1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Дунё ҳаётига алданманг!

17:21 / 22.05.2018 4780 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эй одамлар! Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда берувчи бўлмайдиган Кундан қўрқинг. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, дунё ҳаёти сизни алдаб қўймасин. Ўта алдоқчи сизни Аллоҳ хусусида алдаб қўймасин. » 

Суранинг аввалидан зикр этиб келинаётган куфр, ширк ва залолат йўлларига тушиб қолмаслик учун Аллоҳ таолога тақво қилиш ва қиёмат кунидан қўрқиб яшаш керак.

«Эй одамлар! Роббингизга тақво қилинг...»

Бу дунё ва у дунё учун энг зарур зоду роҳила тақводир. Тақво бўлмаса, ҳеч бир яхши натижани умид қилиб бўлмайди. Роббул оламийнга тақво қилиш ҳар бир одамнинг инсонийлик бурчидир. Аллоҳга тақво қилмаган одам ҳеч бир ёмонликдан қайтмайди. Аксинча, Аллоҳга тақво қилган одам ҳеч бир ёмонликка қўл урмайди.

«...ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда берувчи бўлмайдиган Кундан қўрқинг».

Бу Кун қиёмат кунидир. У кунда инсонлар орасидаги боғланишлар, алоқалар кесилади. Ҳар ким ўзи учун жавоб беради. Бировнинг бировга фойдаси тегмайди. Ҳатто ота болага, бола отага фойда бера олмай қолади. У Кунда бирдан-бир фойда берадиган нарса иймон ва яхши амал бўлади. Ана ўшандай Кундан қўрқиш барча одамларнинг одамийлик бурчидир. Қиёмат кунидан қўрққан одамгина барча ёмонликлардан қайтади. Аксинча, қиёмат кунидан қўрқмайдиган одам ҳеч қандай ёмонликдан қайтмайди.

«Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир».

У ваъдасига хилоф ҳам қилмайди, кечга ҳам сурмайди. Демак, қиёмат қоим бўлиши ҳақ. Инсонларнинг қайта тирилиши ҳақ. Маҳшарга тўпланиши ҳақ. Заррача яхшию ёмон амаллар ҳам адолат тарозиси ила тортилиши ҳақ. Дақиқ ҳисоб-китоб бўлиши ҳақ. Жаннат ҳақ. Дўзах ҳақ. Кофир ва осийларнинг дўзахга киритилиши ҳақ. Мўмин ва муҳсинлар жаннатга дохил бўлиши ҳақ.

«Бас, дунё ҳаёти сизни алдаб қўймасин».

Бу дунё матоҳига алданиб қолманг. Бу дунё ҳаёти охират экинзори, холос. Шуни унутманг.

«Ўта алдоқчи сизни Аллоҳ хусусида алдаб қўймасин».

Уламоларимиз «ўта алдоқчи»ни шайтон деб таъвил қилганлар. Дарҳақиқат, шайтон турли нарсалар билан инсонни ғурурга кетказади. У ҳатто Аллоҳ билан ҳам, яъни Аллоҳнинг марҳамати кенг, бу дунёда ўйнаб қол, деб ҳам ғурурга кетказади. Буларнинг ҳаммасидан сақланиш учун тақво ва қиёмат кунидан қўрқув бўлиши керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сабаби нузулни билишнинг саҳиҳ нақлдан бошқа йўли йўқдир. . ,. Воҳидий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади.Расулуллоҳ давоми...

4577 15:50 / 18.06.2019
62. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар.Ҳа, Аллоҳнинг дўстларига ҳам бу дунёда ва ҳам охиратда ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар давоми...

5162 05:00 / 23.01.2017
106. Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса,ndashқалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно,ndashким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб давоми...

3268 05:00 / 23.01.2017
14. Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганларни кўрмайсанми Улар сизлардан ҳам эмас, улардан ҳам эмас. Билиб туриб, ёлғонга қасам ичарлар.Аллоҳ таоло бу давоми...

3948 05:00 / 23.01.2017