Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (1-дарс). Ақийда нима?

14:55 / 14.08.2018 19901 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ақийда» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг жами (кўплик шакли) «ақоид» бўлади. Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир.

Қачонки маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис-туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда, ақийдага айланган бўлади. Демак, ақийда илмга асосланган бўлиши лозим.

Ақоид илмининг таърифи

Уламоларимиз ақоид илмини турлича таъриф қилганлар. Баъзи мисолларни келтирамиз.

«Фалсафатут тавҳид ав ашрафул мақосид» номли китобнинг соҳиблари Аҳмад Ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Валалий ал-Микносий: «У яқийний – ўта ишончли далиллардан диний ақийдаларни касб қиладиган илмдир», дейди.

«Мавоқиф» китобининг соҳиби Абдурроҳман Аҳмад Абдулғаффор ал-Ийжий: «У ҳужжатлар келтириш, шубҳаларни рад этиш йўли билан диний ақийдаларни исбот қилишга қодир бўладиган илмдир», дейди.

Имом Ғаззолий ўзларининг машҳур «Иҳёу Улумид дин» номли китобларида: «Ақоид тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илмдир», деганлар.

Аш-Шариф ал-Журжоний ўзининг «Ал-Мавоқиф»га қилинган шарҳида: «Калом бир илмдирки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади», деган.

Муҳаммад Абдуҳ ўзининг «Рисолатут Тавҳид» китобида: «Ақоид бир илмки, унда Аллоҳнинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У Зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида баҳс юритилади», дейди.

Таърифларнинг энг жамловчиси, энг осони, энг шомили ва энг қисқаси аллома Али Қорининг «Ал-Фиқҳул Акбар»га қилинган шарҳининг такмиласида, 146-саҳифада зикр қилинган таърифидир:

«У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади».

Биз эса ушбу таърифлар бир-бирини тўлдириб келади ва яна баъзи камчиликлар қолади, деймиз.

Ақоид илмининг мақсади

Бу илмнинг мақсади – динга бўлган ишончни, диний ақийдаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва улар тўғрисидаги шубҳаларни рад қилишдир.

Кишини ақийдада тақлидчи бўлишдан далил келтириш ва ишончли бўлиш чўққисига кўтаришдир. Тўғри йўлни изловчиларга очиқ-ойдин ҳақни баён қилиш билан йўл кўрсатиш, аксинча, бўйин товловчиларга эса далил ва ҳужжатларни исбот этиш. Дин асосларини аҳли ботилнинг шубҳаларидан ва адаштиришларидан муҳофаза қилиш.

Бу илмнинг асосий мақсади эса барча шаръий илмлар каби, икки дунё саодатини ҳосил қилишдир.

Ақоид илмининг мавзуси

Бу илмнинг мавзусига келсак, зарурат юзасидан, ўз-ўзидан излаб топиб ёки далил ахтариб эътиқод қилиш лозим бўлган ишлардир. Ақоид илмида ўша ишларнинг барчаси ҳақида баҳс юритилади. Бу кўпчилик учун сир эмас.

Ақоид илмининг турли номлари

Бу илм ўз тарихида бир неча номлар билан аталган. Улардан баъзилари билан танишиб чиқайлик.

1. «Ал-Фиқҳул Акбар».

Бу илмнинг энг қадимги номларидан бири «Ал-Фиқҳул Акбар»дир. Ушбу номни берган киши Имоми Аъзам – Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳидирлар (ҳижрий 150 санада вафот этган). У киши ақоид бўйича бир китоб имло қилиб, уни «Ал-Фиқҳул Акбар» деб номлаганлар. Бу илмнинг мазкур ном билан аталишига сабаб шуки, ақоид фиқҳ ва унинг турларининг асосидир.*

*Аслида «фиқҳ» сўзи бир нарсани нозик-нозик жойларигача аниқ ва тўлиқ фаҳмлашни англатади.

Намоз, рўза, олди-сотди, турли муомалалар каби амалий шаръий ҳукмларни аниқ ва тўлиқ ўрганувчи илм «фиқҳ» деб аталади.

Шаръий ақийдавий аҳкомларни аниқ ва тўлиқ ўрганувчи илм эса «Ал-Фиқҳул Акбар» – «катта фиқҳ» деб аталади. Чунки шу илм билинмаса, уни тушуниб етилмаса, қилинган амаллар ҳам муроддагидек бўлмайди. Шунинг учун ҳам амалий фиқҳ – кичик фиқҳ, ақийдавий фиқҳ – катта фиқҳ ҳисобланади.

2. «Илмул Калом».

Бу мазкур илмнинг энг машҳур номидир. Бу ном ўзидан олдинги ном – «Ал-Фиқҳул Акбар» номи билан бир асрда, яъни ҳижрий иккинчи асрда зоҳир бўлган кўринади. Чунки бу ном имом Абу Ҳанифадан ва имом Моликдан (ҳижрий 179 санада вафот этган), имом Шофеъийдан (ҳижрий 204 санада вафот этган) ва бошқалардан ривоят қилинган. Улар ўз ижтиҳодларида илми калом ва мутакаллимларга тегишли ҳукмлар ҳақида баҳс юритганлар («Ишоратул Мақом» 28-29-бетлар).

Эътиқодий баҳсларнинг энг машҳури, баҳс қилувчилар ўртасида энг кўп низоларга сабаб бўлгани, ихтилофлар келтириб чиқаргани Аллоҳнинг каломи ҳақидаги масала бўлгани учун бу илм шундай номланган.

3. «Илми Усулид-дин».

Яъни Ислом шариати ва диндан олинган эътиқодий ҳукмлар ҳақида баҳс қилувчи илм. Бу илм асл бўлиб, бошқа диний илмлар унга эргашади.

Бу ном ҳам ҳижрий иккинчи асрда чиққан. У Аллоҳ таолонинг «Унинг асли собитдир, фаръи (шохи) эса осмондир» оятига асосланиб, шаръий ҳукмлар аслларга ва фаръларга тақсимланганидан кейин келиб чиққан (Иброҳим сураси, 24-оят).

Бу исмни биринчи бўлиб ишлатган шахс имом Абул Ҳасан Ашъарийдирлар. У киши ўз китобларини «Ал-Ибона фил усулид-дияна» деб номлаганлар.

Кейин эса Абдул Қодир Бағдодий Ашъарий (ҳижрий 429 санада вафот этган) «Усулуд-дин» китобини  ундан олдин эса Лолкоий (ҳижрий 418 санада вафот этган) «Усулус-сунна» китобини ёзган.

Шундан кейин ушбу ном машҳур бўлиб кетган. Ақоид масалалари диннинг асли бўлгани учун бу илмнинг фақат номига эмас, ўзига ҳам катта эътибор берилган.

Мусулмонлар ўртасида «Усулуд-дин»ни ўрганиш катта аҳамиятга эга бўлган. «Усулуд-дин»ни билмаган одамнинг ибодати ҳам дуруст бўлмаслиги ҳаммага уқтирилган.

«Усулуд-дин» илми билан шуғулланувчи олимлар катта обрўга эга бўлганлар. Ҳозирги пайтда мусулмонлар оммаси ичида «Усулуд-дин» истилоҳи кенг тарзда ишлатилмайди. Унинг ўрнига «ақоид» сўзи ишлатилади. Аммо исломий ўқув юртларидаги ақоид масалаларини ўргатувчи куллиялар «Усулуд-дин куллияси» деб номланади.

4. «Илмул Ақоид».

Бу ном ўзидан олдинги номлардан кейинроқ, ҳижрий тўртинчи асрда пайдо бўлган. Ақоид фалсафа билан, нақлий ақийдалар ақлийлари билан аралашиб кетганидан кейин, салафи солиҳнинг холис ақийдасини кейингиларнинг фалсафа аралашган, ақлий таъвилларга қоришган ақийдасидан ажратиш учун ушбу номни ишлатишга ҳожат тушган.

Имом Таҳовий ҳам ўз рисоласини «ал-Ақийда» деб номлаган, кейин одамлар «ат-Таҳовия» сўзини қўшганлар, шундай қилиб, «Ал-Ақийдатут-Таҳовия» бўлиб қолган.

Ибн Таймия ҳам ўзининг ақийда бўйича рисоласини «ал-Ақийда ал-Восития» деб номлаган ва ҳоказо.

5. «Илмут-Тавҳид вас-сифот».

Бу номни ҳижрий тўққизинчи аср ва ундан бироз олдинги қадимий манбаларда учратамиз. Аллома Тафтазоний ўзининг «Ал-Ақоид ан-Насафия»га ёзган шарҳи муқаддимасида, «Ат-Тавзийҳ» китобига ёзган «Ал-Талвийҳ» номли ҳошиясида ушбу номни ишлатган.

Тафтазоний бу номни ишлатишининг сабабини баён қилиб:

«Сифат ҳақидаги баҳслар илми каломнинг энг машҳур баҳсларидан бири бўлгани учун ҳамда ўша илоҳий сифатлар ичида тавҳиднинг аҳамияти зўр бўлгани учун, ушбу «Илмут-тавҳид вас-сифот» номи ишлатилиши маъқул», дейдилар.

6. «Илмут-Тавҳид».

Ҳақиқатан, тавҳид фақат илоҳий сифатлардан бири бўлибгина қолмай, балки барча сифатларни жамловчи Аллоҳ таолога лойиқ бўлган ва Аллоҳнинг зотида ундан ўзгага лойиқ бўлмаган ҳамма нарсаларни баён қилувчи нарсадир. У – Ислом миллатининг шиоридир. Ислом у билан танилгандир ва бошқа динлардан имтиёзли бўлгандир.

Зарурий ақийдаларнинг бу ном билан аталиши Аллоҳнинг ваҳдонияти унинг баҳсларининг унвони, энг машҳури ва энг шарафлиси бўлгани учундир.

Бу исм ҳижрий ўнинчи асрдан кейин кенг тарқалди. Мисол учун, шайх Муҳаммад Абдуҳ «Рисолатут-тавҳид»ни таълиф қилди. Машҳур тафсирчи Қосимий «Далоилут-тавҳид»ни ёзди.

7. «Илмун-назар вал-истидлол».

Буни Тафтазоний ўзининг «Ал-Ақоид ан-Насафия» китобига ёзган шарҳи муқаддимасида зикр қилган.

«Назар» – нарсалар ҳақида фикр қилишдир. Яъни зеҳндаги маълум ишларни талаб қилинган мажҳул нарсага етишиш учун тартибга солишдир.

«Истидлол» – бир нарсани исбот ёки йўқ қилиш учун далил излашдир. Мутааххирийн калом уламоларининг кўп баҳслари назарий, ақлий, жадалий ва қаноат ҳосил қилиш учун бўлиб, фақат назар ва истидлолдан кейингина идрок қилиш мумкин бўлгани сабабли бу илмни «Илмун-назар вал Истидлол» деб номлаганлар.

Ақоид номларининг энг муносиби

Мазкур номларнинг усулуд-дин илмига энг яқини ва муносиби, матнларга мувофиғи, замон жиҳатидан энг қадимгиси, Ислом ақийдаларига энг равшан далолат қилувчиси «Ал-Фиқҳул Акбар» номидир.

Доктор Ҳасан Маҳмуд Шофеъий «Ал-Мадхал ила диросати Илмул Калом» китобида шуларни ёзади:

«Агар ҳозирда бу илм учун бирор номни ривожлантириш имконимиз бўлганида, «Ал-Фиқҳул Акбар» деб номланишини таклиф қилган бўлар эдик. Бунинг сабаби қуйидагича:

1. Бу ном Қуръоний асосга эга бўлган қадимий ном бўлиб, «Илмул Калом» номидан келиб чиқадиган турли туҳмат ва танқидлардан холидир.

2. Бу ном мазкур илмнинг шаръий исломий илмлар билан боғланишини ва ана шу илмлар орасидаги обрўсини ҳам ифода этади.

Таърифлар ва номлар ҳақидаги маълумотлар «Ал-Мадхал ила диросати Илмул Калом» китобидан қисқартириб олинди.

Амалда эса «ақоид» истилоҳи урф бўлиб қолди.

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўптўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экинтикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. давоми...

12584 20:06 / 13.11.2017
Аллоҳ таоло .Албатта, тақводорлар жаннатлар ва чашмалардадир. Уларга тинчлик, омонлик ила киринглар,, дейилур. Уларнинг дилларидаги ғиллиғиштларни чиқариб давоми...

5363 21:51 / 01.12.2016
Имом Ғаззолийгача фалсафа Исломга қарши ҳужум қилар ва мусулмон уламолар ҳимояланиш билан кифояланар эдилар. Худди Ислом айбдору, илми калом уламолари унинг давоми...

4268 13:35 / 09.09.2019
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида айтади .Сен .Ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин,, дегин, 29оят.Яъни .Эй одамлар, давоми...

3654 13:30 / 15.04.2019
Аудиолар

120118 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41783 14:35 / 11.08.2021