1440 йил 16 жумадис сони | 2019 йил 21 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Қуръон

Икки хил хотима – хоҳлаганингизни танланг

17:34 / 17.03.2018 1230 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Йўқ! Соатни ёлғонга чиқардилар. Ва Соатни ёлғонга чиқарганларга ловуллаган дўзахни тайёрлаб қўйдик.

Кофир-мушриклар залолатларида шу даражага етдиларки, ҳатто

«Соатни ёлғонга чиқардилар».

«Қиёмат бўлмайди. «Қиёмат бўлади», деяётганларнинг гапи ёлғон», – дедилар. Ҳолбуки,

«…Соатни ёлғонга чиқарганларга ловуллаган дўзахни тайёрлаб қўйдик».

Дўзах уларни кутиб турибди. Ушбу мушриклар тўппа-тўғри ўша тайёр дўзахга равона бўладилар.

«Фурқон» Вақтики, уларни узоқ жойдан кўрганида, унинг ғазабнок қайнашини ва бўкиришини эшитурлар.

Қиёмат соатини ёлғонга чиқарганларга Аллоҳ таоло томонидан тайёрлаб қўйилган дўзах шу даражада даҳшатлики, у кофирларни узоқдан кўриши билан ғазаби тўлиб-тошиб, қайнаб, бўкира бошлайди. Мазкур кофирлар эса ўша узоқ масофадан туриб, унинг ғазабнок қайнашини ва бўкиришини эшитадилар. Ана ўшанда уларнинг ҳолига вой бўлади. Жаҳаннамдан узоқдаги ҳоллари шу.

Энди жаҳаннамга ташланганларидан кейин қандай ҳолда бўлишлари васф қилинади:

«Фурқон» Унинг тор жойига кишанланган ҳолларида ташланганларида эса ўша жойда (ўзларига) ҳалокат тиларлар.

Жаҳаннамнинг номини эшитишнинг ўзи азоб, унга тушиш ҳақидаги хабарни эшитиш ундан ҳам азоб, унга томон кетаётиб, унинг ғазабнок қайнашини ва бўкиришини эшитиш баттар азоб, унга ташланиш энг катта азоб. Аммо унинг тор жойига ташланиш жаҳаннам ичидаги азобларнинг энг даҳшатлиси ҳисобланади. У чоғдаги азоб шу даражага етадики, кофирлар:

«...ўша жойда (ўзларига) ҳалокат тиларлар».

Яъни дод-вой қилиб, «Эй ҳалокат! Эй йўқ бўлиш! Кел, мени ол, мени бу ҳолдан қутқар!» – деб бақирадилар. Лекин бу нолалари уларга фойда берармикан? Йўқ, албатта. Ана шундай ҳолатда дод-вой қилиб турганларида, уларга қарата қуйидаги хитоб қилинади:

«Фурқон» «Бугунги кунда бир ҳалокатни эмас, кўп ҳалокатни тиланглар!»

Бир марта ҳалок бўлиб, қутулиб кета олмайсизлар. Ҳали кўп ҳалок бўласизлар. Ўзингизча, ҳалок бўлсак, бу азоблардан қутулармиз, деб ўйламанглар.

Келгуси оятда ушбу даҳшатли ҳолатни мўмин-мусулмон, тақводор бандаларга тайёрлаб қўйилган нарсаларга солиштириб кўриш таклиф қилинади:

«Фурқон» «Бу яхшими ёки тақводорларга тайёрлаб қўйилган мангулик жаннати яхшими?» У улар учун мукофот ва қайтиш жойидир.

Қани, солиштириб кўрилсин-чи?! Юқоридаги оятларда васф қилинган дўзах ва ундаги даҳшатли азоблар яхшими ёки мангулик жаннати яхшими? Нозу неъматларга тўла жаннатларда абадий қолиш яхшими?

Мушрик ва кофиру осийларга даҳшатли азобларга тўла дўзахни тайёрлаб қўйган Аллоҳ мўмин-мусулмон ва тақводор бандаларига мангулик жаннатини ҳам тайёрлаб қўйган.

«У улар учун мукофот ва қайтиш жойидир».

Жаннат уларнинг иймонлари, яхши амаллари ва тақволари учун мукофотдир, жаннат уларнинг охир-оқибат қарор топадиган қайтиш жойидир.

Тақводор мўмин бандалар жаннатда роҳат-фароғат ила абадий ҳаёт кечирадилар.

«Фурқон» Уларга у ерда, мангу қолувчи ҳолларида, хоҳлаган нарсалари бор. Бу Роббинг зиммасидаги масъулиятли ваъдадир.

Жаннатда тақводор мўминларга истаган нарсалари бор. Жаннатда нималар борлигини санаб, адоғига етиб бўлмайди. Шунинг учун осонгина «…хоҳлаган нарсалари бор», – деб қўйилди. Зотан, инсон учун бахт-саодатга етишишнинг тўлиғи истаган нарсасига эришишдир. Инсон ўшандай бахтга фақат жаннатда эришади. Эришганда ҳам, маълум муддатга эмас, мангуликка эришади. Чунки вақтинчалик бахт-саодат тўлиқ саналмайди. Бу гаплар шунчаки эмас.

«Бу Роббинг зиммасидаги масъулиятли ваъдадир».

Роббинг эса ваъдасига ҳеч хилоф этувчи зот эмас. Масъулиятли ваъдага хилоф қилмаслиги эса турган гап. Шундай экан, жаннатга олиб борувчи иймон ва тақво йўлида ҳеч иккиланмай юравериш керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
113. Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин. Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ. Сўнгра ёрдам берилмайсизлар.Яъни, сизлар золимларга давоми...

925 05:00 / 23.01.2017
42. Улар жонжаҳдлари билан, агар ўзларига огоҳлантирувчи келса, ҳар қандай умматдан кўра ҳидоятли бўлишлари ҳақида Аллоҳ номи ила қасам ичар эдилар. Қачонки давоми...

860 05:00 / 23.01.2017
Ўз қабиласида катта обрўга эга бўлган, шоирлиги ва уддабуронлиги билан шуҳрат қозонган Туфайл ибн Амр адДавсий Маккага келди. Қурайшликлар дарҳол унинг йўлини давоми...

1583 16:46 / 26.12.2017

946 17:04 / 08.01.2017
Видеолар

1 20:30 / 18 февраль

1 20:30 / 16 февраль
Аудиолар

9231 11:58 / 10.10.2018
Топ рейтинг www.uz Openstat