1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тасаввуф ва нақшбандийлик: тасаввуф ҳақида мулоҳазалар

19:02 / 11.11.2018 2449 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Ислом динининг тузилиши жуда гўзал, қулай ва мураттабдир. Унга кўра яшаш тарзи ҳам чуқур маъно касб этади. Ислом ичра яшаган киши жисмини саломат тутади, руҳини тарбиялайди, ҳам кўнглини нур ва ҳузурга тўлдиради. Ҳам дунё ишларини йўлга қўяди, ҳам охират саодатига етиштиради, зеро Ислом кишини ҳимоя қилади.

Ижтимоий нуқтаи назардан Ислом ҳам оилани қутқаради, ҳам жамоат ва давлатда тартиб-интизомни таъминлайди. Кучсизни сақлайди-ҳимоя қилади, кучлини тўхтатади, ҳар кишига ўз ҳуқуқини беради; аёл зотини ҳимоя қилади ва эркакни буюклаштиради, фақирни мамнун этади, бойни эса хайрли ишларга чорлайди, ишчини севинтиради, бошлиқ, ҳукмдорни огоҳ қилади. Кўрамизки, нақадар мўъжиза, қандай хавфсиз, қандай мукаммал низомдир Ислом! Ислом ҳар асрнинг, хусусан шу дардманд асримизнинг шифоси, бутун моддий ва маънавий, шахсий ва ижтимоий дардларнинг давосидир, ақлларнинг озуқаси, кўнгилларнинг сафоси, қоронғу кечаларнинг нурли кундузи, қақраган дунёнинг оби ҳаётидир. Унинг тасаввуф деб аталган фойдали бир шаръий илми бордирки, у бўлмасдан туриб имоннинг мазасини сезиб яшаш қийин; яъни Исломни нима эканлигини, унинг ботини, руҳи ва моҳиятини, хуллас нозик тарафларинию сиру асрорларини эгаллаш, бугунги ва ҳар даврнинг инсони учун кўнгил эҳтиёжи бўлган бир заруратдир. Чунки тасаввуф Қуръон ахлоқи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳий ва илоҳий ҳолати, шариатнинг нозик одобидир. Тасаввуф худбинлик эмасдир, ўзгаларни ўйлашдир, марҳаматдир, хизматдир; лоф уриш ва муболаға эмас, самимият ва ҳикматдир; қалб тозалиги, ирфон буюклиги, солиҳ амалларнинг бажарилишидир; ғийбат эмас, чиройли ахлоқдир; тошга қарши гул, заҳарга қарши доридир; кўзларга нур, кўнгилларга сурурдир.

Тасаввуф телбани валий қилади, қўполни одобли қилади, тошбағирнинг дилини юмшатади; марҳаматсизни мулойим, қалби қаттиқни кўзи ёшли қилади, ғофилни зулматдан нурга чиқаради, дарёда жон ҳолда типирчилаётганни соҳилга саломат етказади, жоҳилни тарбиялайди, маърифат хазинаси қилади, қақраган чўлни ирмоқлари билан сув бериб яшнатади; чўпонни султон қилади, саёз билимни уммон қилади; кишини халққа матлуб ва марғуб, Хаққа эса маҳбуб этади; тупроқдан яратилган инсонни нурлантиради, поклайди, фаришта сифат қилади, Раҳмоннинг ҳузурига лойиқ кўриб, илтифотига эриштиради...

Тасаввуф туфайли тиканзор сайргоҳ, тор ерлар кенг майдон бўлади; ғафлат ва кўрлик йўқотилади, мўминнинг басират (қалб) кўзи очилади, дунё севгиси билан хароба ҳолига келган қалблар Аллоҳ ишқи билан маъмур бўлади, маънавий зулматлар гумдон бўлади, кишиларнинг зоҳиру ботини пурнур бўлади; ожиз мўминга бир зиндон бўлган бу кўҳна жаҳон ҳақиқий гулистон ҳолига келади.

Тасаввуф, динимизнинг хақиқий ғояси бўлган "инсони комил" бўлишнинг йўли ва усулидир.

Хуллас, тасаввуф, барча даврларда бўлгани каби шу XX асримизнинг асабий, шубҳачи, шошқалоқ одамларининг кеча-кундуз қидиргани ҳақиқий бахтиёрликка эришишнинг илоҳий йўли ва калитидир...

Бас, шундай экан, бу фойдали ва ҳаётий масалага жиддият билан эгилмоғимиз, бу нурли илоҳий йўлга кирмоғимиз, икки жаҳон саодатини топмоғимиз шарт!

Тасаввуф нафсни тарбиялаш, соғлом ирода, чиройли ахлоқ, солиҳ амаллар ва шу амали солиҳни зоҳирини ва ботинини шартларга мувофиқ ҳолда бенуқсон ижро этишдир.

Тасаввуф шайхга боғланишликдир, зикрдир, ёлғончи дунёга майл бермасликдир, зуҳд эгаси бўлишдир, гуноҳлардан шиддат билан сақланишдир, тақводир...

Биз мутасаввиф бўлишдан ҳам олдин мусулмонмиз. Аҳли Қуръон, аҳли суннат вал жамоамиз. Расулуллоҳнинг умматимиз. Бизни Қуръонга боғлиқлик ва Расулуллоҳга тобелик шундай бир ҳолга келтирмоқдаки, бу ҳолни тасаввуф деб айтадилар, тариқат дейдилар, йўлимиз шудир.

Мен Аллоҳ ризолигига мувофиқ ҳаёт кечиришни мақсад қилганман. Илло, мутасаввиф бўламан, деб эмас, балки мен фақат Аллоҳ розилигини топиш учун йўлга чиққанман. Бу йўл мени қаерга олиб борса, мен шунга розиман: мутасаввиф бўлсам мутасаввифман, фақиҳ бўлсам фақиҳман. Чунки бизнинг вазифамиз: Аллоҳ нозил қилган Қуръон йўриғларига амал қилмоқдир. Аллоҳнинг буюрганларига итоат қилмоқ, Расулуллоҳга эргашишдир.

Кўп йиллик тажрибадан кейин шундай хулосага келдик: икки жаҳон саодатининг калити Тасаввуфдир. Қуръоний шариатга тамомила мувофиқ бир тасаввуф.

Тасаввуфнинг хиллари кўп: маҳаллийси, хорижийси; Исломдан олдинги, Исломдан кейинги; саҳиҳи, носоғломи, шаръийси, рофизийси; шариатга моси, тескариси; тўғриси, эгриси; ҳақиқийси, тақлидийси; нурлиси, нурсизи, анъанавий, замонавий; тақволиси, тақвосизи... Шунинг учун Исломга ва Қуръонга, шариатга мутлақ боғлиқ бир тасаввуфни ҳақиқий ва шаръий деб биламиз!

Ҳақиқий исломий тасаввуф Расулуллоҳ Ҳазратимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурли ва зоҳидона бўлмиш ҳаётларидир. Жуда ҳам гўзал ва олижаноб ахлоқдир. Уларнинг мислсиз зийнатлари ва фавқулодда ҳакимона ҳолатларидир. Демак, энг яхши мўмин, энг комил мусулмон, энг етук, энг комил инсон бўлиш учун уларга сидқидилдан тобе бўлиш ва батамом уларнинг йўлидан кетиш, уларнинг суннатларига камчиликсиз эргашиш орқалигина рўёбга чиқиши мумкиндир.

Ҳақиқий тасаввуф натижа эътибори билан кишини муҳаббат ила Расулуллоҳга, ҳатто мушоҳада ила Расулуллоҳга етиштиради.

"Муҳаммадия" асарининг муаллифи Имом Суютий (роҳимаҳуллоҳ) уйқу ташқарисида – уйғоқликларида Расулуллоҳни эллик маротабадан кўп кўрганларини билдирадилар. Ва мазкур китобни Расулуллоҳдан олган таълимотга кўра ёзганини айтади. Ҳатто буюк мутасаввифларнинг кўплари ўз асарларини то бундай амр бўлмагунча ёзмаган эканлар.

(давоми бор)


Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон

Таржимон Сайфиддин Сайфуллоҳ


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга қасам, Аллоҳдан мен учун ёрдам сўрашингиз учун аввало ўзимда эҳтиёж бор. Ўзим мана бу аҳволда бўлиб, аслида бу мактубни йўллашга Аллоҳдан ҳаё қилмоқдаман. давоми...

3167 05:00 / 01.03.2017
Ҳар бир мўминмусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири бахилликдир..Бахиллик, луғатда карамлилик ва сахийликнинг зиддидир.Уламолар давоми...

2700 19:00 / 18.04.2022
Ватанпарварлик ndash улуғ фазилатБисмиллаҳир роҳманир роҳиймСизу бизга бу жаннатмакон диёрни, буюк алломалар юртини Ватан қилиб берган Парвардигоримизга ҳамду давоми...

7708 05:00 / 01.03.2017
. . Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. давоми...

1310 19:00 / 26.03.2023
Аудиолар

118785 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40736 14:35 / 11.08.2021