1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қалбимни ларзага солган воқеа

13:59 / 04.12.2018 5083 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир шифокор аёл шундай ҳикоя қилади: “Хонамга ташхис учун олтмиш ёшлардаги кампир билан ўттиз ёшлардаги эркак кириб келишди. Эркакнинг кампирга бўлган ўта илиқ муносабати диққатимни тортди. Чунки у кампирнинг қўлини ушлар ва устидаги ёпинчиғини тузатиб қўярди. Қўли билан овқат ва сув берарди. Кампирнинг соғлиғи ҳақида сўраб, таҳлилларни олиб келишни айтганимдан кейин, эркакдан кампирнинг ақлий ҳолати ҳақида сўрадим. Чунки кампирниг ҳаракатлари номутаносиб, берган жавоблари эса ғалатироқ эди. Эркак шундай жавоб берди: 

– У туғилганидан бери ақлий ногирон.

Ҳайрат ичида:

– Уни ким боқади? – деб сўрадим.

У:

– Мен, – деб жавоб берди.

Мен эса:

– Шундайми? Унинг кийимлари ва танасини ким ораста тутади? – дедим.

– Онамни ҳаммомга мен олиб кириб, кийимларини жавонга қўяман ва ювиниб бўлгунларича кутиб тураман. Кир бўлган кийимларни кир ювиш машинасига соламан ва эҳтиёжи бўлган кийимларини харид қиламан – деб жавоб берди эркак.

– Нега унга қарайдиган хизматкор аёлни ишга олмайсиз? – деб сўрадим.

У:

– Чунки бечора онам болаларга ўхшаб шикоят қила олмайди. Шунинг учун хизматкорнинг онамга озор бериб, кўнглини оғритишидан қўрқаман!

– Сиз уйланганмисиз?

– Ҳа, алҳамдулиллаҳ. Фарзандларим ҳам бор.

– Ундай бўлса, онангизга рафиқангиз қарар экан-да?

– У ҳам қўлидан келганича ғамхўрлик қилади. Овқатларини пишириб, едиради. Онамга ёрдам бериши учун хотинимга хизматкор аёл тайинлаганман. Бироқ, мен онам билан бирга овқатланишни яхши кўраман. Сабаби, унинг қанд касали бор!

Унинг сўзларини эшитар эканман ҳайратланиб кўз ёшларимни аранг тийиб турар эдим. Ўша онда кампирнинг қўлидаги тирноқлари олинганини ўғринча нигоҳ ташлаб билиб олдим ва:

– Унинг тирноқларини ким олади?, – дедим.

– Хоним, онамнинг тирноқларини мен оламан. Онамнинг ўзи тирноқларини ололмайди, – деб жавоб берди ўғил.

Кампир ўғлига қараб:

– Менга қачон картошка сотиб оласан? – деб қолди.

– Ҳозир, онажон! Ўзингизни дўконга олиб бораман! – деди ўғил.

Она шундай қувонди-ки, болалардек:

– Ҳозир борамиз! Ҳозир борамиз! – деб юборди.

Ўғил менга қараб:

– Онамнинг бундай қувонишини кичик фарзандимнинг қувончидан ҳам афзал кўраман! – деди.

Мен бу ҳолатдан таъсирланганимни сездирмаслик учун кампирнинг тиббий ҳужжатини варақлай бошладим.

Сўнгра:

– Унинг сиздан бошқа бирон яқини борми? – деб сўрадим.

– Мен ягона фарзандман. Боиси, отам уйланганидан бир ой ўтиб онам билан ажрашган экан, – деб жавоб берди.

– Ундай бўлса сизни отангиз тарбиялаган бўлса керак?

– Йўқ, менга ва онамга бувим ғамхўрлик қилганлар ва мен ўн ёшга кирганимда бувим вафот этганлар! Аллоҳ раҳмат қилсин!

– Сиз бетоб бўлсангиз онангиз қараганми? Унинг сизга бирон марта эътибор берганини биласизми? Бошқача айтсак: қувонч-у, қайғуларингизга шерик бўлганмилар?

– Йўқ, хоним. Ўша ўн ёшимдан буён биламанки, онам ногирон. Ўша ёшдан буён унинг қўлу, оёғиман. Бошига бирон нарса келмасин деб қўрқаман. Дори-дармон ёзиб, уларни қай вақт истеъмол қилиш кераклигини уқтирдим.

Ўғил онасининг қўлидан ушлади ва:

– Ана энди дўконга борамиз! – деди.

Кампир:

– Маккага бормаймиз-ми?! – деди.

Ҳайратландим ва:

– Уни Маккага қандай олиб борасиз? – дедим.

– Самолётда, албатта – деди ўғил.

– Уни Макка олиб борасизми?

– Ҳа.

– Онангиз умра қилмасалар ҳам бўлади-ку? Нега уларни умрага олиб бориб, ўзингизни қийнайсиз?

– Балки умрага олиб борсам онам севинар. Бу эса барча оламлар Робби бўлган Аллоҳнинг даргоҳида усиз қилган умрамдан кўра савоблироқ!

Улар ҳузуримдан чиқишди. Эшикни ёпдим ва ҳамширага олдимга бировни киритмаслигини тайинладим. Ичимдан келган йиғи замбаракнинг ўқидек портлади. Ҳўнг-ҳўнг йиғладим. Ўзимга-ўзим шундай деб пичирладим:

– Бу кампир ўғлига ҳомиладор бўлиб, туғишдан бошқа оналик хизматини қилмабди. На тарбия берибди, ва на кечалари бедор бўлибди. Қайғу изтироблари ва йиғиларига шерик ҳам бўлмабди. Унинг ҳаётидан хавотирга тушиб, уйқудан кўзларини очмабди. Лекин ўғилдаги меҳр ва ғахўрликни қара. Холисанлиллоҳ айтинг-чи, ақли ҳуши жойида бўлган оналаримизга мана шу ўғилнинг ақлий ногирон онасига қилган муомаласини қиляпмизми? Аллоҳим, ота-онамизга ғамхўр бўлишимиз учун бизга мададкор бўл! Аллоҳим, ота-онамизнинг гуноҳларини мағфират қил ва бизни чақалоқлигимиздан тарбия қилганларидек, устларидан раҳматларингни ёғдир!

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Алавийлардан бири Балхда истиқомат қилар эди. Унинг хотини ҳам алавий бўлиб, қизлари билан роҳатфароғатда яшар эди. Кунлардан бир куни у вафот этди ва хотинию давоми...

4156 16:00 / 15.02.2019
WBA Халқаро бокс федерацияси президенти Эд Лассман бундай деган эди .Клэй бокс оламига катта зиён етказди... ва болаларга ёмон намуна бўлди,. У Алини чемпионлик давоми...

2365 12:00 / 04.04.2021
Аллоҳнинг фаришталарига бўлган иймон ҳам катта ҳикматларга эга. Фаришталарга бўлган иймон ҳар бир шахс, жамият ва барча инсоният учун кони фойдадир. Аллоҳнинг давоми...

1703 19:36 / 10.03.2020
IV боб Фақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки соҳиби сўзларини, улар қаердан гапирганини билган ва инсонларнинг муомалаларини давоми...

2580 12:00 / 27.03.2019