1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Сизга муборак Рамазон ойи келди

18:26 / 18.05.2018 6769 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1194. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар». 

Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Рамазон ойи муборак ой эканлиги. 

Бошқа ойларнинг бирортаси бу сифат ила васф қилинмаган. Рамазон ойи йилнинг ўн икки ойи ичида энг афзали, энг баракалиси, энг улуғидир. У ўн икки ойнинг султонидир.

2. Аллоҳ таоло мусулмонларга Рамазон ойи рўзасини фарз қилганлиги.

Ушбу ҳадисни бу бобда келтиришдан мақсад ҳам мана шу ҳукмни, яъни Рамазон ойининг рўзасини тутиш ҳар бир бандага Аллоҳ томонидан жорий этилган фарз эканлигини маълум қилмоқдир.

3. «Унда осмонларнинг эшиклари очилур». 

Ўша эшиклардан Аллоҳнинг раҳмати, хайр-барака ёғилур. Раҳмат фаришталари тушур. Бандаларнинг тутган рўзалари, қилган яхши амалларининг савоблари чандон-чандон кўпайиб, осмонга кўтарилур.

4. «Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур».

Ўша муборак ойнинг ҳурматидан жаҳаннам эшиклари ёпилиб, унга кириш вақтинча кечга сурилур. Кишиларга Аллоҳнинг раҳмати бўлиб, уларга яхши имконлар яратиб берилур. Рўза тутиб, ибодат қилган кишилар жаҳаннамдан қутулур.

5. «Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур». 

Рамазон ойи шарафидан ўзбошимча шайтонлар кишанланиб, рўза тутган мўминларни васваса ва иғво қила олмай қолишади. Рўзадорлар хайрли ишлари ва ибодатларини бемалол қиладилар.

6. «Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир».

Бу кеча Қадр кечасидир. Ундаги ибодат – яхшиликларга бериладиган савоб ва хайр-баракалар шу даражада кўпдир. Ким ўша муборак кечани уйқу билан, беҳуда ўтказса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди.

Ҳаётимизда ушбу ҳадиси шарифга амал қилишни бошлашимиз, муборак Рамазон ойидан тўла фойдаланишга ўрганишимиз лозим. Рамазони шариф кунларини рўзадор, тунларини бедор бўлиб, ибодат ила ўтказишимиз керак. Қадр кечаси ҳам беҳуда ўтмаслиги лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саҳарликнинг фазилати.Имом Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда давоми...

2053 19:00 / 12.04.2022
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . , . .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Рамазоннинг охирги кечасида ўзининг умматини давоми...

2109 17:00 / 30.04.2022
У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир йилда туғилган ва Пайғамбар алайҳиссалом ҳаётликларида Исломни қабул қилган бўлсада, у зотни шахсан кўриш давоми...

2217 09:12 / 15.04.2021
Рамазон ойидаги рўза сабабли ҳиндистонлик Рахул исмли йигит Исломни қабул қилди. Рахулнинг қиссаси қандай Қандай қилиб у Исломга кирди Рамазон ойи ва ундан кейин давоми...

5385 14:18 / 17.05.2018