1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Фазилатли имом, муҳаддис, шайх Муҳаммад Аввома (қисқача таржимаи ҳол ва илмий фаолияти)

12:57 / 19.09.2018 4544 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Муҳаммад Аввома 1940 йилда Суриянинг Ҳалаб шаҳрида таваллуд топган. 1953 йилдан шайх Муҳаммад Салқинийнинг дарсларида иштирок эта бошлаган. Айни пайтда шайх Абдуллоҳ Сирожуддиндан, 1958 йилда шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғуддадан ҳам дарс ола бошлаган.

1962 йили университетнинг шариат факультетига ўқишга кирган. Шу йилдан 1980 йилгача Шабания мадрасасида, шунингдек, Равза университетида дарс берган. 1959 йилдан Мисрда икки буюк олим – марокашлик ака-ука Аҳмад ва Абдуллоҳ Ғумарийлардан, шайх Абдулваҳҳоб Абдуллатифдан ҳамда шайх Муҳаммад Абу Заҳрадан илм олган.

Шайх Муҳаммад Аввома 1980 йилда Мадинаи Мунавварага кўчиб ўтиб, Мадина Ислом университетида дарс берди, университет қошида Академик тадқиқотлар марказига асос солди. Шайх ушбу марказда «Итҳафул маҳаро» китобини таҳқиқ қилишни бошлади. Кейинчалик бу марказ «Сийрат ва суннатга хизмат қилиш маркази» деган ном остида танилди. Шунингдек, шайх Аввома 1986 йили Дорул Қибла билан ҳамкорликда марказ қошида яна бир муассаса – Ислом меросининг ўрганиш бўлимини ташкил қилди.

Шайх Аввома баракали ижод қилди, кўплаб китоблар ёзди, қатор машҳур асарларни таҳқиқ қилди. Жумладан, олимнинг «Асарул-ҳадисиш-шариф фий ихтилафил-аимматул-фуқаҳо», «Адабул ихтилаф фий масаилил-илми вад-дийн» асарлари машҳур бўлди. Шайх Аввома ўзи туғилиб-ўсган Ҳалаб шаҳрида исломий таълимни тиклаш йўлида кўп хизматлар қилди.

Йирик олим, шайх Муҳаммад Саид Тантовий шайх Аввома ҳақларида шундай дейди: «Таҳқиқда ундан кучлироқ бирон одамни билмайман».

Шайх Муҳаммад Аввома қуйидаги асарларни ҳам таҳқиқ қилган:

Умар ибн Абддулазиз Бағдодийнинг «Муснад»и. Шайх ҳадис ровийларининг тўлиқ занжирини келтириб ўтиб, ҳар бир ровийга қисқача таъриф, изоҳлар бериб чиққан.

Самъонийнинг «Ал-Ансоб» асари. Шайх ушбу асарнинг маълум қисмини таҳрир қилган.

Ҳофиз Ибн Ҳожарнинг аллома Абдуллоҳ Басрий ва унинг шогирди Майрғаний шарҳи билан қилинган «Тақрийбут Таҳзийб» асари.

Заҳабийнинг «Кошиф» асари. Шайх ушбу асарга катта ҳажмли муқаддима ёзганлар.

«Мажолис ибн Носируддин Димашқий мин сиҳоҳи аҳодийсил қудсия» асари. Бу китоб 100 та ҳадиси қудсий ва уларга ёзилган қисқа шарҳлар тўпламидир.

«Мухтасар мин Фароизин-нуқул вал ахбар». Толиби илмлар учун ибратли ҳикоя ва ривоятлар тўплами.

Саҳовийнинг «Қовлул Бадиъ фис-солатил ҳабибиш-Шаафий» асари.

Абу Довуднинг «Сунан»и. Устоз Аввома ушбу асарни таҳқиқ қилиб, Ибн Ҳожарнинг нусхасини ушбу асарнинг бошқа еттита қўлёзмаси билан таққослаган.

Имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадия» асарига Бажурийнинг шарҳи.

Ибн Абу Шайбанинг «Мусаннаф» асари. Олим ушбу асарни чуқур таҳқиқ қилганлар, бир нечта бошқа нусхалар билан қиёслаганлар ва ровийлар силсиласини келтириб ўтган. Шайх Аввоама ушбу асар устида 16 йил изланиш олиб бориб, 28 жилдан иборат туркум шаклида чоп қилган.

Шунингдек, шайх «Насбур-роя» асаридаги ҳадисларни бошқа бар неча қўлёзмалар билан қиёслаб, уларнинг босмасидаги 1000 дан ортиқ хатоликларни топиб, тузатган. Айни пайтда шайх ўзининг асарларига ҳам талабчанлик билан ёндашиб, уларнинг ҳар бир кейинги нашри учун матнни тўлдириб бориб, қайта ишлаб, қайта таҳрир остида чоп этади, таҳқиқ қилинаётган асарларнинг фақат асли билан иш кўришга ҳаракат қилади. Шу тариқа, кўп йиллик илмий ишлар давомида шайх жуда катта қўлёзмалар хазинасига эга бўлган. Шайх Аввома қатор асарларга ажойиб ва мукаммал муқаддималар битиш иқтидорлари билан ҳам машҳурдир.

Фазилатли шайх, муҳаддис, муҳаққиқ Муҳаммад Аввома ҳақида замондош уламолар берган таърифларидан айримларини келтириб ўтсак.

Доктор Муҳаммад Абдуҳ Яманий: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳ менинг сўзларимнинг эшитиб, сўнг бошқаларга худди мендан эшитгандек етказган одамнинг юзини ёрлақасин, нурли қилсин» деган дуоларига мувофиқ, иншааллоҳ, бу инсоннинг (шайх Аввоманинг) юзидан нур таралиб туради. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кучли муҳаббати билан танилган кўплаб инсонларнинг юрти бўлмиш Ҳалабдандир. Биз Ибн Абу Шайбанинг «Мусаннаф»ининг ўрганган, таҳқиқ қилган инсон билан бирга эканимиздан мамнунмиз. Эндиликда шайхнинг меҳнатлари туфайли бугунги толиби илмлар осонлик билан, жарҳ ва таъдилни билмай туриб ҳам бу асарни ўрганиши мумкин. Ана шундай катта меҳнат ҳам, уни амалга оширган инсон ҳам эҳтиромга лойиқдир. Муаллифга ушбу хайрли ишни тамомлаб, якунига етказишга муваффақ қилгани учун Аллоҳга ҳамд айтамиз».

Доктор Абдулваҳҳоб Абу Сулаймон, Саудия Арабистони уламолар ҳайъати аъзоси: «Аллоҳ ҳар бир асрда ўз амаллари билан солиҳ салафларга монанд инсонларни етказиб туради. Улар Исломни ҳақиқий, тўғри тушунишга интиладилар. Шулардан бири, шубҳасиз, Исломни тарғиб қилиш истагидан, бу заминга муҳаббати кучлилигидан Мадинаи Мунаввврада истиқомат қилаётган шайх Муҳаммад Аввомадир. Мен у кишининг кўп асарларини мутолааа қилганман, лекин энг кўп таъсирланганим – «Софҳат фий адабир-рай, адабул-ихтилаф фий масоилил-илм» асаридир. Бу асарни ўқиган заҳоти унинг муаллифи билан учрашиш ҳаракатига тушдим. Учрашиб, у зотдаги гўзал аҳлоқ ва тақводан янада кўпроқ таъсирландим. Аллоҳнинг марҳамати билан ҳижрий 1428 санада Мадина кутубхонасида у зотдан ижоза олиш насиб этди. Шайх Аввома умматнинг маёғи, нурли чироқларидан биридир, биз у зот билан фахрлансак арзийди. Бу инсон биз учун ажойиб ўрнакдир. Шайх фиқҳ ва ҳадис борасида чуқур билимларни жамлаган, бировга озор етказмайдиган, покиза хулқ соҳибидирлар».

Доктор Усома Абдурраззоқ Рифоий, шариат суди қозиси (Ливан): «Шайхнинг ҳаётдаги тарбиявий йўналишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўридир» деган ҳадисларига мувофиқ келади. Бу инсон амаллар илмга мувофиқ бўлишини, ўрганилган билимлар асосида амал қилиш лозимлигини ўргатади. Шайхнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мухаббатлари шу қадар кучлики, бу мухаббат у кишининг атрофларидаги инсонларга ҳам беихтиёр «юқиб» қоладиБу хокисор, камтар инсон барчага ибратдир. Бу самимий инсоннинг ўз шогирдларига меҳр-муҳаббати, эҳтироми жуда кучли».

Манба: darulfikr.ru

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .У киши ансорийлардан бир аёлни куёвникига тушириб олиб бордилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй Оиша, давоми...

1469 19:02 / 01.10.2021
Олим, кашфиётчи, шоир, табиб, математик, астроном, кимёгар Аббос ибн Фирнас 810 йилда Андалусиянинг Рунда шаҳрида таваллуд топди. У Андалусиядаги умавий ҳокимлардан давоми...

2000 09:00 / 07.10.2021
Мелодий 1867 йили Ҳиндистоннинг Девбанд шаҳарчасида диний ўқув муассасаси ndash олий мадрасага асос солинади. У .Дор алулум, номи остида бугунги кунгача мингминглаб давоми...

2662 19:30 / 04.06.2021
20 асрда яшаб, фолият юритган Наманганлик машҳур уламо Мулла Абдусаттор махдум 1891 йили Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси ҳозирги Янгиобод маҳалласида Абдураҳмон давоми...

1707 14:00 / 22.03.2022
Аудиолар

118754 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

6971 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40712 14:35 / 11.08.2021