Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (6-дарс). Фиқҳий ихтилофлар ҳақида

11:01 / 07.11.2018 6111 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ақийда бўйича Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг йирик намоёндалари бўлган фиқҳий мазҳаблар имомларининг ҳар бири ўзига хос фиқҳий ижтиҳод қилганлари ва қуйида зикр қилинадиган бошқа сабабларга кўра фиқҳий мазҳабларда хилма-хиллик юзага келган. Буни баъзи кишилар «динга зарар келтирувчи шахсий хилофлар» деб ўйлайдилар ва ўзларича танқид қиладилар, қоралайдилар. Гоҳи-гоҳида фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабсизликка чақирувчилар ҳам чиқиб туради. Улар доимо жуда ҳам озчиликни ташкил этиб, маълум бир тоифага мансуб кишилар бўлади. Бундай кишилар асосан фиқҳдан бехабар, илм остонасига эндигина қадам қўйган ёки ҳақиқий илмдан бебаҳра қолган одамлар бўлади. Улар ўзларича, фиқҳий мазҳабчиликни айб ва нуқсон деб биладилар, ўз фикрларини исботлаш мақсадида ҳатто улуғ мазҳаббоши имомларга тил теккизишгача етиб борадилар.

Бу ҳақда Робитатул Оламил Исломий фиқҳ академияси мудири, фазилатли доктор Аҳмад Муҳаммад Муқрий ўз мақолаларидан бирида шундай ёзадилар: «Вақти-вақти билан Ислом фиқҳини ўз ижтиҳодлари ва илмлари ила бойитган мужтаҳид имомлар, атоқли уламоларга қарши танқидларни эшитиб турамиз. Одатда бундай танқидлар уламоларни танқид қилиш у ёқда турсин, балки уларнинг мазҳаблари, усуллари ва қоидаларига назар солишга ҳам қурби етмайдиган, эндигина талаби илмни бошлаётган кишилар тарафидан бўлади».

Бу фикрни уламоларнинг ҳаммалари қўллаб-қувватлайдилар. Аввал ҳам, ҳозир ҳам ғайратли уламолар фиқҳий мазҳабларни инкор қилувчи тоифа ва шахсларга раддиялар бериб келишган. Жумладан, суриялик машҳур олим Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий мазҳабсизликка чақирувларни «Исломдаги энг хатарли бидъат» деб биладилар. У киши мазҳабсизликни «динсизликка олиб борувчи кўприк» деб атайдилар. Бошқа уламолар ҳам шу қабилдаги фикрларни қувватлайдилар. Мазҳабни инкор қилувчилар: «Қуръон ва суннат турганда, уларга амал қилмай, яъни Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг айтганини қилмасдан, Абу Ҳанифанинг айтганини қиламизми?» дейишади.

Шунингдек, улар: «Мазҳаблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтида бўлмаган, демак, бидъат нарса, шунинг учун унга амал қилиш керак эмас», дейдилар. Яна улар: «Мазҳаблар ихтилофга сабаб бўлади, шунинг учун уларни инкор қиламиз», дейишади ва ҳоказо.

Ўз навбатида, мазҳаб тарафдорлари ҳам мухолифларга қаттиқ зарба берадилар. Уларни турли айблар билан айблайдилар. Оқибатда орада келишмовчилик, уриш-жанжал чиқади. Ҳозирги пайтда ҳам шундай ҳолатлар учраб турибди.

Аслини олганда, илмий қарашлар орқали бундай ихтилофларнинг олдини олиш ёки уларга барҳам бериш мумкин.

Аввало, фиқҳий мазҳабга амал қилиш «Қуръон ва суннатни тарк қилиб, ўзимизга ўхшаш бир инсоннинг айтганига амал қилиш» дегани эмас. Фиқҳий мазҳабларимиз раҳнамолари Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабининг кўзга кўринган алломаларидир. Улар ақийда бобида ҳеч қандай хилоф қилганлари йўқ, қилишлари мумкин ҳам эмас. Демак, шундай катта уламолар кишиларни Қуръон ва суннатга амал қилмасликка, ўзларининг фикрларига чорлашлари умуман мантиққа тўғри келмайди.

Фиқҳий мазҳаб имомлари Қуръон ва суннатни кишиларга осонлик билан тушунтирган ва уларга амал қилиш йўлларини мусулмонларга ўзига хос услуб билан баён қилиб берган катта алломалардир. Улар ҳеч қачон ўзларига ортиқча илоҳийлаштириш ёки қандайдир устунликни талаб қилмаганлар. Балки ўз меҳнатлари, илм, одоб ва тақволари билан мусулмонлар эҳтиромига сазовор бўлган зотлардир.

Уламоларимиз, фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар:

Бу дунёдан яхши яшаб, яхши ўтиш худди тоғнинг чўққисига эсон-омон чиқишга ўхшайди. Қуръон ва суннат ўша чўққига чиқишни кўрсатадиган харита ва қўлланмадир. Мазҳаб имомлари эса ушбулардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилардир.

Фиқҳий мазҳабларни инкор қилувчилар эса ўша тоғнинг тагига келиб, харита ва қўлланмани олиб, ўзига янги йўл топиб, чўққига чиқишга ҳаракат қилаётган одамга ўхшайди. Илми, кучи, имконияти бўлса, чўққига чиқиш эҳтимоли бор. Бўлмаса, қулайди. Чўққига чиқишга ёрдам берадиган илм, куч ва имконият эса камида мазҳаббоши имконига тенг ёки ундан кўпроқ бўлиши керак. Энди тушунарли бўлган бўлса керак?

Мазҳаблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бўлмаган, деган эътироз ҳам шунга ўхшаш. Бу гап ақийда, ибодат бобида айтилса, тўғри бўлади. Аммо услуб, тушуниш, баён қилиш бобида бу гап тўғри келмайди. У вақтда Қуръон китоб шаклида бўлмаган, барча Қуръонларни куйдирайлик, дейилмайди-ку?! Шунингдек, тафсир, ҳадис каби илмлар, уларга тегишли китоблар ва яна кўп нарсалар илк босқичда бўлмаган.

Мазҳабдаги ихтилофларга келсак, бу алоҳида масала. Аввал қайд қилинганидек, ақийда бобида ихтилоф қилиш дуруст эмас, шунинг учун бу нарса Қуръон ва Суннатда тўлиқ баён қилинган. Шунингдек, динимизнинг асл рукнларида ҳам хилофга йўл қўйиш дуруст эмас. Қуръон ва Суннатда бунинг ҳам баёни келган. Ҳеч ким ижтиҳод ҳам қила олмайди, ихтилоф ҳам. Ҳеч ким беш вақт намознинг тўрт ёки олти вақт бўлишини айтмаган ёки ҳажни зулҳижжадан бошқа ойга кўчириш, Арафотдан бошқа жойда вуқуф қилишни ўйлаб ҳам кўрмайди.

Биз «фиқҳий ихтилофлар» деб айтаётган масалалар давр, жамият, ҳаёт тарзи ўзгариши билан ўзгариб турадиган ва асосан шаклий нарсаларда учрайдиган воқеълик, холос. Ва мазкур нарсаларда турли-туманлик бўлишининг ўзи табиийдир. Бу борадаги ихтилоф зарардан кўра фойда келтиради.

Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Умматимнинг ихтилофи раҳматдир», деган ҳадисларини худди шу фиқҳий ихтилофларга тегишли, дейдилар.

Дунё собит ва ўзгарувчан нарсалардан иборат. У собит нарсаларнинг саботи ва ўзгарувчан нарсаларнинг ўзгариши билан обод. Ўзимиз яшаб турган ер куррасини олиб кўрайлик. Унда катта, маълум ва машҳур уммонлар, қуруқликлар, денгизлар ва юксак тоғлар бор. Улар собит турадилар. Агар ўзгарувчан бўлсалар, асло яхши бўлмайди, дунёнинг низоми бузилиб кетади.

Шунингдек, мазкур нарсалар билан бирга яна сой ва дарёлар, кичик дарахтзорлар, ер майдонлари ва ҳоказолар бор. Улар ўзгариб туради. Чунки ҳаётнинг ўзи шуни тақозо қилади. Дунё уларнинг ўзгариши билан ободдир.

Худди шунингдек, динда ҳам собит нарсалар бор. Улар ўзгарувчан бўлиши мумкин эмас. Масалан, ақийда масалалари. Бугун Аллоҳга ёки иймон келтириш лозим бўлган бошқа нарсаларга ишониб туриб, кейин уни ўзгартириб бўлмайди.

Шунингдек, диннинг рукни ҳисобланган, асосни ташкил этган нарсалар ҳам собит бўлади. Бундай масалаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи батафсил баён қилиб, инсоннинг аралашувига йўл қўймаган.

Ҳаёт ўзгариши билан ўзгариб турадиган масалаларни эса бўш қўйиб, мусулмонлар ақлларини ишлатиб, ижтиҳод қилишларига йўл очиб берган. Фиқҳ уламолари асосан худди мана шу масалаларда ижтиҳод қиладилар. Уларнинг ҳужжат ва далилларни тушуниш даражаларига, масалани ҳал этиш услубларига қараб ижтиҳодларининг натижаси турлича бўлади. Биз эса буни «ихтилоф» демоқдамиз.

Улуғ мужтаҳидларимиз Қуръони карим ва Суннати набавия асосида, шариат қоидаларини маҳкам тутган ҳолда ҳар замон ва маконга салоҳияти бор Ислом динининг ғоялари, мақсадлари, инсонларнинг имконлари ва эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олиб иш юритганлар. Келинг, бу фикрни тасдиқлаш учун бир мисол келтирайлик:

1. Фиқҳий китобларимизда олди-сотди масалаларига кенг ўрин берилади. Чунки бу иш асосан ризқ топишга қаратилган, ризқнинг ҳалол бўлиши учун эса иш шариатга мувофиқ бўлиши керак. Савдода «хиёр» деган нарса бор. Яъни бир киши бирор нарсани сотиб олса, ўзаро келишувга биноан, маълум муддатда савдодан айниб, сотиб олган нарсани эгасига қайтариб бериш ихтиёри «хиёр» дейилади. Бу жуда кенг масала бўлиб, фиқҳ китобларида батафсил муҳокама қилинади.

Шу бобда «Харидор сотиб олган кийимни хиёр даврида қора рангга бўяб қўйса, сўнг эгасига қайтариб берса, қора рангга бўялгани нуқсонми ёки зиёда, фазлми?» деган савол тушган. Шунга биноан, қора рангга бўяш нуқсон бўлса, қайтиб бераётиб, сотувчига нуқсоннинг ҳақини қўшиб бериши, зиёда бўлса, ўз ҳақини сотувчидан олиши керак.

Ушбу саволга жавоб излаб, эски фиқҳ китобларига мурожаат қилсак, баъзиларида: «Хиёр вақтида қорага бўяш зиёдадир», дейилган. Бошқаларида эса бу иш нуқсон деб баҳоланган. Бир саволга икки хил жавобни кўриб: «Оддийгина саволга икки хил жавоб! Фақиҳлар ихтилоф қилиш учун дунёга келишган экан-да ўзи!» дея жиғибийрон бўласиз. Лекин шошманг, азизларим. Агар сиз мазкур китоблар кимники ва қачон ёзилгани ҳамда бошқа маълумотларни ўргансангиз, ҳамма нарса аниқ-равшан бўлади. Фақиҳларни айблашга ҳеч қачон шошмаслик керак, улар ҳужжатсиз, далилсиз бирор иш қилмайдилар. Кийимни қорага бўяшни зиёда ва фазл дея ҳисоблаган уламолар аббосийлар ҳукмронлиги даврида яшаган зотлардир. Маълумки, аббосийлар қора рангни ўзларига шиор қилиб олган эдилар. Қора рангли нарса у даврда жуда қадрли ҳисобланарди. Шунинг учун ҳам бу уламолар ўз даврларининг талабларидан келиб чиқиб: «Кийимни хиёр вақтида қорага бўяш зиёда ва фазлдир», деб фатво берганлар.

Уларга қарама-қарши фатво чиқариб, «Кийимни қорага бўяш айб ва нуқсондир», деган уламолар аббосийларга мухолиф ҳукмдорлар даврида яшаганлар. Улар ҳам ўз шароитларидан келиб чиқиб фатво берганлар. Демак, икки тарафнинг фатвоси ҳам ўз замонаси учун тўғри ва ўринли. Бунинг нимасини ихтилоф дейиш мумкин?

2. Шунингдек, уламоларимиз фатво чиқаришда ўзлари яшаб турган юрт ва жамиятнинг шарт-шароитларини ҳам эътиборга олганлар.

Мисол учун, имом Шофеъий Ҳижозда яшаб турган пайтларида ўзлари маълум фатволар чиқарган масалалар бўйича Мисрда яшаб турганларида мутлақо ўзгача фатволар чиқарганлар. Буни ҳам ихтилоф деб бўлмайди.

Сиз билан бизга ихтилоф бўлиб кўринаётган нарсаларнинг ўзига яраша сабаблари бор. Бу нарсалар алоҳида китобларда батафсил баён қилинган. Биз эса яна бир-икки кичик мисол келтириш билан кифояланамиз.

3. Ҳаммамизга маълум ва машҳурки, таҳоратда бошга масҳ тортиш фарз. Ҳамма бошига масҳ тортади. Аммо фиқҳ имомлари бу масаланинг энг нозик жиҳатларигача ўрганишган. Одамлар тарафидан тушган ёки тушиши мумкин бўлган «Бошнинг қанча қисмига масҳ тортиш фарз?» деган саволга жавоб беришган. Шу жойда жавоблари икки хил чиққан.

Имом Абу Ҳанифа: «Бошнинг тўртдан бир қисмига масҳ тортиш фарз», десалар, имом Шофеъий «Ҳаммасига масҳ тортиш фарз», деганлар.

Хўш, бунга нима сабаб бўлди? Аллоҳ таоло Қуръонда таҳоратнинг баёнида: «Вамсаҳуу би руъусикум» – «Ва бошларингизга масҳ тортинг», деган.

Имом Абу Ҳанифа айтадилар: «Би руъусикум»даги «бо» ҳарфи араб тили қоидалари бўйича «баъзи» маъносини англатади. Шунинг учун оятнинг маъноси – бошингизнинг баъзисига масҳ тортинг, дегани бўлади. «Баъзи» дегани тўртдан бири, дейилишига сабаб эса – Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир жойда таҳорат қилганларида саллаларининг остидан бошларининг олд қисмига масҳ тортганликлари ривоят қилинган».

Имом Шофеъий эса: «Би руъусикум»даги «бо» ҳарфи араб тили қоидасига кўра илсоқни, яъни ёпишишни билдиради. Оятнинг маъноси – бошингизга қўлингизни ёпиштириб масҳ тортинг, дегани бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо бошларининг ҳаммасига масҳ тортиб юрганлар», дейдилар.

Амалда эса шофеъий мазҳабидаги кишилар ҳам, Ҳанафий мазҳабидаги кишилар ҳам бошларининг ҳаммасига масҳ тортадилар.

Имомларнинг баҳси эса фақат илмий баҳс бўлиб, баъзан ўрни келганда ишлатиш учун захира бўлиб қолади. Шунингдек, фақиҳларимизнинг араб тили қоидалари, ҳарфларнинг далолатлари асосида турлича тушунишлари бошқа масалаларда ҳам бўлган.

4. Талоқ қилинган аёл идда ўтириши лозимлигини ҳамма билади. Аммо идданинг муддати ҳақида бир мазҳаб уламоларидан сўрасангиз, «Уч марта ҳайз кўргунча», дейишади, иккинчи мазҳаб уламолари эса: «Уч марта ҳайздан поклик муддати ўтиши керак», дейишади.

Масала битта, лекин нима учун жавоб ҳар хил? Ёки далиллар ҳар хилми? Далилга келсак, икки томон учун ҳам Аллоҳ таолонинг «Вал муталлақоту ятараббасна би анфусиҳунна саласата қуруъ» – «Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуруъ кутадилар», деган ояти каримаси асос бўлган.

Аслида сабаб қуйидагича: жавобнинг турлича бўлиши «қуруъ» сўзидан келиб чиққан. Бу сўз араб тилида икки маънони – ҳам «ҳайз» ва ҳам «ҳайздан поклик» маъноларини англатади. Демак, имомларнинг айримлари ўша сўздан ҳайз маъносини олиб: «Идданинг муддати талоқдан сўнг уч ҳайз кўргунча кутиш», десалар, бошқалари «поклик» маъносини олиб: «Идданинг муддати уч марта ҳайздан поклик муддатининг ўтиши», деганлар.

Албатта, уламолар бу маъноларни ўзларича ёки гапим бошқаникига ўхшаб қолмасин, деб эмас, балки қўшимча кучлантирувчи далиллар асосида олганлар.

5. Баъзи ривоятлар бир мужтаҳидга етган бўлса, бошқасига етмаган бўлиши ҳам турличаликка сабаб бўлган.

6. Усулул фиқҳ қоидалари турлича бўлиши ҳам фиқҳий аҳкомларнинг турлича бўлишига сабаб бўлган.

Мисол учун, баъзи мазҳаблар рукуга бораётганда ва ундан тураётганда икки қўлни кўтаришни якка ривоятга суяниб олганлар. Ҳанафий мазҳаби қоидаси бўйича, намозга ўхшаш омма орасида кенг равишда машҳур бўлган ибодатда якка ривоят ҳужжат бўла олмаслиги сабабли, бу ҳукм олинмаган.

Демак, шу ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли фиқҳ уламоларимиз мазҳабларида ўзига хослик ва турли-туманликлар келиб чиққан. Илм ва уфқ доираси етарли кишилар буни оддий бир ҳолат, турли-туман инсонлар яшайдиган жамиятда бўлиши табиий ва қолаверса, аввал айтиб ўтилганидек, мусулмон уммати учун раҳмат деб тушунишган. Чунки оғир аҳволга тушиб қолганда бир мужтаҳиднинг фатвосидан жавоб топилмаса, иккинчисиникидан топилади ва ҳоказо.

Лекин, минг афсуслар бўлсинки, уфқ доираси тор мутаассиблар бу ҳолатдан жанжал ва келишмовчиликлар чиқаришган ва мусулмонларга катта зарарлар етказишган.

Буни кўрган учинчи бир тоифалар эса фиқҳни ва фиқҳий мазҳаб бошлиқларини, уларга эргашганларни танқид қилишган. Фиқҳни умуман тарк қилишга даъват этишган.

Нима бўлса ҳам, фиқҳ ҳаётий зарурат сифатида ривожланиб бораверган. Модомики ҳаёт ўзгарар экан, модомики дунё шундай тузилган экан, мусулмонларнинг доимо фақиҳларга иши тушиб туради. Бу эса ўз навбатида фақиҳларни илмий изланишга, баҳсга чорлайди.

Шундай қилиб, Қуръон ва суннат, шариат қонунлари асосида қоидалар ишлаб чиқилди. Сонсиз-саноқсиз китоблар ёзилди. Турли фиқҳий қомуслар яратилди. Натижада мусулмон уммати инсоният тарихидаги энг катта ва энг бой илмий меросга эга бўлди. Фиқҳ уламолари ҳаётда содир бўлган масалалардан ташқари, содир этилиши мумкин бўлган масалаларни ҳам ҳал қилиб қўйган жойлари бор.

Фақиҳларимиз қолдирган бу мерос ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлди. Ғайридин халқлар ҳам ўз қонунчиликларида исломий фиқҳдан фойдаланишди. Ҳаммалари бир овоздан фақиҳларимизга таҳсинлар ўқишди. Ўзини билганлар ҳозир ҳам шундай қилмоқдалар.

Бас, шундай экан, исломий фиқҳнинг эгалари бўлмиш биз, мусулмонлар бу улуғ меросни эъзозлашимиз, ўрганишимиз ва ундан фойдаланишимиз зарур. Бу илмнинг асосчилари, устозлари бўлмиш улуғ фақиҳларимизга доимо ҳурмат назари билан қараш ва ҳақларига яхши дуолар қилиш бизнинг бурчимиздир.

Уламоларимиз бугунги кунда фиқҳий мазҳабларга амал қилиш янада аҳамиятли бўлганини таъкидламоқдалар. Чунки фиқҳий мазҳабга амал қилиш ҳозирда турли ихтилофлар ва келишмовчиликларнинг олдини олиб, ҳамма ўз мазҳабига амал қилган ҳолда, ўзга мазҳабларни ҳам ҳурматлашга сабаб бўлади.

Бу масалада бугунги кунда ихтилоф асосан мазҳабни тан олмасликдан келиб чиқмоқда. Мазҳабни инкор қилувчиларнинг гап-сўзлари ва тасарруфлари кўпчиликни норози қилмоқда.

Уларга: «Сиз айтгандек, мазҳабни қўйиб, бевосита Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқаришга илмимиз етмаяпти, нима қилайлик?» дейилса, «Менга келинглар, тушунтириб қўяман» ёки «Фалончи устозимизга боринглар», дейишади. Фалончилар эса билиб-билмай, ихтилоф қилишади. Натижада бир босиб ўтилган йўлни яна қайтадан бошлашга тўғри келади. Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Ижтиҳод даражасига етмаган кишилар муайян бир мазҳабни ушлаши лозим», дейдилар. Шундай қилинганда, ихтилофдан сақланилади.

Шунингдек, бошқа мазҳабларга ва уларга эргашганларга ҳурмат билан қараш лозим.

Бир ишда бир мазҳабга, иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар «талфиқ» дейдилар. Динда адашмаслик учун, маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиш ва фақат унга эргашиш лозим.

Уламоларимиз: «Ҳатто илми юқори даражага етиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини аниқлаш даражасига етган одам ҳам бировларга бу ҳақда гап очмасин, фатво бермасин. Ўзи амал қилса, рухсат», дейишади.

Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар орасида ихтилоф чиқармаслик учун кўрилган чора-тадбирлардир.

Бундай чоралар айниқса оммавий диний илмсизлик ҳукм сураётган маконлар ва замонлар учун жуда ҳам зарур.

Кези келганда, мусулмонлар жамиятининг доимо фиқҳга эҳтиёжи борлигини яна бир бор таъкидламоқчимиз. Ҳар бир мусулмон ибодатларини шариат қонунлари асосида олиб бориши, муаммоларини ҳам шариат қонунлари асосида ҳал қилиши лозим. Бу қонунларни ўргатиш учун эса фиқҳ керак. Аввалги уламоларимиз қолдириб кетган улкан фиқҳий меросдан самарали фойдаланишимизнинг ўзи етмайди. Чунки аввал таъкидлаганимиздек, ҳаёт ўзгариб туради. Шу туфайли янгидан-янги масалалар ҳам пайдо бўлиб бораверади. Бу масалаларга тўғри жавоб топишда эса фиқҳ керак бўлади. Гапни чўзиб ўтирмасдан, бир-иккита мисол келтирайлик:

Авваллари бировнинг қонини иккинчи одамга қуйиш, бир кишининг аъзосини бошқа бир одамга кўчириб ўтказиш ёки эркак кишининг уруғлигини олиб, уни махсус найчада урчитиб, сўнгра аёл кишининг бачадонига жойлаштириш каби ишлар умуман бўлмаган. Булар ҳатто бировнинг хаёлига ҳам келмаган. Шунинг учун эски фиқҳий китобларнинг ҳаммасини бирма-бир варақлаб чиқсак ҳам, бу масалаларга жавоб топа олмаймиз. Ҳаёт эса ушбу масалаларга жавоб беришни тақозо қилади. Демак, яна фиқҳга ҳожатимиз тушади.

Шунинг учун ҳам Ислом мамлакатлари уюшмаси ҳузурида ва «Робитатул Оламил Исломий» ташкилоти қошида биттадан Ислом фиқҳи академияси ишлаб турибди. Уларда ҳар бир Ислом давлатидан вакиллар бор. Янги пайдо бўлган масалалар аввало академия аъзоларига алоҳида ўрганиш учун тақдим этилади. Сўнгра академиянинг йиллик мажлисида керакли соҳа мутахассислари иштирокида ушбу масалалар муҳокама қилинади ва фатволар чиқарилади. Баъзи аъзоларнинг алоҳида фикрлари бўлса, унга ҳам ишора қилинади.

Шу йўл билан масалалар ихтилоф ва жанжалсиз ҳал қилиб келинмоқда. Демак, Аҳли сунна ва жамоа ақийдасидаги фиқҳий мазҳаблар ҳар қандай ихтилофларни четлаб ўтсалар бўлар экан.

Бунинг учун улар бағрикенг, тушунган ва етарли илмий савияга эга бўлишлари зарур...


«Фиқҳий йўналишлар ва китоблар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаБу илмнинг аҳамиятини билиш учун маълум бир муддатга уни бутунлай унутайлик ва фақиҳлардан содир бўлган ҳар бир маълумотдан фойдаланмасликка аҳд давоми...

3279 15:32 / 06.02.2020
.Фароиз, сўзи фарз сўзининг жамъидир. Фарз эса луғатда, ўлчов, кесиш ва баён қилиш маъноларини билдиради. Шариятдаги фарз амаллар ҳам ўлчоғлик, кесиб айтилган ва давоми...

8457 05:00 / 18.01.2017
. . .Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам она бўлмаганда, момога олтидан бирни берганлар,.Абу Довуд ва Насаий давоми...

1435 16:05 / 23.12.2019
Мерос масаласида улушлар йиғиндиси махраждан кам бўлиб қоладиган ҳолатлар ҳам бор. Бунда мерос умумий махражга бўлинса, ҳақдорлар ўз улушларини олгандан сўнг яна давоми...

1309 11:00 / 13.04.2020