1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Аллоҳнинг чегаралари бор

18:22 / 29.03.2018 3437 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ана ўшалар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, У Зот уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга мангу қолувчи бўлган ҳолида киритадир. Ана ўша буюк ютуқдир.

Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осийлик қилса ва Унинг чегараларини бузса, У Зот уни мангу қолувчи бўлган ҳолида оловга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир.

Демак, бу дунёда фақат Аллоҳга ва Унинг Расулигагина итоат қилиб яшаш лозим. Бу итоат шариатга амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга бўйсуниб, у кўрсатган дастурга амал қилиб яшаш иймонда, Исломда, диндорликда яшаш демакдир. Аллоҳнинг итоатидан чиқиб, бошқага итоат қилиш, Унинг дастурини қўйиб, бошқанинг дастурига амал қилиш ширк, куфр ва жаҳаннамдир.

«Ана ўшалар Аллоҳнинг чегараларидир».

Яъни юқорида зикр қилинган нарсалар Аллоҳ таолонинг чизиб қўйган чегараларидир. Бу жумлада Аллоҳ таолонинг шариати ҳукмлари Унинг «чегаралари» деб аталмоқда. Бундан мусулмон инсон учун Аллоҳ таоло чизган чегарада юриш лозимлиги келиб чиқади. Ана ўша чегарада юрган одам турли хавф-хатарлардан омон бўлади.

«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, У Зот уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга мангу қолувчи бўлган ҳолида киритадир».

Мазкур чегарада юриш Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат қилиш билан бўлади. Аллоҳ таолога итоат Қуръони Каримга, Унинг Расулига итоат эса у зот алайҳиссаломнинг суннатларига амал этиш билан бўлади. Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат қилишдан фақат чегарада юрган ҳолда итоат этган бандагина фойда кўради. Аллоҳ таоло уни қиёматда жаннатга киритади.

«Ана ўша буюк ютуқдир».

Энди «Аллоҳ таолонинг мазкур чегарасида юрмаган, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилмаганлар нима бўлади?» деган савол пайдо бўлиши мумкин. У саволнинг жавоби қуйидагича:

«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осийлик қилса ва Унинг чегараларини бузса, У Зот уни мангу қолувчи бўлган ҳолида оловга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир».

Демак, у дунёда ҳар кимга бу дунёдаги амалига қараб муомала қилинади. Бу дунёда Аллоҳ таолонинг ва Унинг Расулининг итоатини қилмай, уларга осийлик қилиб, Аллоҳ таолонинг чегарасидан чиққанлар у дунёда абадий қолиш учун дўзахга киритиладилар. Иш фақат дўзахга киритиш билан тамом бўлмайди. У ерда мазкур осийга хорловчи азоблар ҳам бўлади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир.Аллоҳ таоло ношукр ва кофир бандаларни нима давоми...

4415 17:40 / 30.04.2018
Бу қисмда муфассир оятнинг зоҳирий маъносига қарамай, уни махфий ишоралари тақозоси билан тафсир қилади. Бу фақат сулук ва тасаввуф арбобларининг услубидир. давоми...

3030 14:00 / 20.04.2021
Қуръони Карим суралардан, суралар эса оятлардан иборатдир. Уларнинг ўзига яраша тартиби бор. Оят ва сураларнинг тартиби ҳақида батафсил сўз юритишдан аввал бу давоми...

4751 20:11 / 24.12.2019
84. Ва Мадянга биродарлари Шуайбни юбордик. У .Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг, сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. Ўлчовни ва тортишни камайтирманглар. Албатта, мен давоми...

3653 05:00 / 23.01.2017