1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Интернет – савоб ва гуноҳ ўчоғи

19:15 / 31.10.2018 2541 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Қуйида халқаро замонавий алоқа ва ахборот воситаси бўлмиш интернетдан фойдаланишнинг баъзи умумий одоблари ҳақида қисқача сўз юритамиз:

Интернетдан фойдаланмоқчи бўлган одам ниятни яхши қилган бўлиши керак.

Албатта, мусулмон инсон ҳар бир нарсада бўлгани каби, интернетдан фойдаланишда ҳам фақат яхшиликни, шариатда рухсат берилган нарсаларга мувофиқ иш қилишни ният қилиши лозимдир. Ана шундагина бу ишидан фойда топади, кўзлаган мақсадига эришади. Интернетдан олган фойдасига қўшимча равишда, динининг таълимотларига амал қилгани учун савоб ҳам олади. Агар диний таълимотга амал қилмай, ниятини яхшиласа-ю, интернетдан фақат яхшилик йўлида фойдаланса, ўша олган фойдаси қолади, аммо савоб олмайди. Чунки бу ишига диний таълимот асосида яхши ниятни аралаштирмади. Мусулмон киши бир яхшиликни ният билан қилса, бир савоб олади, ўша ниятига амал қилганида эса, савоби ўн марта кўпаяди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Робблари таборака ва таолодан ривоят қилиб айтадилар:

«Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, уни амалга оширмаса, Аллоҳ буни Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд этиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Интернетга киришдан олдин вақтни зое қилмаслик учун умрнинг қадрини эсга олиш, унинг ҳар лаҳзаси ҳисобли эканини, қиёмат кунида ҳисоб-китоб бўлишини эсга олиш зарур.

Айнан ушбу ҳис-туйғу бўлмагани учун кўпчилик интернетда соатлаб вақтини, азиз умрининг ғанимат кунларини зое қилишни ўзига эп кўрмоқда. Узоқ вақт давомида, саккиз-ўн соатлаб интернетда ўтирганлар ўзига хос хасталикларга чалинганлари ҳақидаги хабарлар беҳуда тарқалмаган бўлса керак. Мусулмон инсон эса доимо, жумладан, интернетдан фойдаланишда ҳам умрининг ҳар лаҳзаси борасида охиратда сўралишини зинҳор унутмайди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қиёмат куни одам боласининг қадами то ундан беш нарса ҳақида: умрини нимага сарфлагани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан касб қилгани ва нимага сарфлагани, билганига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича, Роббининг ҳузуридан узилмайди».

Термизий ривоят қилган.

Интернетга киришдан олдин иш режасини яхшилаб тузиб олиш керак.

Ҳар бир ишдаги каби, интернетдан фойдаланишда ҳам яхшилаб тузилган режа асосида иш юритиш лозим. Мақсад ва кўзланган фойда аниқ бўлсин. Кириш ният қилиб турилган сайтнинг номи тайёр бўлсин. Шунга ўхшаш барча керакли нарсалар, маълумотларни олдиндан аниқлаб олиш зарур. Ўтириб олиб, «нима қилсам экан», деган хаёлларни суриш вақтнинг заволидир.

Интернетда ишлашни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошлаш ва иш бошлашда ўқиладиган дуолардан билганича ўқиш керак.

Мусулмон кишининг ҳар бир ишни бошлаганда албатта «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» дейиши кераклиги кўплаб ҳадисларда таъкидланган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эътиборли ҳар бир иш «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошланмас экан, у кесикдир», дедилар».

Абдулқодир Раҳовий ривоят қилган.

Интернетда кўриладиган, ўқиладиган ва эшитиладиган нарсаларнинг барчаси шариат рухсат берган нарсалар бўлиши шарт.

Зотан, мусулмон инсоннинг ҳамма ерда, барча замонларда ва барча вазиятларда қиладиган гап-сўзларию, иш ва фаолияти шариатга мувофиқ бўлиши талаб этилади.

Аммо, минг афсуслар бўлсинки, сайтга кирадиган баъзи одамлар ҳаётда ўзларига раво кўрмайдиган нарсаларни сайтда бемалол эп кўришади. Улар ўзларича, «бу иш ҳаётдаги савияда эмас-ку», деган хаёлга боришлари мумкин. Аслида эса бу ношаръий ишларни сайтда ўзига раво кўрганларнинг ахлоқий савиясида нуқсон бор. Ҳаётда одамлар уни кўриб-билиб тургани учун, ўзгалар гапирмасин дея ўзини ёмонликдан тийган бўлади. Сайтда эса одамлар кўрмайди ҳам, билмайди ҳам. Бунинг устига, сайтда исмини ҳам ўзгартириб, тамоман бирор киши танимайдиган бўлиб олади. Демак, унинг шариат талабларига амал қилиши хўжакўрсинга, тўғрироқ айтганда, мунофиқликка асосланган бўлади.

Шунинг учун ҳам сайтга кирган ҳар бир инсон ўзининг мусулмонлик бурчини унутмаслиги керак. Одамлар кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло кўриб турганини эсдан чиқармаслик лозим. Одамлар билмаса ҳам, Аллоҳ таоло билиб турганини мунта-зам ҳис этиб туриш зарур.

Сайт эгаларининг маънавий-маърифий ҳуқуқларига тўла риоя қилиш чин мусулмонлик бурчидир.

Бунга пул тўлаб кириш лозим бўлган сайтларга ҳақ тўламасдан, ўғринча кириш, кўчириб олишга рухсат берилмаган нарсаларни кўчириб олиш, кўчириб олинганда манба кўрсатилиши лозим бўлганида, кўрсатмаслик каби ишлар киради. Бу каби ишларнинг барчаси гуноҳдир. Чунки бу бировнинг маърифий-маънавий мулкини талон-торож қилишдан иборатдир. Бошқача қилиб айтганда, маърифий-маънавий ўғрилик ва қароқчиликдир. Бундай ишлар ҳаром эканига уламолар бир овоздан фатволар чиқаришган.

Ишхона ёки бошқа бирор шахснинг интернетидан рухсатсиз фойдаланиш мумкин эмас.

Баъзи кишилар ишхонанинг интернетидан ўз шахсий манфаатлари учун фойдаланишни ўзларига эп кўришади. Бунда икки тарафлама мулоҳаза қилинадиган иш содир бўлади. Бир тарафдан – ишхонанинг интернетга тўлайдиган маблағи шахсий манфаат учун сарфланади. Иккинчи тарафдан – ишхонанинг ишини бажариш ўрнига иш вақтида ўз манфаатини кўзлаб, масъулиятдан қочиш юз беради. Бошқа одамнинг интернетидан фойдаланиш борасида ҳам шунга ўхшаш гапни айтиш мумкин. Шунинг учун улардан фақат ҳақ эгасининг рухсати билан ва зарурат юзасидангина фойдаланиш мумкин. Дам олиш танаффусида керакли маълумотни олиш, электрон почтани текшириб кўриш кабиларга рухсат берилади.

Болаларнинг интернет ва компьютердан фойдаланишини оқилона ва эътибор билан йўлга қўйиш керак.

Аввало, бола ота-онаси ва катталарнинг рухсатисиз интернет ва компьютердан фойдаланмасин. Болаларни бундай пайтларда қаровсиз қолдирмаслик, назардан қочирмаслик лозим. Улар фойдаланадиган жиҳозлар ҳамманинг кўз ўнгида турадиган бўлсин. Йўқса, кўзни шамғалат қилиб, исталмаган, бузуқ ёки бефойда нарсаларга ўзларини уришлари мумкин. Болаларнинг интернет ва компьютерда ўйнайдиган ўйинлари зеҳнни чархлайдиган, маърифий фойда берадиган, одоб-ахлоққа чорлайдиган бўлиши чорасини кўриш лозим. Болаларнинг вақти зое бўлмаслиги ҳақида мунтазам бош қотириш ҳам эсдан чиқмаслиги лозим.

Юқорида ўтган мулоҳазаларда бир кишининг сайтга кириб, ундан фойдаланиши ҳақида сўз борди. Аммо интернетда бошқа хизматлар, турли тармоқлар ва фаолиятлар ҳам бор. Албатта, булар ҳақида ҳам батафсил сўз юритилиши жуда зарур.

“Ижтимоий одоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ой Россия Президенти В.Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида Яқин келажакда Россия космик кемаларида давоми...

4765 12:05 / 26.11.2018
Абул Қосим Абдуллоҳ ибн Алий ибн Исҳоқ Тусий шундай деган.Биз Исмоил ибн Абдурроҳман Собунийга бир жуз ҳадис ўқиб берардик. Ўша жуздан озгина миқдор қолганда, у давоми...

974 16:00 / 05.11.2020
Исмлари Зурора ибн Авфо Омирий Ҳароший, кунялари Абу Ҳожиб, яшаган жойлари Басра бўлиб, Басра шаҳрининг қозиси бўлганлар. Обид ва ишончли кишилардан эдилар. Ҳижрий давоми...

3254 16:29 / 24.12.2018
Аллоҳ таолонинг Қуръонда баён этган .Ҳеч бир юкли жон ўзга жоннинг юкини кўтармас, қоидасига кўра ҳар бир банда қилган амали сабабли ё жазо, ё мукофот олади, ҳеч ким давоми...

2630 11:05 / 07.03.2020