1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Илмни дунё ҳаёти учун ўрганиш

17:03 / 30.11.2018 3382 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай дейди:

«... Албатта, Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонлар қўрқур» (Фотир сураси, 28).

Ушбу оят борасида айтилган тафсирлар қуйидагича: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо:

«Аллоҳ таоло бу билан: «Қудратим, иззатим ва салтанатимни билган бандаларимгина Мендан қўрқади», дейди», деганлар.

Мужоҳид ва Шаъбий айтадилар: «Аллоҳ таолодан қўрққан кишигина олимдир».

Робеъ ибн Анас айтганлар: «Кимки Аллоҳдан қўрқмас экан, у олим эмас».

«Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан (Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ Пайғамбар эканлиги ҳақидаги) нарсаларни одамларга Китобда (Тавротда) равшан қилиб берганимиздан кейин яширадиган кимсаларни, шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўминлар) лаънатлагайлар» (Бақара сураси, 159).

Бу оят яҳудий уламолари хусусида нозил бўлган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг айтишича, инсонлар ва жинлардан бошқа барча нарсалар лаънатлайди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганларки, икки мусулмон бир-бирига лаънат айтадиган бўлса, бу лаънат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканликларини ва у зотнинг сифатларини яширган яҳудий ва насронийларга қайтади.

«Эсланг, (эй Муҳаммад), Аллоҳ Китоб берилган кимсалардан «Албатта, у (Китобни) одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!» деб аҳдпаймон олган эди. Сўнг улар бу аҳд-паймонни ортларига ташладилар ва уни озгина қийматга сотдилар. Уларнинг бу олди-сотдилари нақадар ёмон иш бўлди» (Оли Имрон сураси, 187).

Воҳидийнинг айтишларича, бу оят Мадина яҳудийлари ҳақида нозил бўлган. Аллоҳ Тавротда улардан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканлиги, сифатлари ва юборилиш замони-ю, маконини баён қилишга, уни яширмасликка аҳд-паймон олиб: «Уни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар», деб айтган.

Бу Аллоҳ таолонинг яҳудий уламоларидан Китобларидаги нарсаларни одамларга баён қилиб беришлари хусусида олган аҳду паймонидир. Уларнинг Китобида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам зикрлари келган, деган эди Ҳасан Басрий.

«Уни озгина қийматга сотдилар», дегани, улар илмли бўлганлари учун илмсиз жоҳил кимсалардан нарсалар олардилар. Шу арзимас дунёвий нарсадан маҳрум бўлиб қолишдан қўрқиб аҳдларини буздилар.

«Уларнинг бу олди-сотдилари нақадар ёмон иш бўлди» ояти каримаси ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Уларнинг савдолари жирканчли бўлиб, зиён кўришди», деган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки Аллоҳнинг Юзи қасд қилинадиган илмни фақат бирон дунёвий нарсага етишиш учун ўрганадиган бўлса, қиёмат кунида жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди» (Абу Довуд ривояти).

Дўзахга юзи билан судраладиган уч киши ҳақидаги ҳадис «Риё» бўлимида келтирилган эди. Улардан бирига: «Олим, деб айтишлари учун илм ўргандинг, бу нарса айтилди», дейилади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимдан билган нарсаси ҳақида сўралса-ю, уни яширса, қиёмат куни Аллоҳ у кимсани оловдан бўлган юган билан юганлаб қўяди» (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сендан фойдасиз илмдан паноҳ беришингни сўрайман», деб дуо қилардилар (Муслим ривояти).

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитди: «Қиёмат кунида бир киши олиб келиниб, дўзахга улоқтирилади. Унинг ичак-човоқлари осилиб, ёйилиб кетади-да, худди эшак тегирмон атрофида айланганидек, уларга ўралашиб қолади. Дўзах аҳли унинг атрофига тўпланишади ва: «Эй фалончи, сенга нима бўлди? Ахир сен яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтармасмидинг?» деб сўрашади. У: «Сизларни яхшиликка буюрардим-у, ўзим қилмасдим. Ёмонликдан қайтарардим-у, ўзим қайтмасдим», дейди» (Бухорий, Муслим ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ким илм ўрганиб унга амал қилмаса, илм фақат унинг кибрини зиёда қилади».

Ҳилол ибн Аъло айтганлар: «Илм талаб қилиш қийин, уни ёдлаш талаб қилишдан қийин, унга амал қилиш ёдлашдан қийин, унда саломат қолиш амал қилишдан ҳам қийинроқдир».

Аллоҳ таолодан барча балолардан саломат сақлашини ва Ўзи яхши кўрган, рози бўлган нарсаларга муваффақ қилишини сўраймиз. Албатта, У сахий ва карим зотдир.


“Гуноҳи кабиралар” китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Ислом динида мўминмусулмонларга нафақат зарари бор бўлган нарса, балки ўша зарарга олиб борадиган нарсалар ҳам ҳаром этилган.Аллоҳ таоло зинони ҳам, зинога олиб давоми...

2337 08:59 / 18.10.2021
Аллоҳ таоло марҳамат қилади .Болдир очиладиган яъни, оғир ҳисобкитобга чоғланиладиган ва улар кофирлар кўзлари қуйига эгилган, хорлик уларни давоми...

4462 15:15 / 24.12.2018
Гуноҳлар сабабидан ҳозирги кунда турли азоблар содир бўлмоқда. Бир шаҳарни ер ютган, бир шаҳарда қаттиқ шамол, яна бирида қаҳатчилик бўлган, баъзи жойларда сув давоми...

1390 15:58 / 23.11.2023
Зулм бир неча турли бўлади. Ботил йўл билан мол топиш, етим молини ейиш, бандаларни ўлдириш, уриш, жароҳат етказиш, ҳақорат қилиш, лаънатлаш, туҳмат қилиш ва давоми...

4730 12:30 / 13.05.2019