1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 261-оят

09:45 / 11.04.2018 3838 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди ҳар бошоқда юзтадан дони бор, етти бошоқни ўстириб чиқарадиган бир дона донга ўхшайдир. Ва Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига янада кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир. Бақара 261. 

Иқтисодий масала ҳар бир жамиятда муҳим ўрин тутади. Исломда ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор берилади. Ҳар бир жамиятда ижтимоий тенглик ҳукм суриши учун иқтисодий жиҳатдан етарли имконга эга бўлган шахслар ўзларининг бу соҳадаги ночор биродарларига молиявий ёрдам қилиб туришлари керак. Шу нуқтаи назардан Исломда фарз, вожиб қилинган закот, садақаи фитр каби молиявий ибодатлардан ташқари, имкони бор кишиларни ихтиёрий хайр-эҳсон қилиб туришга ҳам қаттиқ тарғиб қилинади. Бу ишнинг аҳамияти нечоғли эканини унинг Қуръони Каримда «Аллоҳнинг йўлида мол сарфлаш» деб аталишиданоқ билса бўлади.

«Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди ҳар бошоқда юзтадан дони бор, етти бошоқни ўстириб чиқарадиган бир дона донга ўхшайдир».

Демак, камбағал кишига молиявий ёрдам берган киши ёки жамоат фойдасига пул сарфлаган одам Аллоҳнинг йўлида мол сарфлаган бўлади.

Аллоҳнинг йўлида мол сарфлашнинг фойдаси ушбу оятда ажойиб услубда васф қилинмоқда. Сиртдан қараганда, хайр-эҳсон қилган кишининг мол-дунёси камайганга ўхшайди. Аслида эса хайр-эҳсон худди ерга экилиб, ўзини фидо қилган бир донга ўхшайди. Ўша бир дона дон кейинчалик униб чиқиб, кўпайганидек, хайр-эҳсон қилинган мол ҳам бир неча чандон кўпайиб кетади. Уни Аллоҳнинг Ўзи кўпайтириб беради. Донни мисол келтиришдан мурод Аллоҳнинг йўлида сарф қилинган битта нарса етти юзтага кўпайишига урғу беришдир. Аммо бу ҳам охирги чегара эмас:

«Ва Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига янада кўпайтириб берадир».

Демак, Аллоҳ таолонинг йўлида сарфланган бир дона молнинг савоби етти юз марта кўпайтириб берилиши ҳам охирги чегара эмас. Аллоҳ таоло хоҳласа, етти юздан яна неча чандонга кўпайтириб бераверади.Чунки

«Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир».

У Зотнинг қамрови кенг, Ўз қамровидаги мулкидан қай бандасига қанча беришини Ўзи яхши билади. У Зот ҳар бир нарсани ўта яхши билувчидир.

Кейинги оятда Аллоҳнинг йўлида мол сарфлашнинг одоби, шарти ҳақида сўз кетади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ рибони нобуд қилур ва садақаларни ўстирур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни суймас. Бақара 276. Бандалар пулмоллари зиёда бўлиши учун рибохўрлик қиладилар давоми...

5326 11:48 / 13.06.2018
Албатта, У Зот сизларга фақат ўлимтикни, қонни, чўчқа гўштини ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни ҳаром қилди. Кимки маза талаб қилувчи ва ҳаддан ошувчи давоми...

3665 08:30 / 10.01.2018
Бу Роббингдан бўлган ҳақдир, бас, ҳаргиз шак қилувчилардан бўлма. Бақара 147. Набий алайҳиссалом умрлари давомида илоҳий масалаларда бирор марта шакшубҳага давоми...

2803 13:45 / 14.12.2017
Иймон келтирганларни учратсалар .Иймон келтирдик,, ndash дерлар, бирбирлари билан холи қолганда эса .Уларга Аллоҳ сизга очган нарса ҳақида Роббингиз ҳузурида сиз давоми...

3169 11:55 / 29.09.2017