1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Шукрнинг ҳақиқати

17:40 / 27.05.2018 3130 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, шукр соликлар мақомотидан биридир. У ҳам бошқа мақомотлар каби илм, ҳол ва амал ила юзага келади. Ушбу нарсалар яхшилаб ўрганиб чиқилса, шукрнинг ҳақиқатини англаб олиш мумкин бўлади. Зотан, бошқа ҳар қандай гап бу маънони иҳота қилишга етмайди.

Илм. Илм асос бўлиб, ундан ҳол пайдо бўлади. Илм уч нарсани – неъматнинг ўзини, унинг неъмат эканини; неъмат берувчининг зотини, неъмат бериш учун зарур бўлган сифатларини ҳамда ўша Зотдан унга неъмат содир бўлишини билишдан иборатдир.

Неъмат неъмат берувчидан қасд ва ирода ила берилиши керак. Ушбу ишларнинг барчасини билиш лозим. Барча неъматлар Аллоҳ таолонинг Ўзидан эканини, фақат Унинг Ўзигина неъмат берувчи эканини ва воситачилар Унинг томонидан беминнат хизматкор қилинганини билиш лозим.

Худди шу маърифатдан тавҳид ва тақдис келиб чиқади. Иймон маърифатлари ичида тақдис биринчи ўринда туради. Қачон банда муқаддас Зотни таниса ва ўша Зотдан бошқа бирорта муқаддас зот йўқлигини англаб етса, тавҳид бўлади.

Сўнгра дунёдаги барча нарсалар мазкур ягона Зотдан вужудга келганини, барча нарсалар Унинг неъмати эканини билади. Бу эса тақдис ва тав­ҳиддан кейинги ўриндаги маърифат бўлади.

Демак, барча нарса Аллоҳ таолодан эканига маърифат ҳосил қилмагунингча, шукр қила олмайсан. Агар бу борада озгина шубҳанг бўлса ҳам, на неъматни, на неъмат берувчини таниган бўласан. Маърифатинг ноқис бўлиши ила ҳолинг ноқис бўлади. Ҳолнинг ноқислиги амалнинг ноқислигига олиб боради.

Ҳол.  Неъмат берувчининг инъомидан ҳосил бўлган хузуъ ҳамда тавозе аралаш қувончга «ҳол» дейилади. Қувонч шукрдан иборат бўлиши учун мана шу нарса асосий шартдир. Қувонч неъмат ёки инъомдан эмас, балки неъмат берувчидан бўлиши керак.

Амал. Неъмат берувчига маҳбуб бўлган нарсани қилиш «амал» дейилади. Амални неъмат берувчининг маърифатидан ҳосил бўлган қувонч ила қилинади.

Бу борадаги амал дил, тил ва аъзоларга боғлиқ бўлади.

Дил билан шукр қилиш барча халққа яхшиликни қасд қилиш билан бўлади.

Тил билан шукр қилиш Аллоҳ таолога ҳамду сано сўзларини изҳор қилиш билан бўлади.

Аъзолар билан шукр қилиш Аллоҳ таолонинг неъматларини У Зотнинг тоати учун ишлатиш ва маъсиятига ишлатмаслик билан бўлади.

Неъматларнинг тақсими:

Аллоҳ таолонинг бандаларига берадиган неъматлари сон-саноқсиз экани ҳеч кимга сир эмас. У Зотнинг Ўзи Иброҳим сурасида: «Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар», деган (34-оят).

Уламолар неъматларни уч асосий қисмга тақсимлаганлар:

1. Дунёвий: соғлик, офият ва ҳалол мол кабилар.

2. Диний: иймон, Ислом, Аллоҳ таолонинг маърифати, тақво, илм ва амал кабилар.

3. Ухровий: оз амалга кўп савоб берилиши каби.

Шокирларнинг даражалари:

1. Авомларнинг даражаси. Улар фақат Аллоҳнинг неъматларига шукр қиладилар.

2. Хосларнинг даражаси. Улар неъматларга ва кулфатларга шукр қиладилар.

Имом Термизий Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Аллоҳ таоло: «Эй ўлим фариштаси, сен бандамнинг фарзандини, кўзининг қорачиғини, қалбининг самарасининг жонини олдингми?» дейди. Фаришта: «Ҳа», дейди. Аллоҳ: «У нима деди?» деб сўрайди. Фаришта: «Сенга ҳамд ва истиржоъ айтди», дейди. Шунда Аллоҳ таоло: «Жаннатда унга бир уй бино қилинглар ва уни «Ҳамд уйи» деб номланглар», дейди», деганлар.

Имом Ҳоким келтирган ривоятда айтилади:

«Жаннатга биринчи чақириладиганлар енгиллик ва оғирликда Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд айтадиганлардир».

3. Хосларнинг хосларининг даражаси. Улар фақат Аллоҳнинг Ўзига шукр қиладилар. Неъматни ҳам, кулфатни ҳам кўрмайдилар.

«Ким неъматларга шукр қилмаса, батаҳқиқ, унинг заволига учрайди. Ким уларга шукр қилса, батаҳқиқ, уларни арқонлари билан боғлайди».

Шайх Аҳмад Зарруқ айтади: «Неъматга шукр қилиш уч нарсанинг кафолатидир: неъматни заволдан, ҳолни ўзгариб қолишдан сақлаш; (неъматнинг) ҳозирда зиёда бўлиши ва кейинда баракали бўлиши; ҳамда банданинг тўсиқсиз ва офият ила Хожасига боғланиши. Ношукрлик эса тортиб олиш, қалбга ташвиш ва Роббнинг ёмон кўриши кафолатидир».

Ҳукамолар айтадилар: «Шукр топилганни боғлашдир, йўқолганни овлашдир».

Аллоҳ таоло барчамизни неъматларига шукр қиладиган бандаларидан қилсин! Ношукрлардан бўлишимиздан Ўзи асрасин!



Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Валийлик ва муҳаббат маъноси ҳақида сўрабсан. Муваҳҳидларнинг1 барчаси Аллоҳнинг валийлари2 ва аҳбобларидир. Аллоҳ уларнинг валийси, севувчиси ва маҳбубидир. У давоми...

3863 17:06 / 25.09.2017
У Зот сени вужудинг қамоғидан шуҳудинг фазосига чиқариш учун сенга воридни эриштирди.Ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи учинчи ndash юқори давоми...

2848 18:02 / 25.02.2018
Эй иймон келтирганлар Аллоҳга холис тавба қилинглар Ажаб эмаски, Роббингиз ёмонликларингизни ўчирса ва сизни остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга давоми...

6430 17:33 / 12.10.2017
Саккизинчи зарар қиёмат куни ғийбат қилинган кишининг гўштини ейиш.Чунончи, бу борада Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис юқорида зикр этилди. давоми...

3135 20:42 / 21.04.2018