1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Тавба

11:19 / 22.10.2018 5605 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи кишилар истиғфор ҳақида айтилган фикрларни нотўғри тушуниб, инсон ҳар қанча гуноҳ ишларни қилса ҳам, уларнинг кечирилиши осон экан, деган хулосага келиши мумкин. Аслида эса ундай эмас. Бу масалада оғзаки гаплар кифоя қилмайди, балки содир бўлган гуноҳга сидқидилдан надомат чекиш, уни қайта такрорламасликка азму қарор қилиб, шу қарорга амал қилиш ҳам зарур.

Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун осийликдан тавба қилиш керак. Тавба – қайтиш демакдир. «Инсон тавба қилди» дегани «хатолардан, гуноҳлардан қайтди, аввал содир этган гуноҳларига надомат (афсус) қилди» деганидир. Қуръон тавбага катта аҳамият бериб, кўпгина оятларда уни эслатиб ўтади:

ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ

 «Ким зулмидан кейин тавба этса ва ислоҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қиладир. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Моида сураси, 39-оят).

ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ

 «Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирадиганлар келсалар, «Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёздики, сиздан ким жаҳолат ила ёмонлик қилса, сўнгра ундан кейин тавба қилса ва ислоҳ қилса, бас, албатта, У ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», деб айт» (Анъом сураси, 54-оят).

Кўпинча Қуръони каримда «истиғфор» ва «тавба» сўзлари кетма-кет келган: «Парвардигорингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг» каби. Чунки тавбага ундовчи нарса истиғфордир. Шулардан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг мағфиратини сўрашда тавба изҳор қилишдан бошқа йўл йўқ. Чунки гуноҳкор киши тўғри йўлдан юз ўгирган бўлади. Модомики, у гуноҳларидан қайтмас экан, мағфират талаб қилишга имкони йўқ. Демак, истиғфор зарурий нарса бўлиб, тавба уни тўлдириб келади. Қуръон талаб қилган тавба гуноҳ содир бўлиши билан дарҳол бажарилиши керак. Вақт ўтиб, ёмонликлар газак олиб кетмаслиги лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ

 «Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қиладир. Ва Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир» (Нисо сураси, 17-оят).

Аллоҳ тавбанинг қабул бўлишига иккита шарт қўйган:

1. Ёмонликни билмаган ҳолда қилиш.

2. Тезда тавба қилиш.

Аммо ёмонликни ўзига одат қилиб олган ва ажали яқинлашганда тавба қилган кишининг тавбаси қабул бўлмайди. Бу ҳақда Нисо сурасида шундай дейилган:

ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ

 «Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда: «Энди тавба қилдим», деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз» (18-оят).

Қуръон Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун тавба билан бирга яхши ишлар ҳам қилиниши кераклигини эслатади:

ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ

«Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, солиҳ амал қилган, сўнгра ҳидоятда юрганларни кўплаб мағфират қилувчиман» (Тоҳа сураси, 82-оят).

ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ

«Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Фурқон сураси, 70-оят).

Демак, тавба муҳим ахлоқий омилдир. Кимки уни кечга сурса, инсоний фазилатлардан маҳрум бўлади. Кимки унга шошилса, ўзини ислоҳ қилган бўлади ва ёмонликни тугатишда катта кучга эга бўлади.

“Иймон” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сўнги вақтларда Аллоҳнинг марҳамати, фазлу карами билан умрага бориш осонлашиб қолгани учун минглаб юртдошларимиз ҳарамайнга бориб, зиёрат ва умра ибодатларини давоми...

2966 11:00 / 01.02.2023
Нуҳ айлайҳиссалом бир аёлнинг йиғлаётганини кўрдилар ва ундан .Нега йиғлаяпсиз,, деб сўрадилар.Аёл .Кичик ёшдаги ўғлим ўспиринлик пайтида вафот этди,, деди.Нуҳ давоми...

4317 14:00 / 09.08.2022
Ибодатларга лоқайд бўлмаслигимиз керак. Аёллар намозларини қолдирмасликлари лозим, эркаклар эса уйларида нафл намозлар ҳам ўқиб туришлари керак.Уйимизда давоми...

2182 15:00 / 29.11.2021
Ҳар бир мўминмусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири фосиқликдир..Фисқ, сўзи луғатда қобиқни тешиб чиқиш маъносини давоми...

3313 11:15 / 22.01.2019