1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қачонки ажал етса...

13:10 / 08.11.2018 3593 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ажал ҳам бошқа барча нарсалар каби фақатгина Аллоҳ таолодан эканлигига аниқ ва тўлиқ ишониш муҳим нарсадир.

Бу масала ҳам ақоидга боғлиқ масалалардан. Ажалнинг Аллоҳ таолодан эканлиги ва уларнинг миқдори ва вақти чегараланганлигига умумий эътиқод қилиш лозим ва лобуддир. Аммо у ҳақдаги тафсилотлар фақат Аллоҳ таолонинг илмига ва Уммул Китоб ­– Лавҳул Маҳфузга хосдир.

Аллоҳ таоло “Раъд” сурасида:

«Аллоҳ нимани хоҳласа, маҳв қилур, нимани хоҳласа, собит қилур. Она Китоб Унинг даргоҳидадир», деган (39-оят).

Ҳа, Аллоҳ таоло дунёдаги нарсалардан нимани хоҳласа, фойдасиз ёки муддати битди, деб топса, маҳв этади, йўқотади. Нимани фойдали деб топса, турсин деса, собит қилади, қолдиради. Буларнинг ҳаммаси битиб қўйилган, бундан бошқа нарсалар ҳам ёзилган Она Китоб Аллоҳнинг ҳузуридадир. Шу жумладан, ризқ ва ажал масаласи ҳам Аллоҳ таолонинг азалий илмига оид нарсалар бўлиб, уларни ўзгартиришга ҳам фақатгина ҳар бир нарсага қодир бўлган Аллоҳнинг Ўзи қодирдир.

Аллоҳ таоло:

«...Қачонки муддатлари келса, уни бирор соат орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар», деган (Наҳл, 61).

Дунёга келган ҳар бир шахснинг белгиланган ажали бўлиб, ўша ажал келганда бу дунёни тарк этиши ҳақиқатдир. Шунингдек, оламдаги ҳар бир уммат, ҳар бир халқ ва ҳар бир қавмнинг белгиланган ажали бор. Бу ажал муқаррар суратда, ўз вақтида келади. Уни на бирор соат олдинга, на бирор соат ортга сура оладилар.

Шунингдек, жонни берган Зот уни қачон қайтиб олишини – ажалини ҳам белгилаб қўйган. Қачон олишини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу дунё ажалидан сўнг бир куни у дунё учун белгиланган қиёмат вақтини ҳам тайин этган. Бу вақтнинг, яъни қиёматнинг қачон бўлишини ҳам Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Мана шу аломатлар ақл-инсофи бор инсонларга ягона Аллоҳга иймон келтириш, Унга ўзгани тенглаштирмаслик учун далил ва омил бўлиши керак.

Баъзи уламоларимиз умматларнинг ҳалокати фақат жисмоний бўлиши шарт эмас, маънавий ҳалокат ҳам шунга киради, дейдилар.

Аллоҳ таоло “Фотир” сурасида:

«Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер юзида бирорта жонзотни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр. Ўша ажаллари келганда эса… Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир», деган (45-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг илми яққол кўзга кўринмоқда. Шунчалик илми ва қудрати бўлса ҳам, гуноҳкор бандаларини жазолашга шошилмайди.

«Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер юзида бирорта жонзотни қўймас эди».

Нафақат одамларнинг ўзини, балки бошқа жонзотларни ҳам қўймас эди. Одам боласининг гуноҳи туфайли бошқа жонзотлар ҳам зарар кўришини шундан билиб олиш мумкин.

«Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр».

Ўша вақтгача ризқларини териб еб, кунларини кўриб юраверадилар.

«Ўша ажаллари келганда эса...» нима қилишни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

«Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир».


“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Мусо ўлими яқинлашганини сезиб, хизматкорларини чақирди. Уларга .Бориб, мен учун қабр кавланглар, чуқурроқ қилинглар,, деди. Хизматкорлар қабрни кавлаб, қайтиб давоми...

3004 07:40 / 06.04.2019
Маслама ибн Абдулмалик Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига келди. Унинг эгнида Миср чойшабидан кийим бор эди. Халифа Умар ибн Абдулазиз .Буни неча пулга олдинг, Абу давоми...

1853 07:00 / 09.07.2019
Келинг, бу илмнинг аҳамияти қанчалик катта эканини ҳис қилиш учун маълум бир муддатга уни бутунлай унутайлик ва фақиҳлардан содир бўлган маълумотларнинг давоми...

3537 15:06 / 03.07.2019
Инсон зоти борки, бахтли бўлишни истайди. Ҳамма тарафдан яхшилик билан ўралган, ёмонликлардан қўрилган бўлишни истайди. Инсон борки, оиласи гўзал, бойлиги мўл давоми...

2127 09:10 / 26.07.2019