Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (2-дарс) Абу Ҳанифа ва у кишининг мазҳаби 

17:20 / 11.10.2018 7691 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Мусулмонлар оммасига Имоми Аъзам номи ила машҳур бўлган бу зот ҳақида кўплаб мақолалар ва китоблар ёзилган. Биз эса у кишининг улуғ ҳаётлари билан қисқача танишиб чиқамиз. Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит Куфа шаҳрида ҳижрий саксонинчи санада таваллуд топдилар.

У киши Аҳли сунна вал жамоа фиқҳ мазҳаби бошлиқлари ичида энг аввал туғилганларидир. Ёшликларидан таҳсили илм қилдилар, бир вақтнинг ўзида касб ҳам қилар эдилар. Ипак сотар эдилар. Талаби илмни тугатишлари билан дарс ва фатво беришни бошладилар. У кишида илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар ҳам мужассам эди.

У кишининг шахсий фазилатлари ҳақида алоҳида китоблар ёзилган. Диний фаолиятда фақат илмнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки илм билан бирга тақво ва Аллоҳ таолога доимий боғлиқлик бўлиши зарур. Бу нарсалар имом Абу Ҳанифада олий даражада эди. У кишини дафн этишдан олдин ювган ғассол Ҳасан ибн Амора ювишни тамомлаб бўлиб, кафанлаб қўйилган жасадларига қараб:

«Аллоҳ сизни раҳмат қилсин, мағфират айласин. Ўттиз йилдан бери рўзасиз юрмадингиз. Қирқ йил кечаси ёнбошингиз кўрпа кўрмади. Сиздан кейин келганларни чарчатдингиз. Қориларни шарманда қилдингиз», деган экан.

Маълумки, ўша вақтда ҳокимлар доимо тақводор ва ўзига ишончи бор уламолардан ҳадиксираб юришар, уламоларни нима қилиб бўлса ҳам тузоқларига илинтириш ёки йўқ қилиш пайидан бўлишарди. Шундай ҳолат имом Абу Ҳанифанинг ҳаётларида ҳам бўлган. У кишининг халқ ўртасидаги обрўларидан қўрққан Язид ибн Умар ибн Ҳубайра Куфага қози қилмоқчи бўлди. Абу Ҳанифа бош тортдилар. Шунда у кишини қамаб қўйиб, ҳар куни ўн қамчидан уришга амр бўлди. Аммо азоб ҳам имом Абу Ҳанифани ўз фикрларидан қайтара олмади.

Халифа Жаъфар Мансур Бағдодни қураётиб, Абу Ҳанифани Куфадан олдириб келди. Имом Абу Ҳанифа шаҳарнинг режасини тузиш ва уни қуришда қатнашдилар. Аммо халифа қозиликни таклиф қилганда, бош тортдилар. Орада яна дўқ-пўписа, тортишишлар бўлди.

Имом Абу Ҳанифа ҳаётини ўрганган тарихчиларнинг айтишларича, у киши халифа Мансурнинг: «Агар қози бўлмасанг, Фурот дарёсига оқизиб юбораман», деган дўқларига: «Дарёда оқишни афзал кўраман. Билиб қўй, мен бу ишни эплай олмайман», деганлар.

Шунда халифа Имомга: «Ёлғон айтяпсан», деган. Имом Абу Ҳанифа дарҳол: «Сен ёлғончини қози қилишга қандай рози бўляпан?» деганлар.

Ҳокимият саройи билан Имоми Аъзам ўрталаридаги келишмовчиликлар кейин ҳам давом этди. Ҳокимиятнинг ёллаб олган олимлари хатога йўл қўйсалар, у киши аёвсиз фош қилар, шу билан бирга, оддий кишилар, бечораларни доимо ҳимоя қилар эдилар. Имоми Аъзам ҳижрий 150 санада вафот этдилар.

Бу буюк имомнинг асл исмларини кўпчилик билмайди ҳам. Аммо ҳамма Имоми Аъзам, яъни «улуғ имом», «катта имом» деб атайди. Ҳақиқатан ҳам у киши бунга сазовор зотдирлар. «Зар қадрини заргар билади» деганларидек, у кишининг қадрларини ҳам уламолар, имомлар биладилар.

Имоми Аъзам ҳақида бошқа мазҳаб соҳиби – имом Шофеъий: «Одамлар фиқҳда Абу Ҳанифанинг боқимандаларидир», деганлар.

Бошқа бир мазҳаб соҳиби имом Моликдан одамлар: «Абу Ҳанифани кўрганмисиз?» деб сўрашганда, «Ҳа, агар ушбу устунни тилла демоқчи бўлса, ҳужжат топа оладиган одамлигини кўрдим», деб жавоб берган эканлар.

Машҳур имом Абдуллоҳ ибн Муборак:

«Фиқҳда энг кучли одам Абу Ҳанифадир. Унга ўхшашини кўрмадим», деганлар.

Улкан илм соҳиби бўлмиш имом Абу Ҳанифа ўз мазҳабларини бино қилишда Қуръони Карим, суннати набавия, ижмоъ, қиёс ҳамда саҳобаларнинг қавлларига суяндилар. Ҳукмларни чиқаришда қиёс ва истеҳсонга бошқалардан кўра кўпроқ мурожаат қилдилар.

Уламолар бу ҳақда у кишининг ўз сўзларини иқтибос қилиб келтирадилар: «Мен ҳукмни аввало Аллоҳнинг Китобидан оламан, ундан топмасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан оламан. Агар ҳам Аллоҳнинг Китобида, ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида топа олмасам, саҳобаларнинг гапидан бошқаникини олмайман. Гап Иброҳим, Шаъбий, Ибн Сийрин ва Ибн Мусайябга етганда, ўзим уларга ўхшаб ижтиҳод қиламан», деганлар.

«Мевали дарахтга тош отилади» деганларидек, исломий фиқҳнинг душманлари унинг энг кўзга кўринган арбоби имом Абу Ҳанифани нишонга олганлар. У кишини айблаш орқали фиқҳ илмига футур етказишга ҳаракат қилганлар. Баъзи вақтларда ҳатто Абу Ҳанифанинг тарафдорлари ҳам билмасдан у киши ҳақларида номақбул нарсаларни айтиб юрганлар.

Имоми Аъзамга қилинган таъналардан каттаси у кишини «ҳадис илмида қолоқ» деб айблашдир. Душманлар: «Абу Ҳанифа ўн еттита ҳадис ривоят қилган, холос», дейишади. Бу ботил гап бўлиб, у киши ёлғиз ўзлари ривоят қилган ҳадисларнинг сони икки юз ўн бешта бўлиб, бошқалар билан шерикликда ривоят қилган ҳадислари эса жуда ҳам кўпдир. У кишининг «Муснад» номли китобидаги намоз бобининг ўзида бир юз саккизта ҳадис келтирилган.

Абул Муайяд Муҳаммад ибн Маҳмуд Хоразмий Абу Ҳанифанинг муснадларини жамлаб, бир китоб шаклига келтирган. Ҳажми катта – 800 саҳифача келадиган бу китоб ҳижрий 1326 санада Мисрда чоп этилган.

Баъзилар: «Абу Ҳанифа қиёсни заиф ҳадисдан устун қўяди», дейишган. Лекин аслини олганда, ундай эмас экан. Уламолар бу масалани ҳам ўрганиб чиқишган ва Имоми Аъзам заиф ҳадисни қиёсдан устун қўяди, деган хулосага келганлар. Бунга мисоллар ҳам келтирганлар: намозда қаҳқаҳа билан кулса, таҳорат кетиши ҳақидаги ҳадис заиф бўлса ҳам, Абу Ҳанифа уни қиёсдан устун қўйиб, қабул қилганлар.

Имом Абу Ҳанифанинг ўзлари бу ҳақда: «Аллоҳга қасамки, ким бизни «қиёсни нассдан (яъни: ҳадисдан) устун қўяди» деса, ёлғон айтибди ва бизга туҳмат қилибди. Насс бўлгандан кейин, қиёсга ҳожат қолармиди?!» дейдилар.

Имоми Аъзам ўз мазҳабларида доимо мусулмонларга енгиллик бўлишининг тарафдори сифатида ижтиҳод қилганлар.

Кези келганда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман.

 Ҳамма, ҳатто Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мухлислари ҳам у кишини раъй, яъни фикрий фиқҳнинг асосчиси дейишади ва ҳадисни кўп ишлатган имомларга муқобил қўйишади. Яъни гўёки бошқа имомлар ҳукмни ҳадисдан чиқаришган-у, Имоми Аъзам эса фикрларидан чиқарганлар. Менимча, бу хато фикр. Бунга Имоми Аъзам яшаган шароит ва бошқа омиллар сабаб бўлган бўлса керак.

Мисол учун, имом Молик умуман бошқа шароитда яшаб, ижод қилганлар. У киши Мадинаи Мунавварада, ҳадис илмининг марказида яшаганлар. Шунинг учунми, ҳар бир фиқҳий масалани айтганларида, унга қўшиб ҳадисдан унинг далилини ҳам келтирганлар.

Имом Моликнинг «Муваттоъ» китобларида ҳадис ва ривоятлар фиқҳий боблар асосида жамланган.

Имоми Аъзам ўзлари ажам бўлганлар, асосан арабмас халқлар билан яшаганлар, эҳтимол, яна бошқа омиллар бўлгандирки, у киши фиқҳий ҳукмни айтиб, ўз сўзлари билан ифода қилганлар-у, ортидан унга далил бўлган ҳадисни зикр қилмаганлар.

Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларни мутолаа қилган ҳар бир киши буни дарҳол тушуниб етади. Аммо Али Қорининг «Мухтасари Виқоя» китобига ёзган шарҳини ўқиган одам ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир гапнинг оят ва ҳадисдан далили борли-гига ишонч ҳосил қилади.

Ҳозирги кунимизда покистонлик уламолардан аллома Зафар Аҳмад Усмоний ўзларининг устозлари улуғ олим, самоҳатли шайх Ашраф Али Таҳонавийнинг кўрсатмалари ила «Эълоус-Сунан» номли йигирма бир жилдли китобни йигирма йил давомида ёзиб тугатдилар. Бу китоб улкан меҳнат самараси ўлароқ, ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий масалалар ҳадислар асосида ечилганини исбот қилибгина қолмай, ҳадисдан фойдаланишда бошқа мазҳаблардан устун эканини ҳам исбот қилди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига тил теккизаётганлар аввало мазкур икки китобни ўқиб, сўнгра гап бошласалар, яхши бўларди.

Аллоҳ таоло ўтган уламоларимизнинг барчасини, жумладан, Имоми Аъзамни раҳмат айласин. Қолганларни тўғри йўлга бошлаб, Ўзи адаштирмасин.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Намоз Исломнинг иккинчи рукни, ибодатларнинг онаси, тоатларнинг асоси, гуноҳларни ювувчи, ёмонликларни қайтарувчидир. 2. Намоз калимаи шаҳодатдан кейинги энг давоми...

2704 14:00 / 13.05.2021
бешинчи мақола . Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга мусофир бўлган давоми...

2713 13:00 / 21.01.2021
. Ибн Абу Шайба, Таҳовий ва Насоий қилган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар.Қачонки жаноза ўтиб кетишидан қўрқсанг ва таҳоратинг давоми...

2616 13:00 / 03.12.2020
Бунда қайси намознинг қай вақтда ўқилиши, беш вақт фарз намозларнинг ҳар бирининг аввалги ва охирги вақтлари, қай вақтда намоз ўқиш жоиз эмас, қай вақтда макруҳ давоми...

3531 13:30 / 20.05.2021