1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Вақф қилинган мол – фойда берувчи мол

08:30 / 14.12.2018 2368 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Вақф» сўзи луғатда «тутиб туриш» маъносини англатади.

Шариатда эса бир молнинг аслини ушлаб туриб, фойдасини Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун сарфлашга айтилади.

Вақф қилиш орқали бир нарсадан келадиган фойдани вақфдан фойдаланувчилар учун абадийлаштирилади. Мазкур нарсанинг ўзи ушлаб турилади, ундан келадиган фойда эса бардавом бўлиб туради.

Вақф икки хил бўлади:

1. Аҳлий вақф. 

Унда вақф қилувчи ўзи вақф қилган нарсадан ўзининг аҳли, қариндошлари фойда олишларини шарт қилади.

2. Хайрий вақф. 

Унда вақф қилувчи кўпчилик фойдаланишини шарт қилиб қўяди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Одам боласи вафот этганда, унинг амаллари кесилади. Фақат уч нарсадан: садақаи жориядан, манфаатланадиган илмдан ва унинг ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ердаги вақфга тегишли гап «садақаи жория»дадир.

Жорий садақа давомли садақа бўлиб, асосан вақфдан иборат бўлади. Мусулмон киши кўпчилик фойда оладиган бир иш қилиб кетган бўлади, ана шундан кишилар фойда олиб турсалар, ўлганидан кейин ҳам унинг эгасига савоб етиб туради. Шунинг учун ҳам мусулмонлар Ислом таълимотларини яхши тушуниб, уларга яхши амал қилган пайтларида бардавом савобдан умидвор бўлиб, кўплаб вақфлар қилганлар ва бева-бечора, фақир камбағалларни ана шу вақфлар ҳисобидан таъминлаб турганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Абу Толҳа Мадинада ансорийларнинг энг моли кўпи эди. Унинг молларининг энг маҳбуби «Байруҳо» бўлиб, у масжиднинг тўғрисида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кирар ва ундаги яхши сувдан ичар эдилар. «Ўзингиз муҳаббат қилган нарсадан нафақа қилмагунингизча яхшиликка эриша олмайсиз» ояти нозил бўлганида Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:

«Аллоҳ таоло Ўз Китобида «Ўзингиз муҳаббат қилган нарсадан нафақа қилмагунингизча яхшиликка эриша олмайсиз» демоқда, менинг учун молларимнинг энг маҳбуби «Байруҳо»дир. У Аллоҳ учун садақа бўлсин! Аллоҳнинг ҳузурида унинг яхшилигини ва (савоб) захирасини умид қилурман. Эй Аллоҳнинг Расули, уни нимага хоҳласангиз, шунга (сарф) қилинг!» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жуда яхши. Бу фойда келтирувчи молдир! Бу фойда келтирувчи молдир! Унинг ҳақида айтган нарсангни эшитдим. Менга қолса, уни қариндошларга қил», дедилар.

Абу Толҳа уни қариндошлари ва амакиваччаларига тақсим қилди». 

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ушбу ҳадиснинг ровийси Анас розияллоҳу анҳунинг ўгай отаси бўлганлар.

«Байруҳо» Абу Толҳанинг боғларининг номидир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг ансорийлар ичида энг бой киши бўлганликлари.

2. Боққа ном қўйиш борлиги. Абу Толҳанинг боғлари «Байруҳо» деб номланиши шуни кўрсатади.

3. Саҳобаи киромларнинг Қуръони каримга амал қилишга иштиёқлари кучли эканлиги. Матнда зикр қилинган ояти каримага амал қилиб, Абу Толҳа ўзлари энг яхши кўрган моллари – «Байруҳо»ни Аллоҳнинг йўлига аташлари шуни кўрсатади.

4. Савобли ишни қилишдан олдин бундай ишларни яхши биладиган киши билан маслаҳат қилиш кераклиги.

5. Абу Толҳанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари. «Боғни нима қилсангиз, ўзингиз биласиз», дейишлари шуни кўрсатади.

6. «Садақа» сўзи билан ҳам вақф бўлиши.

Бу «киноя билан вақф қилиш» дейилади. Бир киши «Садақа қилдим», деса-ю, вақфнинг аломати сезилиб турса, ундан «Садақа деганингда нимани ирода қиляпсан?» деб сўралади. Вақфни ирода қилган бўлса, вақф бўлади.

7. Вақф қилинган мол – фойда берувчи мол эканлиги.

8. Қариндошларга вақф қилиш жоизлиги.

Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, Абу Толҳа мазкур боғни Ҳассон ибн Собит ва Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳум каби камбағал қариндошларига вақф қилган эканлар.


“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муфтий Муҳаммад алКавсарий Абу Абдуллоҳ Буюк Британиянинг Лайстер шаҳрида таваллуд топган. Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг шогирди саналади.У киши давоми...

2995 17:40 / 15.04.2019
Абдуллоҳ ибн Муборакнинг икки шогирди ndash Ҳассон ва Сувайддан ривоят қилинади .Устозимиз Ибн Муборак Шомга бордилар. Биз ҳам у киши билан бирга эдик. Ҳар куни давоми...

1235 08:00 / 10.08.2020
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида одамларга қурғоқчилик етди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

5918 07:00 / 17.02.2023
Ҳабиб ибн Муҳаммаднинг дунёдан юз ўгиришига Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг мажлисига қатнаши сабаб бўлган. Унинг қалбига Ҳасан Басрийнинг насиҳати ўрнашган эди. давоми...

3552 14:00 / 20.05.2022
Аудиолар

120291 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41933 14:35 / 11.08.2021