1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Таомдаги исроф

20:10 / 10.01.2019 3353 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаром таомларни ейиш ва ҳаром ичимликларни ичиш исрофнинг энг каттасидир. Улкан гуноҳдир.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

ﭙ ﭚ ﭛ ﭜﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ

«Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас» (31-оят).

Баъзи бузуқ табиатли одамлар яхши таом истеъмол қилмасликни тақводорликнинг чўққиси сифатида кўрсатишга уринадилар. Аллоҳ таоло фақат емиш ғамида юриб, доимо унинг лаззатлисини ахтарувчи қорин бандаси бўлишни қоралаганидек, лазиз таомлардан ўзини тийиб, сифатсиз таомнигина ихтиёр қилишни ҳам қаттиқ қоралайди. Араб мушрикларида ҳаж мавсумида яхши таомларни емай қўйиш одати бор экан, ояти карима ўша одатни танқид қилмоқда.

«Еб-ичинг ва исроф қилманг».

Еб-ичиш гуноҳ эмас, исроф қилиш гуноҳдир.

Имом Бухорий келтирган ривоятда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар.

Афсуски, баъзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб биладилар.

Бизда одамлар озиқ-овқатни исроф қилиш деганда уни емай ташлаб юборишни тушунадилар. Бу, аслида, тўғри. Аммо керагидан ортиқ емоқ ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан, деб қорин бандаси бўлиш ҳам мусулмон инсонга муносиб эмас.

Бугунги кунда озиқ-овқатни исроф даражасида ортиқча истеъмол қилишнинг соғлиққа зарари яққол намоён бўлди. Ҳозирги даврнинг кўпгина хасталикларига мана шу исрофчилик сабаб бўлмоқда.

Бу ҳақиқатни Қуръони Мажиддан узоқ бўлган ғайридинлар ҳам тушуниб етдилар. Қадимда яҳудийлардан бири хулафодан бирига:

«Сизларнинг Қуръонингизнинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган», деб мазкур ояти каримани ўқиган экан.

Минг афсуски, Қуръон аҳлиман, деб юрганлардан аксариятимиз бу ҳақиқатни тушуниб етмаймиз. Ислом ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутганидек, озиқ-овқат ва кийим-бош масаласида ҳам мусулмонлардан мўътадил бўлишни талаб этади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, шайтон сизларнинг ҳар бирингизнинг ҳар бир ишида ҳозир бўлади: таомига ҳам ҳозир бўлади. Қачон бирингиздан луқма тушса, ундаги нолойиқ нарсани кетказиб, кейин есин. Уни шайтонга қолдирмасин. Фориғ бўлганида эса бармоқларини яласин, чунки у таомининг қаерида барака бўлишини билмайди», дедилар».

Бошқа бир ривоятда: 

«У зот лаганни бармоқларимиз билан сидириб ялашга амр қилдилар ва: 

«Албатта, сизлар таомингизнинг қаерида барака бўлишини билмайсиз», дедилар», дейилган.

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Бу ҳадиси шарифдан динимиз таомга нисбатан қанчалар эътиборли бўлганини ва тежамкор бўлишимизни талаб қилганини билиб оламиз.

Ажойиб бир ҳикмат: таомнинг баракаси қаерда эканини ҳеч ким билмайди. Унинг асосий тўпидами, энг марказидами ёки ерга тушган бирор луқма, томчи, увоқдами? Ёхуд таомнинг лаганга, идишга ёпишиб қолган қисмидами?

Шундай экан, баракадан умидвор бўлган ҳар бир инсон бирор томчи ёки бирор увоқ таомни исроф қилмасин. Ҳаттоки қўлини ва идишини ҳам ялаб қўйсин. Агар шундай қилмаса, ўз таомидан баракали жойини шайтони лаъинга берган бўлади.

Баъзида орадан файзу бараканинг кўтарилгани ҳақида ўйланиб қоламиз. Ўзимиз қилар ишни қилиб қўйиб, «Нимага барака қолмади экан», деб ҳайрон бўламиз. Аллоҳнинг динини пухта билмаслик, унга амал қилмаслик шундай бўлади – ҳар бир нарса салбий оқибат билан якун топаверади.

Хонадонларимизда ортиб қолган таомлар ташлаб юборилмоқда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани ачинарли ҳолатдир. Тўйлар, байрамлар, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.

Тўйхоналардан бирида ўтказилган  маросим дастурхонига тортилган неъматларнинг кўплигидан, ранг-баранглигидан, қимматбаҳолигидан ҳамма ҳайратда қолди. Ҳатто меҳмонлардан бири таажжубини яшира олмай: «Пул топибди-ю аммо сал ҳаддидан ошибди-да», деди. Тўғри, унга мўл-кўл давлат берилгандир. Инсончилик-да! Буни элга билдиргиси, катта сарф-харажат қилиб, ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатгиси келгандир...

Лекин ҳамма ишда ҳам меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик берилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса, шариатимизда буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир фақир оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш пулини тўлай олмаётган бир талабага  ёрдам бериб юбориш, ўғлини уйлантириш учун маблағ топа олмай гангиб юрган бир оиланинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир танишини қўллаб юбориш мумкин-ку!

«Исроф» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Банданинг ҳар бир амали унинг қалбига таъсир қилади. Агар яхши амал қилса, банда қалби равшанлашади, дилидаги ғуборлар тарқалади. Банда гуноҳ содир этганда қалби давоми...

5948 19:10 / 05.03.2019
Нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг муҳим омиллардан бири ўлимни эслашдир.Одамларнинг нотўғри йўлларга киришлари ва уларда давомли бўлишларига давоми...

3487 21:09 / 27.11.2018
Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд...Интернет маълумотлар оламида улкан инқилоб ва иймон, ахлоқ ҳатто ақллар имтиҳони учун кенг давоми...

4119 12:10 / 07.04.2019
25бобФақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадиларҲишом ибн Урва отасидан, отаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади quotОиша онамиз айтадилар .Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2310 15:00 / 01.02.2021
Аудиолар

120319 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41958 14:35 / 11.08.2021