1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

13-боб. Мушрик ота-онага яхшилик қилиш (давоми)

10:00 / 01.12.2018 2411 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Иккинчиси: Мен ўзимга ёққан қилични олволган эдим. «Эй Аллоҳнинг Расули, буни менга ҳиба қилинг», дедим. Шунда «Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар» ояти нозил бўлди».

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу зикр қилган ояти карима Анфол сурасида бўлиб, у Бадр ғазоти тўғрисида нозил бўлган. Аллоҳ таоло ушбу ғазотдаги воқеалар қиёматгача одамларга ибрат бўлиб қолишини ирода қилди.

Суранинг аввалида одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «анфол» –  ўлжалар ҳақида сўрашгани айтилиб, орқасидан ўша саволга батафсил жавоб келади.

Анфол сурасининг дастлабки оятлари жангдан кейин ўлжа устида мусулмонлар орасида жанжал чиққани сабабли нозил бўлган. Ана шу ўлжа талашиш машмашасида, ўзлари айтиб ўтганларидек, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар.

Аллоҳнинг ёрдами билан ғолиб бўлган мусулмонлар ғалаба нашидасидан маст эканлар, ўлжа хусусида ўзаро ихтилофга тушиб қолдилар. Бу эса инсон табиати ниҳоятда мураккаб эканини яна бир бор кўрсатади. Кофирлардан тушган ўлжани талашаётган инсонлар аслида бутун мол-мулкидан кечиб, Исломни танлаган зотлар эди. Уларнинг бир қисми мол-дунёларини, қариндош-уруғларини, азиз ватанларини ташлаб, дину диёнат йўлида ҳижрат қилганлар.

Бошқалари эса ҳижрат қилиб келган биродарларига уй-жой, кийим-кечак, озиқ-овқат, қўйингки, ҳамма керакли нарсаларни бериб, уларни ўзларидан устун кўрган ансорийлар эди. Улар Бадр урушига кираётиб, «ўлжа» деган нарсани хаёлларига ҳам келтирган эмаслар. Балки тезроқ шаҳид бўлиб, жаннатга кириш иштиёқида ёнар эдилар. Улардан бири жаннатга киришга шошилганидан қўлидаги хурмоларни охиригача еб тугатишга ҳам сабри чидамаган.

Аммо жанг тугаб, кўп йиллик машаққат ва қийинчиликлардан кейин дастлабки ғалаба қўлга киргач, дарҳол дунёга қизиқиш бошланди. Орада низо чиқди. Бу жуда ҳам хатарли ҳол эди. Лекин аслида бу ҳолат Аллоҳ таолонинг иродаси билан юзага келган эди. Аллоҳ таоло саҳобалар авлодининг бошларига ҳар хил ишларни солиб, уларни синаб, тарбиялаб борган.

Бадр урушидан кейин ўлжа талашиш ҳам шунга ўхшаш масалалардан биридир. Аллоҳ таоло уларни амалий хато устида тарбиялади. Ўша ҳодисанинг бевосита иштирокчиси бўлмиш Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан шундай ривоят бор: «Бу оятлар биз ҳақимизда – Бадр соҳиблари ҳақида, ўлжа талашиб, ихтилоф қилганимизда, ахлоқларимиз бузилганида нозил бўлган. Аллоҳ таоло ўлжани бизнинг қўлимиздан тортиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берди».

«Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар. Сен: «Ўлжалар Аллоҳ ва Расулникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинглар», деб айт».

Аллоҳ таоло ояти кариманинг аввалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилмоқда:

«Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар».

Яъни ўлжа устида талашиб, ҳар қайсиси ўзини бошқалардан кўра ҳақлироқ билиб, соҳиблик даъвосини қилганидан сўнг сўрайдилар. «Ўлжалар кимники?» дейдилар.

«...Ўлжалар Аллоҳ ва Расулникидир», деб айт».

Ўлжалар сизники эмас. Сиз шошилиб, уни ўзингизники қилиб олмоқчисиз. Йўқ. Ўлжалар Аллоҳники.

Аллоҳ таоло сизни кофирлар устидан ғолиб қилди.

Бу ғалабани сиз келтирганингиз йўқ, Аллоҳ таоло келтирди.

Мушрикларни сиз ўлдирганингиз йўқ, балки Аллоҳ таоло ўлдирди.

Кофирларни сиз асир олганингиз йўқ, Аллоҳ таоло асир олди.

Ўлжани сиз қўлга киритганингиз йўқ, Аллоҳ таоло киритди.

Ўлжалар сизники эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламники. Ўша зот туфайли сизга Аллоҳнинг ёрдами келди.

Сиз бўлсангиз ҳаққингиз бўлмаган нарсани талашиб, бир-бирингизни хафа қилиб, ўртадаги дўстликка футур етказиб юрибсиз. Бундай қилиш сизларга ҳеч муносиб эмас.

«Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар».

Қалбда тақво бўлгандагина инсон дунёнинг ўткинчи матоҳини талашиб юрмайди. Молу дунё деб ўз биродарлари билан орани бузмайди. Қалбидан тақво жой олган инсонгина Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилади.

«Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг».

Демак, мўминликнинг шарти ҳар бир нарсада Аллоҳга ва Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишдир.

Иймон амалда кўринади. Иймонни кўрсатадиган амал эса Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишда зоҳир бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида: «Иймон қалбда виқор топган ва амал билан тасдиқ этилган нарсадир», деганлар.

«Учинчиси: Бемор бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўргани келдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен молимни тақсимламоқчиман. Ярмини васият қилайми?!» дедим. «Йўқ», дедилар. «Учдан бирини-чи?» дедим. Сукут сақладилар. Ўшандан кейин учдан бир жоиз бўлди».

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Макка фатҳи чоғида оғир хаста бўлиб қолдилар ва ушбу ривоятда зикр қилинган гаплар бўлиб ўтди.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Фатҳ йили бемор бўлиб, унинг сабабидан ўлимга яқинлашдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Шунда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг кўп молим бор ва биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг ҳаммасини васият қилайми?» дедим.

«Йўқ», дедилар.

«Молимнинг учдан иккисини-чи?» дедим.

«Йўқ», дедилар.

«Ярмини-чи?» дедим.

«Йўқ», дедилар.

«Учдан бирини-чи?» дедим.

«Учдан бир. У ҳам кўп-у... Албатта, сен меросхўрларингни бой ҳолларида ташлаб кетишинг уларни юк бўлиб, одамлардан тиланиб юрадиган қилиб ташлаб кетишингдан яхшироқдир. Сен ҳар қандай нафақа қилсанг ҳам, албатта ажр оласан. Ҳаттоки аёлингнинг оғзига тутган луқма учун ҳам ажр оласан», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, энди ҳижратимдан ажраб қоламанми?!» дедим.

«Сен ортда қолиб, Аллоҳнинг розилигини истаб нима амал қилма, даражаю мартабанг албатта ортади. Шояд, ортда қолсанг-да, кейин сен туфайли баъзи одамлар манфаатланиб, бошқалари зарар кўрса. Аллоҳим, саҳобаларимнинг ҳижратларини охирига етказгин ва уларни ортларига қайтариб юбормагин!» дедилар».

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Кейин Аллоҳ таолонинг шариати Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўзлари таъкидлаганларидек, ушбу ҳадисда айтилганидек, учдан бирни васият қилишга рухсат берди.

Бу ерда айтиб ўтишимиз лозим бўлган яна бир гап бор. Ўлим тўшагида ётган киши мол-мулкининг учдан бирини васият қилишга ҳақли экани ҳақида оят нозил бўлган эмас. Балки Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг қиссаси васият ҳақидаги оят ҳукмини хослашга, учдан бирга тайин қилишга сабаб бўлган.

«Тўртинчиси: Ансорийлардан бир қавм билан хамр ичдим. Улардан бир киши бурнимга туянинг жағ суяги билан урди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борган эдим, Аллоҳ азза ва жалла хамрнинг ҳаромлигини нозил қилди».

Кунларнинг бирида Отабон ибн Малик исмли киши уйига меҳмонларни таклиф қилади, улар орасида ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос ҳам бор эдилар. Мезбон меҳмонлар олдига туянинг бошини қўйиб, май тортади. Зиёфат авжига минади. Ўз урушларини улуғловчи, Мадина мусулмонлари – ансорийларни эса танқид остига олувчи шеърхонлик бошланади. Шунда меҳмонлардан бири туянинг жағ суягини кўтариб, Саъд ибн Абу Ваққоснинг бурнига туширади. Қаттиқ ранжиган Саъд ибн Абу Ваққос Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурларига бориб, воқеани батафсил ҳикоя қилиб берадилар. Ана шунда Моида сурасидаги ушбу оят нозил бўлади:

«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!» (Моида сураси, 90-91-оятлар).

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Мен ҳақимда эшитган одам борки, яҳудийми, насронийми ndash барибир, мени яхши кўриб қолар эди. Онамнинг Исломга киришини жуда давоми...

2377 11:10 / 27.12.2018
10 r . .10. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бола отаонасига ҳар қанча яхшилик қилса ҳам, уларнинг яхшилигини қайтара олмайди. давоми...

2332 20:22 / 24.10.2018
Абу Саламадан ривоят қилинади.Абу Саъид Худрийнинг олдига бордим. У билан дўст эдик. Мен унга.Биз билан бирга хурмозорга чиқмайсанми, дедим. У чиқди. Эгнида хомийса давоми...

3053 11:32 / 15.05.2022
68. Аъмаш, Ҳасан ибн Амр ва Фитрдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қилганига яраша жавоб қайтарган силаи раҳм қилувчи эмас. Силаи раҳм қилувчи ndash давоми...

1765 12:36 / 03.04.2019
Аудиолар

118718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40686 14:35 / 11.08.2021