Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (3-дарс) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошланган илк ваҳий

13:02 / 18.10.2018 6462 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

5. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошланган илк ваҳий уйқудаги солиҳ тушдир. У зот бирор туш кўрсалар, тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келмай қолмас эди. Сўнгра у зотга холи қолиш маҳбуб қилинди. Ҳиро ғорида холи қолиб, аҳллари олдига тушмай бир неча кеча «таҳаннус», яъни ибодат қилар эдилар. Бунинг учун озуқа ғамлаб олар эдилар. Сўнгра, Хадийжанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага озуқа ғамлаб олар эдилар. Ниҳоят, у зотга Ҳиро ғорида эканларида ҳақ келди. Фаришта келиб: «Ўқи!» деди. «Мен ўқигувчи эмасман», дедилар. (У зот) айтдилар: «Шунда мени тутди ва қисиб, қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб: «Ўқи!» деди. «Мен ўқигувчи эмасман», дедим. Сўнг мени иккинчи марта тутди ва қисиб, қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб: «Ўқи!» деди. «Мен ўқигувчи эмасман», дедим. Сўнг мени учинчи марта тутди ва қисиб, қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб: «Яратган Роббинг номи билан ўқи! У инсонни «алақ»дан яратди. Ўқи! Роббинг энг карамлидир» деди».

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалблари ларзага тушган ҳолда улар (оятлар) билан Хадийжа бинт Хувайлид олдига қайтдилар-да: «Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар!» дедилар. У зотни қўрқинчлари кетгунча ўраб қўйишди. Кейин у зот Хадийжага хабар бериб: «Ўзимдан хавотирланиб қолдим», дедилар. Шунда Хадийжа: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни асло шарманда қилмайди. Чунки сиз силаи раҳм қиласиз, оғирни енгил қиласиз, йўқсилларни қўллайсиз, меҳмонга меҳмоннавозлик кўрсатасиз, ҳақ йўлда бошга тушган кулфатларда ёрдам берасиз», деди. Сўнгра Хадийжа у зот билан отланиб, амакиваччаси Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззонинг олдига бошлаб борди. У жоҳилият даврида насронийликни қабул қилган киши эди. Иброний ёзувида ёза олар, Инжилдан Аллоҳ хоҳлаганича ибронийча ёзарди. У кўзи ожиз бўлиб қолган катта ёшли қария эди. Хадийжа унга: «Эй амакиваччам! Биродарингизнинг ўғлига қулоқ солинг!» деди. Варақа у зотга: «Эй биродаримнинг ўғли, нимани кўряпсан?» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кўрганларини айтиб бердилар. Варақа у зотга: «Бу Аллоҳ Мусога туширган Номусдир (яъни Жаброилдир). Қанийди қавминг сени ҳайдаб чиқарганида тирик бўлсам! Қанийди ўшанда навқирон бўлсам!» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар мени ҳайдаб чиқаришадими?» дедилар. «Ҳа, сен олиб келган нарсани келтирган киши борки, унга албатта душманлик қилинган. Ўша кунингга етсам, сенга катта ёрдам бераман», деди. Кўп ўтмай, Варақа вафот этди ва ваҳий бир муддат узилиб қолди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

 6. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш сўзловчи эмас ва фаҳшни қилувчи ҳам эмас эдилар. У зот: «Сизларнинг энг яхшиларингиз ахлоқи яхшиларингиздир», дер эдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

7. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қили-нади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳшчи ҳам, лаънатчи ҳам, сўкувчи ҳам эмасдилар. Итоб қилсалар: «Унга нима бўлди? Пешонасига тупроқ», дер эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

* * *

8. Абу Абдуллоҳ Жадалийдан ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида сўрадим. Шунда у: «У зот фаҳш сўзловчи ҳам, фаҳш қилувчи ҳам ва бозорларда шовқин солувчи ҳам эмасдилар. У зот ёмонликка ёмонлик қайтармас, балки афв қилиб, кечирар эдилар», деди».

Термизий ривоят қилган.

9. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч кимни: аёлни ҳам, ходимни ҳам қўл билан урмаганлар. Фақат Аллоҳнинг йўлидагина урганлар. У зотга бирор нарса ет-ган бўлса, унинг соҳибидан интиқом олмаганлар. Фақат Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар поймол қилинсагина, Аллоҳ азза ва жалла учунгина интиқом олганлар. У зотга икки иш таклиф қилинса ва улардан бири бошқасидан енгилроқ бўлса, агар гуноҳ бўлмаса, албатта, енгилини ихтиёр қилар эдилар. Агар гуноҳ бўлса, ундан энг узоқдаги одам бўлар эдилар».

Аҳмад, Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

10. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришга изн сўради. Шунда у зот: «Унга изн беринглар. У ўз уруғининг қандай ҳам ёмон кишиси ёки уруғининг қандай ҳам ёмон ўғли», дедилар. У кирганда эса, унга мулойим гап айтдилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, олдин айтган гапингизни айтдингизу, кейин унга мулойим гапирдингиз?» дедим. «Ҳой Оиша, одамларнинг ёмони одамлар унинг фаҳшидан қўрқиб тарк қилганларидир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Оламларга раҳмат пайғамбар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
774. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши бировни мақтади. Шунда у зот бир неча марта .Ҳолингга давоми...

1646 00:00 / 22.10.2022
530. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бир нарсага қасам ичсаю, сўнгида .иншааллоҳ, деса, батаҳқиқ, давоми...

2455 17:00 / 25.06.2021
.Хушуъ, деб, аъзоларнинг сукунатда ва қалбнинг Аллоҳ билан бўлишига айтилади.Намозни гўзал қилиб адо этиш эса фарз, вожиб, суннат каби одобларини ўрнига давоми...

2477 13:00 / 15.11.2020
11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг аччиқларини ҳам кўтарардилар ва уларни юпатардилар.Бир гал Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

3539 19:53 / 28.04.2017
Аудиолар

120096 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар