1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Амаки ота кабидир

16:02 / 03.12.2018 3181 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Отаси вафот этганидан кейин мусулмон фарзанд отасининг ака-укаларини худди отасини эъзозлагандек эъзозлаши, уларни ота ўрнида кўриши лозимлиги шариатимизнинг кўрсатмасидир. Бу ҳақда келган шариат таълимотлари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида ва улуғларимизнинг сўзларида ўз ифодасини топган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар Аббоснинг садақаси ҳақида гапирган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Кишининг амакиси отаси кабидир», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакисидир. Кишининг амакиси эса отаси кабидир ёки отасининг аслидандир», дейилган.

Амаки ота ўрнида бўлиши қадимдан мавжуд бўлган тушунчадир. Ислом дини эса қариндошчилик алоқаларининг яхши бўлишига қанчалик катта аҳамият бергани маълум ва машҳур. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларига бўлган олиймақом муносабатлари иймон ва Ислом асосида бўлиши ҳам маълум ва машҳур.

Собитдан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб: «Ким отасига ўлимидан кейин силаи раҳм қилмоқчи бўлса, унинг ака-укаларига силаи раҳм қилсин», деди».

Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Ота вафот этиб кетди. Бола ўтиб кетган отасига силаи раҳм қилмоқчи. Агар у отасининг ака-укаларига – амакиларига ният билан яхшилик қилса, худди отасига яхшилик қилгандек бўлади. Чунки одатда амакилар доимо жиянлардан катта бўладилар.

Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отаси йўқнинг отаси амакисидир», деганлар.

Демак, ота йўқ пайтида амаки отанинг ўрнига қолади. Шунинг учун амакиларни эҳтиром қилиш, уларнинг дуосини олиш, уларга яхшилик, эҳсон ва силаи раҳм қилиш худди отага қилган яхшиликлар ўрнига ўтар экан.

Собит Бунанийдан ривоят қилинади:

«Бизга Умар ибн Хаттобнинг «Ким отаси қабрдалигида силаи раҳм қилишни истаса, отасининг ака-укаларига силаи раҳм қилсин», дегани етган».

Ибн Ҳиббон ва Бағавий ривоят қилишган. 

Қаранг, ота-она дунёдан ўтиб кетгандан кейин ҳам фарзандларда уларнинг ҳақлари қолар экан. Фарзанд қабрида ётган отасига ҳам яхшилик қилиши мумкин бўлиб, бунинг учун у отасининг ака-укаларига яхшилик қилиши етарли экан.


“Кексаларни эъзозлаш” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳофиз улкабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий адДоримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга давоми...

3359 21:58 / 27.04.2017
Намозда интизомли бўлиш, қолдирмай ўз вақтида мунтазам адо этиб бориш Аллоҳ таолонинг улкан неъматларидан биридир. Бугунги кунда фарз намозларни масжидда давоми...

2609 15:32 / 07.10.2022
Анас ибн Молик ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумо айтадилар Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирганимизда, у зот кулдилар, ҳатто тишлари давоми...

4669 09:20 / 07.10.2020
Амаллар қуруқ суратдир. Руҳлари эса улардаги сир ndash ихлоснинг мавжудлигидир.Бошқача қилиб айтганда, амаллар қуруқ танадан иборатдир. Ихлос эса уларнинг жонидир. давоми...

5187 19:00 / 12.08.2019