1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Мавлид маросими қандай ўтказилиши керак?

14:08 / 19.11.2018 3851 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, ўрта асрларда Ислом оламида тасаввуф катта ўрин тутган. Мавлид маросимларига кўпроқ тасаввуф уламолари бош бўлишган. Унга асосан қалблари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари билан тўлиб-тошган, у зотни эслашга ҳарис бўлган кишилар йиғилишган. Улар ушбу маросим орқали ўзларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган иштиёқлари ва соғинчларини изҳор қилишган, ташналикларини бироз бўлса да қондиришган. Шу боис, мавлид маросимлари соф илмий мажлис маъносида эмас, балки,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини ўзига хос услубда нишонлаш, у зотга бўлган муҳаббатни чархлаш, сайқаллаш ва шу йўл билан у зотнинг сийратларини кўпчиликка эшиттириш, суннатларига амал қилишни тарғиб қилиш, умматни ўз Пайғамбарига содиқ ошиқ бўлишга ўргатиш мақсадида ўтказилган. Мавлид маросимларида асосан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан шавқу завқ изҳор қилинган, шу маънодаги шеърлар, ваъзлар айтилган.

Мавлид аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларига шодлик изҳор қилиш, шу кунларни хурсандчиликда ўтказиш маъносида йўлга қўйилган. Яқин тарихимизни ўрганадиган бўлсак, мавлид йиғинларида айнан шу кайфият ва ҳолат яққол сезилиб турарди. Ўтган асрнинг ўрталарида халқимиз орасида мавлидга нисбатан мавжуд бўлган муносабатни кузатилса, шу нарса маълум бўладики, бизда мавлид ўқиш ва ўқитиш жуда оммавий иш бўлмаган. Мавлид китоблари асосан мавлидга бағишланган махсус йиғинларда ўқилган ва мавлид ўқийдиганлар ҳам жуда кам бўлган. Қиблагоҳимиз Яҳёхон қори ака раҳматуллоҳи алайҳ бобомиз Боқийбиллоҳ қори даданинг мавлидни ёддан ўқийдиган саноқли кишилардан бири бўлганларини айтар эдилар. У вақтда Андижонда юзлаб катта қори устозлар, улуғ олимлар бўлишига қарамай, уларнинг ичида мавлид ўқийдиганлари жуда ҳам кам бўлган экан. Бироқ, ўша мавлид йиғинлари том маънода мавлиддан кўзланган мақсадни ўзида акс эттирган. Оз бўлса-да, соз бўлган. У пайтларда араб тилини биладиган кишилар кўп бўлган ва мавлид асосан илмли кишилар ўртасида ўқилган. Шунга қарамай, катта ёшдаги мухлис кишиларнинг таъкидлашларича, ўша мавлид йиғинларида уламолар мавлиднинг маъноларини айтиб беришган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига оид маълумотларни ўртоқлашишган. Уларнинг бу мажлислари шодлик ва соғинч кўзёшлари билан суғорилган, Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган шавқу завқнинг оҳ-воҳлари билан гуриллаган. Шунинг учун ҳам ўша давраларда иштирок этган улуғларимиз кейинги пайтдаги мавлид йиғинларидан қониқмасликларини айтар эдилар. Чунки кейинги йилларда мавлид кенг тарқалиб, оммалашган бўлса-да, ундан кўзланган мақсадга эътибор камайиб кетиб, унинг қадри пасайиб кетди. Мавлидхонлик деганда мавлид китобини фақат шунчаки оҳанг билан ўқишнигина тушуниб қолинди. Ҳатто омма халқ ичида айрим кишиларда мавлид ҳам Қуръонга ўхшаш нарса экан, деган тушунча пайдо бўла бошлади. Кўпчиликлари мавлид нимаю, Қуръон нима, ажратолмай қолди. Айримлардан «Мавлид нима?» деб сўрасангиз, «Ҳалиги, ўртасида тикка турадиган жойи бори бор-у?» дейдиган бўлди. Мавлид бало-қазоларни қайтариш, ишларга ривож сўраш учун ўқиладиган дуохонликка айланиб қолди. Шу боис, тўйда ҳам, ўлимда ҳам, чақирдида ҳам, маъракада ҳам мавлид ўқиладиган бўлиб қолди.

Тўғри, хурсандчиликларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари шодлигини ҳам қўшиш тўй устига тўй бўлади-ку, дейиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганишга ҳар онда муҳтожмиз. Аммо ҳар нарсанинг ўз ўрни бор, одоби бор. Мавлид маросими оддий суҳбатдан фарқли бўлиши лозим. Унда кўтаринки кайфият, шодлик барқ уриб туриши керак. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёдга олиш мақоми бўлиши керак. Айниқса, ўлим муносабати билан қилинадиган маросимларда мавлид ўқиш ҳеч қайси меъёрга тўғри келмайди. Бу худди тўйга азани аралаштиргандек гап.

Мавлидга нисбатан бўлган ана шундай нотўғри муносабатлар натижасида ҳақиқий маънода мавлид қилиш деярли йўқолиб кетди. Одамлар фақат тўй-маъракаларида мавлид ўқитиш билан чекланадиган бўлиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари шарафига дастурхон ёзиш унут бўлиб кетди. Аслида эса мавлид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган шавқу завқ турткиси билан, у зотга бўлган муҳаббатнинг изҳори ўлароқ, у зотнинг сийратларини ёйиш мақсадида қилиниши лозим, ана шунда иш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўтган асрда яшаб ўтган Андижоннинг йирик уламолари, жумладан, Абдулмажид қози домла, Аминжон Махсум домла, Ҳабибуллоҳ ҳожи дада, Муҳаммад Мубин қори дадалар уйларида ана шундай махсус йиғин қилиб, мавлид ўқитишар эди. Ҳабибуллоҳ ҳожи дада раҳматуллоҳи алайҳи ҳар йили рабиъул аввал ойида шаҳардаги аҳли илм ва аҳли Қуръонларни жамлаб, мавлид маросими қилар эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан деб, келганларга сарполар, ҳадялар тарқатардилар. У киши мавлид кунлари барча фарзанд-набираларини жамлаб, уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан суҳбат қилиб берар, мавлид ўқиб эшиттирар ва хатми Қуръон қилиб, ажойиб дуолар қилар эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эсга олганларида, кўзларидан ёш қуйилар, бутун вужудлари билан салавот айтар эдилар. Биз ёш бўлсак да, ўша мавлид йиғинларидаги шукуҳни ҳис қилар эдик.

Шу ўринда кимдир: «Биз тўй-маъракаларимизда мавлидни табаррукан ўқитамиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини нишонлаш мақсадида эмас», дейиши ҳам мумкин. Яхши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш, у зотга саловат айтиш билан барака талаб қилиш мумкиндир. Аммо арабча мавлид ўқишнинг ўзи билан бу иш битмайди, ҳеч бўлмаса, мавлиднинг маъносини тушуна билиш лозим. Шу билан бирга, барака талабида, табаррук учун мавлид ўқишни хослаш ҳам ўринсиз. Чунки бу маънода Қуръон тиловатининг ўзи кифоя қилади, балки афзаллигида шубҳа йўқ. Тўй-маъракаларнинг қайсинисида қандай йўл тутиш керак, қандай дуо ўқиш керак, барчаси суннатда ўргатиб қўйилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин муҳаббат қилган киши аввало ўша суннатларни бажариши лозим. Агар бирор маъракада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан суҳбат қилиш керак бўлса, у зотнинг ҳаётларидан йиғилишга сабаб бўлиб турган мавжуд ҳолатга доир маълумотларни, масалан, таъзия билдириш, жанозага қатнашиш ва шу каби ўлимга доир лавҳалардан гаприб бериш керак. Қолаверса, мавлид ўз номи билан мавлид, у айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини нишонлаш маъносида майдонга келган. Мавлид  маросимларини йўлга қўйган азизларимиз ҳам айнан шу мақсадда иш бошлаганлар. Мавлид қилишни ёқлаб айтиладиган энг катта далил ҳам худди шу маънони таъкидлайди. Мавлид қилишни жоиз дейдиган уламолар: «Неъматнинг шукрини қилиш, бирор неъмат учун шодлик изҳор қилиш мумкинлигини ҳамма тан олади. Ахир, инсоният учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларидан ортиқ неъмат борми?!» дейдилар. Улар мавлидни шунчаки табаррукан эмас, балки умматга Пайғамбарини танитиш учун, у зотнинг дунёга келганларининг шукронаси ўлароқ жорий қилганлар.

Ҳар нима бўлганда ҳам, мавлид шодлик, хурсандчилик кайфиятида ўтказиладиган йиғин ҳисобланади. Ҳар нарсанинг ўз ярашиғи бор. Мотам маросимида мақтовли шеър, мавлид ва қасидаларни ўқиш умуман мантиққа тўғри келмайди. Буни ҳеч қанақасига оқлаб ҳам бўлмайди. Улуғларимиз яхши ниятлар билан, яхши тарзда жорий қилган бир гўзал тадбирни қандайдир илмсиз кишиларнинг кўнглига қараб     ёки нималарнидир мулоҳаза қилиб, ер билан яксон қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Буни ҳаммамиз яхши тушуниб етишимиз лозим.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, мавлид маросимлари сийратни ўрганишга бағишланган маросим бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган иймону муҳаббатни, шавқу завқни чархлаш омили бўлиши керак. У зот алайҳиссаломнинг суннатларини ҳаётга татбиқ этишни йўлга қўйиш нуқтаси бўлиши керак. Бунинг учун эса, мавлид йиғинларини керакли савияда ўтказиш лозим. Ўқиладиган арабча мавлиднинг, нашидаларнинг маъноларини ҳам айтиб ўтиш даркор. Инсоф билан айтсак, агар бугунги кунгача халқимиз орасида ўтказилган мавлид мажлисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан ҳеч йўқ бир донадан ривоят айтиб келинганда, лоақал ўқилган мавлиднинг таржимасини етказилганда эди, қилинган мавлидлардан айни вақтдаги ҳолатга таққослаб бўлмайдиган даражада катта натижаларга эришиш мумкин эди.

Шу билан бирга, биргина қасидага чекланиб олмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга атаб ёзилган ошиқона шеърлардан ҳам ўқиб, маъноларини ўртоқлашиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Агар ҳар бир халқ ўз тилида битилган қасидалардан ҳам ўқиса, янада яхши бўлади.

Афсуски, айрим жойларда мавлид маросимлари юқорида эсга олинган ноқулайликларга қўшимча равишда, турли ихтилоф ва жанжаллар билан яна ҳам “бойитилган”. Кимдир мавлиддаги бир калимани заммалик ўқишни ёқлса, бошқа биров фатҳалик ўқиш керак, деб тортишади. Биров маҳалли қиёмда турмай ўтириб олса, бошқаси уни мунофиқликда, беадабликда, фирқабозликда айблайди. Ҳатто маҳалли қиёмга турганда нима ўқиш ҳақида керагича жанжаллашишга тайёрлар ҳам топилади. Аслида эса буларнинг бирортаси ҳам мавлиддан кўзланган мақсадга хизмат қилмайди. Аксинча, унинг қадрини кетказади, аҳамиятини йўқотади, фойдасидан зарари кўп бир тадбирга айлантиради.


Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг ҳар бир амри ҳикматларга бойдир. .Аллоҳнинг раҳмати баҳона қидирур, деган машҳур мақол бор. Аллоҳ бу умматга раҳматини ёғдиришни ирода қилиб, Ўз давоми...

1278 19:10 / 03.05.2020
Аллоҳ таоло юракни Қуръони Каримда зикр қилган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида зикр қилганлар. Қуйидаги маълумотларда юрак давоми...

4791 19:00 / 23.11.2020
Саҳобаларнинг ҳаётини тинглаб туриб, киши ўйланиб қолади Улар ҳам мусулмон бўлишган, биз ҳам мусулмонмиз. Улар ҳам Қуръон ўқишган, биз ҳам ҳар куни Аллоҳнинг давоми...

6251 08:45 / 07.02.2019
Ҳишом Даствоийдан ривоят қилинади .Амр ибн Атаба ибн Фарқад вафот этганида шериклари унинг синглиси ҳузурига кириб, акаси ҳақида гапириб беришни сўрашди. У шундай давоми...

1497 08:00 / 10.01.2020
Аудиолар

118784 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40734 14:35 / 11.08.2021