1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Қудачилик асосида никоҳи ҳаром қилинган аёллар

19:01 / 02.11.2018 2856 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«...хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Аввал ўтгани мустасно. Албатта, Аллоҳ Fафур ва Роҳиймдир».

 «...хотинларингизнинг оналари».

Қайноналар ва катта қайноналарга (қайнота тарафдан бўлса ҳам, қайнона тарафдан бўлса ҳам) уйланиш куёв учун ҳаром. Булар қудачилик алоқалари туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар тоифасига кирадилар. Қайнона ҳам она, унга уйланиш ҳеч мумкин эмас. Қизи билан бўлган оилавий ҳаётнинг ҳурмати бор. Қолаверса, агар қайнонага уйланиш мумкин бўлса, қизи эрини ундан қизғаниб, она-боланинг орасидаги алоқалар ҳам бузилиши табиий.

 «...ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари».

Шариат ҳукми бўйича, эркак ва аёл ўзаро рози бўлиб, ақди никоҳ ўтиши билан, эру хотинга айланадилар. Уларнинг бирга эр-хотинлик қилиб яшашлари араб тилида «духул бўлди», дейилади. Аммо, ақди никоҳдан сўнг бирга яшамасдан турган ҳоллари ҳам бўлиши мумкин. Бу икки ҳолатнинг ўзига хос ҳукмлари бор. Ушбу ҳолатларни биз таржимада «қовушган» ёки «қовушмаган» деб зикр қилдик.

Ана ўша ҳолатларга тегишли ҳукмлардан бири никоҳи ҳаром бўлган аёллар масаласида ҳам келмоқда. Яъни бир одам аёл киши билан никоҳ ақдини ўтказиб, қовушган бўлса, ўша хотиннинг аввалги эридан бўлган қизи бу эркакка ҳаром бўлади.

Ояти каримада «қарамоғингиздаги қизлари» дейилиши кўпинча учрайдиган ҳолатни эътиборга олиб айтилган. Аслида, ўгай қиз ўгай отасининг қарамоғида бўлмаса ҳам, унга никоҳи ҳаром бўлаверади. Бу ҳукмнинг ҳикмати ҳам аниқ кўриниб турибди. Агар эркак кишига ўгай қизига уйланишга рухсат берилса, у қизнинг ўз онаси билан муносабатлари қийинлашади. Қолаверса, ўгай қиз ҳам қиз ўрнида. Аммо, юқоридаги шартга кўра, ақди никоҳи бўлган-у, ҳали қовушмаган аёл билан ажрашса, унинг қизига уйланиши шаръий жиҳатдан мумкин.

 «...ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари».

Яъни, келинлар. Бу ерда «пуштингиздан бўлган ўғилларингиз» деб қайд қилиниши тутинган ўғиллар бу ҳукмга кирмаслигини билдиради. Келинларга уйланишни ман қилишда ахлоқий, инсоний эътиборлар билан бирга, худди юқоридаги ҳолатларга ўхшаб, қариндошлик алоқаларини эҳтиётлаш ҳикмати ҳам бор.

Мазкур тоифаларнинг никоҳи абадий ҳаромдир.

 «...опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди».

Яъни, бир киши ўз никоҳида турган хотинининг опа-синглисига уйланиши мумкин эмас. Бундай никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчадир. Агар никоҳида турган опа ёки сингил билан никоҳ алоқаси узилса, у ҳолда унинг опаси ёки синглисига уйланса, бўлаверади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл билан унинг аммасини ёки холасини қўшиб хотин қилишни ҳам ман қилганлар. Бундай никоҳлар қариндош хотинлар орасидаги муносабатларни бузади, шунинг учун ҳаром қилинган.

Оятнинг охирида:

«Аввал ўтгани мустасно», дейилмоқда.

Яъни, Исломнинг ушбу ҳукми тушган пайтгача бунга ўхшаш никоҳлар бўлган бўлса, кечирилади. Чунки ҳукм жорий қилинмасдан олдин эски урф-одатга биноан шундай қилинган, деб ҳисобланади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Заҳҳок ибн Феруздан, у киши отасидан қилган ривоятда:

«Мусулмон бўлганимда икки хотиним бир-бирига опа-сингил эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бирини талоқ қилишимни буюрдилар», дейилади.

 «Қўлларингиз мулк қилиб олганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди)».

Демак, эри бор аёлга уйланиш ҳаром. Эри ўлиб ёки эридан ажрашиб, идда ўтирган аёллар ҳам, то идда муддати ўтгунча, эрли аёллар қаторига кирадилар. Буларнинг никоҳи ҳам вақтинча ҳаромдир.

Сўнгра оятда:

«(Бу) сизларга Аллоҳнинг битганидир», дейилади.

Яъни, мазкур ҳукмлар Аллоҳнинг амридир, бошқа бировники эмас. Шунинг учун ҳам унга амал қилиш – барчанинг бурчи. Бурчни адо этмаганлар жазога лойиқдир.


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Табиийки, оилавий ҳаётда турли ҳолатлар содир бўлиб туради, шу жумладан, эрхотин ўртасида келишмовчиликлар ҳам чиқиши мумкин. Шошқалоқлик, тез аччиқланиш, давоми...

2799 09:00 / 15.03.2023
Мебел савдоси билан шуғулланадиган усталардан ажабтовур қиссани эшитинг .Қиз чиқараётган оилалардан бири мебел сотиб олди ва уни ўрнатадиган жойимизни айтди. давоми...

7926 19:10 / 05.02.2019
Аллоҳ таолонинг эрларга никоҳда маҳр беришни фарз қилгани ва аёлларга маҳр олишни ҳақ қилгани бежиз эмас. Бу амалнинг тўрт оят ва бир неча ҳадислар билан шариатга давоми...

3690 19:30 / 20.01.2019
Шу нарсани унутмаслик керакки, Исломда кишиларнинг никоҳда бўлган ҳолда ҳаёт кечиришлари афзал саналади. Аллоҳ таолонинг бандаларига қилган амри ҳам шу бу дунёда давоми...

6039 21:01 / 16.10.2018
Аудиолар

120068 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41734 14:35 / 11.08.2021