1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Тортишув, баҳс-мунозара ва муросасизлик

15:08 / 13.12.2018 4713 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«(Эй Муҳаммад), одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг гапирган гапи ҳаёти дунёда сизга қизиқ туюлади» (Бақара сураси, 204).

Яъни, шундай кимсалар борки, баён қилиш санъати етуклигидан гапираётган гапидан лол қоласан, ҳайратланасан. Лекин улар ёлғончи, мунофиқдирлар. Уларнинг «ҳунарлари» бу дунёдагина ўтади. Охиратда эса қалбларидаги сирлардан бохабар бўлган, ғайбларни билгувчи Зотгина ҳоким бўлади.

«...Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймони»га Аллоҳни гувоҳ келтиради» (Бақара сураси, 204).

Яъни, аслида дили куфр ва мунофиқлик иллати билан муҳрланган бўлса-да, ўзини иймонли деб даъво қилади ва бу даъвосини «Аллоҳ шоҳид» деб исботлашга уринади. Ҳолбуки, у ашаддий хусуматчи бўлиб, ноҳақлик – ботил билан баҳс-мунозара қилади.

«(Олдингиздан) кетганида эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди» (Бақара сураси, 205).

Яъни, фасодни ёмон кўради, фасодчиларни ёқтирмайди. Ҳужжатул Ислом Фаззолий айтганлар: «Баҳс-мунозара – ўзингни билимдон қилиб кўрсатиб, бошқани таҳқирлаш ниятида хатосини изҳор этиб, таъна қилишингдир».

Тортишув (мужодала) ўз мазҳабини бошқасидан устун қўйиш ва фикрини маъқуллашдан иборат.

Хусумат эса мол ёки бошқа бир кўзлаган нарсасини қўлга киритиш учун айтган гапида қатъий туриб олишдир. У гоҳида бирон нарсани ёқлаши, гоҳида эътироз қилиши мумкин. Баҳс-мунозарада эса фақат эътироз бўлади».

Имом Нававий айтадилар: «Билгинки, тортишув гоҳ ҳақ, гоҳ ноҳақ бўлади. Аллоҳ таоло айтганки:

«(Эй мўминлар), сизлар аҳли Китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала – мунозара қилинглар» (Анкабут сураси, 46).

«...Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала – мунозара қилинг!» (Наҳл сураси, 125).

«Аллоҳнинг оятлари ҳақида фақат кофир бўлган кимсаларгина талашиб-тортишурлар...» (Фофир сураси, 4).

Агар мужодала (тортишув) ҳақни аниқлаш ва уни қарор топтириш учун бўлса, у маҳмуд – мақталгандир. Борди-ю, ҳаққа қаршилик кўрсатиш учун ёки билмасдан туриб қилинадиган бўлса, у қоралангандир. Мужодаланинг жоиз ва ножоизлиги хусусида ворид бўлган оятлар мана шу йўсинда нозил бўлган».

Айрим улуғлар дейдилар: «Хусуматдан кўра динни кетказувчироқ, мурувватни камайтирадиганроқ ва қалбни машғул қиладиганроқ бирон нарсани кўрмадим».

Инсон ўз ҳақ-ҳуқуқларидан тўла фойдаланиш учун тортишиб туришдан бошқа иложи йўқ, десангиз, Имом Фаззолийнинг қуйидаги сўзлари сизга жавоб бўлади: «Билгинки, ноҳақлик билан, илмсиз бўлатуриб, хусуматлашган кимсалар қаттиқ қоралангандирлар».

Бу судда қайси тараф ҳақ эканини билмасдан туриб, илмсиз ҳолда хусуматлашиб кетган даъвогарнинг вакилига ўхшайди.

Яна ҳақини талаб қилса-ю, бироқ ҳаддидан ошса, муросасизлик қилиб ёлғон гапирса, хусуматчига азият етказадиган сўзларни сўзласа, бундай киши ҳам қораланган.

Худди шунингдек, хусуматчини бўйсундириш ва синдириш учун фақат саркашлик қилиб хусуматлашиш ҳам таъқиқланади.

Бироқ мазлумнинг муросасизлик ва исрофга берилмасдан, чегарадан чиқмасдан, саркашлик ва азият етказишни қасд этмасдан туриб, шаръий йўл билан ҳужжат келтириши ҳаром эмас. Лекин шундай бўлса-да, хусуматни бутунлай тарк этгани маъқулроқ. Чунки хусуматлашаётганда тилни мўътадил – адолат чегарасидан чиқармай тийиб туриш жуда мушкул. Бундан ташқари, хусумат қалбни нафратга тўлдиради, ғазабни уйғотади. Фазаб келса, табиийки, хусуматчилар орасида кек, гина-кудурат ҳосил бўлиб, уларнинг ҳар бири бошқасининг қайғусидан шодланадиган ва қувончидан хафа бўладиган ҳамда бир-бирининг ор-номусига тил текизадиган бўлиб қолади.

Хуллас, кимки хусуматлашса, ушбу офатларга дучор бўлади.

Киши бошқа ҳеч чораси қолмагунча, хусумат эшигига яқин йўламаслиги даркор.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким ноҳақ бўлатуриб баҳс-мунозарани тарк этса, унинг учун жаннат чеккасида бир уй бино қилинади, кимки ҳақ бўла туриб тарк этса, унинг учун жаннатнинг ўртасига (қаср) бино қилинади. Кимнинг хулқи гўзал бўлса, унинг учун жаннатнинг энг олий жойига (қаср) бино қилинади» (Абу Довуд, Термизий ривояти).

Фасл

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар ҳидоятда бўлганларидан кейин фақат талашиб-тортишишга берилганлари сабаблигина ҳақ йўлдан оғдилар», дедилар-да, қуйидаги оятни ўқидилар:

«Улар (бу мисолни) Сизга фақат талашиб-тортишиш учунгина келтирдилар. Ахир улар хусуматчи-урушқоқ қавмдирлар!» (Зухруф сураси, 58).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қуръон хусусида талашиб-тортишиш куфрдир» (Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ривояти).

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: «Аллоҳ энг ёмон кўрадиган кимса ашаддий хусуматчидир!» (Бухорий, Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта Аллоҳ сигир кавш қайтаргани сингари тилига эрк берадиган сўзамол кишиларни ёмон кўради» (Термизий ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта сизларнинг менга энг суюклигингиз ва қиёмат куни ўрнингиз яқини – ахлоқи гўзалингиздир. Сизларнинг менга энг ёқимсизингиз ва қиёмат куни мендан энг узоғингиз – маҳмадоналар, таҳқирловчилар ва сафсатабозлардир» (Термизий ривояти).

Билгинки, агар ҳаддан ошиш ва бемавридлик бўлмаса, хутба-ю, маърузаларда чиройли услубда сўзлаш ҳеч қораланмайди. Чунки улар қалбларни Аллоҳ таолонинг тоатига иштиёқли қилиш мақсадида айтилади. Бу борада эса нутқнинг гўзал ва равон бўлиши ката аҳамиятга моликдир. Валлоҳу аълам.


“Гуноҳи кабиралар” китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло марҳамат қилади.Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолларингизда сизларга ишониб берилган нарсаларга яъни, динга ва давоми...

5621 17:45 / 08.03.2019
Инсон, фариштадан нафси борлиги ила фарқланади, ҳайвондан эса ақли борлиги ила фарқланади. Ҳайвон ўз нафсини жиловлай олмайди инсон эса ўз ақли ила ўз нафсини давоми...

1744 15:05 / 16.11.2020
Аллоҳ азза ва жалла айтади.Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар, Аҳзоб сураси, давоми...

3169 13:10 / 28.02.2019
Номаҳрамларга назар солишга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсакЭркак киши назар солиши жоиз бўлган аёллар1. Она ва онанинг онаси, қанча юқориласа ҳам.2. Қиз, давоми...

2824 11:00 / 08.06.2020
Аудиолар

118746 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40707 14:35 / 11.08.2021