Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (8-дарс). Илк фиқҳ мадрасалари (давоми)

09:06 / 19.11.2018 5182 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(давоми)

Мадинаи мунаввара мадрасаси

Мадинаи Мунаввара Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратгоҳлари бўлди, бу пок шаҳарда Қуръони каримнинг фиқҳий аҳкомларга оид оятлари нозил этилди. Айни шу шаҳарда Ислом динининг тарихига оид кўплаб ҳодисалар бўлиб ўтган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг жуда кўпини шу ерда айтганлар. Мадинаи Мунаввара Ислом давлатининг пойтахти, бош шаҳари, илмий ва фиқҳий маркази саналган. Саҳобаларнинг катталари, халифаларнинг рошидлари яшаган жой. Шунинг учун Мадинаи Мунавваранинг фиқҳ мадрасаси бошқа мадрасаларга қараганда кучли ва машҳур бўлиши турган гап. Албатта, катта саҳобаларнинг бу борадаги ҳиссалари беназирдир. Аммо Мадинаи Мунавварада илмга мутахассис бўлган ва фиқҳий мадрасага асос солган саҳоба-ларнинг номларини тарихчиларимиз алоҳида тилга оладилар. Уларнинг ичида Зайд ибн Собит ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ўзларига хос манзилага эгалар.

1. Зайд ибн Собит ибн Заҳҳоқ Ансорий Хазражий розияллоҳу анҳу (кунялари Абу Саъийд).

Бадр урушида мусулмонлар қўлига асир тушган мушриклар орасида тўлов беришга имкони йўқлари ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар учун ҳам озодликка чиқиш йўлини очиб бердилар. Бу йўл дунё тарихи мислини кўрмаган йўл эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур асирлар мусулмонларнинг болаларидан ўн кишига ўқиш-ёзишни ўргатиб қўйса, озод бўлишларини эълон қилдилар. Асирлар озодликка чиқиш мақсадида мусулмон ёшларга ўқиш ва ёзишни таълим бера бошладилар.

Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган ваҳийни ёзишга мутахассис бўлган, ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳумо пайтида Қуръони каримни жамлашда асосий ўрин тутган саҳобий Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу худди ўша асирлардан ўқиш-ёзишни ўрганган мусулмон ёшлардан бири эдилар.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу қандай қилиб бўлса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ бўлишнинг ҳаракатида эди. Ўйлаб-ўйлаб, ёшга алоқаси йўқ бир иш топди. Бу иш илм олиш ва Қуръони каримни ёдлаш эди. Бола ўзининг бу фикрини онаси Нувворга айтди. Она кичик ўғлининг бу гапларидан қувониб кетди ва ўз қавмининг катталарига ўғлининг рағбати ҳақида сўзлаб, улардан ёрдам сўради.

Қавмнинг катталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлимиз Зайд ибн Собит Аллоҳнинг Китобидан ўн еттита сурани ёд олган. Уларни сизга қандай нозил бўлган бўлса, худди шундай тиловат қилади. Бунинг устига, у ўқиш-ёзишни ҳам қойиллатади. У сизнинг яқинингизда бўлмоқчи. Агар истасангиз, уни бир эшитиб кўринг», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ёд олган нарсаларнинг баъзисини эшитиб кўрдилар. Қарасалар, боланинг тиловати гўзал, нутқи равон. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Айниқса Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ёш бўла туриб, ўқиш-ёзишни ўзлаштириб олганлари Набий алайҳиссаломга ёқиб тушди. У зот ўзларининг ёш саҳобаларига қараб:

«Эй Зайд, мен учун яҳудийларнинг ёзувини ўрган, мен уларга унча ишонмайман», дедилар.

«Лаббайка, эй Аллоҳнинг Расули», деди у.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу тезда иброний тилни ўрганиб олди ва ўша тилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини ёза бошлади. Шунингдек, иброний тилда келган хатларни ҳам у зотга ўқиб берадиган бўлди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ила Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу сурён тилини ҳам ўргандилар ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий таржимонига айландилар.

Одатда, Қуръони каримдан қандай оят нозил бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга котибларни чақиринг», дер эдилар ва ҳозир бўлган котибларга янги оятларни имло қилиб берардилар. Улар ўзларига муяссар бўлган нарсага уларни ёзиб қўяр эдилар. Энди эса ўша ишга Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу кўпроқ таклиф қилинадиган бўлди.

Ана шундай қилиб, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Қуръони карим оятларини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан янгилик вақтида қабул қилиб оладиган, уларни ёзиб қўядиган ва улар билан бирга вояга етадиган бўлдилар.

Албатта, бундай шароит Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг Ислом таълимотларини чуқур ўрганиб боришларига яхши шароит яратди. У киши бу шароитдан унумли фойдаландилар.

Ҳа, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан эдилар. Ваҳийларни ёзиб бориш билан бирга, ёдлаб ҳам борардилар. Қуръоннинг ҳаммасини ёдлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўтказиб чиққан ансорларнинг бири эдилар.

Гоҳида Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримдан тиловат қилиб ҳам берар эдилар.

Ибн Саъд Қосимдан ривоят қилади:

«Умар барча сафарларда Зайд ибн Собитни ўз ўрнига қўйиб кетар эди. Умар одамларни турли юртларга муҳим ишларга юборар эди. Одамлар ундан Зайд ибн Собитни талаб қилсалар:

«Зайднинг макони эсимдан чиққани йўқ. Лекин юрт аҳли Зайдга муҳтожлар. Улар унинг айтиб берадиган нарсаларини ундан бошқадан топа олмайдилар», дер эди».

Бу ривоятда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг иккита катта фазли кўриниб турибди. Биринчиси – халифанинг йўқлигида унинг вазифасини вақтинча бажариб туришлари. Иккинчиси – Ислом давлати пойтахтида тенги йўқ олим бўлганлари.

Аҳли Мадинага устоз бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни ҳазрати Умар эҳтиром қилишлари ва унга таълим учун шароит яратиб беришлари катта гап.

Тобароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Жобияда хутба қилиб:

«Эй одамлар! Ким Қуръондан сўрамоқчи бўлса, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг олдига келсин.

Ким меросдан сўрамоқчи бўлса, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг олдига келсин.

Ким фиқҳдан сўрамоқчи бўлса, Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг олдига келсин.

Ким молу дунёдан сўрамоқчи бўлса, менинг олдимга келсин. Аллоҳ мени унга волий ва тақсимловчи қилди», деди».

Ушбу ривоятдан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг мерос илмида тенги йўқ олим бўлганларини билиб оламиз.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу марказларга биттадан мусҳаф юбориш билан кифояланмадилар. Ҳар бир мусҳаф билан бирга уни одамларга ўқитадиган қорини ҳам қўшиб юбордилар.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни Мадина мусҳафига қори этиб тайинладилар.

Бу ҳам Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг катта фазл эгаси эканликларига яна бир ёрқин далилдир.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан дарс олар эдилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу жўнаб чиқиб, отларига минмоқчи бўлганларида, Ибн Аббос отнинг жиловидан ушлаб турарди.

Ибн Саъд Солим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади:

«Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу вафот қилган куни Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан бирга эдик.

Мен: «Бугун одамларнинг олими вафот қилди», дедим.

У: «Аллоҳ уни бугун раҳмат қилсин! У Умарнинг халифалигида одамларнинг олими ва илм денгизи эди. Умар уларни турли юртларга юборди ва ўз фикри асосида фатво айтишни ман қилди. Зайд ибн Собит Мадинада ўтириб, аҳли Мадинага ва келганларга фатво берар эди», деди».

Зайд вафот этганларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

«Бугун умматнинг олими вафот этди, шоядки, Аллоҳ таоло унинг ўрнига Ибн Аббосни ўринбосар қилса эди», деб дуо қилганлар.

Қобийса розияллоҳу анҳу:

«Зайд Мадинада қозилик, фатво, қироат ва мерос илмларида пе-шво эди», деганлар.

2. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу.

Ота-онасига қўшилиб ҳижрат қилганида унинг ёши ўнда эди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзининг буюк отасидан кўп нарса ўрганди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшиликнинг ҳаммасини ўрганди. У кичиклигидан тақво билан ҳар бир ишни худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганларидек бажариш билан ном чиқарди.

Уламоларимиз, жумладан имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи «Зиёратчини икром қилиш» бобида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилади:

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганида, у зот ичига хурмо қивиғи (пўстининг ички тарафидаги момиқдай юмшоқ толалари) солинган ёстиқни узатган эканлар. «Мен унинг устига ўтирмадим, у мен билан у зотнинг орамизда қолди», дейдилар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу».

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Тушимда қўлимда бир парча шойи борлигини кўрдим. Унга жаннатнинг қаерига ишора қилсам, мени ўша ерга учириб олиб борар эди. Мен уни Ҳафсага айтиб бердим. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган экан:

«Албатта, уканг солиҳ одамдир» ёки «Абдуллоҳ солиҳ одамдир», дебдилар».

Термизий ва икки шайх ривоят қилишган.

Имом Тобароний Абдуллоҳ ибн Мавҳибдан ривоят қилади:

«Усмон Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга:

«Бориб, одамлар ўртасида қозилик қил», деди.

«Мени афв қилсангиз, эй мўминларнинг амири», деди у.

«Йўқ! Мен қатъий қарор қилдим. Сен албатта қозилик қилишинг керак», деди халифа.

«Шошилманг! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Ким Аллоҳ-ла паноҳланса, ҳақиқий паноҳ топур», деганларини эшитганман», деди у.

«Тўғри», деди халифа.

«Мен қози бўлишдан Аллоҳдан паноҳ сўраганман», деди у.

«Сени бундан нима тўсмоқда? Ахир отанг қозилик қиларди-ку?!» деди халифа.

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким қози бўлса-ю, жоҳиллик ила ҳукм чиқарса, дўзах аҳлидан бўлур. Ким илмли қози бўлса-ю, ҳақ ила ёки адолат ила ҳукм чиқарса, Аллоҳга зўрға қайтадур», деганларини эшитганман», деди у».

Имом Бухорий ва Термизий Усмон ибн Мавҳиб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Миср аҳлидан бир киши келди. Байтни ҳаж қилди. Мажлис қуриб ўтирган бир қавмни кўрди.

«Анави қавмлар ким?» деб сўради.

«Қурайшликлар», дейишди.

«Уларнинг ичидаги шайх ким?» деди.

«Абдуллоҳ ибн Умар», дейишди».

Уламоларимиз имом Ҳасан розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Усмон ибн Аффон қатл қилинганида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга:

«Албатта, сен одамларнинг улуғисан ва одамларнинг улуғининг ўғлисан. Чиққин, сенга одамларни байъат қилдирамиз», дейишди.

«Аллоҳга қасамки, агар қодир бўлсам, менинг сабабимдан бир томчи ҳам қон тўкилмаслиги керак», деди.

«Албатта чиқасан! Чиқмаганингга қўймаймиз! Бўлмаса, тўшагинг устида қатл қиламиз!» дейишди.

У эса аввалги гапини такрорлади. Улар уни тарғиб ҳам қилишди, таҳдид ҳам қилишди. Аммо ўз мақсадларига эриша олишмади».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ёшликларидан илмга ўч эдилар ва кўп нарсани билар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умрларининг охирига келиб, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу етук олим бўлиб қолган эдилар. Агар ўша пайтдаги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларига оид ривоятларни синчиклаб ўрганадиган бўлсак, уларнинг кўплари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга оид эканини кўрамиз.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврлари ҳам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу учун илм ўрганиш, тақво ва бошқа сифатларини мукаммаллаштириш даври бўлди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг катта олим эканликларини ўз замондошлари ҳам тан олган эдилар.

Ибн Саъд Амр ибн Динордан ривоят қилинади:

«Ибн Умар катта фақиҳлардан ҳисобланар эди».

Ибн Абдул Барр ўз китобида ёзишича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу шундай деган:

«Илм уч нарсадир: нотиқ китоб, ўтувчи суннат ва «билмайман».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуда илмнинг ушбу уч тури ҳам етарлича бор эди. У киши Аллоҳ таолонинг Китобини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини жуда яхши билар эдилар. Шу билан бирга, билмаган нарсаларини дарҳол тан олар ва ўз жойида «Билмайман», дейиш билан фахрланар эди.

Бир куни одамлардан бири келиб, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан савол сўради. У киши: «Билмайман», деб жавоб бердилар. Сўровчи орқасига қайтиб кетди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дарҳол қўлларини бир-бирига ишқаб, хурсанд бўлган ҳолларида:

«Абдуллоҳ ибн Умардан у билмайдиган нарса сўралган эди, «Билмайман», деди!» деб айтдилар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 2630 та ҳадис тўплаб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан кейинги ўринни эгалладилар.

Шу билан бирга, Оиша онамиз, Абу Ҳурайра каби бошқа бир қанча саҳобалар ҳам Мадинаи Мунаввара фиқҳ мадрасасининг шаклланишига катта ҳисса қўшганлар.

Мазкур саҳобалардан таълим олган тобеъинлар ичидан катта фақиҳлар етишиб чиқди.

3. Саъийд ибн Мусайяб Махзумий.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифаликларининг иккинчи йилида таваллуд топган. У киши Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг яқин шогирдларидан бўлган. Устози чиқарган ҳукм ва фатволарни ёдлаб олган. Саъийд ибн Мусайяб Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг қавлини бошқаларникидан устун қўяр эди. У киши кучли диёнатли, ҳақгўй ва муҳтарам шахс эди.

Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Саъийд ибн Мусайяб муфтийлардан биридир», деган.

Катта тобеъинлардан бўлган Қатода розияллоҳу анҳу:

«Саъийд ибн Мусайябдан кўра илмлироқ бирор кишини кўрмадим», деган.

Али ибн Мадиний:

«Тобеъинлардан Саъийд ибн Мусайябдан кўра илмлироқ шахсни билмайман. Менимча, у тобеъинларнинг энг улуғидир», деган.

Саъийд ибн Мусайяб розияллоҳу анҳу султоннинг мукофотини қабул қилмас эди. Унинг ривоятларининг кўпи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудандир.

Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳуга бирор нарса мушкул бўлиб қолса, мактуб ёзиб, Саъийд ибн Мусайябдан сўрар эди. Саъийд ибн Мусайяб розияллоҳу анҳу ҳижрий 94 санада вафот этган.

4. Урва ибн Зубайр ибн Аввом Асадий.

Бу киши ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида дунёга келди. Фиқҳни холалари Оиша онамиз ва бошқа саҳобалардан олди. Урва ибн Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Мадина аҳли ичида энг илмли ва тақводор киши бўлиб танилди. У киши Набий алайҳиссаломнинг сийратларини ҳаммадан яхши билар эди.

Шунингдек, Мадинаи Мунаввара фиқҳ мадрасаси

Абу Бакр ибн Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишом Махзумий,

Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб Ҳошимий,

Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд,

Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар,

Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр,

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг мавлолари Нофеъ каби машҳур фақиҳларни етиштирди.

Мадинаи Мунаввара фиқҳ мадрасасининг кейинги табақасидаги фақиҳлар ичида Абу Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн Боқир, Абу Зинод Абдуллоҳ ибн Заквон ва Яҳё ибн Саъийд Ансорий машҳур бўлганлар.

Бу борада айниқса яна бир улуғ олимни алоҳида тилга олиш лозим. У киши Муҳаммад ибн Муслим ибн Шиҳоб Зуҳрийдир.

5. Ибн Шиҳоб Зуҳрий розияллоҳу анҳу.

Бу киши ҳижрий эллигинчи санада таваллуд топган. Илмни Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик, Саъийд ибн Мусайяб каби улуғлардан олган. Айниқса фиқҳ ва ҳадисни яхши ўзлаштирган.

Ҳижрий биринчи аср охирида халифалик қилган, кўпчилик томонидан «бешинчи рошид халифа» деб тан олинган Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоб ёзишни сўради. Ибн Шиҳоб Зуҳрий содда қилиб бир китоб таълиф қилди. Бошқалар ҳам унга эргашдилар. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланди.

Халифа Ҳишом ибн Абдул Малик имом Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ўз болаларидан бирига бирор нарса имло қилиб беришни илтимос қилди. Имом Зуҳрий болага тўрт юз ҳадис имло қилди. Сўнгра ташқарига чиқиб: «Эй, ҳадис эгалари!» деб чақирди. Тўпланган одамларга айнан ўша тўрт юз ҳадисни айтиб берди.

Бир ойдан кейин Ҳишом ибн Абдул Малик имом Зуҳрийни кўриб: «Ҳалиги китоб йўқолиб қолди. Яна бошқатдан имло қилиб берсангиз», деганида, имом Зуҳрий ўша тўрт юз ҳадисни бошидан охиригача санадлари билан айтиб берган. Кейин биринчи китоб топилганда, солиштириб кўриб, бирор ҳарф ҳам алмашмаганини кўришган. Ибн Шиҳоб Зуҳрий розияллоҳу анҳу илмни тадвин қилишга асос солган уламолардан эканида шубҳа йўқ.

Охири келиб Мадинаи Мунаввара фақиҳлари гулдастасига имом Молик ибн Анас гултож бўлдилар.


«Фиқҳий йўналишлар ва китоблар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақола . Ҳайзнинг озидан кам бўлган ёки дастлаб ҳайз кўрувчининг ҳайзидан зиёда бўлган ndash у ўн кундир, ndash ёки дастлаб нифос кўрувчининг давоми...

2177 13:30 / 25.02.2021
.Ўнгдан бошламоқ ва бўйинга масҳ тортмоқ..Мухтасар,нинг муаллифи ижтиҳоди бўйича, таҳоратнинг юқорида зикр этилган мустаҳаб амали бор. Бошқа ҳанафий уламолар давоми...

3510 13:05 / 09.07.2020
. . . . . . . . . . . Фақат фарз ва жума намозларига вақтида азон айтиш суннатдир. Агар азон вақтидан олдин давоми...

3901 17:00 / 29.07.2021
1. Маййитнинг бобоси унинг отаси туфайли ҳажбга учрайди. Шунингshyдек, яқин бобо узоқ бобони тўсади.2. Маййитнинг ота бир, она бир акаукалари унинг отаси, ўғли ва ўғил давоми...

1403 19:23 / 07.10.2019