1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Суннат нима?

17:23 / 08.01.2017 18492 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Суннатни ўрганишдан аввал «Суннат» ўзи нима эканини билиб олиш керак. Аввало Суннат ва Ҳадис бир-бирининг ўрнида ишлатилиб юрган истилоҳлар эканини айтиш лозимдир. Уларни диққат билан ўрганилганда эса, ҳадис хосроқ, Суннат умумийроқ эканини тушуниб оламиз.
«Ҳадис» – араб тилида «гап-сўз» маъносини англатади. Демак, ҳадис деганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади.
Ҳадис илми билан шуғулланувчи олим эса, муҳаддис дейилади. Муҳаддислар – асосан, ҳадисни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайси йўллар билан, кимлар орқали ривоят қилиниб ўзларигача етиб келганини аниқлайдиган олимлардир. Улар бу улкан масъулиятли ишни амалга оширишда жуда ҳам аниқ ва ишончли йўлларни танлашган. Мазкур услуб ва илмий йўллар инсоният тарихида инсоний (гуманитар) илмларга асос бўлган.

«Суннат» сўзи эса, араб тилида «тариқат – маънавий йўл» маъносини англатади. Фалончининг суннати дегани унинг ҳаётий йўли, деганидир. Шундан келиб чиқиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, деганда тарийқатлари, йўлларини тушунамиз.
Суннат муҳаддислар истилоҳида, қуйидагича таъриф қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар «Суннат» дейилади».
Ушбу таъриф Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган ва ишончли манбаълар орқали ривоят қилинган бир неча хил нарсани ўз ичига олмоқда ва ўша нарсаларнинг тўплами «Суннат», деб номланишини англатмоқда. Ана ўша таърифда зикри келган нарсаларга биттадан мисол келтирайлик.

1. «Гап» – бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда гапирган гаплари киради.
Мисол учун «Албатта ишлар ниятга боғлиқдир»-деганлар.
Ушбу муборак гапни эшитган одамлар, омонат билан уни эшитмаганларга етказганлар. Шу тарийқа авлоддан-авлодга ўтиб муҳаддис олимгача етиб келган. Муҳаддис эса илмий йўллар билан текшириб, унинг ҳадис эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг китобига ёзган. Буни «қавлий (гап) суннат» дейилади.
2. «Иш» – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш – амалларидир. Мисол учун таҳорат қилиш, намоз ўқиш, ҳаж қилиш ва бошқа ишларни олиш мумкин. Шунга ўхшаш амалларни кўрган кишилар бу ҳақда кўрмаганларга айтиб, кўрсатиб берган. Бундай маълумотлар шу тарийқа ҳадис олимига етиб келган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари сифатида асар бўлиб қолган. Буни, «амалий (иш) суннат» дейилади.
3. «Тақрир» – бир нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш-маъқуллаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашларидан иборатдир. Бунга мисол: Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз юборган бир тўп лашкарга бош эди. Борган жойида жунуб бўлиб қолди ва совуқдан қўрқиб ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқиди. Унинг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қилган ишини маъқуллаганлар. Маъқуллаш, гап билан маъқул, деб айтиш ёки инкор қилмай, индамай қўйиш билан ҳам бўлади Буни «тақририй суннат»-дейилади.
4. «Халқий» – тана тузилишидаги сифатлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар У зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари сочлари, кўзлари ва бошқа аъзоларини батафсил васф қилиб берганлар. Бу маълумотлар ҳам ривоят бўлиб муҳаддисларга, улар орқали Ислом умматига етиб келган. Масалан, Имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадийя» асарлари, айнан шу масалага бағишланган алоҳида китобдир. Барча муҳаддисларимиз ҳам алоҳида китоб таълиф қилмасаларда, ушбу маънодаги ҳадиси шарифлардан ўзларига етганларини ривоят қилиб қолдирганлар.
5. «Хулқий-Ахлоқий сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, саҳийликлари каби барча ахлоқий фазийлатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам суннатга киради.
6. «Таржимаи ҳол». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, У зот таваллуд топганларидан бошлаб, то Роббиларига мулоқот бўлгунларича таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган. Бу бобга тегишли ривоятлар тўпламини «Сийрат», ҳам дейилади.
Муҳаддис уламоларимиз ушбу олти бандга тегишли ҳар бир маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, сўнгра ўз китобларига киритганлар.

Ўз-ўзидан маълум бўлмоқдаки, Суннат Ислом учун, мусулмонлар учун ўта муҳим манбадир. Чунки, у Ислом Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг – Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал динини ўз ҳаётларида тўлиқ татбиқ қилиб кўрсатган муборак зотнинг – гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари тўпламидан иборатдир.
Илоҳий, абадий ва мўъжизакор дастур Қуръони Каримни ҳаётга татбиқ қилиш йўллари ва услубларини ҳам Суннатдан ўрганамиз. Чунки, Қуръони Каримни қабул қилиб олган, одамларга етказган ва ўз ҳаётида татбиқ қилиб кўрсатган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Қуръони Каримнинг тафсирини ҳам Суннатдан ўрганамиз. Чунки, Қуръоннинг биринчи ва бош тафсирчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ўзларига нозил бўлган оятларини атрофларидаги кишиларга ўқиб берар, зарур бўлганда тафсир қилиб ҳам берар эдилар. Кўпгина саҳобалар ўзлари тушунмай қолган жойларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб олар эдилар. Ана ўша нарсалар ҳам ҳадисларда келган.
Қуръони Карим Бош дастур сифатида умумий ҳолда амр қилган ишларнинг тафсилотини ҳам суннатдан билинади. Мисол учун Аллоҳ таоло Қуръонда Намоз ўқишга амр қилган. Лекин намозни қандоқ қилиб ўқишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам батафсил айтиб, кўрсатиб берганлар. Шунингдек, Қуръони Каримда закот бериш фарзлиги айтилган, закотни қайси турдаги молдан, қанча миқдорда ва қандоқ қилиб бериш ҳам Суннати мутаҳҳарада батафсил баён қилинган.
Шунингдек, умумий йўналиш ва қоидалар Қуръонда зикр этилиб, шу асосда шариатнинг бир мунча ҳукмлари Суннат ила собит бўлгандир. Демак, Суннат Ислом шариатида Қуръони Каримдан кейинги иккинчи масдар-манбадир. Бу солиштириб кўриб мулоҳаза қилиб айтилган фикр эмас. Балки, Суннатнинг Ислом шариатида иккинчи масдар эканлигини Аллоҳ таоло ва Унинг Расули Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтгандир. Бу – мусулмонларнинг асрлар оша иттифоқ ўлароқ амал қилиб келаётган ишидир. Бу – соғлом ақл ва тафаккур тақозосидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида мўминларни аввало Ўзига итоат қилишга амр қилганидан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга амр қилган. Қуръони Каримда: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулига итоат қилинглар» ояти такрор-такрор келган.
Аллоҳга итоат қилиш Қуръонга итоат қилиш билан бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, тирикликларида шахсларига итоат қилиш билан бўлса, У зотнинг вафотларидан кейин эса суннатларига амал қилиш билан бўлади. Кези келганда шуни айтиб ўтиш лозимки, Аллоҳга итоат қилиш билан Пайғамбарга итоат қилиш алоҳида-алоҳида икки хил нарса эмас.
Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо Аллоҳнинг итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг итоатидан ташқари нарсага буюрмаганлар. Гап Аллоҳ таолонинг бевосита Қуръонда келган амрларига итоат қилиш билан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари воситаси ила келган амрларига ҳам итоат қилиш ҳақида кетмоқда.
Қуръони Карим лафз ва маъно жиҳатидан Аллоҳнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган, ожиз қолдирувчи ваҳийсидир.
Суннат-ҳадис – эса маъноси Аллоҳдан, лафзи Пайғамбардан бўлган ваҳийдир. Дин диёнат, шариат ва бошқа маъноларда Пайғамбаримиз ўз шахсий фикрларини эмас, Аллоҳнинг ваҳийсини ўз иборалари билан тақдим этганлар. Аллоҳу таоло У зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида:
«У ҳаводан гапирмас. Бу фақат қилинадиган ваҳийдир»-деган.
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир гаплари Аллоҳнинг ваҳийсидир. У киши ўз ҳавойи нафсларидан гапирмаслар. Ана шундан кўриниб турибдики, Суннат шариатимизнинг иккинчи масдари – манбасидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмасдан, У зотнинг ҳукмларига таслим бўлмасдан туриб, иймон даъвосини қилиш мумкин эмаслигини Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда очиқ-ойдин баён қилиб қўйгандир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Нисо» сурасида: «Йўқ! Роббингга қасамки, улар токи, Сени ўз ораларида чиққан нарсага ҳакам қилмагунларича, сўнгра Сен чиқарган ҳукмдан нафсларида танглик топмайдиган бўлмагунларича ва тўлалигича таслим бўлмагунларича зинҳор мўмин бўла олмаслар»-дейди.
Шунга биноан мўминлар ўз ҳаётларида юзага келган ҳар бир муаммони, масалани ҳал қилишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни, У зотнинг суннатларини ҳакам қилиб олмоқлари лозим. У зотдан чиққан ҳукмни эса кўнгилларида ҳеч бир танглик топмай амалга оширмоқлари, ўша ҳукмга тўлалигича таслим бўлмоқлари керак. Акс ҳолда мўминлик даъвосини қилишга асло ҳақлари йўқ. Бу – Суннатнинг шариатимизда Қуръондан кейин иккинчи ўриндаги масдар эканини қаттиқ таъкидловчи далилдир.
Қуръони Каримда ушбу маънолардаги оятлар жуда ҳам кўпдир. Уларнинг ҳаммаси ҳам Суннатнинг Ислом шариати учун иккинчи масдар эканлигига далолат қилади. Бу масалани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзлари ҳам алоҳида ва қайта-қайта таъкидлаганлар. У зот бобаракот ўз ҳадисларидан бирида:
«Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз. Булар – Аллоҳнинг китоби ва Менинг суннатимдир»-деганлар.
Худди шу маънодаги ҳадислар жуда кўп. Уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал Қуръонни, кейин Суннатни айтишларидан ҳам, Суннат шариат учун Қуръондан кейинги иккинчи масдар эканлиги тушуниб олинган.
Ушбу маънони янада тўлароқ англаб етиш учун машҳур муҳаддислар Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Байҳақий, Имом Ибн Саъд ва Имом Ибн Абдул Баррлар ривоят қилган бир ҳадисни ўрганайлик.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга ўз вакиллари қилиб юбораётиб у кишига:
«Агар сенга бир ҳукм чиқариш керак бўлиб қолса, қандоқ қилиб ҳукм чиқарасан?»-дедилар. У киши: «Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм чиқараман»-деб жавоб берди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг китобида бўлмасачи?»-дедилар.
«Расулуллоҳнинг суннати ила»-деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Расулуллоҳнинг суннатида ҳам бўлмасачи?»-дедилар.
«Ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан. Бўш келмайман»-деди у.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг кўксига уриб: «Расулуллоҳнинг расулини Аллоҳни ва Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин»-деб ниҳоятда мамнун бўлдилар.
Юқоридаги ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўқ бўлган жойда мўминлар аввало Қуръонга, кейин эса Суннатга қараб иш қилишларини лозимлигини очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Ушбу оят ва ҳадислардан далолат олган ҳолда Ислом уммати Аллоҳ дунёни динимиз ила мунаввар қилган кундан бошлаб ҳозиргача Суннат Қуръондан кейинги иккинчи масдар эканига якдил иттифоқ қилиб келмоқда. Бу нарсага фақат ўзини унутган, эс ҳуши жойида бўлмаган баъзи шахс ёки тоифаларгина қарши чиққан бўлиши мумкин.
Соғлом ақл ҳам Суннат Қуръондан кейинги иккинчи масдар эканини тасдиқ қилади. Аллоҳу таоло Ўзи танлаб олиб пайғамбар қилган зотнинг суннати иккинчи масдар бўлмай, кимники бўлиши мумкин? Албатта, ҳар бир соғлом фикр эгаси бу саволга, фақатгина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларигина Ислом шариатига иккинчи масдар бўлади, деб жавоб беради.
Мана, Суннати луғатдаги ва истилоҳдаги маъноларини ўрганиб чиқдик, бу тўғрида мисоллар ҳам келтирдик. Қолаверса, Суннатнинг Ислом шариати учун Қуръони Каримдан кейинги иккинчи масдар эканлигини ҳужжат ва далиллар билан тушуниб ҳам олдик.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, мен ва менинг умматимнинг мисоли худди олов ёқиб давоми...

3739 13:30 / 31.03.2021
. . Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи давоми...

3301 17:00 / 28.07.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганиш11қисм АХЛОҚ Давоми ТИЛИНГНИ, ҚАЛБИНГНИ ВА КЎЗИНГНИ САҚЛАБир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

6614 02:37 / 16.03.2017
. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким илмни Аллоҳдан бошқа учун ёки Аллоҳдан бошқани рози қилишни давоми...

3696 20:20 / 20.04.2022