1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръон ва баённи ўргатган - Роҳман

15:21 / 18.10.2020 4154 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Роҳман…

Қуръонни ўргатди.

Аввал айтганимиздек, «Ар-Роҳман» Аллоҳ таолонинг исмларидан ва сифатларидан биридир. Маъноси чексиз раҳмлиликдир. Раҳмлилик инсонга нисбатан айтилганда юмшоқлик, меҳрибонлик маъноларини англатса, Аллоҳ таолонинг сифати маъносида меҳрибонлик, эҳсон ва ризқ бериш маъноларини ҳам англатади. Суранинг биринчи ояти алоҳида битта cўз билан, яъни «Ар-Роҳман» деб бошланиши ўзига хос ажойиб бир ҳолатни вужудга келтиради. Таъсири ҳам ўзгача бўлади. Кейинги оятларда ушбу оятнинг маъносини шарҳлаш, Аллоҳнинг инсонлару жинларга ато қилган неъматларини эслатиш ўз аксини топган экан, биринчи бўлиб энг улкан неъмат – Қуръони Карим тилга олинади.

Роҳман Ўз бандаси Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил фаришта орқали Қуръонни ўргатди. Қуръони Каримни ўргатиш неъмати бош­қа неъматлардан бениҳоя улуғдир. Шунинг учун ҳам мазкур неъмат биринчи бўлиб зикр қилиняпти. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, Қуръонни ўргатиш неъмати инсонни яратиш неъматидан ҳам устун қўйилган. Агар Қуръон бўлмаса, иймон бўлмайди. Аллоҳ таолони таниб бўлмайди, яхшилик бўлмайди. Қуръон бўлмаса, инсон бадбахт, қонхўр, порахўр, ўғри, муттаҳам бўлади. Шунинг учун ҳам Қуръон барча неъматлардан устун туради.

«Роҳман» Инсонни яратди.

Роҳман инсонни йўқдан бор қилди. Яратганда ҳам, чиройли, бекаму кўст қилиб яратди. Унга ақл, ҳис-туйғу, тафаккур ва бошқа кўплаб қобилиятларни берди. Инсоннинг яратилиши неъматларини санаб, охирига етиб бўлмайди. Инсон бу неъматларга шукр қилиб яшамоғи лозим.

«Роҳман» Унга баённи ўргатди.

Роҳман Ўзи яратган инсонга нутқни, гапиришни ўргатди. Нутқ, баён қилиш қобилияти Аллоҳ таоло инсонга берган улкан неъматлардан биридир. Айнан ушбу неъмат билан инсон ўзга жонзотлардан ажралиб туради. Уларнинг устидан ўз ҳукмини ўтказади. Инсон Аллоҳ ерда яратган жонзотлар ичида мукаммал овоз чиқарадиган ягона жонзотдир.

Бошқа жонзотларнинг овози асосан тақлидий ҳамда фикрсиздир. Инсон турли товушлардан сўз, сўзлардан жумлалар тузади ва жумлалардан нутқ қилади. Дунё халқларининг турли тилларидан миллион-миллионлаб жумлалар тузилади. Баён қилиш неъмати инсоннинг ўз ҳис-туйғуларини, хотираларини, таассуротларини гап орқали ифода этиш қобилиятидир.

Биз ҳар куни, ҳар лаҳзада хоҳлаган фикримизни нутқ қилганимиз учун, бунга одатий бир нарсадай кўникиб қолганмиз. Лекин тафаккур қилиб кўрсак, нутқ, овоз чиқариш ниҳоятда мураккаб, нозик бир жараён экани маълум бўлади. Бу жараёнда инсоннинг ақлию руҳидан тортиб, кичик пай ёки томирларигача иштирок этади. Шулардан бирортаси ўз вазифасини озгина бажара олмай қолса, нутқ мукаммал бўлмайди. Овознинг хилма-хиллиги, баён қилиш, гапиришнинг турли-туманлиги – ҳаммаси улкан мўъжизадир. Бундай неъматни улуғ Аллоҳ бермаса, ким беради?! Шунинг учун бошқа неъматлар қатори, бу неъматга ҳам шукр қилмоқ лозим. Аллоҳ таоло Қуръонни ўргатиш ва баённи ўргатиш неъматлари орасида инсоннинг яратилишини зикр қилди. Бунда инсоннинг ўрганишга бўлган қобилияти асосий белгилардан бири экани ва ўрганиладиган нарсаларнинг энг муҳими Қуръон эканига ишора бордир.

 "Тафсири Ҳилол" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, давоми...

2261 16:05 / 30.11.2019
Рамазонда бедор бўлиб ўқиладиган намоз .таровеҳ, деб номланиши ҳаммага маълум. Таровеҳ сўзи роҳатистироҳат деган маънони англатади. Чунки мазкур намоз истироҳат давоми...

2339 09:00 / 14.04.2023
Абу Жаъфар айтади .Аҳмад ибн Ҳанбални Маъмуннинг олдига олиб боришди. Фуротни кечиб, ўтиб борсам, у хонтахта устида ўтирган экан. Унга салом бердим. .Эй Абу Жаъфар, давоми...

1486 08:00 / 26.12.2020
Қуръони Каримни ўрганиш мавзусида ёзилган .Ат тибян фи адаби ҳамалатил Қуръон, китоби илм толиблари ичида жуда машҳур. 270 саҳифадан иборат ушбу китобни имом давоми...

2330 11:04 / 09.07.2020
Аудиолар

120106 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41772 14:35 / 11.08.2021