1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Ҳожи Лорд Ҳэдли Ал-Форуқ (Англия)

14:00 / 28.11.2018 2530 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таниқли сиёсатчи ва ёзувчи Буюк Британиядаги машҳур шахслардан бири бўлмиш Лорд Ҳедли Ал Форуқ (Жорж Аллансон) 1855 йилда туғилган. 1877 йилда Кембриж дорилфунини имтиёзли диплом билан тугатиб, Британия армиясида капитан даражасида хизмат қилган. Колониал ишлар вазирининг тўртинчи полкидан лейтенант-колониал даражасида истеъфога чиққан. Ихтисослиги – муҳандис. Шу билан бирга, ажойиб адабий қобилияти ҳам бўлган. “Solsher journal” газетида муҳаррирлик қилган. Кўпгина асарлар ҳам ёзган. Айниқса, “Ғарблик Исломга  интилмоқда” номли асари жуда  машҳурдир.

1913 йилнинг 16 ноябрида ислом  динини қабул қилиб, исмини “Аш шайх Раҳматуллоҳ Ал Форуқ” деб ўзгартирган. 1926 йилда Ҳиндистон сафарида бўлган.

Нега мусулмон бўлдим?

Эҳтимол баъзи дўстларим мени «мусулмонлар таъсирига тушиб қолган», деб ўйласалар керак. Лекин Ислом динини қабул қилишимнинг сабаби кўп йиллар давомида олиб борилган илмий изланишлар натижасидир.

Мени зиёли мусулмонлар билан илмий баҳсларим фақатгина бир неча ҳафта давом этди. Илмий назарияларим бошдан-охиригача тамоман Ислом таълимотларига мувофиқ келганида шодлигимнинг чек-чегараси йўқ эди.

Инсоннинг бу динни (яъни, Ислом динини) қабул қилиши, Қуръони карим таълимотига асосан, ўзининг шахсий қаноатидан келиб чиқмоғи лозимдир, ҳаргиз зўравонлик билан динга киргизиш мумкин эмас. Исо алайҳиссалом ҳам худди шу маънони ифода қилиб, ҳаворийларга қарата:

«Бирор киши сизларнинг даъватларингизни қабул этмаса, қулоқ ҳам солмаса, сиз у ердан айрилинг, уларни мажбур қилманг!» деган эди (Авлиё Марко, ви 2).

Мен эътиқодларида собит, ғайратли кўпгина протестантларни биламан. Улар Рим католик черкови таъсиридаги ерларга бориб, католикларни протестант мазҳабига ўтказишни (даъват қилишни эмас!) ўзларининг энг муҳим ва бирламчи вазифалари деб билишади. Ҳеч шубҳа йўқки, бу усул нафсни ғазаблантирадиган, орадаги жарни яна ҳам чуқурлаштирадиган йўлдир. Бундай йўл кўпинча акс натижа бериб, диндорлар орасида ножўя низолар чиқишига сабаб бўлади.

Афсуслар бўлсинки, христиан миссионерлари мусулмонларга нисбатан тутган йўллари ҳам, айнан шу сиёсат асосига қурилган. Мен бу миссионерларнинг ўзларидан кўра Ийсо алайҳиссалом таълимотларига яқин турувчиларни (яъни, мусулмонларни) христианликка даъват қилишларини тушуна олмайман. Мен мусулмонларни, ҳазрат Ийсо алайҳиссалом таълимотига яқин турувчилар, ҳа, ҳа, яқин турувчилар, дедим, чунки яхшилик, олижаноблик, фикр доирасининг кенглиги, ҳақиқатан ҳам Ислом эътиқодида Исо алайҳиссалом даъватидан ҳам муфассалроқ эътироф этилган. Насронийлик шу даражада бузилганки, Исо алайҳиссалом таблиғ этган насрониятдан бугун асар ҳам қолмаган. Эски насронийликдаги ҳақиқатларни фақат Исломда топиш мумкин. Бас шундай экан, мен мусулмон бўлиш билан ҳақиқий насронийликка эришдим, дея оламан.

Сўзимнинг исботи учун сизларга «Атнасиан» мазҳабини мисол келтираман. Бу мазҳаб католикчиликда аҳамиятли, обрўли мазҳаблардан бири ҳисобланади. Айнан шу мазҳабда христианликдаги асосий эътиқоддан бири ҳисобланган «Уч Тангри» жуда ҳам тор, ақлдан йироқ суратда талқин қилинади. Уларнинг даъвосича, таслисга ишонмаслик абадул-абад ҳалокатга сабабдир, нажот истовчилар, албатта таслисга ишонмоқликлари шарт. Бошқача қилиб айтганда, биз Раҳмли, Меҳрибон, Улуғ деб эътиқод қилиб турган Роббимизни зулм, қаҳр ва шунга ўхшаш сифатлар билан сифатлаш лозим бўлади. Субҳоналлоҳ! Аллоҳнинг буюк сифатлари таслисга эътиқод қилувчи заиф бандаларнинг тасаввуридан баландроқдир.

Яна бошқа бир мисол келтираман. У ҳам бўлса, христианликнинг муҳаббат ва яхшилик борасидаги йўқсиллигидир. Исломни қабул қилмоқчи бўлиб юрган пайтларимда бир хат олдим. Хатда баён қилинишича, агар мен Ийсо алайҳиссаломни Илоҳ деб билмасам, ҳаргиз нажот топмаслигим билдирилган эди. Бу ердаги масала Ийсо алайҳиссаломнинг илоҳ ёқи илоҳ эмасликларида эмас, балки Ийсо алайҳиссалом Аллоҳ томонидан юборилган рисолатни инсонларга етказдими ё йўқми – шу ҳақдадир. Агар бу масалада озгина бўлса ҳам шубҳа бўлганида, бу мени жуда ҳам безовта қилган бўларди. Лекин Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бу хусусда менда ҳеч бир шубҳа бўлмади. Аллоҳ таолодан сўрайманки, менинг Ийсо алайҳиссаломга ва у кишининг таълимотларига бўлган ишончимни ҳар бир мусулмон ишончи каби давом эттирсин. Эътиқодимча, юқорида ҳам бир неча маротаба таъкидлаб ўтганимдек, Ислом ва Ийсо алайҳиссалом даъват қилган дин аслида эгиз динлардир. Уларнинг ораларидаги баъзи назария ва истилоҳотлардаги тафовутлар аслида аҳамиятсиз фарқлардир.

Бизнинг замонамизда одамлардан турли йўналишдаги мазҳабларга ишониш талаб қилинганида бу нарса акс таъсир бериб, умуман Аллоҳ таолога иймоннинг тарк қилинишига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, айни шу вақтнинг ўзида инсоният ақлу тафаккурни тўғри йўлга солгувчи, инсон туйғуларига муносиб динга чанқоқ ва муҳтождир.

Мен текшириб кўриб шунга амин бўлдимки, бирорта ҳам мусулмон динидан қайтиб атеист бўлмаган экан. Ягона кўринишлар бўлиши мумкин. Лекин мен бу динсиз шахсларнинг ҳаммасига ҳам шубҳа ва жирканиш билан қарайман. Эътиқодимча, миллионлаб насроний ва бошқа диндаги эркак ва аёллар қалбан муслимдирлар. Уларни қалбларидаги иймонни ошкор қилишдан тўсиб турган нарса: урф-одат, танқид, туҳмат ва ошкор қилишдан кейин бўладиган мушкулотлардир. Бизнинг мактабларимизда ҳозир ҳам Ислом дини Аллоҳга ишонмаганларнинг дини сифатида танитилмоқда.

Мен Исломни қабул қилганимни эълон қилаётганимда, қатъий ишонардимки, қариндошлар, дўст-биродарлар мени йўлдан адашди, энди унга ҳеч қандай панду насиҳат фойда бермайди, деб ҳисоблашади.

Шунга қарамасдан, менинг эътиқодим аввалгидай собит. Эълоним халққа фойдали бўлиши билан бирга, халқ назаридаги обрўйимнинг кўтарилишига ҳам сабаб бўлди.

Мен қисқача қилиб Исломни қабул қилишимга сабаб бўлган воситаларни баён қилиб бердим. Яна бир бор таъкидлаб айтаманки, шу муборак одим туфайли мен аввалгидан кўра кўпроқ ҳақиқий насронийликка яқинлашдим. Бошқаларни ҳам ушбу йўлга чақираман: Ана шу ҳақиқий тўғри йўлдир. Ҳақиқий саодат эса, Ҳақни топишда!

«Биз нега мусулмон бўлдик» китобидан

 

Манба
Ahlisunna.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу илм ажнабий тилда .астрономия, дейилади. Дунё халқларининг кўплари осмон жисмларига .Худо ёки унга тегишли аскарлар,, деган назар билан қараб турган бир пайтда давоми...

2657 19:06 / 27.03.2020
Европа зулматли ўрта асрларrdquoни бошидан кечираётган бир пайтда мелодий йил ҳисоби бўйича 610 санада Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар давоми...

2011 12:06 / 22.09.2019
Қадимдан беморларга қарайдиган, уларни даволашга уринадиган шахсларнинг масъулияти ҳақида тортишиб келинган.Кўпчилик ҳолатларда табибларнинг масъулиятига давоми...

1818 14:00 / 25.04.2021
Доктор Саъид анНаҳид АлАховайн университети.Фас шаҳри чинакам исломий шаҳарнинг тимсолидир. Шаҳар энди қурила бошлаган пайтда муайян тартибга кўра ташкил давоми...

2096 13:05 / 26.11.2019