1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг ҳаромлиги ҳақида (10-қисм)

15:07 / 23.03.2018 3307 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Насиҳат. Фузайл ибн Иёзнинг[1] ёнига бир киши келиб: «Менга насиҳат қилинг», деди. У киши шундай деди: «Мендан беш нарсани ёдлаб ол:

1. Сенга нима етса, Аллоҳнинг қазосидан (тақдиридан) деб бил, одамларни маломат қилма.

2. Халойиқ сендан саломат бўлиши учун тилингни сақла, шунда Аллоҳнинг азобидан саломат бўласан.

3. Роббингнинг сенга ризқ бераман деган ваъдасини рост бил, шунда мўмин бўласан.

4. Ўлимга тайёр тур, шунда ғофил ҳолда ўлмайсан.

5. Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳни кўп зикр қил, шунда гуноҳлардан сақланасан».[2]

 

Изоҳ 1. Сенга нима етса, Аллоҳнинг қазосидан (тақдиридан) деб бил, халқни маломат қилма.

Баъзи динсизлар шундай дейди: «Аллоҳ таоло бўладиган барча яхши-ёмон ишларни Лавҳул маҳфузга ёзиб қўйган бўлса, қилган гуноҳлари учун бандани азобламаслик керак, чунки банда тақдир қаршисида гуё жонсиз жисм каби ихтиёрсиз нарсадир. Агар бандада тақдирда битилган ишдан бошқасини қилишга ҳам ихтиёр бор десак, у ҳолда тақдирни ёлғон дейишга, бошқача айтганда, Аллоҳ таолога ёлғонни нисбат беришга тўғри келиб қолади». Аллоҳ таоло бундай бузуқ ақийдадан сақласин!

Отамдан «Шарҳи Ақоиди Насафия» ўқиётган кезларим ёнимда ўтирганларнинг баъзиларида ҳам юқоридагига ўхшаш шубҳа ва тушунмовчилик пайдо бўлган эди. Уларнинг шубҳаси шундан иборат эди: «Банда тақдирда битилган нарсага хилоф қилиши мумкин дейилса, Аллоҳ таолога ёлғонни нисбат берилган бўлиб қолади, яъни одамда тақдирда битилган нарсани қилишга ҳам, қилмасликка ҳам ихтиёр бор десак, унда тақдир ёлғонга чиқиб қолади. Айтайлик, Зайднинг тақдирига у фалон куни зино қилади деб ёзилган. Агар унда танлаш ихтиёри бор десак, у ўз ихтиёридан фойдаланиб, зино қилмаслиги мумкин. У ҳолда тақдирга тескари чиқиш бўлиб қолади, чунки унинг тақдирида зино қилиш ёзилган эди. Агар унда ихтиёр йўқ десак, бу гап Аҳли сунна мазҳабига хилоф бўлади. Зеро, Аҳли сунна эътиқодида бандада жузъий ихтиёр бор деб қаралади».

Мен ўша вақтда ҳам, дарсдан кейин ҳам роса тушунтиришга ҳаракат қилдим. Лекин улар яхши тушунишмади. Охири: «Тақдирда ёзилган бўлса ҳам, инсонда ихтиёр боқий тураверишига эътиқодимиз бор, фақат биз унинг важҳини (қандай бўлишини) яхши тушуна олмаяпмиз, холос», дейишди. Энди бу тушунмовчиликни қандай қилиб бартараф қилиш мумкинлигига қулоқ тутинг.

Аллоҳ таоло Лавҳул маҳфузга фалон одам фалон ишни ихтиёрсиз, ўзи хоҳламаса ҳам қилади деб эмас, балки фалончи одам бу ишни ўз ихтиёри билан қилади деб ёзган бўлади, яъни тақдирда «Зайд зино қилади, у мана шу ишга мажбур» деб эмас, балки «Зайд зино қилиш ёки қилмасликка ихтиёри бўла туриб, зино қилади» деб ёзилган бўлади. Аллоҳ таолонинг илми ўта комил бўлгани учун, Зайднинг ўз ихтиёри билан зино қилишини олдиндан билиб ёзиб қўяди. Лекин инсоннинг илми комил бўлмагани учун Зайддан зино содир бўлиши ҳақида олдиндан аниқ хабар бера олмайди. Зайднинг табиатида зинога мойиллик ва рағбат борлигини кўриб, унинг зино қилишини фақат тахмин билан айтиши мумкин, холос. Бундан маълум бўлдики, тақдири азалда битилган бўлиш билан инсондаги танлаш ихтиёри йўқолиб қолмас экан. Яна бир мисол. Агар киши маълум бир аломат ва далилларга қараб, Зайднинг зино қилишини аниқ билса ва Зайдга: «Сен эртага зино қиласан», деса ва эртасига Зайддан зино содир бўлса, ўша одам олдиндан хабар бергани учун Зайддаги ихтиёр йўқолиб қолмайди. Аксинча, Зайдда агар ўзи хоҳласа, зино қилмасликка ҳам ихтиёр бўлади. Бироқ унинг табиатида зинога рағбат ва мойиллик борлиги сабабли бу иш ундан содир бўлганини ҳамма билади. Худди шунингдек, ғайбларни билувчи Аллоҳ таоло Зайдда зино истаги қўзғалиши ва ундан зино содир бўлишини олдиндан билган ва буни Ўз илмига мувофиқ Лавҳул маҳфузга ёзиб қўйган. Шундай экан, қандай қилиб инсондан ихтиёр олиб қўйилган дейиш мумкин?

 

2. Халойиқ сендан саломат бўлиши учун тилингни сақла, шунда Аллоҳнинг азобидан саломат бўласан.

Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади:

Забон омад аз баҳри шукру сипос,

Ба ғийбат нагардонадаш Ҳақ шинос.

Назмий маъноси:

Тил берилди шукру сано, ҳикмат учун,

Ҳақни билган ишлатмагай ғийбат учун.

Назмий баёни: Тил шукр айтиш, ҳамду сано айтиш учун берилган. Ҳақни таниганлар уни ғийбатга ишлатмайдилар.

Тилингни тиймасанг, кўнглинг тусаган ишни қилаверсанг, ҳалок бўласан ҳамда қиёмат куни азобга учрайсан. Ғийбат сабабли ғийбат қилинган кишига озор етади. Унинг дилида тилнинг жароҳати пайдо бўлади. Али розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Найзанинг жароҳати тузалади, лекин тил жароҳати тузалмайди».

3. Роббингнинг сенга ризқ бераман деган ваъдасини рост бил, шунда мўмин бўласан.

Аллоҳ таолога таваккул қил, кўп ҳам мол-дунё йиғиш ғамини қилаверма, чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи бандаларининг ризқига кафил бўлган ва Қуръони Каримда шундай хабар берган: «Ердаги барча жониворларга ризқ бериш Аллоҳнинг зиммасидадир».[3]

Агар сен фақат мол йиғиш ғамида бўлсанг, ўткинчи дунёда вақтингни мол-дунё тўплаш билан зое қилсанг, гўёки сен Аллоҳ таолони ёлғончи деб билган ҳамда Унинг ваъдасига эътибор қилмаган ҳисобланасан (Ўзи асрасин). Шунинг учун умрингни ибодатга сарф қилишинг, бебаҳо вақтингнинг барчасини дунё топиш йўлида барбод қилмаслигинг зарур. Чунки дунё бир ўткинчи нарсадир, аслий ватан эса абадий оламдир. Шунинг учун бу дунёда мусофирдек яшаш лозим. Молга алданмаслик керак.


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] Фузайл ибн Иёз (ҳ. 105-187/м. 723-803) – Макка ҳарамининг шайхи. Солиҳ обидларнинг буюкларидан. Ҳадис ривоят қилишда сиқо (ишончли). У кишидан жуда кўпчилик, жумладан, имом Шофеъий ҳам илм олганлар. Самарқандда туғилиб, Абевард шаҳрида (Хуросондаги Насо билан Сарахс оралиғида) улғайган. Вояга етгач, ота-боболарининг шаҳри бўлмиш Куфага борган. Сўнг Маккада яшаб, ўша ерда вафот этган (Зириклий, «Ал-Аълом»).

[2] «Танбеҳул ғофилин».

[3] Ҳуд сураси, 6-оят.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ёлғондан кўра ёмонроқ хулқ йўқ эди. Агар бирор кишининг сал бўлса ҳам ёлғончи давоми...

2965 22:39 / 28.03.2018
Барчамиз Аллоҳнинг гуноҳкор бандаларимиз, гарчи У ҳадларимиздан ошмасликни амр этган бўлса ҳам. Лекин Биз Аллоҳ таолонинг ожиз бандалари Роббимизнинг давоми...

5680 17:56 / 20.08.2017
Зоҳид қалбдан чиққан амал оз бўлмас. Роғиб қалбдан чиққан амал кўп бўлмас.Қалб инсондаги бош аъзодир. Агар у соғлом бўлса, бошқа аъзолар ҳам соғлом бўлади. Агар у давоми...

3421 00:49 / 13.11.2017
Аллоҳ таоло айтади .Сизлардан баъзингиз баъзингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўлик ҳолдаги биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими Бас, ундан давоми...

4447 18:51 / 10.03.2018