1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Исмоил қори Исмоил ўғли

02:05 / 05.06.2018 5998 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Исмоил қори Исмоил ўғлининг уйларига ташриф буюрдик.


Исмоил қори Исмоил ўғли

ТАҚДИМ

Исмоил қори Исмоил ўғли 1911 йили Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги Қатортерак маҳалласида туғилган. Отаси Исмоил сўфи даврининг билимдон, тақволи кишиларидан бўлгани учун ўғлига ўз исмига уйқаш қилиб Исмоғил деб исм қўйган эди, аммо ўша пайтдаги “саводхон” котибларнинг бепарволиги орқасида унинг исми ҳам Исмоил бўлиб кетган. Исмоил қори тўққиз ёшида Қуръони каримнинг ярмига яқинини ёдлаб бўлгач, бошқа қорилар қатори Рамазон ойида хатмга ўтказилади. Ўн бир ёшида эса Қуръонни тўла ёд олиб, мураттаб қори бўлди. Ўттиз ёшга етганида бир воқеа сабаб бўлиб, қорилик олимликнинг дастлабки босқичи эканини тушунган Исмоил қори ўша пайтда Тошкентни ватан тутган доғистонлик Сирожиддин Алиловдан (Лазгин домладан) сабоқ ола бошлайди. Қаттиқ тиришиб ўқиганидан бир йил ўтмаёқ ўзи ҳам бошқаларга сабоқ бериш даражасига етади. У умри давомида юзлаб ёшларга Қуръон таълимини берди, исломий илмлар бўйича кўплаб шогирдлар етиштирди. Касб қилиб, шунинг орқасидан тирикчилик ўтказар, ниҳоятда парҳезкор, ҳоксор ва гўзал хулқли инсон эди. 1991 йили саксон ёшида Тошкентда вафот этди.

 

Исмоил (Исмоғил) болалигиданоқ Қуръонга ошиқ бўлди, отасига “Менга ҳам Қуръонни ўргатинг” деб бир неча бор илтимос қилди. Зеҳни ўткир, хотираси кучли бўлган болакай тезда арабий ҳарфларни таниб, оятларни ҳижжалаб ўқийдиган бўлди. Шу тариқа тўққиз ёшида Аллоҳнинг Китобидан ўн уч порани ёд олди. “Исмоилнинг ўғли қори бўлибди” деб, Рамазон ойида хатмга ўтаётган қорилар сафига қўшиб қўйишди. Ўн бир ёшида Қуръони каримни тўлиқ ҳифз қилиб, қори бўлди. Исмоил сўфи ўғлининг гўзал қироатидан завқланиб кетган ҳолларида “Бобокалонларимиз ҳам улуғ қорилар бўлишган, сен эса ана шу шарафли силсиланинг давомчисисан”, деб ўғлини руҳлантирар, бунинг учун илоҳий Каломни хотирага мустаҳкам ўрнаштиришни тинмай тайинларди.


Исмоил қори ўн олти ёшга кирганида отаси вафот этиб, рўзғорнинг бутун ташвиши унинг елкасига тушди. Замон оғир, кун кечириш машаққатлиги туфайли одамларда илм олиш ортга сурилиб, ҳамма нон топиш ташвишига тушиб қолган кезлар эди. Етим қолган икки жигари ва онасининг нафақаси зиммасига юкланиб қолганига қарамай, Исмоил Қуръондан ва масжиддан ажралмади. Устга шогирд сифатида уйлар қурди, уйланиб-оила қурди, ташвишлари ортди, аммо қўлидан Мусҳафни қўймади.

Ҳаёт шу тариқа бир маромда ўтиб борарди. Ёши ўттизга етганида бир воқеа сабаб бўлиб, у олган илми ҳали етарли эмаслигини тушуниб қолди. Бир куни унинг қироатини тинлаган бир отахон ҳозиргина ўқилган оятларнинг маъносини сўраб қолди. Қори ўзи билганича жавоб қайтарган бўлди, аммо бундан ўзининг ҳам кўнгли тўлмади. У бекорга хижолатга тушмаган экан, ўша қария: “Қори болам, қўлингизга чиройли узук тақибсизу, аммо унинг кўзи йўқ экан-ку!” деб чиройли лутф қилди. Қори гапнинг нималигини тушунди. Отахон мажоз билан Қуръонни узукка, маъноларини унинг кўзига ўхшатган экан. Гўёки у бу гапи билан “Аллоҳнинг фазли билан яхши қори бўлибсан, лекин оятларнинг маъносини тушунмасанг, фақат лафзга маҳлиёлигингча қоласан, барча ҳикмат уни англашда, тушунишда, ҳаётга татбиқ этишда!” дегандай бўлди. Исмоил буни олдинроқ тушуниб етмаганига анча ўкинди.

“Қорилик олимликнинг дастлабки бир босқичи экан, Қуръон оятларининг маъносини тушунмас экансан, борлиқнинг моҳиятини, Аллоҳнинг буюк яратувчилик қудратини, мўминликнинг асл вазифаларини англаб етишинг қийин бўлади, энди илмнинг янги довонларига тирмашиш эҳтиёжи туғилди” деб ўйлади у. У қатъият ва тиришиш билан исломий билимларни ўрганишга қасд қилди. Тақдир тақозоси билан Қофқоздан келиб қолган, Тошкентнинг Чорсусида устахона очган Лазгин домла (Сирожиддин Алилов) ҳузурига ошиқди. Ундан Қуръон маъноларини ўргатишни, бунга керакли илмлардан сабоқ беришни сўради. Қаттиқ тиришиб, фидойилик ва ихлос билан таълим олганидан бир йилга етар-етмас устозидан оқ фотиҳа олиб, ўзи ҳам бошқаларга сабоқ беришни бошлаб юборди. Ўшанда Тошкентда Исмоил исмли тўрт машҳур қори бўлган экан, қаҳрамонимиз “Олмазорлик Исмоил қори” номи билан танила бошлади.

Исмоил қори бутун ҳаётини ҳалол касб билан, қўл меҳнати билан тирикчилик ўтказди. Етарли билимга эга бўлса-да, масжидларга имомликка қилинган таклифларни бирдай рад этарди, диний идорадан иш бермоқчи бўлишганида эса одоб билан бундан бош тортди, устачилигидан қолмади. Аммо хонадонига илм истаб, Қуръон саводини чиқаришни сўраб келганлардан марҳаматини дариғ тутмас, ноумид қайтармас эди. Тақволи ва парҳезкор бўлганидан мол-ҳол қилиб, тадбир билан рўзғор юритар, керакли егуликларни томорқасида етиштирарди. У илмини тирикчилик воситаси қилиб олмади, болаларига ҳам илм ва касбу ҳунар ўргатиб, шу йўл билан ҳаёт кечиришни тинмай уқтирарди. Фарзандлари ҳам ота изидан бориб, дин хизматига камарбаста инсонлар бўлиб етишди. Катта ўғли навқирон йигиь ёшида вафот этган бўлса, кейинги ўғли Абдуғани мураттаб қори бўлди. Кўп йиллар мусулмонлар идорасида масжидлар ва фатво бўлимини бошқарди, ҳозирда масжидлардан бирида имомлик қиляпти.

Исмоил қори ҳамиша Қуръон билан яшади, ундан бир нафас ҳам айрилмади, Каломуллоҳ қироатисиз ўтган кунига мотам тутди. У кишининг ўзи: “Қанча одам билан тилда суҳбатлашмай, дилим билан Қуръонни такрорлаб туравераман”, дер эди. Суҳбат асносида унинг оғзидан туйқусдан Қуръон жумлалари чиқиб кетар, шундай ҳолларда у ўзини ноқулай сезиб, суҳбатдошларига узрхонлик ҳам қиларди. Оталарининг бирор дамни Қуръонсиз ўтказмасликка одатланганлари ҳақида ўғиллари Абдуғани қори шундай ҳикоя қилади: “Талабалик пайтим эди, кечқурун шундай деб қолдилар: “Эртага мени автобусга ўтқазиб юбор, Жиззахга бориб келмоқчиман”. Тонгда уйғониб, болохонага қарасам, чироқ ёниқ: “Намоз ўқиётган бўлсалар керак” деб ўйладим. Бироздан кейин чиқиб, салом берсам, бошларини қимирлатиб алик олган бўлдилар. Пастга тушиб, машинага ўтирдик. “Машинада олиб борақолай, автобусда қийналиб юрасизми?” десам, инкор маъносида бош чайқадилар. Соат еттиларда автобусга ўтириб, жўнаб кетдилар. Пешиндан ўтиб ўқишдан қайтганимда суриштирсам, отам ҳали сафардан қайтмабдилар. Ярим соатдан кейин эшик қўнғироғи уч бор жиринглашидан билдимки, адам келган эдилар. Эшикни очиб, ҳол сўрадим: “Яхши бориб келдингизми?”. Аммо бир сўз айтмай тўғри болохонага чиқиб кетдилар. Орадан бироз ўтгач, болохонадан “чой!” деган овозлари эшитилди. Чойни кўтариб кириб, “Яхши бориб-келдингизми?” деб сўрадим. “Алҳамдулиллаҳ. Бомдод намозидан сўнг Қуръон хатмини бошлаган эдим, ҳозиргина тугатдим. Сан билан машинада борганимда шунча вақт гап-сўзлар билан ўтиб кетарди, ўқишдан ҳам қолар эдинг”, дедилар. Отам шу куни саккиз соат ичида Қуръони каримни тўла хатм қилишга улгурган эканлар”.

Шогирдларидан Султонмурод ҳожи Холмуродов шундай ҳикоя қилади: “1990 йили Исмоил қори акам Тошкентдан келиб, Самарқанддаги масжидимизда ўн кун хатмга ўтиб бердилар. Кетаётган кунлари масжиднинг уч-тўрт фаоллари олдида олдимга бир қанча пул қўйдилар. “Қавм кўпайиб, масжид хонақоҳи торлик қилиб қолибди. Орқа томонида озгина жой бор экан, шу ерга бинони чўзиб, яна бир хонақоҳ қурса бўларкан. Шунга пулни ишлатарсизлар”, дедилар. Шундай қилиб, Самарқанд шаҳридаги Хожа Абуддарун жомеъ масжиди хонақоҳи кенгайди, янги қўшилган жой Исмоил қори даданинг маблағига тикланди. 1991 йил баҳорида илк таровеҳ намозини шу ерда ўқидик. Ўшанда ҳам қори ака ўн кун ёнимизда бўлиб, ваъз-иршодлари билан қавмимизни кўп хурсанд қилдилар”.

Исмоил қори кунлари охирлаб бораётганини сезган эканлар шекилли, ўшанда Тошкентга қайтаётиб, “Самарқанд билан энди абадга хайрлашиб кетяпман”, деб шогирдлари билан хайрлашдилар. Кўп ўтмай бетобланиб қолдилар. Шогирдлари Султонмурод ҳар жума куни устознинг зиёратларига келарди. Охирги жумада борганида “Иним Султонмурод, бу сафар жума намозини Самарқандда ўқинг-да, душанба куни Тошкентга келинг”, деди. Шогирд ваъдалашилган куни келиб, устознинг жанозасида қатнашишига тўғри келди.

Аҳмад МУҲАММАД

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммадхон махдум Мулла Рустам домла ўғли 1900 йилда Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси собиқ Тельман кўчасида зиёли оилада дунёга келди. Отаси мулла Рустам домла давоми...

1889 17:00 / 14.03.2022
Ўша пайтларда Учқўрғонда 13 та гузар, 13 та масжид, 2 та мадраса ва 1 та аёллар мадрасаси ҳамда 1 та хонақоҳ фаолият кўрсатган экан.Маълумотларга кўра, Ҳожимат эшоннинг давоми...

1878 17:00 / 17.11.2021
5402. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У киши ўғлига.Эй ўғилчам То ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, ўзингни четлаб ўтган давоми...

4736 14:43 / 04.05.2017
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ ибн Можа Робиий алҚазвиний ҳижратнинг 209 йили Ироқ шаҳарларидан бири ndash Қазвинда таваллуд топдилар. Оталари .Робиа, давоми...

3173 21:57 / 27.04.2017
Аудиолар

120129 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7031 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41794 14:35 / 11.08.2021