1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Бақара сураси, 267-оят

09:05 / 22.04.2018 4489 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Эй иймон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар. Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз. Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожатдир, ўта мақталгандир. Бақара 267.

Маълумки, ўзи топган мол-мулкни садақа қилиб юбориш осон эмас. Ҳар бир одам кўпроқ мол-дунёга эга бўлишни хоҳлайди. Садақа қилиш учун маълум даражада фидокорлик, ўзидан, нафсу ҳавосидан кечиш талаб этилади.

«Садақа» сўзи «тасдиқлаш» маъносини англатади, яъни молидан садақа қилувчи киши қалбидаги иймонини амалий жиҳатдан тасдиқлаган бўлади.

Шунинг учун ҳам мол-мулкдан садақа қилишга тарғиб қилувчи оятни Аллоҳ таоло мўминларга маҳбуб сифат билан бошламоқда:

«Эй иймон келтирганлар!» демоқда. Бу сифат билан нидо қилинганда, мўмин киши ҳар қандай оғирликни ҳам писанд қилмай адо этишга киришади.

Сўнгра нималардан садақа қилиш кераклиги баён қилинмоқда:

«Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар».

Бу таъриф мўминларнинг қўлига тушадиган барча турдаги молу мулкни – аввало, ўзлари касб қилиб топган ҳалол, пок ризқларини, сўнгра Аллоҳ ердан чиқариб берган зироатлар, конлар ва бошқаларни ўз ичига олади.

Пок нарсадан садақа қилишга амр қилинди, лекин масала ниҳоятда аҳамиятли бўлганидан яна таъкидланмоқдаки:

«Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг».

«Нопок» дейилганда фақат «ҳаром»ни тушунмаслик керак, балки паст, арзимаган, киши назарига илмайдиган нарсаларни ҳам тушуниш лозим. Қисқа қилиб айтганда, «пичоқни ўзингга ур, оғримаса, бировга» қабилида иш қилиш керак. Садақа бераётган киши ўзини садақани олаётган кишининг ўрнига қўйиб кўрсин. Берилса, ўзи олмайдиган нарсани бировга ҳам садақа қилиб бермасин. Шунга ишора қилиб:

«Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз», дейилган.

Яъни «Биров паст нарса берса, оласизми? Йўқ, олмайсиз. Олсангиз ҳам, кўзингизни юмиб, ижирғаниб, ноиложликдан оласиз. Шундай экан, бошқага ҳам яхшисидан раво кўринг».

«Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожатдир, ўта мақталгандир».

Аллоҳ бой бўлганидан кейин Унинг йўлида қиладиган садақангиз ўшанга ярашгудек бўлсин. Аллоҳ мақталган Зотдир, Ўзининг йўлида садақа қилганларни У ҳам мақтайди.

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши ҳақида ҳадис илми имомларидан Ибн Аби Ҳотим раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши: «Бу оят биз ҳақимизда нозил бўлган, – деганлар. – Хурмоларимиз бор эди. Ҳар бир киши хурмосининг оз-кўплигига қараб, олиб келиб, шингили билан масжидга осиб қўяр эди. Супа аҳлининг таоми йўқ эди. Улардан бирорталари оч қолса, ҳассаси билан қоқиб, ранг тортган ва пишиб етилган хурмоларни олиб, ер эди. Яхшиликка рағбати йўқ баъзи кишилар бўлмағур, ёмон шингилларни ҳам осиб қўйишар эди. Шунда Аллоҳ таоло «Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз…» оятини нозил қилди. Шундан сўнг биздан ҳар биримиз ўзида бор хурмонинг энг яхшисини келтирадиган бўлди».

  Садақа қилмаслик ёки нопок – паст нарсалардан садақа қилиш ушбу садақа эгасининг қалбида иймон сустлигининг ва бирор шубҳа ёки касаллик борлигининг далолатидир.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Китобда Бану Исроилга .Ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта даражада баланд давоми...

1323 19:00 / 17.10.2023
Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Ёзилган ажал ўлароқ. Ким бу дунёнинг савобини истаса, унга ўшандан берурмиз. Ким охиратнинг савобини истаса, унга ўшандан давоми...

2264 17:00 / 11.01.2022
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида Набий алайҳиссаломга ва барча мўминларга Ўзига юзланиб, илтижо қилишни тавсия қилади. Айтгин .Аллоҳим Барча давоми...

2704 17:00 / 21.01.2021
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Улар жаҳаннамга ташланган чоғларида унинг ҳанграган овозини эшитурлар, у эса қайнаб турадир, 7оят.Агар давоми...

3485 11:16 / 06.03.2019
Аудиолар

120128 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41793 14:35 / 11.08.2021