1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Нега Ғарб аёллари исломни танлашяпти?

10:13 / 23.10.2018 4767 pdf Ўқиш режими + -

Буюк Британияда Ислом динига кираётган аёллар сони кун сайин ошиб бормоқда. Уларнинг нима учун мусулмон бўлаётганлари борасида Кей Жардин бир тадқиқот ўтказди. Таъқиб, руҳий тушкунлик ва бедорликдан азият чеккан Кимберли Мак Криндл тенгдошларининг мазах қилиб, кулишлари сабаб ўзини жамиятга бегонадек ҳис этарди. Шу боис 19 ёшли талаба қиз янги, осуда ҳаёт тарзини қидира бошлади.

Мак Криндлнинг оиласи даҳрий эди. Пенкуикадаги олий мактабда таълим олгунига қадар, ҳатто унинг диний маълумоти ҳам бўлмаган. Олий мактабда ўқиб юрган кезлари у ҳар якшанба маҳаллий черковга қатнашга одатланди. Лекин қидираётган ҳузур-ҳаловатини тополмади. Эдинбургдаги коллежга ўқишга киргач эса, бир неча мусулмон дугоналар орттирди ва улар орқали илк бор Ислом дини билан танишди. Кейинги ҳаёти ҳақида ўзи бундай ҳикоя қилади:

"Мен ҳаловат қидирдим. Ўтмишим жуда оғир кечган. Мактабда кўп қийналганман, одамлар мени бесўнақай ва бадбашара дейишарди. Шу сабаб, бахтга эришиш йўлини қидира бошладим. Ҳафтада бир марта черковга боришга ҳаракат қилардим. Лекин бу ҳаракатим фақат қизиқиш эди, холос. Мен негадир ўзимни насроний, деб ҳисобламасдим. Черковга гўё бегонадек эдим.

Масжидда эса қалб осудаликни ҳис қилади. Кунлик беш маҳал ибодат билан ўй-фикрни бир ерга жамлаб, аниқ мақсадни белгилаб оласиз. Бунда, албатта Қуръони карим йўлбошчи. Уни ўқир экансиз, руҳингизда бир енгиллик ҳис этасиз.

Мак Криндл Исломни қабул қилганига уч йил бўлди. Турмуш қургач, исмини «Тасним Солиҳ» деб ўзгартирди. У Буюк Британияда кундан-кун кўпайиб бораётган мусулмон аёллардан бири.

Аниқ маълумотлар бўлмаса-да, Исломни қабул қилаётганлар сони ошяпти, уларнинг асосий қисмини аёллар ташкил этмоқда, дейди Глазго университетининг ижтимоий антропология бўйича бош маърузачиси, Буюк Британияда Ислом муносабатлари эксперти Никол Бурк.

"Инсонлар ҳамма вақг Исломни қабул қилиб келган, – дейди у. – Мендаги маълумотларга кўра, ҳозир биргина Глазгонинг ўзида Исломни қабул қилганлар икки юз кишини ташкил этмоқда, лекин бу кўрсаткич ҳам тахминий. Аниқ рақамлар маълум эмас.

Глазгодаги Казра масжиди имоми Муҳаммад Фарогул Қадрийнинг айтишича, инсон Аллоҳга яқин бўлиши учун қалб ва онгида хотиржамликни, Ҳақ таолонинг рубубиятини ҳис қилиши жуда муҳим.

Глазго ва Эдинбургда Исломни қабул қилаётган аёлларнинг нега ҳаётларини бундай ўзгартираётганлари ўрганиб чиқилди.

Йигирма етти ёшлик Бахийя Малик (собиқ Люси Норрис) учун бу нарсани тушунтириб бериш қийин. Эдинбургда яшовчи опа-сингил Бахия, Виктория ва уларнинг акаси Ғарбий Мидэннинг кичкина қишлоқ черковида ҳар якшанба насронийликдан таълим олишарди. Ёшлари улгайгач черковга бормай қўйишди. Етти йил олдин акалари иймон келтириб, мусулмон бўлганидан сўнг, эгизак қизлар ҳам Исломни қабул қилишди.

"Балки ёшлик давримиз бунчалик бахтли ўтмагандир. Ўша пайтда бизга нимадир етишмаётганини ҳис қилардик. Лекин озгина тортинчоқлигамизни ҳисобга олмасак, оддий инсонлар қатори ҳаёт кечирганмиз", дейди Бахийя.

Ислом динини олти ой ўрганганидан сўнг Бахийя қидирган нарсасини топгандек бўлди ва Лондондаги масжидга бориб, мусулмон бўлганини эълон қилди.

"Менимча, қалбнинг ўзи Исломга интилади, – дейди у. – Буни сўз билан ифодалаш қийин. Қалб сизга бўйсунмаган ҳолда, ички интилиш Аллоҳ томонидан эканини айтаётгандек бўлади".

Мусулмон бўлаётган аёлларнинг Исломга нисбатан мавжуд нотўғри талқинлардан хабарлари бор. Улар бу фикрларнинг ёлғон эканини аллақачон тушуниб етишган.

Глазгода яшовчи Хафса Хашми бундан 24 йил аввал Исломни қабул қилган. "Бизнинг мақсадимиз дунё ҳаёти ва охират ҳаётидир. Айрим инсонлар учун бу ғалати туюлиши мумкин. Ўлар ўлим ҳақида ўйламайдилар. Ҳолбуки, Ислом динида охиратга ишонч иймоннинг асосий шартларидан бири. Солиҳ амаллар қилаётганингизни билсангиз, ҳаёт ҳам яхши ўтади», дейди у.

Мусулмонликни танлаган аёллар, шунингдек, ташқи кўринишларини ўзгартиришга мажбурлар. Шариатда белгиланганидек, аёллар камтарона кийинишлари керак. Тасним илк бор ҳижобга кирганида одамларнинг унга бошқача кўз билан қарашларидан ноқулай вазиятга тушарди. Кейин барчаси ортда қолди.

...Йигирма тўрт йил аввал Исломга кириши ғайритабиий ҳодиса туюлгани учун ўз қарорини ота-онасига айтиш Хафсага қийин бўлди. Уларга бу гап умуман тескари таъсир кўрсатди. "Менимча, онам мен турмушга чиқаётган киши сабабли мусулмонликни қабул қилган деб ўйлаган. Лекин мен тўрт йил олдин иймон келтириб, мусулмон бўлган эдим. Оила қургунимга қадар ота-онам бундан бехабар эдилар. Тўйимиз бўлиб ўтганидан кейин онам: "Агар сен бахтли бўлсанг, мен ҳам бахтиёрман", деди. Бироқ чамамда, у барибир норозидек эди. Отам эса ўз йўлимни топганимдан хурсанд бўлди. Ҳар иккисининг ўртасидаги фарқ ҳам шунда".

Бахийянинг турмуш ўртоғи Шарафиддин (Камерон) ҳам мусулмонликни яқинда қабул қилганлардан.

"Мен учун Ислом кифоя, – дейди Бахийя. – Агар сиз ҳидоят йўлини танласангиз, бошқа ҳеч нарсага эҳтиёж сезмайсиз".

Мусулмон бўлгач, Тасним узоқ йиллар қидирган бахтига эришди. "Ислом сизнинг ҳаётга муносабатингизни, хулқ-атворингизни ва фикрлаш тарзингизни тубдан ўзгартириб юборади, – дейди у. – Ҳозир мен ўзимни янада қатъиятли, бахтли ҳис қиляпман. Мен орзу қилган нарсамга эришдим..."

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Муҳтарам ватандошларХалқимиз бутун мусулмон уммати билан биргаликда катта шоду хуррамлик ила кутиб олаётган Қурбон ҳайити билан сизларни, гўзал диёримиздаги давоми...

1242 12:28 / 10.08.2019
2019 йилнинг 16 май куни Туркия Дин ишлари бошқармасининг бир гуруҳ вакиллари .Hilolnashr, матбаанашриётига ташриф буюрди.Меҳмонларни .Hilolnashr, матбаанашриёти ва Islom.uz давоми...

1519 17:00 / 16.05.2019
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровни қабул қилди. Мулоқотда диниймаърифий давоми...

1055 20:29 / 28.04.2023
Миср Миллий кутубхонаси ва Миллий архив агентлиги Лондонда сотилиши тўхтатилган Қуръони каримнинг қўлёзма нусхаси мамлакатга қайтарилганини маълум қилди. Бу давоми...

1695 14:27 / 08.01.2019
Аудиолар

120103 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41770 14:35 / 11.08.2021