1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Нубувват

17:58 / 23.10.2018 2440 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу умумий сарлавҳа остида ваҳий, набийлик, расуллик ва уларга тегишли масалалар ҳақида баҳс юритилади.

Ваҳий нима?

«Ваҳий»нинг луғатдаги маъноси «махфийлик» ва «тезлик»дир.

Уламолар таърифида «Ваҳий Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарларига махфий равишда зудлик билан юборган диний кўрсатмасидир».

Ваҳий фаришталар орқали ёки бевосита Аллоҳ таоло билан роз айтиш (сирли гаплашиш) орқали ҳам бўлиши мумкин.

 Нубувват ва рисолатнинг маъноси.

«Нубувват» луғатда «набаъ» – «муҳим хабар бериш» ва «нубув» – «юқорилаш» деган маъноларни билдиради.

Нубувват Аллоҳ таолодан бўлган хабарнинг ваҳий йўли билан У Зотнинг Ўзи бандалари ичидан танлаб олган шахсга етишидир.

Бинобарин, Набий Аллоҳдан муҳим хабар олган ва мартабаси юқори шахс бўлади.

«Рисолат» сўзи эса луғатда бир нарсани лутф ила юборишга ишлатилади. Арабларда бировга юборилган мактуб ҳам «рисола» дейилади. Биров томонидан юборилган элчи ҳам «расул» деб аталади.

Шундан келиб чиқиб, Аллоҳ таоло юборган муайян диний таълимотлар тўплами «рисолат» дейилади. Уни одамларга ўргатиш амр қилинган элчиси «расул» дейилади.

Набий ва расул орасидаги фарқ.

Набий ва Расул орасидаги фарқ ҳақида бир неча фикрлар зикр қилинган:

1. Аллоҳ кимга осмондан хабар берса ва ўша хабарни бошқаларга етказишни амр қилса, ўша одам набий ва расулдир. Аммо хабар берса-ю, лекин уни бошқаларга етказишни амр қилмаса, набийдир, расул эмас.

Хулоса шуки, расул ўзига келган пайғамбарликни ўзгаларга етказишга амр қилингандир. Набий эса бунга амр қилинмаган. У пайғамбарликни бошқаларга етказадими, етказмайдими, барибир.

2. Расул умумий бўлиб, фаришталардан ҳам, башардан ҳам бўлаверади.

3. Расул янги шариат билан келади. Набий янги шариат билан келмайди, балки олдинги шариатга амал қилади ва ўзгаларни ҳам ўшанга амал қилишга чақиради.

Анбиё ва расулларга иймон.

Мусулмонларга Аллоҳ таоло Ўз Китобида номларини зикр қилган пайғамбарларга иймон келтириш вожибдир. Аллоҳ таоло исмларини ва ададларини фақат Ўзи биладиган набий ва расулларни юборганига ҳам иймон келтирмоқ вожибдир.

Пайғамбарлар ҳақида юқорида батафсил суҳбатлашдик.

 Пайғамбарларнинг вазифалари.

Аллоҳ юборган пайғамбарларнинг биринчи вазифалари мўминларга хушхабарларни ва кофиру осийларга огоҳлантиришни етказишдир.

Улар мўминларга савоб, ажр ва жаннатнинг хушхабарини етказадилар. Кофирларга эса азоб-уқубат ва жаҳаннамнинг хабарини бериб, уларни огоҳлантирадилар.

Шу билан бирга, энг муҳими, одамлар ўртасидаги улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳақ китоб билан ҳукм қилиб, ҳақни ҳаққа, ботилни ботилга ажратадилар.

Ибодатга сазовор зот ягона Аллоҳ эканини англатиш, Ул Зотга иймон келтиришга даъват қилиш ва фақат У Зотга сиғинишга чақириш барча илоҳий диёнатлар ва пайғамбарларнинг вазифаси бўлган.

Пайғамбарларнинг мўъжизалари.

«Мўъжиза» сўзи луғатда «ожиз қолдирувчи» деган маънони англатади, чунки бошқалар мўъжизани келтиришдан ожиз қоладилар.

Истилоҳда эса: «Аллоҳнинг изни ила пайғамбарларга уларнинг пайғамбарлигини тасдиқлаш учун берилган одатдан ташқари, бошқаларнинг қўлидан келмайдиган иш «мўъжиза»дир».

Кофирлар одатда пайғамбарларни инкор қилиш билан бирга, ўз номаъқулчиликларини хаспўшлаш мақсадида доимо турли баҳона, таклифлар қилиб, мўъжиза кўрсатишни талаб этиб туришади. Аввалги ўтган барча пайғамбарларга ҳам кофирлар худди шундай таклифлар қилишган. Аллоҳ Ўз пайғамбарларининг ҳақлигини тасдиқлаш, кофирларни ожиз қолдириш, мўминларнинг иймонларини мустаҳкамлаш учун пайғамбарларга ўз замонаси ва қавмига мос мўъжизаларни берган.

“Мукаммал саодат йўли” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жаннатга етишиш қийинми Иймони сустларга ndash ҳа, аммо, Аллоҳ таолонинг розилигига интилувчилар учун бу йўл осон.Ҳаммаси оламни англашга боғлиқ. Илмга интилувчи давоми...

7126 18:00 / 28.08.2017
У халойиқни халқ қилганидан бошлаб .Холиқ, исмини олгани йўқ. Мавжудотни пайдо қилганидан бошлаб .Бориъ, исмини олгани йўқ.Бу жумла ўтган маънога мисол тариқасида давоми...

3671 17:39 / 25.11.2019
Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони карим ва Суннат таълимотлари асосида, давоми...

6329 11:14 / 26.10.2018
Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳумдан келган хабарлар асосида қабр азобига ndash ким шунга лойиқ бўлса ndash ва унда Мункар ва давоми...

5420 15:25 / 13.04.2020