1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Кундалик вазифалар

12:04 / 27.11.2018 3872 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тариқатдаги кишининг кундалик вазифалари аниқ бўлади. Бунда у аввало кундалик фарз ва вожиб амалларга алоҳида эътибор беради. Ўзининг бурчи бўлган бу амалларни ихлос билан бекаму-кўст адо этади. Шу билан бирга, ўз ҳолига қараб мандуб бўлган нафл ибодат, амал ва зикрлардан бажариб туради.

Ҳар бир мусулмон учун бу каби нафл ишларнинг энг оз чегарасининг ўлчови бўлиши керак. Қолгани эса шахсга қараб белгиланади. Агар ўзида рағбат ва имконият сезса, мазкур амалларни кўпайтириб боради. Баъзи бир сабабларга кўра ўша амалларни ўз вақтида бажара олмай қолса, кейин адо қилиб боради.

Бу каби кундалик вазифаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам қилиб юрганлар ва умматларига ҳам шундай қилишни ўргатганлар. Бу борада ривоятлар жуда кўп. Биз фақат биргина мисол билан кифояланамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир кунда юз марта «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, йуҳйи ва йумийту ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодиир» деса, бу унинг учун ўнта қулни озод қилиш билан баробар бўлади, унга юзта ҳасана битилади ва ундан юзта ёмонлик ўчирилади. Бу унга ўша куни шайтондан сақланиш бўлади. Ўша ҳол кеч киргунча давом этади. Ҳеч ким ундан кўра афзал нарса қила олмайди. Илло, ким ундан кўпроқ қилган бўлсагина, кўпроқ савоб бўлиши мумкин.

Яна ушбу санад билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир кунда юз марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, унинг хатолари ҳатто денгиз кўпикларича бўлса ҳам ўчирилади», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Дуонинг маъноси: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Унинг Ўзи ёлғиздир, шериги йўқдир. Мулк Уникидир ва ҳамд Уникидир,  тирилтирур ва ўлдирур ва У ҳар бир нарсага қодирдир».

Бу ҳадиси шарифда алоҳида сўзлар ва жумлаларни маълум ададда зикр қилиш ҳақида сўз бормоқда. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган иборалар ила санаб зикр қилиш катта савобга, гуноҳларнинг кечирилишига ва бошқа фойдаларга эриштиради. Бу ишларни қилган одам суннатга мувофиқ ишни қилган бўлади.

Муриднинг бошқа вазифалари ҳам айнан суннатга мувофиқ бўлиши лозим. Бу вазифаларни «вирдлар» ҳам дейилади. Иккисининг ҳам маъноси бир.

«Вирд» сўзи аслида «сув олгани бориш» маъносини англатади. Амалда эса Қуръони каримдан  такрорлаб юришга одатланилган бўлакка айтилади. «Фалончи Қуръони каримдан вирдини ўқиди», дегани ўзига вазифа қилиб олган бўлагини ўқиди, дегани бўлади. Тасаввуфда эса кунда такрорлаб юришга одатланилган зикрлар, дуолар ва Қуръони карим суралари вирд дейилади.

Нақшбандия тариқатидаги мурид зикрни бошлашдан олдин тавба қилади. Таҳорат олиб, қазо намоз ёки шукри вузуъ намозини адо этади. Яна тавба қилиб, бутун вужуди ила диққатини жамлаб, зикрга ҳозирланади.

“Нақшбандия: вазифалар, зикрлар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирги кунда кишилар орасида ахлоқсизлик, разолат ва турли жиноятлар шу даражада кенг тарқалдики, бутун олам аянчли аҳволда қолди. Аллоҳни эсдан чиқариш, Унинг давоми...

3001 05:00 / 06.03.2017
Барчамиз гуноҳ қиламиз. Агар шу гуноҳ ва маъсиятларимизни тарк этсак, қуйидаги фойдаларни қўлга киритамиз1. Мурувватнинг тикланиши. 2. Обрўнинг сақланиши. 3. давоми...

2824 05:00 / 01.03.2017
.Авлиёлардан бирортасини анбиёларнинг бирортасидан афзал кўрмаймиз. Битта набий ҳамма валийдан афзалдир, деймиз,.Шарҳ Яъни авлиёлардан бирортаси, ким бўлишидан давоми...

3496 16:00 / 29.06.2019
Сўнгги каломИмом Заҳабий имом Абу Зуръа Розийнинг таржимаи ҳолини баён қилар экан, у зотнинг вафотлари ниҳоятда таъсирли бўлганини шундай ҳикоя қилади.Абу Зуръа давоми...

2965 05:00 / 06.03.2017