1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Меросни тақсим қилиш илми (иккинчи мақола)

20:10 / 28.12.2018 2612 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2. «Қоим суннат»

Ҳар бир мусулмон имкони борича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан хабардор бўлишга уриниши лозим. Лекин ҳар бир жамиятда, ҳар бир диёрда ўша жамият, ўша диёр эҳтиёжини қондирадиган даражада суннат илмини билувчи олимлар бўлиши фарзи кифоя. Шу нарса бўлмаса, ўша жамият, ўша диёр мусулмонларининг ҳаммаси тарки фарз қилганлик гуноҳига қоладилар.

3. «Одил фарийзат»

Шаръий илмнинг учинчи асоси – «одил фарийзат» деб аталади. Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган «одил фарийзат»дан мурод нима эканлиги ҳақида уламоларимиз икки хил фикр айтганлар.

Биринчиси – «одил фарийзат»дан мурод, меросни адолат билан тақсим қилиш илми. Бу илм «Фароиз» илми ҳам дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу илмга алоҳида эътибор берганларининг сабаби, бу илм энг биринчи орадан кўтариладиган илм бўлганлигидадир.

Иккинчиси – «одил фарийзат»дан мурод, мусулмонларга фарз бўлган нарсаларни билдирадиган илмдир. Яъни, Китоб ва Суннатдан кейинги, шариатимизнинг учинчи ва тўртинчи масдарлари – ижмоъ ва қиёсларни билиш деганидир.

Мерос илмининг Қуръон ва Суннат илмларидан кейинги, учинчи илм бўлиши унинг нақадар аҳамиятли илм эканлигини кўрсатади.

Мусулмон киши Қуръон ва Суннатни ўрганиши, уларга амал қилиши баробарида мерос илмини ҳам ўрганиб, унга амал қилиши зарур. Шунинг учун ҳам бу илмга катта эътибор бермоқ керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қуръонни ва фароизни ўрганинглар ва одамларга ўргатинглар. Чунки мен қабз қилинувчиман», дедилар». 

Термизий ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Чунки мен қабз қилинувчиман», деганлари «Мен вафот этувчиман, агар вақтида ўрганиб қолмасангиз, бу нарсалар зое бўлур», деган маънони англатади.

Имом Термизий, Насаий, Аҳмад ва Ҳокимлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. Бас, мен қабз қилинувчиман. Илм ҳам қабз қилинур. Ҳаттоки икки киши фароизда ихтилоф қилиб қолса, уларнинг орасида ажрим қиладиган одам топилмас», дедилар.

Имом Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. У умматимдан энг аввал унутиладиган нарсадир», деганлар.

Мулоҳаза қиладиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа илмларга бунчалик кучли тарғиб қилмаганлар.

Чунки бу илм жуда ҳам нозик илмдир. У кишиларга қолган меросни бўлишга оиддир. Бировга ўз меҳнатисиз яқин кишисининг моли мулк бўлиб ўтишига боғлиқ илмдир. Бу жараён эса доимо меросхўрлар ўртасидаги уруш-жанжал, келишмовчиликларга сабаб бўлиб келган.

Шунинг учун ҳам мерос тақсимлаш ишига ҳар ким ҳам ўзини ураверишни, жанжалга бошини суқишни хоҳламайди. Ундан кўра тинчгина юргани яхшироқ. Яна шунга ўхшаш бошқа жиҳатлар ҳам кўп. Эҳтимол, ушбу мулоҳазалар туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фароиз илмини ўрганишга алоҳида тарғиб қилган бўлсалар керак.

Дарҳақиқат, баъзи жойларда, жумладан, ўз тилимизда сўзлашувчи мусулмонлар ватанида ҳам бир вақтлар мерос илми деярли йўқолиб кетди. Ҳеч ким бу илмга мурожаат қилмай қўйди. Оз сонли кишилар бир оз билиб, бир оз амал қиладиган ҳолга тушиб қолинди.

Ҳолбуки, бу илм ҳалол-ҳаромга ва бировнинг ҳаққини тўғри ажратишга боғлиқ бўлган аҳамиятли илм эди.

Жон бор жойда ўлим ҳам бор. Ҳар куни, ҳар соатда кимдир вафот қилиб туради. Демак, ҳар куни, ҳар соатда мерос қолиб туради, у меросни шариат кўрсатмаси бўйича тўғри тақсимлаш зарурати юзага чиқиб туради.

Бу ишни адо этиш учун эса мусулмонлар мерос илмини билмоқлари лозим. Агар улар бу илм¬ни билмасалар, ҳар куни, ҳар соатда улардан кимнингдир ҳаққи поймол этилиб, кимдир ҳаром молни еяётган, яна кимдир гуноҳи азим қилаётган бўлади.

Шунинг учун мусулмонлар бу улуғ илмни ўрганмоқлари лозим. Кўпчилик, ҳеч бўлмаса, ўзи учун керакли даражада маълумотга эга бўлиши, ўлган кишидан қолган мерос шариат ҳукми асосида тақсимланиши лозимлигини англаб етмоғи керак.

Энг камида диний илмларга уринган кишилар бу илмни тўлиқ ўзлаштиришлари лозим. Токи, улар кишилар ичида бу ҳақда доимий равишда тушунтириш олиб борсинлар. Лозим бўлган тақдирда эса мусулмонлар орасида меросни Ислом шариати ҳукмига биноан бўлиб берсинлар. Ана шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига амал қилинган бўлади.

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Отам мени кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нуъмонга ўз молимдан буни, буни бердим», деди.

«Ҳамма ўғилларингга шунга ўхшаш бердингми?» дедилар у зот.

«Йўқ», деди.

«Бунга мендан бошқани гувоҳ қил, – дедилар ва сўнгра: – Уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши сени хурсанд қиладими?» дедилар.

«Ҳа», деди.

«Ундай бўлса, йўқ!» дедилар».

Бошқа бир ривоятда: 

«Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандлари¬нгиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган. 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисга биноан, мусулмон киши молиявий масалаларда фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса, адолатсизлик бўлади. фарзандлари орасида ҳасад, фитна кучаяди.

Набий алайҳиссаломнинг «Ундай бўлса, йўқ!» деганлари «Фарзандларингга бир хил муомала қилмасанг, адолатсизлик қилсанг, бундай ишга гувоҳлик бермайман» деганларидир.

Агар шаръий узр бўлса, ота-она фарзандларидан бирига кўпроқ, бошқасига озроқ мол берса бўлади.

Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз бўлиши мумкин.

Ушбу ҳадисни бу фаслда келтиришдан мақсад шуки, унда киши тириклигида фарзандларига молиявий муомалада адолатли бўлиши кераклиги айтилгандир. Айни пайтда бу ерда инсон вафотидан сўнг қоладиган меросни адолат ила тақсимлаш зарурлигига ҳам ишора бор.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Бир неча фиқҳий мазҳабнинг қарашларини ўзида жамлаган китобларни уламолар .фиқҳул муқорин, дейишади. Бу истилоҳни сўзмасўз таржима қиладиган бўлсак, давоми...

3894 21:10 / 17.04.2019
1. Қазои ҳожат қилмоқчи бўлган шахс Аллоҳ таолонинг исми ёзилган, шунингдек, малоикалар, .Азийз,, .Карим,, .Муҳаммад,, .Аҳмад,га ўхшаш улуғ исмлар ёзилган нарсаларни давоми...

2572 16:16 / 22.04.2021
Араб тилида .қоида, сўзи асл ва асос маъноларини билдиради. Араблар уйнинг пойдеворини ҳам .қоида, дейишади. Фиқҳ уламолари истилоҳида .қоида, жузъий нарсаларнинг давоми...

4932 12:10 / 13.03.2019
Савол. Биров мазҳабларни инкор қилса, уларни ёмон деб ҳисобласа, ҳадис китобларига эргашишни даъво қилса, унинг ҳукми қандай бўлади У мубтадеъ бўладими ёки давоми...

4871 05:00 / 18.01.2017