1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Умар ал-Форуқ розияллоҳу анҳунинг ваъз насиҳатлари (1-қисм)

10:28 / 09.06.2018 5364 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ал-Форуқ розияллоҳу анҳунинг сийратлари ва фазилатлари ҳақида кўп жилдли китоблар ёзилган. У кишидан ривоят қилинган ваъз-насиҳатларини ўрганишга киришишдан олдин у кишининг ҳаёт йўлларини мухтасар ҳолда баён қиламиз.

У кишининг тўлиқ исмлари Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ал-Адавий ал-Қурашийдир. У кишининг насаблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Каъб ибн Луъайда бирлашади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кучли ва шиддатли бўлганликлари учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига Абу Ҳафс (Шернинг отаси) деган куня берганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга яна «Форуқ» – «ҳақ ила ботилни ажратувчи» деган лақабни ҳам берганлар.

Бизнинг диёрларда у киши Умари Одил, ҳазрати Умар номи ила машҳурдирлар. 

Умар розияллоҳу анҳу нубувватнинг бешинчи ёки олтинчи йилида ўттиз уч ёшларида (яна бир ривоятда эса йигирма олти ёшларида) мусулмон бўлганлар.

У зот Исломга киришлари билан Ислом қувватланди. У зот ошкора ҳижрат қилдилар.[1] Бадр, Уҳуд ва бошқа ғазотларда қатнашдилар. У зот амирул мўминин деб аталган биринчи халифа эдилар. У кишининг ташаббуслари билан мусулмонлар илк бор ҳижрий йил ҳисобини олиб боришни бошлашди. У киши биринчи бўлиб таровеҳ намозида жамоатни бир қори ортига жамладилар. У киши халқнинг ҳақиқий аҳволини билиш учун раҳбар бўла туриб кўчаларни айланиб, тунги назоратлар қилар эдилар.

У кишининг даврларида кўпгина диёрлар фатҳ қилиниб, хирож жорий қилинди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шаҳарлар қурган, қозилик мансабини жорий қилган, девон тузиб, унинг ишини йўлга қўйган ва саҳобаларга маош тайинлаган биринчи раҳбардир. У зот охирги ҳажларида мўминларнинг оналари бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари билан бирга ҳаж қилганлар. 

Ҳазрати Умар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг васиятлари ҳамда саҳобаларнинг ижмоси билан халифалик вазифасини ўз зиммаларига олдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўн учинчи ҳижрий сана жумадул охир ойининг йигирма иккинчи куни душанба кечаси вафот этгач, эртаси куни сешанба тонгидан Умар розияллоҳу анҳу халифалик вазифасига киришдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўн йил халифалик қилдилар. Умар розияллоҳу анҳу имом бўлиб бомдод намозини ўқиб бераётганларида форслик мажусий Абу Луълуа белига тақиб олган ханжар билан у кишини пичоқлади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу жароҳатдан сўнг уч кун яшадилар. Бу машъум ҳодиса ҳижрий йигирма учинчи сана зулҳижжа ойининг охирида содир бўлди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан жуда кўп ваъз-насиҳатлар ривоят қилинган бўлиб, улардан баъзиларини қуйида тақдим қиламиз.

Мисвар ибн Махрамадан ривоят қилинади:

«Тонг ёришган пайтда Ибн Аббос иккимиз Умарнинг олдига кириб, «Эй амирул мўминин, намоз вақти бўлди», дедик. Шунда Умар: «Тўғри, намозни тарк этган кишининг Исломдан насибаси йўқ», дедилар-да, туриб, жароҳатларидан қон оқиб турган ҳолда намозни адо қилдилар».

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг фоний дунё билан видолашиб, охиратга юзланаётган пайтларида, жончиқар ҳолатларида айтган бу насиҳатлари имомимиз ва Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дунёдан кетар пайтлари айтган ушбу васиятларини эслатади: «Намозга эҳтиёт бўлинглар, намозга маҳкам бўлинглар. Қўл остингиздагиларга меҳрибон бўлинглар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим билан олишиб ётган чоғларида, бир ҳушёр, бир беҳуш бўлиб ётган пайтларида фақат бир нарсани сўрардилар: «Одамлар намозни адо қилишдими?». Яна ҳушдан кетиб, бироздан сўнг ўзларига келсалар, яна «Одамлар намозни адо қилишдими?» деб сўрардилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам ўлим олдидан худди шу тарзда намоз ҳақида сўз ва амалда насиҳат қилиб, «Тўғри, намозни тарк этган кишининг Исломдан насибаси йўқ» дедилар. Амалдаги насиҳатлари эса жароҳатларидан қон оқиб турган бўлса ҳам намозни ўз вақтида адо қилиш билан бўлди.

Ҳазрати Умарнинг ҳаётларидаги ушбу сўнгги лавҳа намозларини турли сабаб ва баҳоналар билан қазо қиладиган ёки, Аллоҳ асрасин, умуман намоз ўқимайдиганларга қаратилган кучли танбеҳ ва ибратдир. Дарҳақиқат, диннинг устуни бўлган намозни тарк қилиш мумкинми?

Умар ал-Форуқ розияллоҳу анҳу: «Раҳбар бўлишдан олдин илм ўрганинглар», деганлар. 

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтган бу буюк насиҳатни имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Саҳиҳ»ларида таълиқ ҳолда ривоят қилиб, қуйидагича қўшимча ҳам қилганлар: «Раҳбар бўлгандан кейин ҳам (илм олинглар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари илм олишни бошлаганида кўпчилигининг ёшлари ўтиб қолган эди».

Мансабдорлик кишини илм олишдан тўсиб қўяр экан деган хулоса келиб чиқмаслиги учун имом Бухорий «Раҳбар бўлгандан кейин ҳам» деб зиёда қилдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу раҳбарлик илмдан тўсиб қўйиши мумкинлигини назарда тутганлар, чунки кибр ва ғурур раҳбарни толиби илм билан бир сафда туришга қўймаслиги мумкин.

Имом Шофеъий: «Ёш йигит раҳбар бўлса, кўп илмдан бебаҳра қолади», деганлар.

Абу Убайд раҳимаҳуллоҳ Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзларини шарҳ қилиб, шундай дедилар: «Раҳбарлик мансабларига кўтарилмасдан олдин илм олинглар. Раҳбарлик пайтида даражаси ўзингиздан пастроқлардан илм олишга ғурурингиз йўл қўймай, жоҳил қолиб кетишингиз мумкин». 

Умар ал-Форуқ розияллоҳу анҳу бу насиҳатлари билан баъзи кишиларнинг кўнглидаги иллатларга ишора қилганлар. Ушбу ишоралар баёни сифатида юқорида уламолардан шарҳлар келтирдик. Яна бир тоифа инсонлар борки улар ҳеч қандай раҳбарлик лавозимида ёки шуҳрат чўққисида бўлмаса ҳам илм олишдан тўсилиб қолишган. Уларни илм олишдан тўсган ягона нарса фақатгина ёши катталиги учун ғурури йўл қўймаслигидир. 

Имом Бухорий айтганларидек саҳобаларнинг илм олишида инсоният учун гўзал ўрнак бор. Инсоннинг қадрини туширадиган ва жоҳилликнинг энг тубидан саналадиган ҳолатлардан бири бу-киши ўзининг жоҳиллигига рози бўлиб динидаги ҳар бир мусулмон билиши керак бўлган нарсаларни ҳам билмаслиги, ўрганмаслиги ва ҳаттоки қизиқиб сўрамаслигидир. 

Жамиятда тез-тез учраб турадиган, қалбни оғритадиган ҳодисалардан яна бири Қуръонни қироат қилишда жуда қўпол хатоларга йўл қўя туриб ёши фарзандининг ёшига тенг бўлган қорининг олдига бориб дарс олишга уларни ғуруригина йўл бермаслигидир. 

Ал-Форуқ розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Шошилмаслик ҳар бир ишда яхшиликка олиб боради, лекин охират ишида эмас». 

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу ҳикматли сўзни баъзи кишилар хато англаган тушунчани тўғрилаш учун айтганлар, араблар шошқалоқликни ҳар қандай кўринишини мазаммат қилишар, шошқалоқликни надоматлар онаси деб ҳам аташарди. Бу ҳақда арабларда кўплаб ҳикматли сўзлар айтилган, машҳур шеърлар ҳам ёзилган. Лекин, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтганларидек, бу тушунча охират ишига тааллуқли эмас. Аксинча, охират ишига шошилиш мақтовга лойиқ ва матлуб ишдир. Инсон зоти ўзининг умри қачон поёнига етишини билмагани сабабли охират ишига шошилиши лозим. Ибодат қилишга ва яхшиликларни кўпайтиришга фурсат топилганда сусткашлик қилиш ярамайди, бундай қилиш маломат қилинади. Аллоҳ таоло кўпгина оятларда бандаларига فَاسْتَبِقُواْ الْخَيْرَاتِ «Яхшиликларга шошилинг» деб буюради (Бақара сураси, 148-оят).

Уламолар наздида тавба қилишда, қарзни тўлашда, меҳмонни икром қилишда, маййитни жанозага тайёрлашда шошилмаслик макруҳдир. Мана шу ишларда шошилиш ва уларни шариатга мувофиқ қилиш дин тарғиб қилган амаллардандир.

Шунингдек, мусулмон киши ўзини ҳисоб-китоб қилишга ҳам шошилиши лозим. Охиратдан умиди бор банда ўзини ҳисоб-китоб қилишни пайсалга солмаслиги керак. 

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шундай деганлар: 

«Эй одамлар! Ҳисоб қилинишдан олдин ўзингизни ҳисоб қилинг, амаллар тарозига қўйилишдан олдин нафсингизни тарозига қўйинг! Бугун нафсингизни ҳисоб қилишингиз эртага (қиёматда) ҳисобингизни енгиллаштиради. Ўзингизни катта ҳисоб-китоб Кунига ҳозирланг! Аллоҳга рўпара бўладиган кунда бирор нарсангиз махфий қолмайдиган, кўрикдан ўтадиган кунингизга ҳозирлик кўринг!» 

Қанчадан-қанча одамлар Аллоҳнинг буйруқларига дангасалик қилгани учун охиратда жуда кўп афсусланишади. Уларнинг ҳасратланиши Қуръони Каримнинг бир неча жойларида баён қилинган: 

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ ۝وَأَنِيبُوا إِلَى رَبِّكُمْ وَأَسْلِمُوا لَهُ مِن قَبْلِ أَن يَأْتِيَكُمُ الْعَذَابُ ثُمَّ لَا تُنصَرُونَ ۝أَن تَقُولَ نَفْسٌ يَا حَسْرَتَى علَى مَا فَرَّطتُ فِي جَنبِ اللَّهِ وَإِن كُنتُ لَمِنَ السَّاخِرِينَ ۝أَوْ تَقُولَ لَوْ أَنَّ اللَّهَ هَدَانِي لَكُنتُ مِنَ الْمُتَّقِينَ ۝أَوْ تَقُولَ حِينَ تَرَى الْعَذَابَ لَوْ أَنَّ لِي كَرَّةً فَأَكُونَ مِنَ الْمُحْسِنِينَ ۝

«Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилади. У Зот мағфиратлидир, раҳмлидир. Сизга азоб келишидан олдин Роббингизга қайтинг ва Унга мусулмон бўлинг. Кейин сизга ёрдам берилмас. Сизга ўзингиз сезмаган ҳолда, тўсатдан азоб келиб қолишидан олдин, ҳар бир жон «Аллоҳ ҳақида йўл қўйган камчиликларим учун надомат бўлсин. Ҳақиқатда ҳам, масхара қилувчилардан бўлган эдим», демасидан олдин, ёки «Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида, албатта тақводорлардан бўлар эдим», демасидан олдин, ёки азобни кўрган чоғида: «Агар менга яна бир марта ортга (дунёга) қайтиш бўлганида, яхшилик қилувчилардан бўлар эдим», демасидан олдин Роббингиздан сизга нозил қилинган энг гўзал нарсага эргашинг» (Зумар сураси, 53-58-оятлар)

Ал-Форуқ розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Ўзим яхши кўрадиган ҳолатда тонг оттираманми ёки ёмон кўрадиган ҳолатдами, бунга парво қилмайман. Чунки яхшилик мен яхши кўрадиган нарсадами ёки мен ёмон кўрадиган нарсадами, билмайман».

Субҳаналлоҳ! Қандай пурмаъно насиҳат! Ҳозирги кунда уммат бу ҳикматга нақадар ташна! Ҳар биримиз бу ваъзни яхшилаб ўрганиб, шундай мақомда ҳаёт гузаронлик қиладиган қалбни тарбиялашга муҳтожмиз.

Ҳар биримизнинг ёки жамиятимизнинг бошига турли мусибатлар тушиб туради. Биз бу мусибатларнинг зоҳирида ёмонликни кўрамиз. Лекин кўпинча бунинг замирида яхшилик борлиги маълум бўлади. Бу мусибатларда Аллоҳ таолонинг ушбу оятининг тасдиғини кўрамиз:

وَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئًا وَهُوَ خَيْرٌ لَّكُمْ وَعَسَى أَن تُحِبُّواْ شَيْئًا وَهُوَ شَرٌّ لَّكُمْ وَاللّهُ يَعْلَمُ وَأَنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ ۝

«...Ажаб эмаски, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса ва ажаб эмаски, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз эса билмассиз» (Бақара сураси, 216-оят)

فَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا ۝

«...Ажаб эмаски, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни пайдо қилса» (Нисо сураси, 19-оят).

Икки ҳафта олдин бир ака-ука билан учрашгандим. Улар яқинда бошларига тушиши кутилаётган мусибат ҳақида гапириб беришди. Аллоҳга қасамки, юқоридаги икки оят ҳамда ҳазрати Умарнинг ҳикматли сўзларига ўхшаш бир сўз билан тасалли беришдан бошқа чора топа олмадим. Бироз муддатдан сўнг кутилаётган мусибат содир бўлгач, уларнинг бири келиб, «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таолонинг «...Ажаб эмаски, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса» оятини тадаббур билан тиловат қилиб, фикр юритгач, роҳат ва хотиржамликни топдим»,  деди. 

Сўнгги пайтларда бу дунё ҳаётини заҳарлайдиган, хотиржамликни бузадиган ва қалбни жароҳатлайдиган ташвишлар кўпайиб боряпти. Аммо Қуръон, ҳадис ва саҳобаларнинг ваъз-насиҳатлари қиёмат кунигача бу жароҳатларни даволайдиган малҳам бўлиб, шундайлигича боқий қолади.

[1] Қурайш кофирлари ҳижрат қилмоқчи бўлган саҳобаларга қарши чиқиб, уларнинг йўлларини тўсишарди. Шунинг учун улар яширинчи ҳижрат қилишарди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу эса ҳижрат қилаётганларида: «Ким мен билан тўқнашмоқчи бўлса, водийнинг нариги томонида кутаман» деб эълон қилдилар. Умар розияллоҳу анҳунинг йўлини тўсишга ҳеч ким журъат қила олмасди.


«Маваъизус-саҳоба» 

Доктор Умар ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Муқбил

Таржимон: Амруллоҳ Форсий

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бундай деганлар Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклар томон қарадилар, давоми...

3744 12:07 / 25.11.2018
700. Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилинади .Яҳудийлардан бир киши Умар розияллоҳу анҳуга .Эй мўминларнинг амири, Китобларингизда бир оят бор. Уни қироат қиласизлар. давоми...

3559 19:00 / 15.04.2022
Қабасотун мин ҳаётирРасулrdquo 15.ЖЎМАРДЛИК.Ва агар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, уларни ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ давоми...

4664 20:41 / 19.05.2017
164. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Ҳунайн кунида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимлашда баъзи одамларни бошқалардан устун давоми...

4430 14:10 / 22.03.2019
Аудиолар

118718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар