1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Аъроф сураси, 123-129

05:00 / 23.01.2017 3282 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

123. Фиръавн: «Мен сизга изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми?! Албатта, бу сизнинг шаҳардан унинг аҳлини чиқариш учун қилган макрингиздир. Ҳали биласиз.
124. Албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қарши томонидан кесаман ва ҳаммангизни осаман», деди.


Бу ҳам барча фиръавнларга хос хусусият. Улар ўзларига қул бўлган фуқароларнинг ҳатто Аллоҳга иймон келтиришни ҳам ундан сўраб, илтижоланиб, адо этишларини хоҳлайдилар. Бирор ишни уларнинг изнисиз қилган одам гуноҳкори азим бўлади. Ушбу зикр қилинаётган ҳодисага назар солайлик. Фиръавн, унинг зодагонлари, сеҳргарлар аввал бошда Мусога алайҳиссалом ишонмай туҳмат қилдилар. Баҳслашувдан кейин ҳақиқатни тушуниб етган сеҳргарлар Аллоҳ таолога иймон келтирдилар. Оддий мантиқ бўйича бошқалар, жумладан, Фиръавн ҳам ҳеч бўлмаса, нима учун иймон келтирдингиз, деб сўраши лозим эди. Аммо туғёнга кетган подшоҳ бу ишни қила олмайди. Унинг тасарруфлари оддий мантиққа ҳам тўғри келмайди.

«Фиръавн: «Мен сизга изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми?!» деб сеҳргарларга таҳдид солди.

Унинг бузуқ мантиқига асосан биров Аллоҳга иймон келтирмоқчи бўлса ҳам, аввал ундан изн сўраши керак экан. Туғёнга кетган жоҳил подшоҳлар дилга иймон нури кирганда ҳар бир инсон Аллоҳдан бошқани ўйламай қўйишини ёқтирмайдилар. Бандаларнинг Аллоҳга талпинишида подшоҳлар ўзларига қарши суиқасдни кўрадилар. Шунинг учун иймон ва Исломга, дину диёнатга уринганларга:

«Албатта, бу сизнинг шаҳардан унинг аҳлини чиқариш учун қилган макрингиздир», дейди.

Бу бугунги кун истилоҳи билан шарҳланганда «давлатни қўлга киритиш учун уринишингиздир», дегани. Туғёнга кетган фиръавнлар қуруқ гап билан кифояланиб қолмайдилар. Улар дарҳол мўминларни жисмонан йўқ қилишга киришадилар. Чунки улар ҳар бир ҳақиқий мўмин шахсида ўз мулкларига қарши таҳдид кўрадилар. Шунинг учун ҳам Фиръавн ўз сўзи давомида мўминларга қарата:

«Ҳали биласиз, албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қарши томонидан кесаман ва ҳаммангизни осаман», деди.

Яъни, аввал ўнг қўл ва чап оёғингизни ёки чап қўл ва ўнг оёғингизни кесаман, сўнгра дорга осаман.

Бутун дунё ва барча давр фиръавнларининг мўминларга қарши қўллайдиган услуби шу: қадимда қўл-оёқларини кесиб, осишган; ҳозирда қамайдилар, азоблайдилар, отадилар, осадилар. Аммо уларнинг бу усуллари ҳақиқий иймон нури билан чароғон бўлган қалбларга заррача қўрқинч сола олмайди. Фиръавндан юқоридаги зўравонлик ва таҳдидни эшитган мўминлар ҳам унга:


125. Улар:»Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз.
126. Сен биздан фақат Роббимизнинг оятлари келганда уларга иймон келтирганимиз учунгина ўч олмоқдасан! Эй Роббимиз, устимиздан сабр тўккин ва мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин», дедилар.

Яъни, эй Фиръавн, қўлингдан нима келса, қилавер, биз сендан қўрқмаймиз, сенинг таҳдидингга эътибор ҳам бермаймиз, зеро:

«Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз».

Аввал адашиб, сенга ишониб юрган эканмиз. Аммо энди ҳамма нарса аён бўлди. Энди биз ўз Роббимизга қайтамиз. Ўз навбатида, ҳеч қандай гуноҳимиз йўқлигини ҳам яхши биламиз. Сен бизда айб деб топган нарса–Аллоҳга бўлган иймонимиз. Аллоҳни Робб–тарбиячи, йўлбошчи, боқувчи ва ҳоким, деб тан олишимиз сенга ёқмаяпти. Шунинг учун бизни айбламоқдасан, дедилар.

Сўнгра Аллоҳ таолога илтижо қилиб:

«Эй Роббимиз, устимиздан сабр тўккин ва мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин», дедилар.

Улар ўзлари танлаган йўлни осон кечиш мумкин эмаслигини теран англаб етдилар. Иймон ва Ислом, дину диёнат ва ҳақиқат йўли гуллар тўшалган, алвон шиорлар осилган роҳат-фароғат йўли эмаслигини яхши билдилар Бу йўлда уларни турли машаққатлар, азоб-уқубатлар, заҳмат ва мусибатлар кутиб турганига иқрор бўлдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳдан тинч-омон, зиён-заҳматсиз, соғ-саломат қолишни эмас, балки, сабр-тоқатни сўрашди. Яъни, улар доимо сабр қилиб юришлари лозимлигини яхши билганларидан шундай йўл тутишди. Илтижо қилиб сўраган иккинчи нарсалари, мусулмон ҳолларида бу дунёни тарк этиш бўлди. Дунёдаги жамики мўмин-мусулмонларнинг орзуи шу–нима бўлса ҳам, иймони саломат қолиб, мусулмон ҳолида ўлса!

Қалбга теран ўрнашган иймон инсонга мана шундай азизлик ва қудрат бахш этади. Фиръавндек жаббор ва туғёнкор подшоҳга тик боқиб, уни назар-писанд қилмай турган оз сонли мўминлар, Мусо алайҳиссалом ила баҳс бошланишидан олдин, Фиръавндан мукофот тамаъ қилиб, унга яқин кишилар қаторида бўлиш орзуида ёнаётган одамлар эдилар. Аммо Аллоҳга бўлган иймонлари уларни бир лаҳзада тамоман бошқа инсонларга айлантириб қўйди.

Шу билан бирга, иймон насиб этмаган гумроҳлар турли пасткашликларга боришлари, хусусан, туғёнга кетган золим подшоҳларга яқин бўлган амалдор ва зодагонлар динга ва диндорларга қарши турли туман иғво-бўҳтонларни тўқиб чиқаришларига тарих ҳам, ўзимиз ҳам неча карра иқрор бўлдик.


127. Фиръавн қавмидан бўлган зодагонлар: «Сени ва худоларингни тарк қилса ҳам, Мусо ва унинг қавмини ер юзида бузғунчилик қилишларига йўл қўйиб берасанми?» дедилар. У: «Ўғилларини ўлдирурмиз ва аёлларини тирик қолдирурмиз ва, албатта, биз улар устидан қаҳр ўтказувчимиз», деди.

Золим подшоҳлар атрофидаги зодагонлар–амалдор, хизматкор ва малайларнинг энг катта хизматлари хушомад, тилёғламалик ила ўзларига қарши кишиларни подшоҳга ёмонлаб, унга душман қилиб кўрсатиш ва ниҳоят фиръавнларни мўминларга қарши гиж-гижлашдир. Уларнинг бобокалонлари бўлмиш Миср зодагонлари Фиръавнни Мусо алайҳиссаломга ва у кишининг қавмига қарши оёқлантириб: 

«Сени ва худоларингни тарк қилса ҳам, Мусо ва унинг қавмини ер юзида бузғунчилик қилишларига йўл қўйиб берасанми?» дедилар.

Ҳа, Фиръавннинг ҳам худолари бор эди. Кўпчилик тарихчи, диншунос ва айрим мусулмонлар орасида ҳам, Фиръавн худолик даъвосини қилган деган тушунча бор. Аммо бу тушунча бирмунча ўзгариб, Фиръавн ўзини Аллоҳнинг ўрнига қўйган, деган фикрга айланган. Аслида эса, Фиръавн дунёни мен яратганман, унинг тадбири менинг қўлимда, деган даъвони қилгани йўқ. Фиръавн ҳам бут-санамларга сиғинарди. Фақат Робблик–халқнинг тарбиячиси, йўлбошчиси, боқувчиси ва ҳокими эканлигини даъво қилган эди. Яъни, одамлар мен айтган йўлдан юриши, мен хоҳлаган ишни қилиши; хоҳлаганимга бирор нарса беришим, хоҳлаганимни маҳкум қилишим; қонунлар менинг ҳукмим асосида бўлиши керак, деган даъвони қилган. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳнинг Робб–Парвардигорлик сифатига даъвогар бўлган.

Унинг қавмидан бўлган малай-зодагонлар ана шу нозик жойидан олмоқдалар. Мусо ва унинг қавми сени тарк этдилар, сенга Робб деб қарамаяптилар, сен ишонадиган худоларга ишонмай, ўзларига бошқа Робб топиб олиб, ер юзида бузғунчилик қилмоқдалар, уларни тек қўйиб қўяверасанми, дедилар. Бу ҳар жой ва ҳар замоннинг фиръавнлари қавмидан бўлган зодагонларнинг айтадиган гапларидир. Улар шундай даъволар билан фиръавнларни қўрқитиб, мўминларга қарши қўйишади. Ана шунда фиръавнлар туғённинг чўққисига чиқиб, аҳли иймонга қарши ғайриодамий қонунлар қабул қиладилар.

Зодагонлардан юқорида шарҳланган фитнани эшитган Фиръавн Мусо ва унинг қавми боши устида қилич кўтарди:

«У: «Ўғилларини ўлдирамиз ва аёлларини тирик қолдирамиз ва албатта биз улар устидан қаҳр ўтказувчимиз», деди».

Уларга нисбатан бундай ваҳший ҳукмнинг жорий қилинишига асосий сабаб Аллоҳга иймонлари туфайлидир. Аммо қарор муаллифи бўлган золимлар буни ўз номи билан айтмайдилар, балки ер юзида бузғунчилик қилиб юриш, деб «сифат»лайдилар.

Ҳар асрнинг фиръавнлари ва зодагонлари ўз замонасига мос истилоҳларни ўйлаб чиқарадилар. Лекин бу истилоҳларнинг шакли турлича бўлса ҳам, улардаги мазмун-моҳият бир ва улардан кўзланган мақсад ҳам бир. Мўминларни «бузғунчи» деб аташ уларни йўқ қилиш, турли усуллар билан азоблаш ва уларга қаҳр ўтказиш демакдир.

Бундай даҳшатли қарор янграгандан кейин:


128. Мусо ўз қавмига: «Аллоҳдан ёрдам сўранглар ва сабр қилинглар. Ер Аллоҳники, уни бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга мерос қилиб берадир. Ва оқибат тақводорларникидир», деди.

Бу ҳол Пайғамбарларга хос вазминлик ва хотиржамликнинг олий белгиси, Аллоҳга ҳақиқий иймони бор мўминларга хос ишонч ва сабот. Мўмин фақат Аллоҳдангина мадад сўрайди, иймон йўлида бошига тушадиган мусибат ва савдоларга сабр қилади. 

Мусо ўз қавмига: «Аллоҳдан ёрдам сўранглар ва сабр қилинглар», дедилар.

Яъни, Мусо алайҳиссалом ҳам қавмларига бу ҳақиқатни тушунтирдилар. Фиръавн ва унинг султону зодагонларидан қўрқмасликка, уларнинг ҳозирги такаббурлик ҳолатлари вақтинчалик эканини англашга чақирдилар. Зеро, аслида:

«Ер Аллоҳники, уни бандаларидан кимни хоҳласа ўшанга мерос қилиб берадир».

Аллоҳнинг ҳукми жорий бўлгунга қадар сабр қилиш, Аллоҳдан ёрдам сўраб ҳаракат қилиш керак. Барибир, нима бўлишидан, қандай мусибат сели бошга ёғилишидан қатъи назар, матонат билан енгиш лозим. Чунки:

«оқибат тақводорларникидир».

Иймон нури билан ёлқинланган бу сўзлар холис ниятли, соф виждонли ҳар қандай қавмни тинчлантиради, иймонига иймон, саботига сабот ва сабрига сабр қўшади. Аммо Мусонинг алайҳиссалом қавми зуваласи бошқача қавм эди. Бу қавм Пайғамбарининг гапини тўғри қабул қилмади.


129. Улар: «Сен бизга келмасингдан олдин ҳам, келганингдан кейин ҳам озор тортдик», дедилар. У: «Шоядки Роббингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни ер юзига халифа қилиб, қандай амал қилишингизга назар солса», деди.

Қавм Пайғамбарига таъна қилди. Сен келмасингдан бурун ҳам озор тортар эдик, ўшанда ҳам ўғилларимизни ўлдириб, аёлларимизни тирик қолдирар эдилар, сен келганингдан кейин ҳам бари бир озор топмоқдамиз, яна ўғилларимизни ўлдириб, қизларимизни тирик қўйишмоқчи, дедилар. Уларнинг фикрича, Пайғамбар келиши ҳамоно ҳамма нарса уларнинг фойдасига ҳал бўлиб қолиши керак экан. Улар Пайғамбар шахсига таъна қилмоқдалар. Аммо нега ўзларига назар солмайдилар? Ўзлари нималар қилдилар? Иймон келтирдиларми? Иймон тақозо этган бирор-бир ишни қилдиларми? Номига бўлса ҳам, хору зорликдан қутулиш учун заррача уриниб кўрдиларми? Йўқ! Бу ишларнинг бирортасини қилмадилар. Аммо Пайғамбарга қилаётган даъволари оламни тутади. Табиати бузуқ қавмлар тўғри йўлни кўрсатмоқчи бўлган даъватчиларга нисбатан одатда шундай муносабатда бўладилар.

Аммо Мусо алайҳиссалом яна босиқлик ва вазминлик билан уларга насиҳат қилишда давом этдилар:

«Шоядки Роббингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни ер юзига халифа қилиб, қандай амал қилишингизга назар солса», деди.

Диққат қиладиган бўлсак, Мусо алайҳиссалом ўз даъватларида қавм томонидан бўлиши лозим нарса «амал» эканини алоҳида таъкид этмоқдалар. Қайси тилда гапирасиз, қандай қарор қабул қиласиз–буларга ёки бошқа нарсага эмас, балки «қандай амал қилишингизга назар солса», демоқдалар. Демак, қасдга эришиш учун амал керак экан. Фармонлар, қарорлар эмас, амал!

Мусонинг алайҳиссалом айтганлари рўёбга чиқди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
62. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар.Ҳа, Аллоҳнинг дўстларига ҳам бу дунёда ва ҳам охиратда ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар давоми...

5139 05:00 / 23.01.2017
Қуръони Карим қироатида мусулмонлар орасида пайдо бўлиши мумкин бўлган ихтилофларни йўқ қилиш учун ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида жамланган давоми...

4081 16:07 / 19.11.2019
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобаи киромлар соф ва фасиҳ араб тили соҳиблари эдилар. Улар учун Қуръони Каримни ўзлаштириб олиш қийин эмас давоми...

4383 13:30 / 01.12.2020
96. Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй, Баккадаги уйдир.97.Унда очиқ аломатлар ва мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, тинч бўладир. давоми...

9481 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

120096 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41765 14:35 / 11.08.2021