1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Диний маърифатнинг хусусияти

18:37 / 18.10.2018 2341 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Модомики, ақл ҳис қилиш доирасидаги илм билан чегараланар экан, ўша доирадан ташқаридаги олам – ғайбий оламнинг маълумотлари ҳақидаги илмни қандай қилиб оламиз?» деган савол пайдо бўлиши турган гап.

Мусулмонлар, аввало «Агар хабар нақл қиладиган бўлсанг, у тўғри бўлсин» деган қоидани ишга солганлар. Буни ақийда илми уламолари «содиқ хабар» дейдилар.

Ақоид илмининг машҳур намояндаларидан бўлган улуғ ватандошимиз Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Ақоиди Насафия» номли китобининг муқаддимасида қуйидагиларни ёзади:

«Содиқ хабар икки турли бўлади.

Биринчиси – ёлғонга келишиб олишларини тасаввур қилиб бўлмайдиган кўп одамлар тилидан собит бўлган хабар. Бу эса зарурий илмни вожиб қилади. Бунга ўтган замонларда ва узоқ юртларда ўтган подшоҳлар ҳақидаги илм киради.

Иккинчиси – пайғамбарнинг мўъжиза билан қўллаб-қувватланган хабари. Ўз навбатида, бу нарса далилли илмни вожиб қилади. У билан собит бўлган илм ўта ишончлиликда ва собитликда зурурат ила собит бўлган илмга тенг келади».

Шунинг учун ҳам мусулмонлар ўзларига етиб келган ҳар бир хабарнинг содиқлигини текшириб кўриш учун инсоният тарихида мисли кўрилмаган дақиқ қоидаларни ишлаб чиққанлар ва уларга оғишмай амал қилганлар.

Исломда ақийда қилиб олинадиган тушунчалар Қуръони карим ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта ишончли ҳадиси шарифларидан олинади. Ҳар бир оят ва ҳадисни ўта ишончли, эътиқодли, адолатли, содиқ, хотираси кучли, тақводор одамлардан ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган даражада кўп сонли кишилар ривоят қиладилар.

Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам силсиланинг учи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади. У зот дунёдаги энг ишончли, ростгўй, адолатли, тақводор, хотиралари кучли ва барча гўзал ахлоқлар соҳиби эканликларини дўст ҳам, душман ҳам бир овоздан тан олган.

Шунингдек, у зотнинг ўта содиқ хабарларни – оят ва ҳадисларни Аллоҳ таолодан фаришта орқали қабул қилиб олаётганларига ҳам минглаб дўсту душманлар шоҳид бўлиб турганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк ҳаётларининг бирор лаҳзаси ҳам дўсту душманнинг эътиборидан четда қолмаган. У зотнинг инсониятга қилган буюк хизматларини дўсту душман тан олган. Шунинг учун ҳам у зотдан нақл қилинган хабарларда заррача шак ёки шубҳа бўлиши мумкин эмас.

Ислом дини ва унинг пайғамбарини Аллоҳ таолонинг Ўзи юборганини ва Қуръони каримни ҳам Ўзи нозил қилганини ҳозирги замон илми аста-секин тасдиқлаб келмоқда. Энг муҳими, ҳозирги замон илми қанчалар уринса ҳам, Ислом ақийдасида келган собит ҳақиқатларнинг бирортасини инкор этиб, унинг ўрнига бошқани тақдим қила олгани йўқ.

Ҳозирги замон илми Қуръони карим ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келган ҳақиқатларни кун сайин кетма-кет тасдиқламоқда.

Ҳозирда Маккаи Мукаррамадаги Робитатул Оламил Исломий ташкилоти қошида Қуръони карим ва Суннати набавиядаги илмий мўъжизалар муассасаси ишлаб турибди. Унда ҳозирги замон илмининг ояти карималар ва ҳадисларда келган маълумотларни тасдиқлаб қилган кашфиётлари жамланмоқда. Турли илмий муассасаларга уларда келган баъзи ҳақиқатларни текшириб кўриш ҳақида буюртмалар ҳам берилмоқда.

“Мукаммал саодат йўли” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир жон ўлимни татувчидир. Сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз.Бу дунёда ўлмайдиган жон йўқ. Шоҳ ҳам, гадо ҳам, давоми...

5420 20:01 / 14.03.2018
951. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у зот.Роҳат топган ва ундан давоми...

5481 17:55 / 13.07.2017
Пайғамбар алайҳиссаломларнинг оддий кишилардан ажраб турадиган бирданбир сифатлари маъсумликларидир. Яъни, маъсият қилиш, шаҳватларга берилиш, мурувватга футур давоми...

4133 17:18 / 14.02.2022
Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг қадарини белгилаб қўйган бўлса, касбнинг нима кераги бор, дейдиганлар ҳам учраб туради. Аллоҳ таолога таваккул қиладиган бўлсак, ҳеч давоми...

5456 19:28 / 27.07.2017
Аудиолар

120099 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41767 14:35 / 11.08.2021