1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ёшлар қачон улғаяди?

16:26 / 05.04.2018 5210 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, юртимизда ёш авлодни қўллаб-қувватлаш борасида катта ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар бошланди. Халқимизда иқтидорли, эркин фикрли, ташаббускор ёшларни суядиган, уларга бағрини оча биладиган, уларни қўллаб-қувватлайдиган, дили соф, нияти пок одамлар кўп. Аммо бу борадаги ҳолатимизни атрофлича ўрганилса, вазият хурсанд бўладиган даражада эмаслиги равшан бўлади. Шу боис, ушбу муаммо юзасидан айрим фикр-мулоҳазаларни сиз азизлар билан ўртоқлашмоқчиман.

Бугунги кунда жамиятимиз тараққиётига кушанда бўлиб турган иллатлардан бири ‒ ёш кадрларга эътиборсизлик ёки ўта «катта эътибор бериш» бўлиб қолган.

Халқимиз ичида бетакрор истеъдодлар жуда кўп. Аммо жамият тарафидан уларни таний билиш, қўллаш уёқда турсин, оддий қабул қила олиш ҳам кўп ҳолатларда муаммоли масала бўлиб қолади.

Бирор соҳада янгилик қилган одамнинг бирор унвони ёки лавозими бўлмаса, уни биринчи бўлиб ана шундай унвондор ва мансабдорлар пастга уришни бошлайди. Тақдим қилинган ишдаги ютуқларни имкон қадар тан олмаслик ва ундан камчилик топиш уларнинг вазифасига айланиб қолади. Аслида эса унинг бирламчи «айби» унвони йўқлиги ёки ёши катта эмаслиги бўлади, аммо буни очиқ айтилмайди.

Кўп ҳолатларда ташаббускор ёшлар ноҳақ равишда хилма-хил қаршилик ва маломатларга учрайди, «катталар» тарафидан турли ҳийла-найранглар тузоғига илинтирилади. Улар биринчи бўлиб ўша соҳанинг пешволарига хунук кўрина бошлайди. Кимлардир уларни маҳмадона деб маломат қилса, яна қайсидир «катта» уларнинг гапини инобатга олгиси келмай, тирриқлик қилади, тўғрилигини била туриб уни қабул қилмай, тескарисини айтиш билан ўзини намоён этиш дардида бўлади.

Айримлар журъатсизлик билан одобни чалкаштиради. Баъзилар дин-диёнат равнақи, эл-юрт тараққиёти учун ўз меъёрида холис айтилган сўз ва қилинган ишни ҳам ҳеч бир асоссиз, ўз шахсий қарашлари қолипига солиб, нафсига ёқмагани учун беодобликка йўяди. Бу эса ёшларда ўзига бўлган ишончни сўндиради, уларнинг фикран ўтроқ, журъатсиз бўлиб қолишларига сабаб бўлади.

Баъзи бир жаноблар ўзидан кичикни писанд қилгиси келмайди. Кичикми? Бўлди, унини ўчирсин, гапирмасин, фикр айтмасин. Ҳатто қирқ-эллик ёшга борган илму салоҳиятли одамни ҳам «анави жинқарча» дея таҳқирлашга уринади. Шундай қилиб ўзлари ҳам яхши ютуқлардан маҳрум бўлишади, келгуси авлодни ҳам ишдан чиқаришади.

Айрим жойларда истеъдодли ёшлар бирор асар яратса, унинг мактабида ёки ишхонасида ўша ишга дарров хўжайинлар пайдо бўлади. Кап-катта одамлар уятмай-нетмай биров қилган ишни, бировнинг ғоясини, бошқа муаллиф ёзган асарни безбетларча ўзига нисбат бериб, «Мен қилдим буни», деб жар солади. Жуда инсофи қўзиб, кўпчиликдан уялгиси келиб қолса, ҳалиги иш эгасини ёки муаллифни ушбу ишга қандайдир ҳисса қўшган одам ўрнида зикр қилади. Баъзан узоқ баҳслардан сўнг китобнинг ёлғиз муаллифи муаллифлар рўйхатининг охиридан жой олишга мушарраф этилади ва у шу билан ўзини бахтиёр ҳис этишга мажбур бўлади. Бундай ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ‒ экранда ҳозирлар ҳар жойда топилади.

Баъзан ўқув юртлардаги қандайдир тадбир, ишхона ёки жамиятдаги оддий маросимларни уюштирган ёшлар шу ишлари билан ўзларини намоён этишга ҳам чўчийди, ўз ишини кимгадир нисбат бермаса, балога қолишдан қўрқади. «Фалончи оғамнинг бошчилигида, у кишининг тавсиялари билан», деган «эътироф»ни тилга олиши шарт. Чунки яхшиликча ўзини билмаса, «эсини киргизиб қўйишлари» ёки қайта бундай ташаббус қилишга қўймасликлари мумкин.

Бир сўз билан айтганда, иқтидорни кўрсатган истеъдодли кўп ёшлар қўлга киритган ютуқлари, қилган меҳнатлари учун қадр топиш ўрнига, бошқалар олдида топталади, кимларгадир қуллуқ қилишга мажбур этилади. Бундай бемазагарчиликни қабул қилмаган ғурурли кишилар «катталар»нинг нафсоний хоҳишлари бадалига қурбон бўлиши ҳам ҳеч гап эмас.

Эътибор берилса, кўпгина бошқа халқларда бундай нохушликлар йўқ, ҳолат аксинча. Улар ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлашдан ташқари, уларнинг ихтиролари, кашфиётлари, асарларини оламга кўз-кўз қилишдан чарчамайди.

Бир мақола ўқигандим. Унда «Замонамизнинг 10 нафар ёш даҳоси» деган сарлавҳа остида ёш ихтирочилар ҳақида маълумот берилган. Уларнинг бирортаси мусулмон фарзанди эмас. Нима, мусулмонларда мана шундай фавқулодда иқтидорли болалар топилмайдими? Наҳотки мусулмон ёшлар ичида кашфиёт ва ихтиролар қила оладиганлари бўлмаса? Йўқ, аслида мусулмонларда бошқаларга нисбатан иқтидорли болалар бир неча баробар кўп. Аммо биз уларни танимаймиз, асрамаймиз, қўллаб-қувватламаймиз, намоён қилишдан қочамиз. Баъзан уларнинг парвози остида кўринмай қолишдан чўчиб, қанотларини қирқишгача борамиз.

Америкалик дастурчи Марк Цукерберг Фейсбук саҳифасини яратганда эндигина 20 ёшга тўлган эди. Ҳозир миллатдошлари унинг шунчаки айтган гапини ҳам худди бир ҳикматли ўгитдек муҳокама этишади, оддий ишини, ётиб-туришини ҳам дунёга овоза қилишади. Фараз қилинг, агар шу ихтирочи биздан чиққанда, биз нима қилардик? Аввало ундан айб қидирардик, ишидан камчилик топишга уринардик. Кичкинагина камчилик топсак, бағоят шод бўлиб, дунёни бузардик. Иложи борича, «ўзидан кетиб қолмасин» деган ташвишда нима қилиб бўлмасин унинг бўйнини эгишга тиришардик. Агар «катталар»га таъзим бажо келтиришни ўрнига қўймаса, уни муткаббирликда, обрўпарастликда айблашдан ҳам қайтмасдик. Қилган иши оламшумул бўлса ҳам, уни тилга олишдан ўзимизни тиярдик. Ҳатто шу ишни ундан бошқа ҳар қандай бегонага нисбат беришга тайёр бўлиб, асл муаллифни яширишга уринардик. Ичимизда тан берсак ҳам, эътироф этишга журъат қилмасдик. «Ҳа, ёш бола, юрувди кечагина мендан ёрдам сўраб, ўзича нимадир қилибди-да», дердик. Унга бирор пиёла чой қуйиб берганимиз бўлса, ўша бир пиёла чой сабаб бу бола шу ютуққа эришганини айтиб мақтанарди. Қай биримиздир унинг ўтмишини титкиларди: «Яқинда ҳам калишини судраб юрарди, омади келиб қопти-да». Баъзан тайёрига айёр уддабуронларимиз ўзидан унга устоз ёки бошлиқ ясаб, ишига эга чиқишга уриниши ҳам ҳеч гап эмасди. Агар айб топа олмасак, осонгина унга «беодоблик», «катталарни босиб кетиш» тамғасини ёпиштирардик. Хуллас, нима қилиб бўлмасин, уни шу қилган ихтиросини бизга, бирор «катта»га бахшида қилишга мажбур қилардик ёки сўндириб тинчирдик.

Бутун дунёдаги халқлар ўзининг ёш кадрлари билан мақтаниб, уларни жаҳонга кўз-кўз қилишда мусобақа қилса, бизда ундай иқтидорлар кўп ҳолларда таъқибга учрайди, ҳуқуқлари топталади, эътиборсиз қолдирилади. Жамиятимизда урчиб кетган ушбу иллат сабабли ҳатто жуда кўп истеъдодлар ўзини намоён этишдан чўчийди. Бу эса ижодкор учун сиртмоқ демакдир. Натижа эса аниқ: янги кашфиётлар, ихтиролар, ташаббуслар, ғоялар туғилмайди.

Бугун номусулмон халқларда ҳар куни, ҳар соатда янги ихтиро ва ғоялар бўй кўрсатмоқда. Аммо мусулмонларда аҳвол қандай, улар тарафидан инсоният учун қандай янгилик тақдим этиляпти, бир ўйлаб кўринг. Афсуски, улар ҳали ҳам истеъмолчиликдан нарига ўтиша олмаяпти. Бунга нима сабаб? Нима, мусулмонларда бошқаларга берилган ақл-заковат йўқми? Йўқ, аслида, мусулмон ёшларда ақлий қувват, заковат, ўзни тута билиш ва меҳнатсеварлик бошқалардан кўра бир неча баробар юқори. Аммо уларни қўллайдиган катталар йўқ, улардаги шу иқтидорни кўрсатишга, ривожлантиришга етарли муҳит йўқ. Нотўғри тушунчаларимиз, шахсий ғаразларимиз билан шу номақбул муҳитни ўзимиз яратиб олганмиз ва ушбу  об-ҳавода ўзимиз диққинафас бўлиб, охири бўғилиб ўлай деймиз. Ачинарлиси, шу муҳитни ўзгартиришни ўзимиз истамаймиз, бу ҳақда ўйлаб кўрмаймиз ҳам, ўйлашни истамаймиз ҳам.

Табиий савол туғилади: мусулмонлар қадимдан шундай бўлишганми ё бу иллат уларда кейин урчиганми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги тутумлари қандай эди? Саҳобаларнинг, Ислом уламоларининг қарашлари бу борада қандай бўлган?

Ислом тарихига назар солсак, бугунги ҳолатнинг тамом аксини кўрамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бўлиб иймон келтирганларнинг кўпчилиги ёшлар эди. Шунинг учун мушриклар «У ёшларимизни йўлдан уряпти», деб айюҳаннос солишганди. Ҳақиқатан, эслаганда ҳурмат билан тилга олганимиз учун катта одам деб тушунадиган жуда кўп саҳобалар борки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ёш болалар ёки ёш йигитлар бўлишган. У зот ўша ёшларни ёнларига олиб, тарбиялаб, инсоният учун мураббий ўлароқ тақдим қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига қарасак, у зот ёш истеъдодларни ҳамиша қадрлаганларини ва ҳатто катта саҳобаларга бермаган ваколатларни уларга берганларини кўришимиз мумкин. Сўзимиз қуруқ бўлмасин учун бир-иккита мисол келтирсак.

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Исломга кирган пайтида 31 ёшда эди. У ўшанда Авс қабиласининг раҳбари эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадрда маслаҳат сўраган саҳобалар ичида энг дадил гапни айтган киши ҳам Саъд розияллоҳу анҳу бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг гапидан илҳомланиб кетдилар ва уни мақтаб, ҳаққига дуо қилдилар. У киши Аҳзоб урушида жароҳатланганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг учун масжид ёнида алоҳида чодир қурдириб, ундан шахсан ўзлари хабардор бўлиб турдилар. У кишини ярадор ҳолида Бану Қурайзанинг хиёнатига жавобан ҳукм чиқариш учун олиб келинганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч ўринда кузатилмаган илтифотни қилдилар: «Саййидингиз учун туринглар!» дея бошқа саҳобаларга амр этдилар. Энг эътиборлиси, Саъд розияллоҳу анҳу Бану Қурайза устидан ҳукм айтганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен Аллоҳ етти осмон устида қилган ҳукмни қилдинг», дея унинг қарорини мақтадилар. Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор марта: «Мен Пайғамбар бўлсам, Саъддан 20-30 ёш катта бўлсам, нега у менинг олдимда гапирар экан? Мен Аллоҳдан ваҳий қабул қилаётган, ҳамма ўзига раҳбар деб, пешво санаб турган одам бўлсам, нега мен туриб, бир ёш йигитча ҳукм чиқарар экан?» демадилар. Балки Саъднинг фазлини, унинг ҳурматга сазовор эканини тинимсиз таъкидладилар. Уни мақтаб, унга эҳтиром кўрсатиб чарчамадилар. Охири унинг жанозасига минглаб фаришталар инганининг башоратини эълон қилдилар.

Яна бир ёш саҳоба Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида бу жажжи саҳобий 11 ёшда эди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон сураларидан тиловат қилиб берди. Боладаги уқувни кўриб, Жанобимиз: «Бу бола истеъдодли экан, сурёний тилини ўрганса, менга котиблик қиларди», дедилар. Кейин унга шахсан ўзлари Қуръон ўргатдилар ва у кишини хос котиблардан қилиб олдилар. «Бу ёш бола бўлса, нима қилади бу ерда ўтириб, каттарроқларинг йўқми ёзишни эплагани?» деганлари йўқ, қўлидан иш келадими, қилсин, дедилар. Ёки ҳозирги айрим одамларга ўхшаб, мусҳафни Зайд розияллоҳу анҳуга ёздириб, кейин уни бошқа бир каттароқ саҳобанинг номига ўтказиб қўйганлари йўқ. Унинг иқтидорини тақдирладилар, бор истеъдодини намойиш этиш учун тўла шароит яратиб бердилар ва рўёбга чиқиши учун қўллаб-қувватладилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рафиқи аълога риҳлат қилганларидан сўнг у зотнинг таълим-тарбияларини олган саҳобалар ҳам ёшларга алоҳида эътибор бердилар, улардан унумли фойдаланиш йўлини тутдилар. Ишларни тақсимлашда ҳам фақат ёшга қараб эмас, балки кишининг иқтидор ва имкониятига қараб вазифа топширдилар. Қуръони Каримни илк бор мусҳаф шаклига келтиришда Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо бу вазифани Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга топширишди. Ҳолбуки, ўшанда катта ёшдаги саҳобалар жуда ҳам кўп ва уларнинг ичида қорилар ҳам бисёр эди. Зайд розияллоҳу анҳу эса навқирон йигит эди. Рошид халифалар: «Сен ҳали ёшсан, бу ишни катта одамлар қилсин» ёки «Сен қилавер, кейин каттароқ одам номидан тақдим қиламиз», дейишгани йўқ. Аксинча, «Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ваҳийни ёзардинг. Қолаверса, ёшсан, шунинг учун бундай хизматни уддалашга қувватинг етади», дея у кишидаги хусусиятларни очиқ эътироф этишди. Саҳифаларни тўплашда Умар розияллоҳу анҳу ўзлари шахсан ёрдамлашдилар. Бироқ, шунда ҳам фазлни ўз эгасига қолдирдилар, унинг ишини ўзига нисбат бериб, ҳаммасини мен қиляпман, демадилар ёки «Мен ёрдамлашганим учун шундай бўлди-да», дея иддао этмадилар.

Саҳобаларнинг кўпчилиги ёшлар эди. Ислом даъватини дунёга таратишда ҳам асосан ёш саҳобалар хизмат кўрсатишган. Алий, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Самура ибн Жундуб, Зайд, Анас, Усома розияллоҳу анҳум каби қатор саҳобаларнинг номларини тилга олганимизда, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улар билан қилган муомалаларига назар солганимизда кўз олдимизда жуда катта одамлар гавдаланади. Тўғри, улар мақом-мартабада, илму амалда жуда улуғ кишилар бўлишган. Аммо ёш жиҳатидан олиб қараганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида улар 15‒20 ёш атрофидаги йигитлар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини бажо келтиришда, динга хизмат қилишда уларнинг ўринлари беқиёс эди. Пайғамбар алайҳиссалом жуда ҳам муҳим, катта-катта ишларни уларга ишониб топширардилар. Шу билан уларни келажакка ҳозирлардилар.

Пайғамбар алайҳиссалом Алий розияллоҳу анҳуни Хайбарга, кейинроқ Яманга даъватга бош қилиб юборганларида у киши ҳали ўттиз ёшга етмаган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин Шомга юборилаётган катта қўшинга ҳали 20 ёшга тўлмаган Усома розияллоҳу анҳуни раҳбар этиб тайинлагандилар. Бунга ўхшаш мисолларни набавий сийратдан жуда кўп келтириш мумкин.

Мазкур набавий тутумни энг маҳкам тутган саҳобалардан бири Умар розияллоҳу анҳу эди. Балки шунинг учун ҳам у кишининг халифалиги Ислом давлатчилиги тарихидаги олтин давр ўлароқ тарихга муҳрлангандир.

Умар розияллоҳу анҳу кекса саҳобалар билан ўтказадиган мажлисларига Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумони ҳам чақиртирарди. Шунда айрим кишилар: «Бизда ҳам бунга ўхшаш болалар бор, олиб кирамиз десак», дея бироз эътироз билдиришди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Сизлар бу болани нега мажлисга қўшганимни билмайсизлар-да. Қани, менга Наср сурасининг тафсирини айтиб беринглар-чи», деди. Шунда одамлар бу сурада Аллоҳнинг фатҳу нурсати ҳақида сўз борганини айтишди ва шу мавзу атрофида сўз суришди. Умар розияллоҳу анҳу мазкур мурожаатни Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ҳам қилган эди, у: «Бу сура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари яқинлашганидан хабар берган», деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, мен ҳам уни шундай тушунганман», деди ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ёш бўлса-да, катталар мажлисида қатнашишга ҳақли эканини шу билан исботлаб берди.

Ёшга эмас, салоҳиятига қараб вазифа топшириш, мақом-мартаба бериш барча тараққийпарвар жамиятларда мавжуд ҳолат бўлган. Хусусан, мусулмон оламида доно етакчилар бунга қаттиқ эътибор беришган. Уламолар сийратига назар солинса, Ибн Жавзия, Ибн Касир, Ибн Жазарий каби бир қатор алломалар 20 ёшга етиб-етмай ҳатто фатво беришга, ҳадис ва дарс айтишга ўз даврларидаги устозларидан ижоза олишганига гувоҳ бўламиз. Шундай қилиб, ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш гўзал тарзда амалга оширилган.

Ҳазрат Навоий 14 ёшида илк девонини тузган ва бу девон ўша пайтдаёқ қўлма-қўл бўлган. Шеърият мулкининг султони йигирма ёшдан ўтганда Самарқанда масъул лавозимларда ишлаган. Йигирма саккиз ёшида Ҳиротдек катта бир мамлакатга бош вазир бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур 12 ёшида тахтга ўтирган, ўша пайтдан ижод қилишга киришган ва йигитлик чоғиданоқ ўз асарларини элга тақдим қила бошлаган.

Бунга ўхшаш мисоллар шонли тарихимизда сон-саноқсиз. Шунинг учун ҳам у даврларда халқимиз дунёга етакчилик қилган ва элларга устоз бўлган. Биз тараққиётга эришишимиз учун ушбу анъанамизни тиклашга ҳаракат қилишмиз лозим.

Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини Аллоҳ раҳматига олсин, у кишида юқорида эслаганимиз исломий тутум ҳар ишда яққол кўринар эди. У кишида ёш иқтидорларни керагича эътироф эта билиш, қўллаш ниҳоятда гўзал шаклда мавжуд эди. У киши шогирдларнинг озгинагина ишини ҳам бўрттириб кўрсатардилар. Ҳар бир янги фикрни эътибор билан тинглар ва имкон қадар қўллаб-қувватлар эдилар. Ҳатто оддий бир сураткаш боланинг ҳам фикрини сўрар, сўзини эътибор билан тинглардилар. Бирор масала юзасидан бир неча саҳифа мулоҳаза ёзиб юборсангиз, ҳаммасини эринмай ўқиб, керакли муносабатни билдирар эдилар. Бирор фикрни қабул қилмаган тақдирда ҳам, мурожаатчининг кўнглини ранжитмайдиган қилиб рад этардилар. У кишига ёзган таклифларим деярли 100% қабул бўлганини эсласам, ишлашга рағбатим ортарди.

Ҳазрат шогирдларни сўзга чиқариб яйрар, қобилиятларини кўриб қувонар эдилар. У кишининг ҳар бир шогирд билан якка ҳолда мулоқотлари бор эди. Шогирдларга уларнинг иқтидорлари, меҳнатлари ва қилган ишлари асосида ёндашардилар. Бўй-баст, кўриниш, ёшдаги катта-кичиклик, қариндош ёки бегоналик, эски ё янгилик мезонлари билан йўл тутмасдилар, балки улардаги ихлос, заковат ва меҳнатга кўра муносабатда бўлардилар. Кечагина келган шогирд яхши ўқиб, яхши ишлаб, истеъдодини кўрсатса, 15-20 йилдан бери таълим олаётганлардан муқаддам бўлиб кетиши, ишларга кўпроқ мутасадди бўлиши мумкин эди, бу йўлда у ҳеч қандай тўсиққа учрамасди. Устоз ҳузуридаги ушбу мусаффо муҳит сабабли ёш аҳли илмлар умид ва шижоат билан ишлардилар. Буларнинг барчасига кўпчилик, жумладан, мен ўзим ҳам тирик гувоҳман. Агар ўйлаб қаралса, бу тутум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларни ўз ўринларига қўйинглар» деган ҳадислари мазмунига мувофиқ ҳолатдир.

Шайх ҳазратлари ўзлари илм аҳли, иш-меҳнат кишиси бўлганларидан илм ва меҳнатнинг қадрини билардилар. Илмга эга бўлган ва меҳнат қилган кишини жуда ҳам қадрлардилар. Шунинг учун ҳам муаллифлик ҳуқуқини жуда яхши тушунар, ҳис этар ва ҳамиша ҳимоя қилар эдилар. Шунинг учун ҳам атрофларида илму меҳнат аҳли жамланган эди. У киши ҳеч қачон бировнинг қилган ишини ўзларига нисбат бериб, унга эга чиқиб олишга интилмасдилар. Ҳатто шогирдларнинг асарларидан иқтибос олсалар, шуни ҳам айтиб қўярдилар. Илм ва меҳнатга аҳл бўлмаган одам бу ишларнинг қадрини билмайди.

Ғоя ҳам аслида шахсий мулк ҳисобланади. Ҳар бир салмоқли ғоя ўз муаллифига нисбат берилиши адолатдандир. Ғояси ўғирлаган одам ўзини худди мол-мулки талон қилинган одамдек ҳис этади. Моли талон-тарож қилинаверган одамнинг ишлаб пул топишга рағбати қолмайди. Худди шу каби ғоя ва режалари ўғирланган ижодкор инсонда ҳам ижод, янги ғоялар топиш қобилияти сўниб битади. Тўғри, ҳақиқий мўмин, холис ижодкор ўз ижодининг мева берганини кўрса, янада илҳомланаверади, у учун қилган ижоди ўзига нисбат берилиши ёки овоза бўлиши ҳам шарт эмас. Аммо кашф қилган нарсаси бошқа биров томонидан ўғриланиб, бегонага нисбат берилса, бу ҳолат ҳар қандай ижодкорга оғир келади ва истаса-истамаса, кишига салбий таъсир кўрсатади.

Айрим одамлар ноқулай шароитда, тор муҳитда турган одамга ҳам: «Сиз тўхтатмай ижод қилишингиз керак, ҳеч қаёққа қараманг», деб қўяди. Ҳай барака топгур, ижод мажбурлаш ёки сур-сур билан бўладиган иш эмас, балки бунинг учун кенг ва соғлом муҳит керак, эмин майдон керак, келажакка ишонч керак.

Ҳар бир иш, ҳар бир ғоя ўз эгасининг мулки экани тўлиқ эътироф этилгандагина ижодкор, кашфиётчи одам янги ғоялар устида шавқ билан ишлаши мумкин. Шунинг учун ҳам Ислом шариатида бу масалага бировнинг ҳаққи сифатида қаттиқ қаралган.

Ушбу мавзуда айтгинг келадиган яна бир ажиб ҳолат бор. Айрим катталар наздида улардан кичикроқ бўлган одамлар ҳеч қачон катта бўла олмайди. Бундай катталаримиз қирқ ёки эллик ёшга бориб қолган одамни ҳам «У ҳали ёш» деб, писанд қилмай, унга жиддийроқ ишни топширгани кўнмайди, фикрини қабул қилмайди, баъзан дадил гапиришига қўймайди. Ахир ҳақиқий ижод ва меҳнат даври ўттиз ёш билан эллик ёш ўртасида бўлади-ку. Аслида шу ёшдаги кишилар раҳбар бўладими, бошқа бўладими, жуда фаол ишлай олишади. Ёш улғайган сари инсон кўпроқ ўзи билан овора бўлиб қолади. Ҳалигидай кексалар ўзлари дадил бир иш қила олмагани етмагандай, қўлидан иш келадиганларга тўсқинлик қилади.

Баъзан айрим катталарнинг ақлли, зийрак ёшлардан ҳайиқиб турганига гувоҳ бўласиз. Улар бу ҳолатни турлича изоҳлашади. Аслида эса ўзларининг кирдикорлари, қилвирликлари ошкор бўлишидан чўчишади ва шундан дарров ваҳимага тушишади. Ҳа, улар ўзларини ислоҳ қилишдан ҳам қўрқишади. Бирор ким уларга яхши маслаҳат бергудек бўлса, уни ҳам қабул қилишмайди, ўзим биламан ҳаммасини, ақл ўргатма, дейишга ўтади. Афсуски, бу ҳам жамиятимизда мавжуд ҳолатлардан.

Ёш авлод билан катталар ўртасидаги яна бир йирик фарқ шуки, ёшларда мусаффолик ва фидойилик юқори бўлади. Буни ҳар ким ўз ҳаётида ҳам кузатиши мумкин. Инсон аслида соф табиат билан яратилгани учун кўпинча у шу аслиятга яқин бўлган даврларида кўпроқ мусаффо, беғубор бўлади. У агар ўзини жиддий назорат қилиб, ахлоқий-руҳий тарбиясига қарамаса, нафсу шайтон қутқуси сабаб ёши улғайган сари худбинлашиб, манфаатпарастлиги, айёрлиги, кибру ҳавоси ортиб боради. Аммо ёш йигитлик даврида у ҳақиқий фидоий, ўз мақсади йўлида жонини ҳам аямайдиган, Ватани, халқи учун борини нисор эта оладиган жўмард бўлади. Шу боис, ёш кадрлардан унумли фойдаланиш миллату давлатнинг тараққиёти гарови эканини унутмаслик керак.

Очиғини айтганда, ёш авлод билан катталар ўртасидаги мазкур фарқ тузумлар ўзгарганда жуда катта аҳамият касб этади. Мисол учун, бузуқ тузумда суяги қотган одамлар билан салоҳиятли жамият қуриб бўлмайди. Порахўрлик ёки давлат мулкини ўмаришга ўрганган амалдорлар ҳар қанча қонун ва назоратлар кучайтирилмасин, барибир йўлини қилиб, эски одатини қўймайди. Йиллар давомида динга, илм-маърифатга қарши руҳда иш юритиб келган одамлар ҳеч қачон шунчаки буйруқ ёки тарғиботлар билан маърифатпарвар, динпарвар бўлиб қолмайди. Ҳатто улар истаб-истамай, ўзлари сезмаган ҳолатда ҳам дин-диёнат йўлига ғов бўлаверади. Мана шундай вазиятлар сабаб бугун кўп ҳолатларда номуносиб одамлар халқимизнинг кўзгуси ўлароқ намоён бўлмоқда. Бу тоифа кишилар Аллоҳ ҳидоят бериб, қалбан ўнглангандагина яхшиликка ўтиши мумкин. Бироқ, шунда ҳам мақсад тўлиқ ҳосил бўлиши мушкул. Яхшиси ‒ янги давр учун янги одамларни сафарбар қилиш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун ҳам ёш авлодга эътибор қаратиш лозим.

Ёшларга нописандлик билан қараш уларнинг тафаккури улғайишига салбий таъсир кўрсатади, ақлий ривожланишларини сўндиради ва уларнинг енгилтак, калтабин ёки журъатсиз бўлишларига сабаб бўлади. Ёшларга уларнинг ҳали ёшлиги қанча кўп таъкидланса, уларнинг болаларча қилиқлари шунча ортиб боради. Ёшларни улғайтириш учун уларга катталарга қилинган эътибор ва муносабат билан муомала қилиш лозим. Мана шунда улар фикран тез улғаяди ва ҳаётда илғор, иродали бўлади.

Ёшлар билан катталар ўртасидаги муносабатларда мезон ва меъёр бузилганини устоз ва талабалар ёки раҳбар ва ишчилар ўртасидаги мулоқотларда ҳам кузатиш мумкин. Афсуски, биз ҳали ҳам эски буйрқубозлик, катазанглик усулларидан кечолмаяпмиз. Кўп жойларда устоз билан талаба, раҳбар билан ишчи ўртасида бениҳоя катта жарликни кўрасиз. Устозлар ва раҳбарлар талабалар ва ишчилар билан бирга ўтиришни, овқатланишни ўзларига эп кўрмайди, улар билан эркин мулоқотни қабул қилмайди. Шунинг учун ўртада кўринмас, аммо жуда ҳам қалин девор бор. Талаб устозга ишонмайди, унга талпинмайди, фақат имтиҳондан ўтиш учун, диплом олиш учун у билан муроса қилади. Устоз ҳам талабага меҳр билан илм бермайди, қандайдир мажбуриятлар сабабли дарс ўтади. Ишчи ҳам раҳбарига садоқат қилмайди, унга самимий бўлмайди, фақат ишдан кетмаслик учун, ойлик олиш учун ишлайди, раҳбар билан муроса қилади. Раҳбар ҳам ишчи жон куйдирмайди, уни ҳимоя қилмайди, «Сен бўлмасанг, бошқаси» қабилида иш тутаверади. Сабаби битта ‒ улар ўртасида расмий ришталар бор, аммо маънавий алоқа йўқ. Бунга эса муомаладаги носамимийликлар сабаб бўлади.

Чет элдаги сафарларда устоз-шогирдларнинг муносабатларини кўриб, тўғриси, ҳавас қилдим. Уларда устозларга ўзларини талабалардан ажратиб олиш таъқиқланган экан. Еб-ичиши ҳам бирга, ётиб-туриши ҳам бирга, муносабатлар ўта самимий. Мана шу зайлда улар талабалар билан дўстлашиб, қалбан боғланиб кетар экан. Шу боис, устозлар талабаларга ҳеч бир шахсий ғаразсиз таълим берар, шогирдлар ҳеч қандай пўписасиз дарсларни вақтида ҳозирлар экан.

Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, сийратлари шундай бўлган. Одамлар у зотни асҳобларидан, яъни шогирдларидан, ишчиларидан фарқлай олмасди. Танимаган одам келиб: «Пайғамбарингиз ким?» деб сўрарди. У  Бунда ҳам мавзумизга доир жуда кўп ўгитлар бор.

Туркияда бўлганимда, араб юртларида таҳсил олаётган турк қардошлар билан танишганимда ва яна бошқа ўринларда турк ёшларини кузатдим (асл қонимиз бир бўлгани учун). Уларни биздаги ёшларга солиштирилса, менинг назаримда, ўзбек ёшларида истеъдод ва қобилият юқори бўлса борки, кам эмас. Бироқ, биз бугун ҳар жиҳатдан улардан ортда қолганмиз. Нега? Очиғини айтиш керак, асосий сабаб битта ‒ бизда истеъдод етарлича қадрланмайди, бунга эътибор ҳам берилмайди. Ҳатто уй тутумизда ҳам бу иллат бор. Вақти келса, фарзандларимизни ёшлигиданоқ ўзимиз чўлоқ қиламиз, қанотини синдирамиз.

Болага «Бунга тегма, бузасан», «Буни қилма, сен қилолмайсан, ўзим қиламан» каби қайтариқ қилаверсак, унга ҳеч қандай масъулият юкламасак, тажриба орттиришига йўл қўймасак, бориб-бориб бу бола мустақил фикрсиз, қўрқоқ, ташаббуссиз, эринчоқ бўлиб қолади. Ундан кўра «Кел бирга мана бу ишни қилайлик», «Қани, мана бу ишни ўзинг қилиб кўр-чи. Қўрқма, мен ёнингда қараб тураман» деб, уларни ишга ўргатиш, аста-секин зиммасига турли ишларни юклаб бориш керак. Бола шундоғам тезроқ катта бўлишни орзу қилади, катталардек юриш-туриш қилгиси келади. Ёшлардаги бу интилишни тўғри йўлга йўналтирмасак, улар чекиш, ичиш каби ишларда барибир катталарга тақлид қила бошлашади. Жуда кўпчилик ёшлардан бу ярамас одатнинг сабабини сўрасангиз, катталарга ўхшамоқчи бўлганини айтишади. Шундай экан, ҳар қандай табиий эҳтиёж каби, бу интилишни ҳам тўғри қондириш лозим, акс ҳолда оқибати ёмон бўлади.

Аслида ёшларни келажакка тайёрлаш учун катталар нафақат уларнинг ғоя-фикрларини қабул қилиши, балки уларга янги ғоялар, таклифлар айтиб, янги марраларга йўллаши, шу йўл билан интеллектуал салоҳиятларини уйғотиши даркор. Бир сўз билан айтганда, барча ёшларни ўз фарзандимиздек кўра билишимиз лозим.

Ёш истеъдодларни етарлича ҳимоя қилиб, қўллаб‑қувватламасликнинг энг ёмон оқибатларидан бири шуки, ана шундай қобилиятли кишилар ўз жамиятида муносиб ўрин топа олмагач, тарқоқлик юзага келади, ҳар ким ўзича от суришга ўтади. Ундан ҳам ёмони, бундай шароитда истеъдодли ёшлардан душманлар унумли фойдаланишга ҳаракат қилиб қолади ва беэътибор қаралса, жуда катта муаммолар келиб чиқади.

Шу ўринда яна бир мулоҳазани ҳам айтиб ўтиш жоиз. Ёш истеъдодларга, уларнинг айрим тасарруфларига қалбида ғашлик туйган одам шу ҳолат ўз фарзанди ёки набирасида бўй кўрсатганда уни қандай қабул қиларди? Ҳар ким мана шунга назар солиши керак, шу маънода ўзини холис таҳлил қилиши керак. Бу ташхис ўзлигини йўқотмаган одамга қалбида қанчалар тўғрилик ёки иллат борлигини очиқ кўрсатиб беради.

Шуни айтиш жоизки, биз бу ерда ёшларни қўллаб-қувватлаш деганда уларни тўлиқ ўз эркига қўйиб бериш керак, билганларини қилишсин, демоқчи эмасмиз. Зотан, азалий қадрятларимизда, динимиз кўрсатмаларида катталарга эҳтиром лозимлиги, улардан маслаҳат олиш, дуо олишнинг аҳамияти юксаклиги уқтирилган. Бу албатта зарур. Бусиз барака бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Барака катталарингиз биландир», деганлар. Аммо Исломда ҳар ишда меъёр ва мўътадиллик зарур. Катталар ўз ишларида бош бўлиш баробарида ёшларнинг фаолиятларини назорат қилсин, камчиликларни беғараз тўғрилаб турсин, уларга насиҳат қилсин, ёрдам берсин, аммо уларни камситмасин, уларни қабул қила олишсин, уларга йўл очишсин. Уларнинг ишларини, ғояларини қадрлаб, ҳар ишни ўз эгасига топшириш орқали уларга илҳом бахш этишсин. Ўрни келганда, улардаги анча-мунча камчиликлардан кўз юмиб, улардан дин, жамият тараққиёти учун тўғри фойдаланишсин. Мана шунда жуда кўп муаммолар ҳал бўлади ва халқимиз тараққиёт сари илдам юксалади.

Хулоса қилиб айтганда, келажагимиз порлоқ бўлишини истасак, бугун ўзимизни тузатишимиз, ёш истеъдодларни парвариш этишимиз лозим. Бунинг учун қуруқ гап, баландпарвоз шиорлар эмас, иш-амал керак. Тўғри, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш бўйича Давлат қўмитаси бор, аммо биз бу қўмитанинг фаолиятини ҳеч ерда кузатмаганмиз. Аслини олганда, ҳар бир соҳада кадрлар бўлими таркибида ёки мустақил равишда шундай уюшма тузиш керак. Мисол учун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошида истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёш кадрларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш, уларга керакли шароитлар яратиб бериш бўйича алоҳида шуъба очиш лозим. Менимча, бу таклифни бугун ушбу соҳада фаолият олиб бораётган барча тараққийпарвар одамлар қўллаб-қувватлайди. Чунки ҳар бир ёш кадрнинг иш бўйича ўзига яраша муаммолари, таклиф ва истаклари бўлади, бироқ уларни раҳбар эшита олмаслиги мумкин. Аммо ҳеч йўқ уларнинг дардини эшитадиган бир додхоҳ бўлиши керак, ахир. Агар ушбу иш амалга оширилса, кадр сиёсатида бир муҳим қадам ташланган бўлар эди ҳамда жуда кўп ёш кадрлардан тўғри фойдаланиш ва кўп ютуқларга эришиш имкони туғилар эди. 


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
4656. Хавла бинти Ҳаким розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким бир манзилга тушгандан кейин .Аъуузу бикалиматиллаҳиттааммаати мин давоми...

10080 19:19 / 21.03.2018
1. Ризқдаги баракотни кўпайтиринг.Ҳар бир мусулмон ризқини ҳалолдан таъминлаши лозим. Бу эса Ислом арконлари ва қадриятларига зид бўлмаган йўллар билан касб давоми...

8525 16:14 / 08.04.2017
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Одамлар олтин ва кумуш маъданлари каби маъдандирлар. давоми...

675 11:00 / 18.05.2023
Мусулмон инсон мусулмондан фикридаги бироз ўзгачалик, эътиқодидаги арзимас фарқлилик туфайли нафратланмайди. Шу билан унинг обрўсини тўкиб, ҳурматини оёқости давоми...

1814 11:07 / 12 январь
Аудиолар

118793 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40743 14:35 / 11.08.2021