1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ёлғоннинг ҳукми

15:00 / 30.05.2019 4519 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Ибн Ҳажар ва Имом Заҳабий: «Узрсиз ёлғон гуноҳи кабирадир», деганлар.

Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ алайҳиссаломга қасддан ёлғон тўқиш куфрдир.

Қуръони каримда ёлғон ҳақида бир юз олтмиш еттита оят бор.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида:

«Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар – ўзлари ёлғончилардир», деган (105-оят).

Бу ояти каримада уқтирилишича, аслида ёлғонни фақат иймонсиз кофирларгина тўқийдилар, чунки кофирларда савоб, гуноҳ деган тушунча йўқ. Ёлғон гапирса, гуноҳ бўлишига, у дунёда азобланишига ишонч бўлмагани учун ҳам ўйламасдан ёлғон тўқийверадилар. Мўминлар эса ёлғонни катта гуноҳ деб биладилар. Ёлғон гапириш туфайли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқадилар.

Одатда одамлар ёлғонга унчалик эътибор бермайдилар. Ёлғон фақат ёлғончининг ўзигагина маънавий зарар келтиради, деб ўйлайдилар. Аслини олганда эса ёлғон йўлида учраган ҳар қандай нарсага олов пуркаб, куйдириб-ёндириб, янчиб ўтувчи аждаҳо каби ҳамма нарсага зарар етказади. Ҳатто ҳаётнинг барча соҳаларида бирин-кетин фалокатларга олиб келиши ҳам мумкин.

Шу сабабли Исломда бошқалар учун арзимас нарса ҳисобланган ёлғонга жиддий эътибор берилади, унга қарши курашилади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир гўдак болага «Мана буни ол», деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади», дейдилар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда эса Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни келтирадилар:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирганларида онам мени чақириб:

«Бери кел, бир нарса бераман», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Нима бермоқчи эдинг?» дедилар.

«Хурмо бермоқчи эдим», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Агар унга ҳеч нарса бермаганингда сенга ёлғон ёзилар эди», дедилар».

Ушбу икки ҳадиси шарифни бугунги ҳаётимизга солиштириб кўрсак, атрофимизда нималар бўлаётганини яна ҳам аниқроқ тушунамиз. Ёлғончилик туфайли бошимизга тушган мусибатлар қилмишимизга муқояса қилинганда, бу кўргуликларимиз ҳали оз эканини билиб оламиз.

Ёлғончилик барча разолатларнинг аслидир. У жамиятни парчалайди, барча ишларни бузади ва ўз эгасининг обрўсини тўкади. Одамлар ёлғончининг гапига ишонмай қўядилар ва унга бирор ишни ишониб топширмайдиган бўладилар. Ҳаётнинг ҳар қандай соҳасида – хоҳ олди-сотди муомалаларида бўлсин, хоҳ ишлаб чиқариш соҳасида бўлсин, хоҳ маиший хизмат соҳасида бўлсин, кишилар ўртасида ўзаро ишонч бўлмоғи лозим. Ёлғон эса ишончни йўққа чиқаради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ ёлғончиларни йўлдан адашганлар қаторига қўшади.

Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади:

 «Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошган, каззоб шахсни ҳидоят қилмас» ( 28-оят).

Ушбу ояти каримада каззоб шахс ҳаддидан ошган киши бўлиши таъкидланмоқда. Бундан ёлғончи одам гап-сўзида ҳаддидан ошиши келиб чиқади. Энг даҳшатлиси, ёлғончини Аллоҳ таоло ҳидоят қилмас экан.

Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ ёлғончи, кофир кимсаларни ҳидоят қилмас» (3-оят).

Ёлғончи ҳаммага ёлғон гапиради: «Аллоҳнинг шериги бор», дейди. «Фалончини рози қилсанг, Аллоҳ рози бўлади, у Аллоҳ ҳузурида сенга шафоат беради», дейди. Тавҳидга шак келтириб, Аллоҳга ширк келтиришга чақиради. Кофирлар эса Аллоҳга куфр келтирадилар.

Албатта, Аллоҳ таоло ёлғончи кимсани ҳидоят қилмайди. Аллоҳнинг ҳидояти улкан неъматдир, Аллоҳ таолонинг бандасига берадиган мукофотидир. Бу мукофотни олиш учун унга лойиқ бўлиш керак. Уни олишга рағбати борлигини билдириш керак. Яъни банданинг ўзи ҳидоятга эришиш учун интилиши лозим. Аллоҳ таоло унинг ҳаракатини тақдирлаб, Ўз фазли, карами ила ҳидоят ато этади. Аммо Аллоҳ таоло ҳақида ёлғон гапирган, яратган Холиқ шаънига номаъқул сўз айтиб турган ёлғончи қандай қилиб бу улуғ мукофотга сазовор бўлсин? Ўзининг Роббини, Унинг ягоналигини рад этиб, фақат Унга сиғиниш лозимлигини инкор этиб турган кофир қандай қилиб бу олиймақом мукофотга сазовор бўлсин?!

Қуръони Каримда ёлғончиларга қиёмат куни аламли азоблар бўлиши уқдирилади.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб, «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар зафар топмаслар. Озгина матоҳдир ва уларга аламли азоб бор», дейилади (116-117-оятлар).

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳмад ибн Абу Ҳаворийдан ривоят қилинади .Абу Сулаймон Доронийга .Бугун эрталаб тура олмадим. Бомдод намозининг икки ракъатини ҳам ўқий олмадим. Намозни ҳам давоми...

2352 08:07 / 14.05.2020
Абу Воил Салама ибн Шақиқдан ривоят қилинади .Асвад ибн Ҳилолнинг олдига кириб, .Қанийди сен ҳам, мен ҳам бу дунёдан ўтиб кетган бўлсак,, дедим. У .Жуда ёмон сўз давоми...

1635 07:12 / 09.09.2019
Савол Ҳозирда кўп аёлларимиз тижорат қилишади. Улар орасида эрининг рухсатисиз бу ишни қиладиганлар ҳам бор. Аёлларнинг ҳафталаб бошқа юртга кетишлари, давоми...

3480 08:30 / 15.11.2018
ИнтервьюТошкент Ислом институти катта ўқитувчиси, .Новза, жоме масжиди имом хатиби Жалолиддин Ҳамроқулов билан суҳбатndash Домла, янги ўқув йили арафасида турибмиз, давоми...

1627 15:09 / 23.09.2020
Аудиолар

120320 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41962 14:35 / 11.08.2021