1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Тавба ва яхши амал қилганлар – Роҳманнинг суюкли бандаларидир

20:55 / 18.03.2018 3461 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, у, албатта, Аллоҳга (ҳақиқий) қайтиш ила қайтадир.

Тавба қилиш гуноҳга афсус-надомат чекиш билан бошланади. Сўнгра ўша гуноҳни қайтармасликка дилда қаттиқ аҳд қилинади. Кейин бу аҳд дилда тасдиқланади. Тавбанинг ҳақиқий ёки сохта экани унинг эълонидан кейинги амалдан билинади. Агар эълондан кейинги амал солиҳ – яхши бўлса, тавба ҳақиқий, ёмон бўлса, тавба сохта бўлади. Чунки гуноҳ ҳам фақат ният эмас, балки қилинган амалдир. Шунинг учун тавба ҳам амалсиз бўлмайди.

Кейинги оятдан яна Роҳманнинг суюкли бандаларининг сифатларини васф қилиш давом этади:

«Фурқон» Улар ёлғон гувоҳлик бермайдиганлардир ва беҳуда нарсалар олдидан ўтсалар, ҳурматларини сақлаган ҳолда ўтарлар.

Роҳманнинг суюкли бандалари учун саккизинчи сифат: ёлғон гувоҳлик бермаслик.

«Улар ёлғон гувоҳлик бермайдиганлардир…»

Ёлғон гувоҳлик бериш улкан гуноҳ экани бошқа оятларда ҳам кўп таъкидланган. Шунингдек, ҳадиси шарифларда қаттиқ қораланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ҳолларда ёлғон гувоҳлик беришни Аллоҳга ширк келтириш билан бир жойда зикр қилганлар.

Бировнинг зиддига ёки фойдасига ёлғон гувоҳлик бериш улкан гуноҳдир. Бундай одам ҳеч қачон Аллоҳнинг суюкли бандаси бўла олмайди.

Тўққизинчи сифат: беҳуда гап-сўз ва амаллар қаршисида ўз обрўсини сақлай билиш.

«...беҳуда нарсалар олдидан ўтсалар, ҳурматларини сақлаган ҳолда ўтарлар».

Мусулмон одам ўзини беҳуда, фойдасиз гап-сўз ва ишларга овора қилмайди. Ундай гап-сўз ёки ишларда қатнашмайди, мабодо бошқалар томонидан бу нарса содир этиладиган бўлса, унинг олдидан ҳурматини сақлаб, обрў ва олийжаноблик ила ўтиб кетади.

Ўнинчи сифат: ақл ишлатиб, онг ила диндорлик қилиш.

«Фурқон» Уларга Роббларининг оятлари эслатилганда, у(оят)ларга гунг ва кўрлардек ташланмаслар.

Ушбу оятда Роҳманнинг суюкли бандалари бутпараст мушрикларга ўхшаб, ўзлари англамаган нарсага ёпишиб олмасликлари таъкидланмоқда. Мушриклар сохта худоларига худди кўр ва карқулоқдек, билиб-билмай, кўриб-кўрмай, эшитиб-эшитмай ёпишиб оладилар. Агар улар «худо»ларининг нима эканини билганларида, кўрганларида ва эшитганларида, ҳеч қачон уларга ибодат қилмас эдилар.

Мусулмонлар эса Роббларининг каломи бўлмиш Қуръони Карим оятлари уларга эслатилганда, яхшилаб эшитадилар, англаб, тушунадилар ва амал қилишга ўтадилар.

«Фурқон» Улар «Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қувончи ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга пешво қил», дейдиганлардир.

Ўн биринчи сифат: доимо аҳли аёллари ва фарзандлари ҳам Ислом йўлида юришининг пайида бўлиш ҳамда тақводорларнинг пешвоси бўлишга уриниш.

Роҳманнинг суюкли бандалари доимо жуфти ҳалолларидан ҳам, бола-чақаларидан ҳам кўзларини қувончга тўлдирадиган нарсаларни кўришни Аллоҳ таолодан сўраш билан бирга, бунга ҳаракат ҳам қилишади. Ўз шахсларининг эса тақвода бошқаларга ўрнак бўлиши учун тиришадилар.

«Фурқон» Ана ўшалар сабр қилганлари учун «болохоналар» ила мукофотланурлар ва унда табрик ва салом билан қаршиланурлар.

Яъни ана шу сифатларни ўзида ҳосил этиш ва сақлаб туришда сабр қилганлари учун Роҳманнинг севган бандалари «болохона» ила мукофотланадилар.

Биз «болохона» деб таржима қилган сўз оятда «ғурфа» лафзи билан келган. Араб тилида олиймақом хос хона «ғурфа» дейилади. Тафсирчи уламоларимиздан баъзилари ушбу оятдаги «ғурфа» сўзига «олий даража», «жаннат», «жаннатдаги алоҳида хона» маъноларини берганлар. Аслида, ҳаммасини қўшиб, жаннатдаги олиймақом хос хона десак, мақсадга мувофиқ бўлса керак. Роҳманнинг суюкли бандалари

«...унда табрик ва салом билан қаршиланурлар».

Яъни юксак ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олинадилар. Фаришталар уларни салом бериб, қарши оладилар.

«Фурқон» Унда мангу қолувчидирлар. У нақадар гўзал қароргоҳ ва турар жойдир.

Яъни Роҳманнинг суюкли бандалари ўша болохонада абадий қоладилар. Уларнинг болохона билан мукофотланишлари вақтинчалик эмас. У энг гўзал турар жой ва энг гўзал маскандир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон давоми...

5243 21:03 / 25.03.2017

3977 17:04 / 08.01.2017
тўртинчи мақолаСуннатнинг Қуръон билан насх қилиниши.Насхнинг бу қисми бўйича бир оз хилоф бўлиб, мазкур хилоф имом Шофеъийга нисбат берилади. Аммо кўпчилик давоми...

3962 14:45 / 05.05.2020
Аллоҳ осмонлару ерни яратган, осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган, Ўз амри ила денгизда сузмоғи учун кемаларни сизга беминнат давоми...

3572 19:13 / 12.03.2018
Аудиолар

120087 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41755 14:35 / 11.08.2021