Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (10-дарс). Куфа мадрасаси

11:59 / 05.12.2018 5769 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўпгина саҳобалар Куфага келиб яшашган. Уларнинг ичида илм билан машҳурларидан Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо бўлган.

1. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳаётларини ўрганар эканмиз, Муҳаммадий дорилфунуннинг пешқадам талабаларидан ўзига хос ва айрича хислатларга эга бўлган бир шахснинг Ислом таълимотларини ўзига қандай сингдирганини, Аллоҳ таолонинг оятлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўла бошлаганда ёш болача бўлган шахснинг қандай қилиб тирик Қуръонга айланганини ўрганамиз.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен ҳикмат ҳовлисиман, Али унинг эшигидир», дедилар».

Термизий, Тобароний ва Ҳоким ривоят қилишган.

Худди шу ривоятнинг имом Ибн Абдул Барр келтирган лафзида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен илмнинг ҳовлисиман, Али унинг эшигидир. Ким илмни истаса, унинг эшигидан келсин», деганлар.

Бу ҳам фақат ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўзларига хос фазилат бўлиб, унда бошқалар у кишига шерик бўла олмаганлар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу мусулмон уммати ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг илмли киши эдилар. Ечилиши қийин бўлган масалаларни ўша киши розияллоҳу анҳу ечар эдилар. Бу ҳақиқат ниҳоятда машҳур бўлганидан, кенг тарқалган масалга айланиб кетган. Ҳозиргача арабларда бирор масала ечилмай қолса, «Бу бир масалаки, уни ечгани Абул Ҳасан йўқ», деган гап айтилади. «Абул Ҳасан» ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг куняларидир.

Келинг, бу ҳадиси шарифни воқелик қандай тасдиқлаганини бир оз бўлса ҳам кўриб чиқайлик.

Ибн Саъд Саъийд ибн Мусайябдан ривоят қилади:

«Саҳобалардан Алидан бошқаси «Қани, мендан сўранглар», демас эдилар».

Масруқ розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан Умар, Али, Ибн Масъуд ва Абдуллоҳ розияллоҳу анҳум илмнинг интиҳосига етган эдилар».

Ибн Саъд қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Агар ишончли одам Алидан фатво сўзласа, ундан ўтиб кета олмас эдик».

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ўзлари катта олим бўлишлари билан бирга, одамларни ҳам илмга қизиқтириб юрар эдилар.

Абу Нуъайм ва бошқалар Кумайл ибн Зиёддан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қўлимдан тутиб, саҳро томонга олиб чиқди. Саҳрога чиққанимиздан кейин ўтирди, нафас олди ва қуйидагиларни айтди:

«Эй Кумайл ибн Зиёд! Қалб бир идишдир. Уларнинг энг яхшиси ичига кўп нарса сиғадиганидир. Сенга айтадиганларимни ёдлаб ол. Одамлар уч тоифадир: роббоний олим, нажот йўлини ўрганувчи одам ҳамда пасткаш, ғавғочи, ҳар қичқирганга эргашувчи, ҳар шамолга мойил бўлувчи, илм нуридан зиё олмаган, ўзини ишончли рукнга урмаган одамдир.

Энг яхши мулк илмдир. Илм сени қўриқлайди, мулкни эса сен қўриқлайсан. Илмни сарфласанг кўпаяди, молни сарфласанг камаяди.

Олимларни яхши кўриш маҳкам тутиладиган диндир. Илм олимга тириклигида тоат, вафотидан кейин эса яхши ном келтиради. Мулкнинг қолгани у билан қўшилиб, завол бўлади. Мулкнинг хазиначиси ўлди, унинг ўзи эса тирикдир. Уламолар замон турганича боқийдирлар. Жисмлари йўқолса ҳам, хотиралари қалбларда абадийдир.

Воҳ! Мана бу ерда (қўли билан кўксига ишора қилди) илм бор, уни кўтарадиганларни топсанг эди!

Ҳа, топилса ҳам, тез тушунадиган, аммо ишончсизи топилади. У динни дунё учун ишлатади. Аллоҳнинг ҳужжатларини Унинг Китобига қарши, Унинг неъматларини эса Унинг бандаларига қарши ишлатади. Ёки аҳли ҳаққа эргашмайдигани, ўзининг ҳаётини қалб кўзи билан кўра олмайдигани топилади. Сал шубҳа пайдо бўлиши билан, қалбида шак аланга олади.

Ёки лаззатларга берилган, шаҳватларга жиловини тутқазгани топилади. Ёки мол-дунё тўплашга ва уларни сақлашга мубтало бўлга-ни топилади.

Иккови ҳам дин даъватчилари эмас, далада ўтлаб юрган ҳайвонга ўхшайди. Шунингдек, илмни кўтариб юрувчилар ўлса, илм ҳам ўлади.

Ё Аллоҳ! Аллоҳнинг ҳужжатлари ва равшан далиллари ботил бўлмаслиги учун ер юзида Аллоҳнинг ҳужжати ила қоим бўлувчилар доим бор бўлади. Уларнинг адади оздир, аммо Аллоҳнинг ҳузуридаги қадри улуғдир.

Улар ила Аллоҳ Ўз ҳужжатларини олға сурур. Улар ўша (ҳужжат)ларни ўз тенгдошларига етказурлар ва ўзларига ўхшаганлар-нинг қалбларига экурлар. Илм уларни ҳақиқатга етказур. Шунда улар бойваччаларга қийин кўринган нарсаларни енгил билурлар, жоҳиллар ўзини олиб қочган нарсага улфат бўлурлар.

Улар дунёда жисми билан яшаган бўлсалар ҳам, руҳлари аъло манзарга боғлиқ бўлур. Ана ўшалар Аллоҳнинг юртларидаги халифалари ва динига даъватчиларидир. Эвоҳ! Уларни кўришга муштоқман! Ўзим ва сен учун Аллоҳга истиғфор айтурман. Хоҳласанг, туриб кетавер!»

Ибн Саъд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб: «Али ичимизда энг яхши қозидир», деди».

Энг қийин масалаларни ҳам Али розияллоҳу анҳу ҳал қилиб берар эдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам бирор масала ечилмай қолса: «Бу бир масалаки, уни ечгани Абул Ҳасан йўқ», дер эдилар.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Исломда илмий баҳсларга амалий равишда йўл очган зотдирлар, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Жумладан, у киши розияллоҳу анҳу Қуръони каримни ўқишни осонлаштириш учун баъзи нуқта ва ишораларни қўйишни жорий қилганлар.

2. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу.

Абдуллоҳ ибн Масъуд Исломга олтинчи бўлиб кирди. У Исломга кириши билан қўй боқишни тарк қилди. Абдуллоҳ ибн Масъуд мусулмон бўлган кунидан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига ўтди. Ўша ондан бошлаб Абдуллоҳ ибн Масъуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қадам ҳам ажрамай, хизматларига шай бўлиб турадиган бўлди. Аммо у фақат хизмат билан машғул бўлиб қолмади. Абдуллоҳ ибн Масъуд Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилишдек бахтдан у зотдан илм ўрганишдек саодат йўлида унумли фойдаланар эди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиқадиган ҳар бир оятни ёдлаб олар ва худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидек қироат қилишга уринар эди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд тезда оз сонли мусулмонлар ичида ўзининг аъло даражадаги қироати билан ажралиб турадиган бўлиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганган Ислом таълимотлари туфайли у ўз қадрини ҳам билди. Кечаги бечора чўпон тезда ҳамма ҳавас қиладиган Ислом мўъжизаларидан бирига айланди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа саҳобийларга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўхшаган бўлишни тавсия қилиб:

«Ибн Умму Абднинг аҳдини ушланглар», дер эдилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган бундай яқинликларидан асо-сан Қуръон ва илм ўрганишда фойдаланар эдилар, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биринчи марта учрашган пайтда у зотнинг мўъжизаларини кўзи билан кўриб туриб: «Мана шу гаплардан менга ҳам ўргатинг», деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у кишига қарата: «Сен ўргатилган ғуломсан», деганлари бежиз эмас эди. Аллоҳ таоло Ўз Расулининг бу гапларини тасдиқлаб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга мислсиз илм берди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ислом умматининг фақиҳи бўлдилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ислом уммати қориларининг пешвоси бўлдилар. Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга Исломнинг дастлабки вақтларида Қуръони каримни дунёда биринчи марта баралла ўқиган инсон мартабасини берган бўлса, кейинчалик Ўз каломини энг яхши тиловат қиладиган ва маъноларини энг яхши биладиган шахслардан қилди.

Масруқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ ибн Амрнинг ҳузурида Абдуллоҳ зикр қилинди. Шунда у:

«У шундай одамки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қуръон қироатини тўрт кишидан: Абдуллоҳ ибн Масъуддан (ундан бошладилар), Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимдан, Убай ибн Каъбдан ва Муъоз ибн Жабалдан талаб қилинглар», деганларини эшитганимдан бери уни яхши кўраман», деди».

Икки шайх ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзларига тўлиқ ишонч билан айтган бу маънони ҳеч ким айта олмаган. Шунинг ўзи у кишининг Қуръони каримни қанчалар пухта билишларига очиқ далилдир.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бошқалардан кўра Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни яхши билар эдилар. У киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни кўрмай туриб, баъзи бир аломатлардан ҳам у кишининг асарларини билиб олар эдилар.

Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг кимликларини яхши билганлари учун ҳам ўта нозик ишларни у кишига топширар эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб Куфа жуда аҳамиятли марказлардан бирига айланган эди. У ерга ниҳоятда диёнатли одам керак эди. Ўшанда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни Куфанинг байтулмолига масъул қилиб юбордилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса ўз ишларида бардавом бўлдилар. Куфаликларнинг у кишига бўлган муҳаббати яна ҳам зиёда бўлди. Чунки улар кундан-кунга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қадрларини янада яхшироқ англаб келаётган эдилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу уларнинг фахрига айланиб қолган эдилар. Аҳли Куфадан ким қаерга борса, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу туфайли одамлар уларга ҳавас қилишарди.

«Куфаликман», деган кишини Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳурматларидан Ислом оламининг барча ерларида ҳурмат билан кутиб олишар эди.

Куфа фиқҳ мадрасасининг машҳур кишиларидан олтитаси Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг шогирдларидир. Улар Алқама, Асвад, Масруқ, Убайда, Ҳорис ибн Қайс, Амр ибн Шураҳбийлдир. Бошқа саҳобалардан дарс олган куфаликлар ҳам бўлган.

Кейинчалик бу мадрасадан Шурайҳ ибн Ҳорис Киндий, Иброҳим ибн Язид Нахаъий, Саъийд ибн Жубайр каби машҳур фақиҳлар етишиб чиқди.

Басра ва Куфа фиқҳ мадрасаларининг илмий гултожи имом Абу Ҳанифа бўлдилар.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
.Рукуъ, луғатда .эгилиш, деган маънони билдиради. Шариатда эса бош ва бел билан қўли тиззасига етгунча энгашишга .рукуъ, дейилади. Рукуънинг энг ози икки кафтнинг давоми...

3270 19:00 / 02.12.2021
. У Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан, удинни барча динлардан устун қилиш учун юборган зотдир. Аллоҳ гувоҳликка кифоя қилувчидир. Муҳаммад давоми...

11604 05:00 / 19.01.2017
иккинчи мақолаТермизийнинг лафзида.Аллоҳ ва Унинг Расули мавлоси йўқнинг мавлосидир. Вориси йўқнинг вориси тоғадир,, дейилган.Миқдом ибн Караба ибн Амр ибн Язийд, давоми...

1886 09:22 / 13.01.2020
. . . . . . . . . . . . . . . Жуманинг фарз бўлиши учун мисрда яшаш, соғлик, ҳурлик, эркаклик, балоғатга етганлик, давоми...

966 19:00 / 13.10.2023