Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 8 шаввол | 2024 йил 17 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (7-дарс). Илк фиқҳ мадрасалари

09:13 / 12.11.2018 5110 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳобалар даврининг иккинчи ярмига келиб баъзи фиқҳий мадрасалар бўй кўрсата бошлади. Албатта, бу ҳол биринчи бўлиб Ислом оламининг қалби бўлган Мадина ва Макка шаҳарларида юзага келди. Исломгача бўлган даврда қақроқ чўл бўлган бу юртларда илм-маърифатга нисбатан ҳам қақроқлик бор эди. Бу ерлар ўз тарихида ўқиш, ёзиш ёки бирор илмий баҳс ила машҳур бўлмаган эди. Аммо Ислом дини билан бирга бу диёрга ҳам илм-маърифат, фан-маданият кириб келди. Қуръони каримнинг айни шу тупроқларда нозил бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва саҳобаларнинг айни шу ерларда яшашлари бу ҳолнинг асосий омили эди.

Маккаи Мукаррама мадрасаси

Ҳаммага маълумки, Макка Исломнинг асл ватани бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ерда туғилиб ўсганлар, Қуръони карим дастлаб шу ерда нозил бўлган ва диннинг аввалги ўн уч йилги босқичи ҳам шу ерда кечган эди. Дастлабки мусулмонлар ҳам айни шу шаҳарнинг аҳолисидан бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилганларидан кейин ўзлари Мадинага қайтишларидан олдин фақиҳ саҳобалардан бўлган Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни аҳли Маккага Қуръони каримни ва ҳалол-ҳаромни ўргатиш учун қолдирдилар. Ана ўша кундан бошлаб Маккада ҳақиқий исломий фиқҳ ривожи бошланди.

Кейинчалик ҳам бу мадрасага катта илм эгалари раҳбарлик қилдилар:

1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мушрикларнинг тазйиқлари ҳаддан ошиб турган бир пайтда ёруғ дунёнинг юзини кўрган Абдуллоҳ ибн Аббос илоҳий бир тадбир ила ўз оғзига олган биринчи ғизо охирзамон Набийи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тупуклари бўлди.

Қурайшнинг аслзода оилаларидан бирида дунёга келган Абдуллоҳ ибн Аббос она сутига қўшиб ўша аслзодалик руҳини ҳам эмиб катта бўла бошлади.

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиб Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзининг омонлик юрти Маккаи Мукаррамани фатҳ қилиши жараёнида Абдуллоҳ ибн Аббоснинг отаси Аббос ибн Абдулмутталиб ҳам ўз Исломини баралла ошкор қилди. Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бирга яшаш учун ўз оиласи билан Мадинаи Мунавварага кўчиб борди.

Ўша пайтларда эндигина ўн-ўн бир ёшларга кириб қолган зийрак Абдуллоҳ ибн Аббос энди бевосита мадрасаи Муҳаммадиянинг таълим-тарбиясини ола бошлади. У вақтга келиб Аллоҳ таоло Ўз дини – Исломни ўзга динлардан устун қилган, мусулмонлар за-фар топган, кишилар Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кирган ва барқарорлик ҳукм сурган бир пайт эди. Барча иложи борича кўпроқ илм олишга ҳаракат қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримнинг оятлари кетма-кет нозил бўлиб турар ҳамда у зотнинг ўзлари умматларига турли аҳкомларни баён қилиб берар эдилар.

Ана шундай ажойиб бир илмий муҳитда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу исломий илмлар чашмасининг асл манбаидан тўйиб-тўйиб симира борди. Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўткир зеҳн ва кучли хотирага қўшиб фаҳм-фаросат ва ўта тиришқоқлик фазилатларини ҳам берган эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қадам ҳам узоқлашмасдан, у зотнинг муборак оғизларидан ворид бўлаётган ҳар бир сўзни, ҳар бир гапни илиб олиб, ихлос билан бутун вужудига жо қилар эди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўксиларига босдилар ва:

«Аллоҳим, бунга ҳикматни таълим бергин», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кичик ёшдаги Абдуллоҳ ибн Аббосни бағирларига меҳр билан босишлари ва унинг ҳаққига Аллоҳ таолодан ҳикмат ила маърифат ва уни ўз ўрнида ишлатиш қобилиятини беришини сўраб дуо қилишлари бу кичик саҳобий учун катта марҳамат эди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг ҳаққимга Аллоҳдан ҳикмат беришини сўраб икки марта кетма-кет дуо қилдилар».

Термизий ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам халога кирдилар. Мен у зотга таҳорат суви тайёрлаб қўйдим. Ул зот чиққанларида:

«Буни ким қўйди?» деб сўрадилар.

«Ибн Аббос», дедим.

«Аллоҳим! Уни фақиҳ қилгин!» дедилар у зот».

Муслим ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқи аълога интиқол қилгунларича Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу у зотнинг ёнларида бўлишда бардавом бўлдилар. У кишининг бу беназир меҳнатлари зое кетмади. Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 1660 та ҳадис ривоят қилиб, кўп ҳадис ривоят қилган саҳобаларнинг бешинчиси бўлдилар. Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида ҳали ўн тўрт ёшга кириб улгурмаган ёш саҳобийнинг ўн минглаб ўзидан катта саҳобаи киромларни ортда қолдириб, ҳадиси шарифларни ривоят қилишда бешинчи ўринни олишлари Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ким эканликларини яққол намойиш қиладиган омилдир.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар: 

«Умар мени Бадр шайхларига қўшар эди. Баъзиларига бу ёқмас эди. Ўшалар унга: «Нима учун боламиз тенги одамни бизга қўшасан?!» дедилар. У эса:

«У ўзингиз билган одам!» деди.

Бир куни у мени чақириб, уларга қўшди. Уларга менинг кимлигимни билдириб қўйиш учун қўшганини билиб турардим.

Кейин Умар: «Аллоҳ таолонинг «Иза жааъа насруллоҳи вал фатҳу» деган қавлига нима дейсизлар?» деди.

Улардан баъзилари: «Қачон бизга нусрат ёки фатҳ берса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишга амр қилиндик, деймиз», дедилар.

Баъзилари эса сукут сақлаб, бирор нарса демадилар.

Шунда у менга: «Сен ҳам шундай дейсанми, эй Ибн Аббос?!» деди.

Мен: «Йўқ», дедим.

У: «Нима дейсан?» деди.

Мен: «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажалларидир. Аллоҳ буни у зотга билдирди. «Агар Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса» – ўша ажалнинг аломатидир.

Аллоҳ таоло: «Бас, Роббингни поклаб ёд эт ва Унга истиғфор айт. Албатта, У тавбаларни кўплаб қабул қилувчидир», деди», дедим.

Шунда Умар: «Аллоҳга қасамки, мен ҳам бу борада фақат сен айтган нарсанигина биламан, холос», деди».

Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг илмларини қанчалик қадрлашларини Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўзларининг қуйидаги гаплари билан баён қиладилар:

«Ибн Аббосдан кўра фаҳми дақиқ, ақли ўткир, илми кўп ва ҳилми кенг одамни кўрмаганман. Умар уни қийин масалаларни ечишга чақирганини ўзим кўрганман. Ҳолбуки, унинг атрофида муҳожир ва ансор, аҳли Бадрлар кўп эди. Агар Ибн Аббос гапирса, Умар унинг гапидан нарига ўтмас эди».

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумо Ибн Аббос розияллоҳу анҳуни чақирар эдилар. У киши уларга аҳли Бадрлар билан бирга маслаҳат берар ва Умар ҳамда Усмоннинг вақтларида фатво берар эди».

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Яъқуб ибн Зайддан ривоят қиладилар:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзини қийнаган ишларда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга маслаҳат солар ва:

«Қани, бир шўнғиб кўр-чи, эй ғаввос!» дер эди».

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу хаворижлар фитнасининг қурбони бўлганларидан кейин Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳам Басра волийлигини ташлаб, ўз ўринларига Абдуллоҳ ибн Ҳорисни Басрага волий қилиб қўйиб, Мадинаи Мунавварага қайтдилар. У киши бу ерда илмий ишлар билан машғул бўлдилар. Толиби илмларга дарслар бердилар.

Ўша пайтда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзларининг илмий равнақлари чўққисига чиққан эдилар. Ўз замонларида ҳосил қилиниши мумкин бўлган барча илмларда пешқадамликни қўлга олган эдилар. Агар ифодали қилиб айтиш мумкин бўлса, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу икки оёқда юрадиган Ислом дорилфунунига айланиб бўлган эдилар. У кишидаги илмларнинг кўплиги, чуқурлиги ва дарс бериш қобилияти кишиларни лол қолдирарди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу барча илмларда олий даражадаги дарс бериш қобилиятларини ҳаммага исбот қилган эдилар. У кишининг довруғлари етти иқлимга тарқаб, турли тарафлардан илм талабидаги кишилар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дорилфунунида таҳсил олиш учун Мадинаи Мунаввара томон оқиб келар эдилар.

Тарихчиларимиз Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга яқин бўлиб, у кишининг хизматларини қилиш шарафига муяссар бўлган зотлардан бирининг қуйидаги ҳикоясини нақл қиладилар:

«Мен Ибн Аббоснинг бир мажлисини кўрдим. Агар Қурайшнинг барчаси у билан фахр қилса, фахр қилишга арзийди. Одамлар унинг эшиги олдида тўпланиб туришганини кўрдим. Йўллар ҳам одамларга тўлиб кетган эди. Шу қадар одам кўп эдики, биров киришга ҳам, чиқишга ҳам қодир эмас эди.

Мен кириб, у кишига эшиги олдида турган одамлар ҳақида хабар бердим. У киши менга:

«Таҳоратимга сув олиб кел», деди.

Бориб, таҳорат қилди. Қайтиб келиб, жойига ўтирди ва:

«Уларнинг олдига чиқиб, ким Қуръондан ва унинг таъвилидан сўрамоқчи бўлса, чақириб кел», деди.

Мен чиқиб, уларни чақирдим. Улар кириб, ҳовлини тўлдирдилар. Ундан нимани сўрасалар, ўшанга жавоб берди ва зиёда ҳам қилди. Сўнгра уларга:

«Энди биродарларингизга навбат беринглар», деди.

Улар чиқиб, бошқаларга жой бўшатишди. У киши менга:

«Уларнинг олдига чиқиб, ким ҳалол ва ҳаромдан сўрамоқчи бўлса, чақириб кел», деди.

Мен чиқиб, уларни чақирдим. Улар кириб, ҳовлини тўлдирдилар. Ундан нимани сўрасалар, ўшанга жавоб берди ва зиёда ҳам қилди. Сўнгра уларга:

«Энди биродарларингизга навбат беринглар», деди.

Улар чиқиб, бошқаларга жой бўшатдилар. У киши менга:

«Уларнинг олдига чиқиб, ким меросдан сўрамоқчи бўлса, чақириб кел», деди.

Мен чиқиб, уларни чақирдим. Улар кириб, ҳовлини тўлдирдилар. Ундан нимани сўрасалар, ўшанга жавоб берди ва зиёда ҳам қилди. Сўнгра уларга:

«Энди биродарларингизга навбат беринглар», деди.

Улар чиқиб, бошқаларга жой бўшатдилар. У киши менга:

«Уларнинг олдига чиқиб, ким араб тилидан ва шеърдан сўрамоқчи бўлса, чақириб кел», деди.

Мен чиқиб, уларни чақирдим. Улар кириб, ҳовлини тўлдирдилар. Ундан нимани сўрасалар, ўшанга жавоб берди ва зиёда ҳам қилди».

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу умавийларга қарши чиқиб, Маккаи Мукаррамани марказ қилиб олганда, энг фақиҳ саҳобалардан бўлмиш, «умматнинг илм денгизи» лақабини олган саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Маккаи Мукаррамага келиб, одамларга таълим бера бошлади. У киши Байтул ҳаромда тафсир, ҳадис, фиқҳ ва адабиётдан дарс берар эди.

Маккаи Мукарраманинг илмий шуҳрати ортишида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва у кишининг шериклари бош омил бўлдилар.

Ўша пайтда тобеъинлардан бўлган энг машҳур олимлар етишиб чиқди. Уларнинг ичида оламга машҳур бўлган фақиҳлардан Мужоҳид ибн Жабр, Ато ибн Аби Рабоҳ, Товус ибн Кайсон ва бошқалар бор эди. Буларнинг учовлари ҳам арабмас мусулмонлардан эдилар.

2. Мужоҳид розияллоҳу анҳу.

Бу киши Бану Махзум қабиласининг мавлоси эди. У Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг тафсир бўйича айтган гапларини ривоят қилиш билан машҳур бўлган. Мужоҳид розияллоҳу анҳунинг ўзидан қуйидагилар ривоят қилинади: «Ибн Аббосдан Қуръонни уч марта ўтказиб олганман. Уни ҳар бир оятда тўхтатар, нима учун ва қандай нозил бўлганини сўрар эдим».

3. Ато ибн Абу Рабоҳ.

 Халифа Абдулмалик ибн Марвоннинг даврида ҳар йили ҳаж мавсумида унинг фармонига биноан, «Одамларга Ато ибн Абу Рабоҳдан бошқа ҳеч ким фатво бермасин», деб жар чақирилар эди. Маккаи Мукаррама ва унинг атрофининг имоми ҳам, олими ҳам, фақиҳи ҳам Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу эди. Бундай улуғ мақом эгаси бўлган шахс ким экан ўзи, дерсиз. У қоп-қора рангли, кўзи ғилай, бурни қийшиқ, оёғи оқсоқ, сочи тўзиган бир одам эди. Адибларнинг васф қилишларича, у киши ўзининг минглаб шогирдлари ичида пахта даласидаги қора қарғага ўхшаб ўтирар эди. Ато ибн Абу Рабоҳ фақат Ислом туфайлигина мана шундай мартабага эришди. Барчанинг тақдирига, эҳтиромига сазовор бўлди.

4. Товус розияллоҳу анҳу.

Бу киши асли форс бўлиб, Ямандан Маккаи Мукаррамага келиб қолган эди. У кўп саҳобалардан илм ўргангандан кейин, охири Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга маҳкам боғланди ва у кишининг энг севган талабасига айланди. Кейин эса тобеъинларнинг энг улуғларидан бирига, Маккаи Мукаррама фақиҳларининг етакчиси ва муфтийсига айланди.

5. Икрима розияллоҳу анҳу.

Маккаи Мукаррамада етишган ўша давр фақиҳларидан яна бири Икрима розияллоҳу анҳудир. У киши Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мавлоси – озод қилган қули бўлган. Фиқҳни асосан ўз хожаси Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ўрганди. Оиша розияллоҳу анҳо, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобалардан ҳам таълим олган.

Саъийд ибн Жубайрдан: «Ўзингдан кўра илмлироқ одамни биласанми?» деб сўралганда: «Ҳа, Икрима», деб жавоб берган.

Шаъбий розияллоҳу анҳу: «Аллоҳнинг Китобини Икримадан кўра яхши биладиган одам қолмади», деган.

Маккаи Мукарраманинг фиқҳ мадрасаси шу тариқа ривожланишда давом этаверди. Бу мадрасанинг машҳур кишиларидан баъзиларининг номларини тилга оладиган бўлсак, Суфён ибн Уяйна, Муслим ибн Холид Занжий розияллоҳу анҳумони алоҳида таъкидлашимиз лозим бўлади. Чунки ушбу икки фақиҳ тўрт фиқҳий мазҳаблардан бирининг асосчиси имом Шофеъийнинг устозлари бўлади.

Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи Ғаззада туғилган бўлсалар ҳам, оналари у кишини гўдаклик чоғида Маккаи Мукаррамага олиб келганлар ва у киши илмни шу ерда олганлар.


«Фиқҳий йўналишлар ва китоблар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Моликий мазҳаби асосчиси имом Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Аби Омир алАсбаҳий ҳижрий 93 санада таваллуд топдилар.У кишининг оналари фозила, оқила аёл давоми...

7662 11:32 / 17.10.2018
1. Маййитнинг кўзлари юмдирилади. 2. Маййитнинг жағи юмшоқ латта билан бошига тортиб, танғиб қўйилади. Шунда унинг кўриниши қўрқинчли бўлмайди ва оғзидан бирор давоми...

1736 19:00 / 12 январь
1. .АлФиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу,.Бу китобнинг муаллифи суриялик машҳур олим доктор Ваҳба Зуҳайлийдир. У киши Дамашқ университети шариат куллиясида фиқҳ давоми...

4016 20:00 / 14.06.2019
Замонавий фиқҳга оид китобларнинг якка муаллифлар томонидан ёзилганлари бир қанча. Уларнинг баъзилари ила танишиб чиқамиз1. .Фиқҳус Сунна,.Бу китобнинг муаллифи давоми...

3438 05:00 / 18.01.2017