1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Саййида Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо (VIII)

18:18 / 24.10.2018 2125 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

VIII

Вақти-соати етиб, Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга «‎Ва яқин қариндош уруғларингни огоҳлантир. ‎‎Ва сенга эргашган мўминларга қанотингни ‎пастлат‎» деган оятларни нозил қилди («Шуаро» сураси, 214215-оятлар).

Ана шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яқин қариндошларини даъват қилишни бошлаб, кейинроқ бошқаларни ҳам тиним билмай, даъват қилишга ўтдилар.

Чунки Аллоҳ таоло охирги пайғамбарига:

«Эй бурканиб ётган! ‎Тур! Огоҳлантир‎!» деган нидони қилган эди («Муддассир» сураси, 1-2-оятлар).

Бу илоҳий нидо жуда ҳам таъсирчан нидо эди. Бу нидо ётиш, дам олиш вақти ўтганлиги, туриш, ҳаракат қилиш, кишиларни тўғри йўлга бошлаш, бу ишда дуч келадиган кўплаб қийинчиликларни енгиш пайти келганидан хабар эди.

Бу амр кишиларни Аллоҳнинг йўлида тўғри йўлга бошлаш учун қилинган эди. Шунинг учун ҳам Хадийжа онамиз Пайғамбар алайҳиссаломга:

«Бир оз ухлаб олсангиз-чи», десалар, у зот:

«Эй Хадийжа, уйқунинг вақти ўтди», дер эдилар.

Албатта, бу ишларда Хадийжа онамиз доимий равишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қўллаб-қувватлаб турдилар.

Ислом даъвати ошкор бўлиши билан бирга, кофирларнинг душманлиги ҳам ошкор бўлган эди. Мушриклар асосий зарбани даъват соҳиби ва у зотнинг оилаларига қаратган эдилар.

Улар бу борада ҳар қандай пасткашликлардан ҳам қайтмас эдилар. Албатта, бундай душманликлар асоратини кўтаришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида Хадийжа онамиз шерик эдилар.

Ўша пайтларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки қизлари – Руқайя ва Умму Кулсумни ўзининг икки ўғли – Утба ва Утайбага олиб берган Абу Лаҳаб Исломга зарар етказиш мақсадида келинларини талоқ қилдиртирган эди. Улар «Муҳаммадни қизлари билан овора қилиб қўйсак, динига путур етади», деб ўйлашган эди.

Утба ибн Абу Лаҳаб Руқайя розияллоҳу анҳони бирга яшамай туриб, талоқ қилган эди. Утайба ҳам Умму Кулсум розияллоҳу анҳони талоқ қилди.

Албатта, икки қизининг бирдан талоқ қилиниши ҳар қандай она учун катта мусибатдир. Айниқса, айбсиз қизларнинг душманлик йўлида талоқ қилинишидан оғир дард йўқ.

Аммо бу мусибатларнинг дину диёнат йўлида бўлаётганини тўла англаган Хадийжа онамиз чиройли сабр қила олдилар. У кишининг сабрлари сервиқор тоғлардек маҳкам эди.

Ота-она оиласи бузилган қизларининг ташвишида юрганларида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Руқайя розияллоҳу анҳони жуфти ҳалолликка сўрадилар. У зот рози бўлдилар.

Кофирларнинг зулми чидаб бўлмас даражага етганда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ва у кишининг жуфти ҳалоллари Руқайя розияллоҳу анҳо қийинчиликдан арз қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам маълум вақт тааммул қилганларидан сўнг уларга Ҳабашистонга ҳижрат қилишни маслаҳат бердилар.

Усмон ибн Аффон ва Руқайяларнинг яқиндагина қурилган оилалари дину диёнат учун, Аллоҳ учун, Ислом учун она юртни тарк этиб, ҳижрат қилишга тайёргарлик кўра бошлади. Ниҳоят, янги келин-куёв муҳожирларнинг биринчиси бўлишди.

Қайси она ўз қизини узоқ юртларга, нотаниш жойларга ҳижрат қилиб кетишини истайди? Албатта, Хадийжа онамиз ҳам қизларининг ўз кўзлари олдида туришини жуда хоҳлар эдилар. Аммо дину диёнат йўлида жигаргўшаларининг фироқига ҳам сабр қилдилар.

Кейин ундан ҳам қийин кунлар бошланди.

Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қатл қилишга келишдилар. Бу ёвуз ниятларини амалга ошириш учун у зотнинг уруғлари – Бани Ҳошим ва Бани Муттолибдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни рози бўлиб, ўзларига топширишни талаб қилдилар.

Бани Ҳошим ва Бани Муттолиб бу талабга рад жавоб бердилар.

Ана шундан кейин мушриклар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга, мусулмонларга, Бани Ҳошим ва Бани Муттолибга тазйиқни яна ҳам кучайтиришга иттифоқ қилдилар. Улар билан олди-сотди қилмаслик, сулҳ тузмаслик, қиз олиб-бермаслик, улар билан бирор алоқа қилмасликка аҳдлашишди. Бу аҳдноманинг кучини ошириш ва қаттиқ таъкидлаш учун уни ёзма равишда ёзиб, уни Каъбаи Муаззаманинг ичига осиб қўйишди.

Бу ишнинг бошланиши пайғамбарликнинг еттинчи йили, Муҳаррам ойида бўлди. Қурайш қамал ва алоқа узишни шу тариқа эълон қилганидан сўнг Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам, мусулмонлар ҳамда Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб уруғлари аъзолари Бани Мутталиб дарасида қамалда қолдилар.

Қамалда қолганлар мисли кўрилмаган қийинчиликларга дучор бўлдилар. Маккага савдо карвони келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирор киши болалари учун бирор нарса олмоқчи бўлиб борса, ҳеч ким унга нарса сотмас эди.

Абу Жаҳл ва унга ўхшашлар савдогарларга «Баҳони оширинглар, мусулмонлар бирор нарса сотиб олмасинлар», дер ҳам эдилар.

Қамалдагилар дарахтларнинг илдизи ва баргини ейишга мажбур бўла бошлаган эдилар.

Шу тариқа кунлар, ҳафталар ва ойлар ўтиб бораверди. Қамалдагиларнинг аҳволи борган сари оғирлашар, қурайшликларнинг эса тазйиқи ортиб борарди. Ҳеч бир енгилликнинг дараги йўқ эди. Ана шу ҳолат уч йил давом этди.

Хадийжа бинти Хувайлид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа мусулмонлар билан бир қаторда қамал жафосини бошқалардан кўра кўпроқ чекдилар. Чунки у киши қамал жафосига ҳам қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ишларида яқиндан ёрдам берар эдилар.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умматнинг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилиш қийин эмас. Шариатимизни .Ўтмишнинг қабоҳати ва келажакнинг номини эшитишни ҳам исталмаган таҳликаси, деб ёдга олиниши давоми...

1804 14:00 / 04.03.2022
.Бир бокира қиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, отаси уни ёқтирмаса ҳам эрга берганини зикр қилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

2620 15:00 / 27.05.2020
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умму Ҳабиба онамизни қандай кутиб олганларини ибн Асокир қуйидагича васф қиладилар.Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳо давоми...

4141 19:02 / 08.01.2020
Абу Саъидхўжанинг ўғли муфтий Абу Тоҳирхўжа ўзиниг машҳур .Самария, номли асарида шундай дейди.Нақлда борким, ҳазрат Абу Мансурнинг хотини дағал ва бадфеъл хотин давоми...

2507 13:00 / 23.12.2021
Аудиолар

118754 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40712 14:35 / 11.08.2021