1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазон мактублари: Гуноҳкор қалбга мактуб (1-қисм)

17:10 / 04.06.2018 3210 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй, гуноҳкор қалб!

Бу Рамазонга сенинг умидларинг катта эди. Бу Рамазонда барчаси ўзгача бўлишини ҳоҳлаган эдинг. Ёмон иллатлардан қутулишни истаган эдинг. Ниятларинг бор эди.

Мана, бир ҳафта ўтди, иккинчиси ҳам, лекин иллатларинг ҳали ҳам йўқолгани йўқ. Сен ўзингдан ҳафасан. Бомдод намозига туришни ўзингга ваъда қилган эдинг. Инсонларга сабрли бўлишга қасам ичган эдинг. Сен номуносиб алоқаларни узишга Аллоҳга ваъда берган эдинг.

Сен эса соат 4да туришни ўрнига 10да турасан, онангга бақирасан ва буни ажабланарли жойи йўқ, чунки кечаси соат 2 гача ишхонадаги ўша йигит (қиз) билан SMS ёзишасан. Эҳтимол, Рамазон сендакалар учун эмасдир. Сен доим барчасини барбод қиласан. Кетма-кет. Мунтазам.

Бу ойда шайтонлар занжирбанд этилиши сенга ҳеч ҳам таъсир ўтказмайди. Сендан умид ҳам қилмаса бўлади. Балки сен Рамазоннинг барокати ва раҳматига муносиб эмасдирсан. Балки Аллоҳ субҳаноҳу ва таоло сендан воз кечкандир...

Агар ушбу гаплар сен ҳақингда деб ўйлаётган бўлсанг, адашмапсан. Рамазон ойи сен учун. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Сен (Менинг тарафимдан): “Эй, ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир” деб айт” (Зумар сураси, 53-оят).

Баъзида биз ўзимизга Аллоҳ буюрганидан кўра қаттиқроқ муносабатда бўламиз. Биз ўзимизни Аллоҳнинг раҳматига нолойиқмиз деб жазолаймиз. Шу тариқа биз таслим бўламиз ва ўзимиздан, Аллоҳ ва Унинг раҳматидан ноумид бўламиз. Аслида эса барчаси бундай эмас. Аллоҳнинг раҳмати – бу эришиладиган нарса эмас, у барчага, айниқса, курашаётган, таслим бўлмаётганлар учун ато этиладиган неъматдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир (Аъроф сураси, 156-оят).

Хўш, ечим қаерда? Сиз ва биз каби инсонлар ҳақида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Бир банда бир гуноҳ қилиб, орқасидан деди: ”Ё, Аллоҳ, менинг гуноҳимни мағфират қилгин!” Робб дедики: “Бандам гуноҳ қилди, кейин билдики, унинг шундай бир Парвардигори борки, гуноҳни мағфират ҳам қилади ва гуноҳ сабабидан азоб ҳам беради”. Кейин у банда яна аҳдидан қайтди ва гуноҳ қилди. Кейин яна шикоят қилиб деди: ”Эй, Парвардигорим, менинг гуноҳимни мағфират қилгин!” Робб деди: “Бандам гуноҳ қилди ва билдики, унинг бир Парвардигори бордир, гуноҳни мағфират ҳам қилар ва гуноҳ сабабидан азоб ҳам қилар”. Кейин у банда яна тавбасидан қайтди ва гуноҳ қилди. Кейин деди:“Эй, Роббим, менинг гуноҳимни мағфират қилгин!” Кейин Робб деди: “Бандам гуноҳ қилди ва билдики, унинг шундай Роббиси борки, гуноҳни мағфират ҳам қилур ва гуноҳ билан азоб ҳам қилади. Энди, бандамнинг шу эътиқодининг баракотидан унинг гуноҳларини мағфират қилдим, нима қилса қилсин, яъни, модомики бандам менга шу тариқада эътиқод этса ва ҳар гуноҳ орқасидан саҳиҳ тавба қилиб борса, Мен ҳам унинг гуноҳларини мағфират этиб бораман” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Қуръонда Аллоҳ инсондан нима исташини баён этади:

“Аллоҳ сизнинг тавбангизни қабул қилишни ҳоҳлайдир. Шаҳватларга эргашадиганлар эса, улкан оғишга мойил бўлишингизни ҳоҳлайдир. Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ҳоҳлайдир. Ва инсон заиф яратилгандир” (Нисо сураси, 27-28-оятлар).

Аллоҳ Қуръонда Ўзининг раҳмати ва марҳамати ҳақида қанчалик кўп баён қилганини биласанми?

У ҳаётингни янгидан бошлаш ўзингнинг қўлингда эканини ва гуноҳдан четлансанг мағфират қилишини айтган. Лекин бу қадамни босиш ва Аллоҳга қайтиш даркор.

Ёмон иллатларни йўқотишга ҳаракат қилавер, яхшиликларда бардавом бўл. Ҳаётингдаги кескин ўзгариш ҳар кун, ҳар лаҳза содир бўлиши мумкин. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам:

Аллоҳ таоло тунда қўлини чўзади кундуздаги гуноҳкор тавба қилиши учун ва кундузи қўлини чўзади кечасидаги гуноҳкор тавба қилиши учун - шу ҳол давом этаверади - то қуёш мағрибидан (ботадиган томонидан) чиқмагунича” (Муслим ривояти).

Ўтмишинг аҳамиятини йўқотади, қачонки бугун сен Ўзигагина қайтишни иҳтиёр қилсанг. Буни неча марта қилишингни фарқи йўқ – барчаси сенинг фойданг учун хизмат қилади. Сен айтишинг мумкин: “Менинг ҳолим қолмади-ку”. Бунга жавобан Аллоҳ айтади:

Эй одам боласи! Модомики сен Менга дуо қилар экансан ва Мендан умидвор бўлар экансан, Мен сени сендаги борки нарса ила мағфират қилурман. Парво қилмайман.

Эй одам боласи! Агар гуноҳларинг осмоннинг тепасига етган бўлса, кейин Менга истиғфор айтсанг, сени мағфират қилурман. Парво қилмайман.Эй одам боласи! Менга ер тўла гуноҳ ила рўбарў келсанг, аммо Менга ширк келтирмаган бўлсанг, Мен сенга ўшанинг мислича мағфират ила рўбарў келурман» (Термизий ривояти).

Шу сабаб Рамазон айнан сен учундир. Эртага янги кун келади. Бу ҳаёт – курашдир. Ҳеч ким тоғ чўққисини осонликча забт этолмас, тушкунлик ва орқага қайтиш истаги эса табиийдир.

Аммо чўққига чиққанингда, дарҳақиқат, сенинг ҳаракатларинг бесамар бўлмаганлигини тушуниб етасан. Чунки бу шунчаки тоғ чўққиси эмас, балки унданда яхшироқ натижадир. Бу Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам тасвирлаганларидек: “кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсоннинг хаёлига келмаган” ҳолатдир (Муслим ривояти).

Бу ғақ-қайғудан ҳоли бўлган жаннатдир.

Умид қиламанки, барчамиз у ерда учрашамиз.

Ҳурмат билан, сенинг гуноҳкор Қалбинг (тавба қилган ва қилаётган).

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рўзанинг бузилиши икки хил бўлади. Биринчиси ndash қазо ва каффоратни вожиб қиладиган ҳолатлар.Иккинчиси ndash фақат қазони вожиб қиладиган ҳолатлар.Қазо ва каффорат давоми...

17654 18:39 / 21.05.2018
Кўпчилик уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб, фарз рўзаларда ниятни тонг отмасдан олдин қилиб олмаса бўлмайди, дейдилар. Айниқса, қазо рўзада қатъиян кечаси ният давоми...

3663 05:00 / 11.01.2017
Вақт шафқатсизларча ўтиб кетаяпти. Мана Рамазонни охирги ўн кунлиги кириб келди. Бу сўнгги ўн кунликни ўзига хос қилган нарса Қадр кечасиrdquo нинг давоми...

14673 15:25 / 17.05.2020
Ҳайит намозиСАВОЛ Ҳайит намозининг ҳукми нима Уни ўқиш кимлар учун лозимЖАВОБ Ҳайит намозини ўқиш Имоми Аъзам Абу Ҳанифа наздида вожибдир. Чунки, Пайғамбаримиз давоми...

21920 05:00 / 14.01.2017