фатво давоми...

3111 05:00 / 06.03.2017