1445 йил 8 шаввол | 2024 йил 17 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим ҳалол ва ҳаромни ҳам баён қилди

17:15 / 30.04.2018 3694 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло охирги ва абадий дастури – Қуръони Каримда бошқа масалалар қаторида ҳалол ва ҳаром масаласини ҳам батафсил баён қилиб берди.

У Зот Аъроф сурасида марҳамат қилади:

Аъроф  «Сен: «Аллоҳ Ўз бандалари учун чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» деб айт. Сен: «Улар дунё ҳаётида иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига хосдир», деб айт. Биладиган қавмлар учун оятларни мана шундай муфассал баён қилурмиз» (32-оят).

Ушбу оятлар эгниларига кийим киймай тавоф қилишни, ҳаж мавсумида яхши таом истеъмол этмасликни ўзларига русум қилиб олиб, «Бу Аллоҳнинг амри», деб юрган араб мушрикларининг қилмишлари нотўғри эканини билдириш учун нозил бўлган. Аллоҳ таоло улар орқали ҳамма замон кофирларига хитоб қилган.

Яланғоч ҳолда тавоф қилиш жоиз эмаслигини тушуниб етган мусулмонлар кийим-бош билан тавоф қилишса, мушриклар уларнинг устиларидан кулишган. Шунда Аллоҳ таоло мазкур ояти каримани нозил қилган. Бу ғаройиботни кўрингки, ўзи яланғоч тавоф қила туриб, кийим-бош билан тавоф қилаётганнинг устидан куляпти. Инсон табиатига футур етса, шундай бўлади. Ҳозирги замон мушриклари бурунги салафларидан ҳам ўтиб кетдилар. Улар Ислом аҳлининг ҳар бир амалидан куладилар. Аммо ўзларини зиғирча билмайдилар. Мусулмон киши уларга эътибор бермаслиги, Аллоҳ таолонинг амрига амал қилишда бардавом бўлиши лозим.

Модомики, Аллоҳ таоло ўша кийимларни бандаларга ҳалол қилиб қўйибдими, демак, ҳеч ким уни ҳаром қила олмайди. Шунингдек, Аллоҳ покиза таомларни бандаларига ризқ қилиб бериб қўйибдими, уларни ҳам ҳеч ким ҳаром қила олмайди. Зийнат кийимлари ва покиза таомлар иймонлилар учун бўлмай, ким учун бўлсин?! Бу ризқу рўзга моддий дунёда бошқалар ҳам шерик бўлишлари мумкин, аммо охиратда, ушбу ояти каримада таъкидланганидек, зийнат либослари ва покиза ризқлар фақат мўминларга хос бўлади.

Аллоҳ таоло Ўз Зотига иймон келтирган бандаларига ҳеч қачон хушрўй кийим-кечакларни ва покиза таомларни ҳаром қилмайди.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

Аъроф  «Сен: «Роббим фақатгина ошкора ва яширин фаҳш ишларни, гуноҳни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳга Ўзи у ҳақида ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳга нисбатан ўзингиз билмайдиган нарсани гапиришингизни ҳаром қилган, холос», деб айт» (33-оят).

Аллоҳ бандаларига ҳаром қилган нарсалар қуйидагилардир:

Аъроф  1. «Ошкора ва яширин фаҳш ишлар».

Фаҳш иш улкан қабиҳликдир. Бундай ишлар хоҳ ошкора, хоҳ яширин бўлсин, барча-барчасини Аллоҳ ҳаром қилган.

Аъроф  2. «Гуноҳ».

Гуноҳкорларнинг ўзларига тегишли маъсиятлари.

Аъроф  3. «Ноҳақ тажовузкорлик».

Яъни одамларга нисбатан адолатсизлик, зулм ва душманлик қилиш.

Аъроф  4. «Аллоҳга Ўзи у ҳақида ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олиш», яъни ширк.

Ширкнинг қайси тури бўлмасин, ҳаммаси ҳаром.

Аъроф  5. «Аллоҳга нисбатан ўзингиз билмайдиган нарсани гапиришингиз».

Аллоҳнинг Зоти ва илоҳиётга доир масалаларда фақат ҳақиқий илм асосидагина фикр юритиш жоиз. Тахмин, гумон ёхуд бировга тақлидан ҳукм чиқариш асло мумкин эмас.

Аллоҳ таоло яна Аъроф сурасида марҳамат қилади:

Аъроф  «Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганларга ёзажакман. Аъроф  Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни маъруфга буюриб, мункардан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий Набий, Расулга эргашурлар. Бас, унга иймон келтириб, ёрдам бериб ва уни қўллаб-қувватлаган ҳамда унга нозил бўлган нурга эргашганлар – ана ўшалар зафар топувчилардир» (156-157-оятлар).

Аллоҳ таолонинг раҳмати жуда ҳам кенг, Ўзи халқ қилган бу дунёдан ҳам кенг. Унинг раҳмати мўминга ҳам, кофирга ҳам, тақводорга ҳам ва осийга ҳам шомилдир.

Аллоҳ таоло ушбу оятларида Ўз раҳматини ёзиб қўядиган, алоҳида бахтга сазовор этадиган бандаларининг сифатларини зикр қилиб ўтмоқда:

«Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганларга ёзажакман».

Аллоҳ таолонинг раҳматига шубҳасиз сазовор бўлиши, Унинг раҳмати ёзилиб қолиши учун банда бир неча сифатларга эга бўлиши лозимлиги шарт қилинмоқда:

Биринчиси – тақво қилиш. Яъни Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш.

Иккинчиси – закот бериш. Яъни Аллоҳга молиявий ибодат қилиш.

Учинчиси – Аллоҳнинг оятларига иймон келтириш.

Тўртинчиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш.

Ушбу тўртинчи шарт иккинчи оятда баён қилинмоқда: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча васфларини зикр қилиб, ўшандек таърифга соҳиб бўлган пайғамбарларга Аллоҳнинг раҳмати ёзилажаги ҳақида хабар берилмоқда. Демак, Аллоҳнинг раҳмати ёзиладиган одамлар қуйидаги сифатларга эга Пайғамбарга эргашадилар:

«…ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган…»

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ҳақиқий Таврот ва ҳақиқий Инжилда ёзилган. Шундай бўлишини Аллоҳ таоло қадимда Мусо алайҳиссалом билан бирга мийқотга келган Бану Исроилнинг етмишта вакилига ҳам айтган. Кейинчалик шундай бўлди ҳам. Қанчадан-қанча аҳли китоблар ёки бу китоблардан бўлажак Пайғамбарнинг сифатлари ҳақида маълумот олганлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан иймонга келдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақталган сифатларидан яна бири:

«…уларни маъруфга буюриб, мункардан қайтарадиган…» пайғамбар эканликларидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нимага буюрган бўлсалар, ўша нарса бандаларнинг икки дунёси учун ҳам яхшилик бўлади. Барча учун умумий бўлган бу қоидани ҳеч қачон унутмаслик керак. Баъзи вақтларда инсонга буюрилган нарсадан келиб чиқадиган яхшилик сезилмаслиги мумкин. Аммо бу ўша буюрилган нарсада яхшилик йўқлигидан эмас, балки кўзланган яхшиликни инсон англаб етмаганидандир. Тажрибанинг кўрсатишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишларнинг натижаси ўша ишни бажарувчи шахснинг набираси ёки ундан кейинги авлодида зоҳир бўлиши мумкин экан. Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нимадан қайтарган бўлсалар, ўша нарса албатта ёмон бўлади. Бу ҳам барча учун умумий қоидадир.

Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир сифатлари:

«…уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган…» пайғамбар эканликларидир.

Бу ҳам барча учун умумий қоида. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани ҳалол қилган бўлсалар, ўша нарса покдир. Пок нарса эса, шубҳасиз, фойдалидир. Пайғамбаримиз ниманики ҳаром қилган бўлсалар, демак, улар Ислом шариати ҳаром қилган нарсалар бўлиб, ҳаммаси нопокдир. Нопок нарса зарарлидир. Унинг зарари дарҳол кўриниши ёхуд бир оз фурсатдан кейин намоён бўлиши, шунингдек, бир неча авлоддан кейин ҳам зоҳир бўлиши мумкин. Шунинг учун турли андишаларга бормай, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром қилган нарсалардан доимо хазар қилиш, улардан узоқда бўлиш лозим.

Ушбу оятда эълон қилинаётган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларидан яна бири кишиларнинг

«…устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган…» пайғамбар эканликларидир.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлиб келгунларича, турли тузум ва ҳукмлар халқлар елкасида оғир юк бўлиб, қўл-оёқларига кишан боғлаб турар эди. Бу ҳол ҳаттоки ушбу сўзлар бевосита қаратилган, илоҳий китоб, пайғамбар ва шариат соҳиби бўлган Бану Исроил устида ҳам бор эди. Мисол учун, Бану Исроилдан бирорта одамнинг кийимига нажосат тегса, унинг ўрни кесиб ташланмагунча, кийими пок ҳисобланмас эди. Улар урушда ўлжага тушган нарсаларни куйдириб ташлашлари керак эди. Бану Исроилдан гуноҳ қилган одамларнинг эшикларига айбдор киши қандай йўл тутса, гуноҳи афв бўлиши ёзилиб қоларди. Чунончи, гуноҳкорнинг кўзини ўйиб олиш ёзилса, ўз кўзини ўйиб олар эди. Бошқаларда бундан ҳам баттар ҳукмлар мавжуд эди. Ушбу ояти каримада зикр қилинган башорат ҳақиқатга айланиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлиб келдилар ва инсоният елкасидаги мазкур оғир юкларни олиб ташлаб, қўл-оёғидаги кишанларни парчаладилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир сифатлари у зотнинг

«уммий» эканликларидир. Яъни онадан қандай туғилган бўлсалар, шундай – на ўқиш ва на ёзишни ўрганмай ўсганликларидир. Бу сифат у зотнинг ўзларига хос бўлиб, ҳақиқий Пайғамбар эканликларини тасдиқловчи мўъжизадир. Ҳаммага маълум ва машҳур «уммий»дан Қуръондек мўъжиза каломнинг эшитилиши, турли ҳукм ва башоратлар чиқиши ул зотнинг ягона Аллоҳнинг Пайғамбари эканликларига далолат қилмаса, нимага далолат қилади?!

Аллоҳ Мусо алайҳиссалом бошлиқ Бану Исроилдан танлаб олинган етмиш нафар вакилга ушбуларни айтди ва охирида:

«Бас, унга иймон келтириб, ёрдам бериб ва уни қўллаб-қувватлаган ҳамда унга нозил бўлган нурга эргашганлар – ана ўшалар зафар топувчилардир», деди.

Яъни Таврот ва Инжил аҳлларидан ким нажот топаман деган ниятда бўлса, бошқалар қатори, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирсин, у зотга, у зотнинг динига мадад берсин, қўллаб-қувватласин ва у зотга нозил бўлган нурга – Қуръони Каримга эргашсин, ана шундагина нажот топувчилардан бўладилар.

Юқорида зикр қилинган оятларга ўхшаш оятлар Қуръони Каримда жуда кўп. Улардан яна баъзиларини келажак сатрларда Аллоҳ таолонинг ёрдами ила ўрганамиз.

Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам ҳалол ва ҳаром масаласи атрофлича муолажа қилинган. Қуйидаги сатрларда улардан баъзи намуналар келтиришга ижозатингизни сўраймиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(Ҳалол очиқ-ойдиндир. ҳаром очиқ-ойдиндир китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Доктор Манноъ Қаттон ўзининг .Қуръон илмлари ҳақида тадқиқотлар, китобида жумладан шундай деган .Қуръонни мусҳафда маълум бўлган Усмоний расмга мувофиқ ёзиш давоми...

2222 13:00 / 19.11.2021
Кўпчилик мусулмонлар Қуръони Каримни фақат ажрсавоб умидида ўқишади, чунки улар Қуръоннинг улуғ манфаатларидан бехабардир. Улар банда Қуръонни қандай ниятда давоми...

18907 19:00 / 04.07.2022
Одамлар оятларнинг бошига қўйиладиган, бирбиридан ажратиб турувчи рамзларни бошқаларидан олдин ва тезроқ қабул қилдилар. Чунки уларда оятлар тақсимини билишга давоми...

4525 13:30 / 17.03.2020
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Абу Толиб Шом томон чиқди. У билан қурайш шайхлари ичида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бор эдилар. Роҳибнинг давоми...

5557 17:00 / 18.02.2019
Аудиолар

119974 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41660 14:35 / 11.08.2021