1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Раъд сураси, 14-16

05:00 / 23.01.2017 4814 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

14. Ҳақ даъвати Уникидир. Ундан ўзгага дуо қилаётганларга эса, ҳеч бир нарсада ижобат этмаслар. Магар, икки кафтини сувга узатиб, сув оғзига етишини кутган одамга ўхшарлар. Ҳолбуки, унга етмас. Кофирларнинг дуоси залолатдан ўзга ҳеч нарса эмасдир.


Юқоридаги ояти карималарда Аллоҳ таолонинг қудрати, илми, тадбири, яратувчилиги ва бошқа баркамол сифатларига далолат қилувчи маънолар келтирилди, энди дуо, илтижо, ёлбориш ва сўраш фақат Аллоҳдангина бўлиши зарурлиги, ундан бошқага қилинган дуо, илтижо ва ёлборишлар беҳуда эканлиги баён этилмоқда.

«Ҳақ даъвати уникидир».

Яъни, ҳақиқий дуо, ёлбориш, илтижо ва бирор нарсани сўраш Аллоҳникидир, бу амал фақат Унгагина бўлиши лозим. Фақат У зотгина дуоларни қабул қилади, ёлборишларни эшитади, илтижоларга жавоб беради ва сўралган нарсаларни муҳайё қилади. Ундан бошқа бу ишни қиладиган ҳеч бир зот йўқ.

«Ундан ўзгага дуо қилаётганларга эса, ҳеч бир нарсада ижобат этмаслар».

Яъни, дуо қилган нарсалари ва шахслари уларнинг дуоларига жавоб бера олмаслар. Кўпчилик Аллоҳдан ўзга дуо қилинадиган нарса деб бутларни тушунади. Лекин оятда муайян қилиб эмас, умумий қилиб, «Аллоҳдан ўзгага дуо қиладиганлар», дейилган. У фақат ёғоч ёки тошдан ясалган бут бўлиши шарт эмас. Аллоҳдан ўзга нима бўлса, тушунилаверади. Қуёшга, ойга, юлдузларга, баъзи ҳайвонларга, инсонларга ва ҳатто қабрда ётган ўликларга илтижо этаётганлар бор. Улар Аллоҳдан ўзга нимага, кимга дуо қилса қилсинлар, аммо ўша дуони қаратган нарсалари уларнинг дуосини ўринлата олмаслар. Аллоҳдан ўзгага дуо қилганлар, худди:

«икки кафтини сувга узатиб, сув оғзига етишини кутган одамга ўхшарлар. Ҳолбуки, унга етмас».

Яъни, улар худди қўлини узоқдан сувга узатиб, оғзимга сув етса эди, деб кутиб турган одамга ўхшайдилар. Қўли сувга етмайдию оғзи қандай қилиб етар эди. Улар дуо қилаётган нарсаларнинг ўзлари дуога муҳтожлар-у, қандай қилиб уларнинг дуосини ўринлатадилар. Шунинг учун ҳам:

«Кофирларнинг дуоси залолатдан ўзга ҳеч нарса эмас».

Кофир ўзи залолатда бўлгани учун, дуоси ҳам залолатдан ўзга ҳеч нарса эмас. Улар Аллоҳдан ўзга турли беҳуда нарсаларга дуо қиладилар, уларга ибодат қиладилар. Ҳолбуки:


15. Аллоҳга осмонлару ерлардаги кимсалар ва уларнинг соялари хоҳ истасинлар, хоҳ истамасинлар, эртаю кеч сажда қилурлар.

«Осмонлардаги кимсалар» фаришталар ва яна уларга ўхшаган-ўхшамаган ёки умуман бошқа махлуқлар бўлиши мумкин. «Ердаги кимсалар» деганда эса, инсонлар ва жинлар тушунилади. Уларнинг ҳаммаси, хоҳласалар ҳам, хоҳламасалар ҳам, Аллоҳ таолога сажда қиладилар, унга таслимдирлар, у жорий этган қонунларга бўйинсуниб яшайдилар. Нафақат уларнинг жасадлари, балки соялари ҳам Аллоҳнинг амрига эртаю кеч бўйинсунадилар–сажда қиладилар. Бирорта соя ўз эгасининг хоҳишига биноан тушмайди, унинг хоҳлаганича ҳам бўлмайди. Агар шу нарсаларни мулоҳаза қилиб, ўзларини ўнглаб олмасалар, жуда ҳам анқов эканлар. Унда уларга қуйидаги оятда келадиган саволларни бериш керак.

Эй Пайғамбар!


16. Сен: «Осмонлару ернинг Робби ким?», деб айт. «Аллоҳ», дегин. «Ўзингизга Ундан ўзга, ўзларига фойда ёки зарарга эга бўлмаган валийларни тутдингизми?», дегин. «Кўзи кўр билан кўрувчи баробар бўлурми ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?», дегин. Ёки улар Аллоҳга У яратган махлуқотларга ўхшаш махуқотларни яратганларни шерик қилиб олдилару уларга яратилган махлуқотларга ўхшаш кўринмоқдами? «Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир. Ва У Бирдир, Қаҳҳордир», дегин.

Эй ҳабибим, эй Муҳаммад, ўша кофир-мушриклардан сўра, уларга:

«Осмонлару ернинг Робби ким?», деб айт.

Осмонлару ернинг, улардаги барча нарсаларнинг тарбиячиси, ризқлантирувчиси, бу дунёда тутиб турувчиси ким, деб сўра. Лекин уларнинг жавобини кутиб турма, чунки саволнинг жавоби аниқ ва шубҳасиздир. Шунинг учун жавобини ҳам ўзинг айт, 

«Аллоҳ», дегин».

Сўнгра уларга яна савол бериб:

«Ўзингизга Ундан ўзга, ўзларига фойда ёки зарарга эга бўлмаган валийларни тутдингизми?» дегин».

Аллоҳдан ўзга, сизга фойда ёки зарар бериш у ёқда турсин, ҳатто ўзларига ҳам фойда-зарар етказа олмайдиган ночор нарсаларни валий, дўст-ёрдамчи, илоҳ тутдингизми, дегин. Чунки дунёдаги барча махлуқларга фойда ва зарарни фақат Аллоҳ таологина етказади. Бинобарин, кишилар фақат Аллоҳ таолонигина валий тутишлари лозим. Аллоҳдан ўзга ҳеч ким, ҳеч нарса фойда ёки зарар етказишга қодир эмас. Шунинг учун Аллоҳдан ўзгани валий тутганлар катта хато қилади. Мўминлар Аллоҳни валий тутганларидан бу хатодан холидирлар. Ҳақ билан ботил орасидаги фарқ эса, очиқ ва равшандир. Ҳақ нурдир, ботил зулматдир. Нур иймондир, зулмат куфрдир. Мўмин кўзи очиқ одам, кофир кўзи кўр кимсадир.

«Кўзи кўр билан кўрувчи баробар бўлурми ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?» дегин».

Албатта, баробар бўлмас, кўзи кўр одам ҳеч нарсани кўра олмас, шунинг учун йўлини топиб юролмас. Доимо қоқилиб, туртилиб-суриниб юради. Ҳар лаҳзада жарга қулаши эҳтимоли бор. Кўзи очиқ кимса эса, ҳамма нарсани кўради. Оқ-қорани ажратади. Йўлини топиб, текис жойдан юради. Албатта, бу икковлари тенг бўла олмас. Худди шунингдек, кофир одам билан мўмин ҳам баробар бўлмас. Кофир худди кўр одам мисоли, у куфр зулматига ўралиб қолган, унинг йўл кўрсатадиган нури–иймони йўқ. Мўмин одам эса, кўзи очиқ одамдир, бунинг устига унда иймон нури бор. Албатта, улар тенг эмаслар. Шунингдек, зулматлар билан нур; куфр, ширк, нифоқлар ила иймон ҳам баробар бўлмас.

Кофирларнинг қилмишларига сабаб нима? Нима учун Аллоҳга иймон келтирмаяптилар? Унга мушрик бўлмоқдалар?

«Ёки улар Аллоҳга У яратган махлуқотларга ўхшаш махлуқотларни яратганларни шерик қилиб олдилару уларга яратилган махлуқотларга ўхшаш кўринмоқдами?»

Қайси махлуқотларни Аллоҳ яратгану қайсинисини улар Аллоҳга шерик қилиб олган нарсалар яратганини била олмай қийналмоқдаларми? Шунинг учун Аллоҳга ҳалиги нарсаларни шерик деб эътиқод қилмоқдаларми? Йўқ, ундай эмас! Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳеч нарсани халқ эта олмайди–яратолмайди.

«Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир».

Жумладан, мушриклар Аллоҳга шерик қилиб келтираётган нарсаларнинг яратувчиси ҳам Аллоҳдир.

«Ва У Бирдир, Қаҳҳордир», дегин.

У Аллоҳ–Бирдир. Яратувчиликда бирдир, шериги йўқдир. Ҳамма нарсани бир Ўзи яратгандир. Бу ишда Унга ҳеч ким ва ҳеч нарса шерик эмас. У Аллоҳ Роббликда–тарбиячиликда ҳам бирдир. Дунёдаги ҳамма нарсага ёлғиз Ўзи Робблик қилади. Уларни Ўзи тарбия қилиб, Ўзи ризқ бериб, Ўзи риоясига олган. Унга бу ишда ҳеч ким ва ҳеч нарса шерик бўлмайди.

Шунинг учун, у Аллоҳ илоҳликда ҳам бирдир. Яъни, ибодатга сазоворликда ҳам бирдир. Дунёдаги барча махлуқот фақат Унгагина ибодат қилиши-бўйсуниши, Унинг хоҳиши бўйича юриши лозимдир. Унга бу ишда ҳам ҳеч ким ва ҳеч нарса шерик бўла олмайди.

У Аллоҳ Қаҳҳордир. Осмонлару ер ва улардаги барча нарсалар фақатгина Унинг қаҳрига бўйинсунади. Бошқа ҳеч кимга ва ҳеч нарсага эмас.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
14. Албатта, Роббинг кузатиб турувчидир.У ким нима қилаётганини ўта аниқлик билан кузатиб туради. Кузатиб туриб туғёнга кетган, ҳаддидан ошган ва зулм давоми...

4729 05:00 / 23.01.2017
Ана ўшалар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, У Зот уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга мангу қолувчи бўлган ҳолида давоми...

3430 18:22 / 29.03.2018
14. Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганларни кўрмайсанми Улар сизлардан ҳам эмас, улардан ҳам эмас. Билиб туриб, ёлғонга қасам ичарлар.Аллоҳ таоло бу давоми...

3940 05:00 / 23.01.2017
Ўшал Кунда бир чеҳралар неъматланувчидир.Бу чеҳралар омонат дунёда иймонихлос билан ва ибодаттақво билан ўтган бандаларнинг чеҳраларидир. Аллоҳ таоло уларга бу давоми...

3511 20:13 / 26.04.2018
Аудиолар

120145 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41809 14:35 / 11.08.2021