1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Кундошлар (давоми)

18:00 / 23.12.2018 3762 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом кишиларни кўп қасам ичишга тарғиб қилмайди. Аммо қасам ичганидан кейин уни бажаришни талаб этади. Баъзи вақтларда қасам ичилган ишни бажаргандан кўра қасамни бузган афзал бўлиб қолади. Мисол учун, биров қасам ичиб, ўзига бирор ҳалол нарсани ҳаром қилган бўлса, шариат бўйича, қасамни бузишга рухсат берилади.

«Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга қасамларингизни ечишни шариатга киритди».

Лекин қасамни бузгани учун каффорот бериши керак. «Моида» сурасида баён қилинганидек, қасамнинг каффороти ўнта мискинни тўйдириш ёки кийинтириш билан ёки имкони бўлса, бир қул озод қилиш билан ёки уч кун рўза тутиш билан амалга оширилади.

«Ва Аллоҳ сизнинг ‎хожангиздир ва У Алийм ва ‎Ҳакиймдир».

«Бас, шундай бўлгандан кейин сиз хожангизнинг амридан чиқманг. Аллоҳ ўта билувчилик сифати ила ҳамма нарсани, жумладан, қасам масаласидаги қилмишларингизни билиб туради. У зот Ўзининг ўта ҳикматли сифати ила турли ҳукмларни, жумладан, қасамни бўшатишга оид ҳукмни жорий қилиб қўйди».

«Эсла, Набий хотинларидан бирига сир айтган эди. ‎Бас, у (сир)дан хабар берди ва Аллоҳ у(иш)ни ‎у(Набий)га билдирди – баъзисини билдирди ва ‎баъзисини қолдирди. Қачон у(Набий) ул(аёл)га (иш) ‎ҳақида хабар берганида, «Буни сенга ким хабар ‎қилди?», деди. (Набий:) «Менга Алийму Хабийр ‎хабар берди», деди‎» (3-оят).

Сўзма-сўз таржима билан мақсадни тўлиғича англатиш мушкул бўлганидан оятни бир оз тафсир қилиш лозим кўринади.

«Эсла, Набий хотинларидан бирига сир айтган эди».

Оятда «Набий хотинларидан бири» деганда Ҳафса онамиз назарда тутиляпти. «Сир гап» эса Пайғамбар алайҳиссаломнинг у кишига асал ичмаслик ҳақида айтган гапларидир. Лекин Ҳафса онамиз сир гапни Оиша онамизга айтиб қўйдилар.

«‎Бас, у (сир)дан хабар берди ва Аллоҳ у(иш)ни ‎у(Набий)га билдирди».

Набий алайҳиссаломнинг «сен бу гапни ҳеч кимга айтмагин, мен ўзимга фалон нарсани ҳаром қилдим», деган гапларини Ҳафса Оишага айтиб қўйди.

Аллоҳ таоло Ҳафсанинг сирни фош этганини Жаброил алайҳиссалом орқали Пайғамбар алайҳиссаломга билдирди.

«…баъзисини билдирди ва ‎баъзисини қолдирди».

Пайғамбар алайҳиссалом бўлиб ўтган ишдан хабар топганликларини хотинлари Ҳафсага баъзисини билдирдилар ва карам қилиб, қолганини айтиб ўтирмадилар. Улуғ кишиларнинг одати баъзи билган нарсаларини ҳам билмасликка олишдадир.

«Қачон у(Набий) ул(аёл)га (иш) ‎ҳақида хабар берганида, «Буни сенга ким хабар ‎қилди?», деди».

Пайғамбар алайҳиссалом сирнинг Оишага фош қилинганини Ҳафсага эслатганларида у: «Бу хабарни сизга ким етказди?», деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом:

«…Менга Алийму Хабийр ‎хабар берди», деб жавоб бердилар.

Сўнгра ҳодисага сабаб бўлган иккала хотин – Ҳафса ва Оишага қарата келгуси оятда қуйидагилар баён этилади:

«‎Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, ‎батаҳқиқ, қалбларингиз (ҳаққа) мойил бўлибди. Агар ‎унга қарши чиқсангиз, бас, албатта, Аллоҳ унинг ‎ёрдамчисидир ва Жаброил ҳам, солиҳ мўминлар ‎ҳам. Ундан сўнг фаришталар унга суянчиқдир‎» (4-оят).

Юқорида зикр қилинган ҳолатларда ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ. Пайғамбар алайҳиссаломнинг хотинлари пок аёллар, дунёдаги энг бахтли хотинлар, мўминларнинг онаси деган юксак унвонга муносиб бўлган оналаримиздир.

Уларнинг феъллари жуда ҳам улкан. Лекин, шу билан бирга, Ислом воқеълик дини, у лой ва руҳдан бўлган инсонларга ўз таълимотларини жорий қилади. Яъни оналаримизда ҳам бошқалардаги каби, инсон табиатига хос бўлган рашк, бошқалардан кўра афзалроқ бўлишга уриниш каби туйғулар бор. Бу ҳол эса айб эмас, балки кейинчалик умматларга шариат бўлиб қоладиган ишларга сабаб бўлган, холос.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар алайҳиссаломни оналаримиздан бирлари – София бинти Ҳайй ибн Ахтоб розияллоҳу анҳодан ҳам рашк қилганлар.

Бу онамиз Бани Қурайза қабиласининг улуғи Ҳайй ибн Ахтобнинг қизлари бўлиб, ҳамма тарафдан Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан рақобатлашиш имконига эга эдилар.

Абу Довуд ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирининг ҳузурида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бирлари ўз ходимларидан бир идишда таом юбордилар. Бас, у(аёл) идишни қўли билан уриб, синдирди. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам идишнинг икки бўлагини бир-бирига қўшиб жамлаб, унга таомни йиға бошладилар ва «Онангиз рашк қилди. Енглар», дедилар. Улар то у (аёл)нинг идиши келгунча едилар. У зот «Енглар», деб, хизматчини ҳам, идишни ҳам тутиб турдилар. Токи улар (таом емоқдан) фориғ бўлганларида бутун идишни хизматчига бердилар». 

Ушбу ривоятда исмлари айтилмаётган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида бўлган завжаи мутоҳҳаралари Оиша онамиздир.

Ровийлар бўлиб ўтган ушбу ҳодисани мақтовга сазовор эмас деб тушуниб, у кишининг исмларини очиқ айтмай, учинчи шахс сийғасида «У аёл», деб ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда эса бу ҳодисани Оиша онамизнинг ўзлари айтиб берганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг уйларида бир тўп кишилар билан ўтирганларида София онамиз таом пишириб, ходимлари орқали юборадилар. Идиш ҳам, таом ҳам Оиша онамизникидан яхши бўлади.

Шунда Оиша онамизни титроқ босиб, София онамизнинг идишларини уриб, синдирадилар. Идиш иккига бўлиниб, таом тўкилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам идишнинг бўлакларини йиғиштириб ушлаб туриб, таомни унга тўплайдилар ва ўтирган кишиларга «Онангизнинг рашки келди, сиз (ҳеч хижолат бўлмай) таомни енглар», дейдилар.

Бошқа ривоятда айтилишича, Оиша онамиз «Эй Аллоҳнинг Расули, қилган ишимнинг каффороти нима?» дейдилар.

У зот «Идишга ўхшаш идиш, таомга ўхшаш таом», дейдилар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо София онамизнинг синган идишларига ўхшаш идиш олиб келишга кетадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса одамларга таомни едириб, таом олиб келган хизматчини кетказмай турадилар. Таом еб бўлинганидан кейин бутун идишни хизматчига берадилар.

Ўз навбатида бошқа оналаримиз ҳам Оиша онамизга қарши рашк қилар эдилар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Одамлар Оишанинг кунини пойлаб туриб, ҳадяларини келтирар эдилар. Соҳибаларим жамланишиб, Умму Саламанинг олдига келдилар ва:

«Эй Умму Салама! Аллоҳга қасамки, одамлар ҳадяларини Оишанинг кунини пойлаб туриб, келтиришади. Биз ҳам Оиша истагандек, ўзимизга яхшилик бўлишини истаймиз. Сен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтгин, у зот одамларга қаерда бўлсалар ҳам ҳадяларини олиб келаверишларини айтсинлар», дейишди.

Умму Салама айтади:

«Ўшани Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдим. Бас, у зот мендан юз ўгирдилар. Иккинчи марта қайтиб келганларида яна зикр қилдим. Бас, у зот мендан юз ўгирдилар. Учинчи марта қайтиб келганларида яна зикр қилдим. Шунда у зот:

«Эй Умму Салама! Менга Оиша ҳақида озор берма! Аллоҳга қасамки, ичингизда ундан бошқа бирор аёлнинг кўрпасидалигимда менга ваҳий нозил бўлган эмас!» дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, рашк масаласидаги тасарруфотлар ҳам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг фойдаларига ҳал бўлган экан. У кишидан рашк содир бўлганда охир-оқибат яхшилик билан тамом бўлган. У кишидан рашк қилинганда эса фазллари яна ҳам улуғлиги аён бўлган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу келиб, кетганларидан кейин Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо сабр қила олмасдан, туяга миниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2087 11:06 / 06.02.2020
Никоҳнинг рукни масаласида ҳамма мазҳаблар бир овоздан ийжоб ва қабулни биринчи ўринга қўйганлар..Ийжоб, сўзи никоҳ ақдида иштирок этадиган икки томоннинг давоми...

2618 11:00 / 10.06.2020
Аслида ҳаё қабоҳатни йўқотиш учун ато этилган хулқдир. Ҳаёли инсонга ҳар ким ҳам журъат қилиб гапира олмайди, унинг қадрини топташга бировнинг ҳадди сиғмайди. Ҳаё давоми...

3151 15:00 / 24.05.2019
Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар Маймуна онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларини ҳайзли пайтларида иштон давоми...

2119 17:10 / 26.02.2020