1440 йил 13 жумадис сони | 2019 йил 18 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Суннат

«Суннат» нима?

10:48 / 11.09.2018 454 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Суннат» сўзи араб тилида «тариқат», яъни «маънавий йўл» деган маънони англатади. «Фалончининг суннати» дегани «унинг ҳаётий йўли» демакдир. Шундан келиб чиқиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, деганда у зотнинг тариқатлари, йўллари тушунилади.

Суннат муҳаддислар истилоҳида қуйидагича таърифланади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар «суннат» дейилади».

Ўз-ўзидан маълумки, Суннат – Ислом ва мусулмонлар учун ғоятда муҳим манба. Чунки у Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом, яъни Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал динини ўз ҳаётларида тўлиқ татбиқ қилиб кўрсатган муборак зотнинг гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари мажмуасидан иборатдир.

Қуръони Каримнинг тафсирини ҳам ўша Суннатдан ўрганамиз. Чунки Қуръоннинг биринчи ва бош тафсирчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Қуръони Карим бош дастур сифатида умумий ҳолда амр қилган ишларнинг тафсилотини ҳам Суннатдан топамиз. Мисол учун, Аллоҳ таоло Қуръонда намоз ўқишга амр қилган. Лекин ўша намозни қандай ўқишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам батафсил айтиб, кўрсатиб берганлар. Шу жумладан, Қуръони каримда закот бериш фарз қилинган, қайси турдаги молдан, қанча миқдорда ва қай тарзда закот бериш эса Суннати мутоҳҳарада тушунтириб берилган.

Яна кўплаб умумий йўналиш ва қоидалар Қуръонда зикр этилиб, ўша асосда шариатнинг бир мунча ҳукмлари Суннат ила собит бўлган. Демак, Суннат Ислом шариатида Қуръони каримдан кейинги иккинчи манба ҳисобланади.

Суннат-ҳадис, яъни ҳадиси қудсий эса маъноси Аллоҳдан, лафзи Пайғамбардан бўлган ваҳийдир. Дин-диёнат, шариат ва бошқа маъноларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз шахсий фикрларини эмас, Аллоҳнинг ваҳийсини ўз иборалари билан тақдим этганлар. Аллоҳ таоло у зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида:

«У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) юбориладиган ваҳий, холос», деган (Нажм сураси, 3–4-оятлар).

Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дин, диёнат, шариат хусусида айтган ҳар битта гаплари Аллоҳнинг ваҳийсидир. У зот ўз ҳавойи нафсларидан гапирмаслар. Ана шундан ҳам кўриниб турибдики, Суннат шариатимизнинг иккинчи манбасидир.

Соғлом ақл ҳам Суннат Қуръондан кейинги иккинчи масдар эканлигини тасдиқ қилади. Аллоҳ таоло Ўзи танлаб олиб, пайғамбар қилган зотнинг Суннати иккинчи масдар бўлмай, кимники бўлиши мумкин? Албатта, ҳар бир соғлом фикр эгаси бу саволга фақатгина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларигина Ислом шариатига иккинчи манба бўла олади, деб жавоб беради.

Исломнинг илк кунидан бошлаб, мўмин-мусулмонлар каттаю кичик ҳар бир нарсани ўз Пайғамбарларидан ўргана бошладилар. Улар у зотдан илоҳий дастур бўлган Қуръони карим оятларидан тортиб, то оддий таҳорат қилишгача бўлган ҳамма нарсаларни аста-секин қабул қилиб олар эдилар. Шунинг учун ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг бирор лаҳзаси ҳам саҳобаи киромларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди.

Чунки у зотнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, шахсий мисол, ҳикмат, насиҳат ва кўрсатма сифатида қабул қилинарди. Инсоният тарихида ҳаёти энг  тўкис, очиқчасига, оммавий равишда ва кўпчилик томонидан ўрганилган яккаю ягона шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зоти бобаракотнинг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари ҳам бутун икир-чикирлари билан тўлалигича ўрганилиб, ривоят қилингандир.

Чунки Ислом дини мукаммал дин бўлганлигидан ва инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олганлигидан буларнинг ҳамма-сида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлишини тақозо этарди. Бошқача айтганда, у зот Қуръонни ўз ҳаётларига татбиқ қилиб, одамларга кўрсатишлари керак эди. Амалда шундай бўлди ҳам.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

«Иймон» китобидан


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Видеолар

1 20:30 / 16 февраль

225 14:11 / 15 февраль
Аудиолар

8989 11:58 / 10.10.2018
Топ рейтинг www.uz Openstat